ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 8441.36 -14.01
1 EUR = 9493.15 -61.42
1 RUB = 131.78 +0.25
1 GBP = 10963.64 -96.83
1 JPY = 75.43 -0.05
1 AFN = 109.49 -0.04
1 AMD = 17.54 +0.07
1 AED = 2298.34 -3.82


Ўзбекистонда молия тизимини янада  ривожлантириш истиқболлари. Мамлакатимиз банк тизимининг халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик олиб бориши унинг ривожланиши бўйича кенг миқёсдаги ишларни амалга оширишга имкон бермоқда. Хусусан Марказий банк ҳузуридаги Молия соҳасини ривожлантириш агентлиги томонидан бугунги кунда мамлакатимиз банк-молия тизимини янада такомиллаштиришга йўналтирилган йирик лойиҳалар амалга оширмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Молия соҳасини ривожлантириш агентлиги директори Зафар УМАРОВ Агентлик амалга ошираётган лойиҳалар ва уларнинг Ўзбекистон банк-молия тизимидаги роли ҳақида сўзлаб берди:

 – Бугунги кунда Марказий банк ҳузуридаги Молия соҳасини ривожлантириш агентлиги Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда банк рейтинглари ва Бъзел ислоҳотлари» ҳамда «Ўзбекистон банк тизимида молиявий ҳисоботлар ҳамда аудитни янада такомиллаштириш» лойиҳаларини, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича Жамғарма кассалари фонди (Жамғарма кассалари фонди) ҳамкорлигида «Пул жамғармаларини мобилизация қилиш», «Ўзбекистонда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш» ва «Банкларда мижозларга пул жамғармаларини мобилизация қилиш бўйича консультация сифатини ошириш» лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Мазкур лойиҳалар мамлакатимиз банк тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгандир.

 – Маълумки, ҳозирги вақтда иқтисодиётни муттасил ривожлантириш учун банк тизимининг барқарорлиги муҳим аҳамиятга эга. Жаҳон банки ва ХВЖнинг «Ўзбекистонда банк рейтинглари ва Базель ислоҳотлари» лойиҳасиушбу масала билан боғлиқдирМазкур лойиҳанинг мазмун-моҳияти нимадан иборат?

 – Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 мартдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган «Донор мамлакатлар, халқаро, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар билан олдиндан келишилган 2012 йилда беғараз техник кўмакни (грантларни) жалб этиш лойиҳалари рўйхати»га киритилган.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги ПҚ-1438-сонли Қарорига асосан ушбу лойиҳанинг асосий мақсадлари банк назорати тизимида банк назорати бўйича Базель қўмитасининг янги тавсияларини татбиқ этиш ва тижорат банклари фаолиятини баҳолаш тизимини халқаро мезонлар ва стандартларга мувофиқлаштиришдан иборатдир.

 Ушбу лойиҳа доирасида 2012-2013 йилларда Марказий банк томонидан Жаҳон банки ва ХВЖ билан ҳамкорликда банк назорати бўйича Базель қўмитасининг янги тавсияларини қабул қилишни муҳокама этиш учун бир қатор амалий семинарлар ташкил этилди. Семинарларда Жаҳон банки, ХВЖнинг халқаро экспертлари ва Марказий банк ходимлари иштирок этди.

 Банк назорати бўйича Базель қўмитасининг янги тавсияларини инобатга олган ҳолда, Марказий банкнинг ушбу йўналишдаги айрим меъёрий ҳужжатлари қайта кўриб чиқилди. Бунинг натижасида «Тижорат банклари ликвидлилигини бошқаришга нисбатан талаблар тўғрисида»ги Низоми, «Тижорат банклари капиталининг етарлилигига нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисида»ги Низоми, «Банклар ва ўзаро боғлиқ шахслар билан операциялар тўғрисида»ги Низоми, «Бир қарздор ёки ўзаро боғлиқ қарздорлар гуруҳига тўғри келувчи рискнинг энг юқори даражаси тўғрисида»ги Низоми ҳамда «Активлар сифатини таснифлаш, тижорат банклари томонидан улар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун заҳираларни шакллантириш ва ундан фойдаланиш» тартиби сингари меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

 – Мазкур лойиҳа Жаҳон банкининг «Ўзбекистон банк тизимида молиявий ҳисоботлар ҳамда аудитни янада такомиллаштириш» лойиҳаси билан ҳам узвий боғлиқдир. Ушбу лойиҳа доирасидаги чора-тадбирлар хусусида батафсил сўзлаб берсангиз.

 – Банкларда молиявий ҳисобот ва аудитни такомиллаштириш учун халқаро экспертларни жалб этиш мақсадида Марказий банк раҳбарияти Жаҳон банкига мурожаат билан чиқди. Шунинг натижасида 2012 йилда Жаҳон банки билан «Ўзбекистон банк тизимида молиявий ҳисоботлар ҳамда аудитни янада такомиллаштириш» лойиҳаси бўйича битим имзоланди. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади республика тижорат банкларининг молиявий ҳисоботи ва аудитини молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига тўлиқ мувофиқлаштиришдан иборатдир. Хусусан, мазкур лойиҳа уч қисмдан ташкил топган бўлиб, у банк тизимига Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари ва Аудитнинг халқаро стандартларини тўлиқ жорий этиш, молиявий ҳисоботларга талаблар ва банк назоратига талабларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, шунингдек, банк тизимини тартибга солувчининг имкониятларини ўқув-тренинглар воситасида янада мустаҳкамлаш чораларини ўз ичига олади.

 Ушбу лойиҳа доирасида 2012-2013 йиллар давомида Марказий банк томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистон Банк-молия академиясида «Тижорат банкларида молиявий ҳисобот ва аудитни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш» мавзусида бир нечта амалий семинарлар ўтказилди. Семинарларда Марказий банк ва Жаҳон банки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва тижорат банклари ходимлари иштирок этди.

 Бундан ташқари, «Ўзбекистон банк тизимида молиявий ҳисоботлар ҳамда аудитни янада такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари ва Аудитнинг халқаро стандартлари тўлиқ ўзбек тилига таржима қилинди. Айни вақтда уларни меъёрий ҳужжат сифатида қабул қилиш назарда тутилган.

 Шуни қайд этиш керакки, «Ўзбекистон банк тизимида молиявий ҳисоботлар ҳамда аудитни янада такомиллаштириш» лойиҳасининг асосий натижаси бўлиб Жаҳон банкининг халқаро экспертлари томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон банк тизимида молиявий ҳисоботни такомиллаштириш стратегиясининг лойиҳаси» ҳисобланади.

 – Бугунги кунда аҳоли бўш маблағларини банкларга жалб этиш алоҳида долзарб масалага айланган. «Аҳоли омонатлари мобилизацияси» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берсангиз.

 – Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамғарма кассалари фондининг «Пул жамғармаларини мобилизация қилиш» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сонли Қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

 Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўқув марказида Жамғарма кассалари фонди томонидан аҳолининг бўш пул маблағларини банкларга жалб этишга бағишланган семинарлар ўтказилди. Шунингдек, Жамғарма кассалари фонди Германияда Марказий банк ходимлари учун амалий семинарни ташкил этиб, унда Марказий банк ва Молия соҳасини ривожлантириш агентлигининг 10 нафар ходими иштирок этди. Туркум семинарлар якунлангандан кейин ходимлар малака имтиҳонларини муваффақиятли топширдилар ва уларга Жамғарма кассалари фонди томонидан банк маслаҳатчиларини ўқитиш бўйича тренерлар сертификатларитопширилди. Шу билан бирга, семинар иштирокчилари аҳоли жамғармаларини банкларга жалб этиш бўйичаГермания тажрибаси билан танишдилар.

 Лойиҳа доирасида Жамғарма кассалари фонди экспертлари томонидан Марказий банк ва Агентликнинг масъул ходимлари билан ҳамкорликда аҳолининг жамғармаларини мобилизация қилиш стратегияси ишлаб чиқилди.Бошқа вазифалар қатори ушбу стратегиянинг асосий йўналишлари бўлиб жамғарма ишлари бўйича банк маслаҳатчиларини тайёрлаш, аҳолига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қайта молиялаштиришда кредит ташкилотларидаги жамғармаларнинг аҳамиятини тушунтириш бўйича давра суҳбатлари, шунингдек, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича тадбирларни ташкил этиш ҳисобланади.

 «Пул жамғармаларини мобилизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида Марказий банк томонидан Жамғарма кассалар фонди ва Агентлик билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Андижон, Наманган, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида семинарлар ўтказилиб, уларда жамғарма ишини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама этилди, шунингдек, оилавий бюджетни юритишнинг асосий жиҳатлари тушунтирилди. Учрашувларда тижорат банклари, нобанк кредит ташкилотлари, жойлардаги маҳалла қўмиталари ва Хотин-қизлар қўмиталари вакиллари иштирок этдилар.

 – Маълумки, аҳолининг юқори даражадаги молиявий саводхонлиги – банкларнинг мижозлар билан узвий ҳамкорликни ўрнатишининг муҳим омили ҳисобланади. Агентлик томонидан амалга оширилаётган «Ўзбекистонда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш» лойиҳаси доирасидаги ишлар тўғрисида гапириб берсангиз.

 – Бозор иқтисодиётига ўтиш бир қатор ислоҳотларни амалга оширишни талаб қиладики, бу, шубҳасиз, аҳоли даромадларининг манбалари ўзгаришига таъсир кўрсатади. Шунга қарамасдан молия ва оила бюджетини бошқаришнинг эскича усуллари ҳалигача кўзга ташланиб қолмоқда, бунга эса мавжуд молиявий хизматлар ва шарт-шароитлар тўғрисида етарлича маълумотга эга бўлмаслик ёхуд оила бюджетини режалаштиришга эътиборсизлик сабаб бўлмоқда. Ана шу омиллар аҳолининг молиявий саводхонлиги ва банк-молия хизматлари тўғрисида хабардорлиги даражасини ошириш лойиҳасининг ишлаб чиқилишига асос бўлди.

 Ушбу лойиҳада Марказий банкнинг стратегик ҳамкори бўлиб Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳисобланади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар доирасида Марказий банк томонидан Жамғарма кассалар фонди билан ҳамкорликда 2011-2013 йилларда Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Бухоро, Андижон, Наманган, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида семинарлар ташкил этилиб, уларда жамғарма ишини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама этилди, шунингдек, оилавий бюджетни юритишнинг асосий жиҳатлари тушунтирилди. Учрашувларда тижорат банклари, нобанк кредит ташкилотлари, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» жамғармаси, Савдо-саноат палатасиси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги вакиллари иштирок этдилар.

 Таълим тизими билан ҳамкорлик хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз, Жамғарма кассалари фонди ва Агентлик томонидан 2013 йилда республикадаги мактаблар, коллежлар, олий ўқув юртлари ва маҳаллаларда молиявий таълимнинг муҳим жиҳатлари, шу жумладан, омонатларнинг асосий жиҳатларини тушунтиришга бағишланган семинарлар ташкил этилди. Семинарларда республиканинг 3000 дан ортиқ мактаб ўқувчилари ва талабалари иштирок этди. Жамғарма кассалари фонди кўмагида Агентлик томонидан аҳоли ва хусусий тадбиркорлар учун оила бюджетини режалаштириш бўйича 3 та қўлланма чоп этилди, шундан «Менинг оила бюджетим дафтарчаси» 115 000 нусхада, «Оила бюджети китоби» 50 000 нусхада, «Менинг дафтарчам – майда харажатларимнинг ҳисобчиси» 15 000 нусхада ва «Омонатларнинг моҳияти» 10 000 нусхада чоп этилди. Ушбу қўлланмалар мактаб, коллеж ўқувчилари ва институт талабалари орасида, шунингдек, маҳаллаларда тарқатилди.

 Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Молия соҳаси ривожлантириш агентлиги томонидан Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди ҳамкорлигида «Молиявий билимларни ошириш Ўзбекистонда оилавий бизнесни ривожлантиришнинг асосий омили сифатида» ва «Молиявий билимларни ошириш – аҳоли омонатларини банкларга сафарбар этиш омили» мавзуларида халқаро конференциялар ўтказилди. Конференцияларда Ўзбекистондаги Германия ривожланиш институтларининг вакиллари иштирок этди. Бундан ташқари, Жамғарма кассалари фонди экспертлари томонидан маҳаллаларнинг 70 нафар маслаҳатчиси ўқитилди, улар келгусида жойларда иқтисодий билимларни тарғиб этишишлари билан шуғулландилар.

 – Германия Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фондининг «Банкларда мижозларга пул жамғармаларини мобилизация қилиш бўйича консультация сифатини ошириш» лойиҳасининг асосий жиҳатлари нималардан иборат?

 – Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 мартдаги 75-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 26 декабрдаги 02/5-79-сон топшириғи асосида амалга оширилмоқда.

 Лойиҳанинг асосий мақсади аҳолининг Ўзбекистон Республикаси банк-молия тизимига ишончини ошириш ва кредит ташкилотларида аҳоли омонатларини янада кўпайтиришга кўмаклашиш учун минтақаларда амалий семинарларни ўтказиш йўли билан мижозларга хизматлар кўрсатиш бўйича банк ходимлари малакасини янада ошириш ҳисобланади. «Пул жамғармаларини мобилизация қилиш» лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган аҳоли омонатларини мобилизация қилиш стратегиясида мижозлар билан ишлаш бўйича банк маслаҳатчиларини тайёрлаш назарда тутилган. «Банкларда мижозларга пул жамғармаларини мобилизация қилиш бўйича консультация сифатини ошириш» лойиҳаси «Пул жамғармаларини мобилизация қилиш» лойиҳасининг мантиқий давомидир.

 Лойиҳа доирасида банк маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича 10 ойлик махсус курслар ташкил этилди. Ўқув машғулотлари республиканинг олти минтақаси – Андижон, Наманган, Фарғона, Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ўтказилди. Хусусан, дастурнинг еттита модули бўйича назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди,жумладан: умумий макроиқтисодий шароитлар, омонат, банк ҳисоб рақамларини очиш ва уларга хизмат кўрсатиш, мижозлар билан алоқалар, бухгалтерия асослари, кредитлаш, юридик асослар.

 Жамғарма касалари фонди кўмагида Агентлик томонидан 5000 нусхада «Банк иши асослари» амалий қўлланмаси босмадан чиқарилди.

 2014 йилнинг март ойидан октябрь ойига қадар бундай курсларни республиканинг Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ўтказиш режалаштирилмоқда.

  Қизиқарли суҳбатингиз учун ташаккур.

 Маълумот. Ўзбекистон Республикаси Марказий банк ҳузуридаги Молия соҳасини ривожлантириш агентлиги Марказий банкнинг унитар шўъба корхонаси бўлиб, унинг асосий вазифаси халқаро ривожланиш ташкилотлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон молиявий соҳасини янада такомиллаштириш ва мамлакат иқтисодиётига чет эл инвестицияларини жалб этишга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишдан ибортадир. Агентлик кўплаб халқаро институтлар – БМТ, ХВЖ, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Дойче Бундесбанк, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди, хорижий давлатлар ва нодавлат молия институтлари ҳамда бошқа ташкилотлари билан ҳамкорликда иш юритмоқда.

Реклама

Республиканская Фондовая Биржа «Тошкент» – Индекс

Реклама
Реклама