ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11405.84 -14.36
1 EUR = 12225.92 -13.11
1 RUB = 141.04 -1.72
1 GBP = 14159.21 +59.83
1 JPY = 81.35 -0.07
1 AFN = 130.22 -0.16
1 AMD = 29.62 -0.04
1 AED = 3105.40 -4.42


Фото: Амур Джалилов

XXI аср – глобаллашув даврида, жаҳон молия тизимида юз бераётган жиддий ўзгаришлар, ахборот тизимининг дунё иқтисодиётида тутаётган ўрни мунтазам ўсиб бориши, молия бозори иштирокчиларининг талаб ва таклифга нисбатан муносабатлари ўзгариши, шунингдек, юртимизда миллий иқтисодиётни кенг кўламли ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда банк тизимини янада ривожлантиришда янгича ёндашув ҳамда принципларнинг самарали ва тўғри қўлланилиши банк ва мижозлар ҳамкорлигини юқори поғонага кўтариш имконини бермоқда.

Президентимиз халқ фаровонлиги ва давлатимиз ривожи йўлида қатор дастурларни амалга ошириш баробарида жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасида рўй бераётган ўзгаришларнинг тегишли қонунлар билан мустаҳкамланишини назорат қилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177-сонли Фармони1 ва унинг бекаму кўст амалга оширилиши нафақат халқимиз, балки хорижий ҳамкорларимиз учун ҳам узоқ йиллар давомида мураккаблик туғдириб келган конвертация масаласи тамоман ҳал этилишига олиб келди. Бу юртимиз тарихидаги улкан иқтисодий ўзгаришларнинг бири бўлиб, ватанимиз жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувига катта ҳисса қўшиши шубҳасиз.

2017 йилда тизимли жадал ўзгаришлар кўп бўлди ва юртимиз равнақини белгилаб берувчи муҳим иқтисодий пойдеворни мустаҳкамлаш йўлида қўйилган улкан қадам сифатида тарихда қолди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида банк тизимини ривожлантириш йўлидаги асосий вазифалардан бири бўлган банк хизматлари сифатини ошириш, хизматлар кўламини кенгайтириш ва уларни ривожланган давлатлар банклари даражасига етказиш масаласига алоҳида урғу бериб ўтилган2. Ўтган 2017 йилнинг мантиқий давоми сифатида ҳамда янги жабҳаларда салоҳиятларни очиш ва ривожлантириш мақсадида Президентимиз 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида янги – 2018 йилни юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилди3. Инновацион ғоялар ва технологиялар давлат ва жамиятимизнинг барча соҳаларида изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги

ПФ-5296-сонли Фармони қабул қилинишини Амалдаги ишларнинг яққол мисоли сифатида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ушбу Фармоннинг 3 бандига кўра4 «жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш департаменти негизида асосий вазифаси банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига молиявий очиқликни ва уларнинг саводхонлик даражасини ошириш бўлиб ҳисобланган Марказий банкнинг Банк хизматлари истъемолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати» ташкил этилиши давлатимизда фаолият кўрсатаётган банклар мижозлар учун чакана хизматларга ихтисослашган «рақамли» банклар ва банк бўлинмаларини ташкил этиш, инновацион банк технологияларидан фаол фойдаланган ҳолда масофавий банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришга алоҳида эътибор беришларини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Хусусан, 2016 ва 2017 йиллар жаҳон молия бозорида кескин ўзгаришлар даври бўлиб қолишига олиб келган криптовалюталарнинг муомаласи кенг тус олиши, блокчейн тизимига ҳалқаро пул ўтказмалари, ҳалқаро савдони молиялаштириш ва қимматли қоғозлар бозорида криптовалюталарнинг савдоси йўлга қўйилиши консерватив ҳамда анъанавий ёндашувларнинг тубдан ўзгаришига олиб келди5.

Маълумки, чакана банк хизматлари ўзининг бир қатор хусусиятлари билан ажралиб туради, хусусан, асосий истеъмолчилар сифатида жисмоний шахслар майдонга чиқади, операциялар ҳажми кичик бўлса-да, корпоратив банк хизматларига нисбатан харажатлар юқорироқ бўлади, хизматлар шахсий талабларни қондиришга йўналтирилганлиги билан ажралиб туради. Республикамиз тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган чакана банк хизматлари ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Аҳолига мўлжалланган омонатлар сони ортиб, пластик карточкалар билан операциялар кўлами ошмоқда, истеъмол ва ипотека кредитларини бериш амалиёти такомиллашмоқда.

Чакана банк хизматлари турли-туман бўлиб, уларга валюта операциялари, муддатли, муддатсиз ва жамғарма депозит сертификатлари, депозитарийлар, истеъмол кредитлари, брокерлик, консультатив ва бошқа бир қанча хизматларни мисол келтириш мумкин. Ушбу хизматларнинг барчаси бугунги кунда АҚШ, Европа мамлакатлари, Япония ва банк тизими ривожланган бошқа давлатларда мижозларга кенг кўламда таклиф этилади. Ўзбекистон банк тизими амалиётида эса ушбу тармоқ янги, ёш йўналиш бўлиб, ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб шакллантирилди ва ҳалигача мижозлар эҳтиёжи тўлалигича қамраб олингани йўқ.

«Финтек»лар (Fintech), яъни стартаплар анъанавий банк хизматларидан бўлган чакана хизматларни ихтисослашган «рақамли» электрон тўлов мобил иловалари орқали амалга оширмоқда. Чек-чегарасиз интернет тармоғи орқали бутун жаҳон молия тизимида инновацион стартапларнинг янги бизнеc моделлари ишлаб чиқилиб, чакана хизмат турларини бирин-кетин эгалламоқда6. Жумладан, click, upay, payme, uzcard, mbank ва бошқа иловалар ҳамда Milliy7 иловаси аҳолига бир қатор тўлов хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Чакана хизматларга ихтисослашган «рақамли» банклар фаолиятини ривожлантириш ва ўз ўрнини ушлаб қолиш мақсадида банклар Fintech стартапларини молиялаштирмоқда ёки сотиб олмоқда. Бутун дунёда кузатилаётган бу вазият юртимиз банкларига ҳам ўз таъсирини кўрсатиши шубҳасиз. Efma ва Infosys Finacle ўтказган сўров ва тадқиқотларда банклар (74%) 2016-2017 йилларда инновацион лойиҳаларга инвестицияларни олдинги йилларга нисбатан кўпайтирганликларини таъкидлаганлар. 69% банклар ўзларининг инновацион банкларга айланганликларини таъкидлашган ва 25% банклар ўз инновацион фаолиятларини юқори даражада, деб ҳисоблашган. Банкларнинг 40% дан ортиғи стартаплар билан ишламоқда ва 30% банклар стартапларга сармоя киритганини таъкидлаган8.

Инновация ва рақамли трансформация ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, респондент банкларнинг 20%и чакана хизматларни ихтисослашган «рақамли» банклар фаолиятига ўтказган. Ушбу банкларнинг 85%и янги хизмат ва товарларни таклиф этмоқда ва 81%и банк фаолиятини янги тизимлар ёрдамида олиб бормоқда. Инновация ва рақамли трансформациянинг асоси сифатида мижозларга қаратилган хизмат ва товарларни юқори стандартларда таклиф этиш 78% банкларнинг мақсади бўлса, 74% банклар янги тизимларни татбиқ этиш, 68% мобил ва ижтимоий технологиялардан унумли фойдаланишни мақсад қилишган9.

Fintech ва технология компанияларининг таҳдиди 2016 йилда 47% деб баҳоланган бўлса, 2017 йилда 48% деб қайд этилган. Fintech ва технология компаниялари ўзларининг жуда мосланувчанлиги ва янгиликларни тез қабул қилиб, татбиқ этиш имкони борлиги билан банкларга муносиб рақобатчи бўлмоқда. Шунинг учун банкларнинг Fintech ва технология компаниялари стартаплари билан ҳамкорлик қилиши уларнинг келгусида мижозлар ва бозор талабига жавоб бериш имкониятини яратиши мумкин. Бу ҳолат асосан ривожланган давлатларда (АҚШ, Европа Иттифоқи, Бразилия, Хитой, Жанубий Африка, Австралия ва шу каби давлатлар) сезиларли таъсир ўктазиб, асосан шу давлатлар банклари технологик ўзгаришларга ва инновацион лойиҳаларга ижобий ёндашмоқда, аммо ривожланаётган давлатлар банкларида бу ўзгаришларга етарли эътибор берилмаган.

Deloitte компаниясининг 2015 йил ҳисоботига кўра, дунё банкларининг чакана хизматидан 128 млрд. Евро даромад олинган10. 2017 йил 1 январь ҳолатига тижорат банклари томонидан чиқарилган 20 млн. Банк пластик карталари (БПК) муомалада бўлган ва бу миқдор 2005 йилга нисбатан 45.5 баробар кўпдир.

Банк пластик карточкалари муомаласини кенгайтириш ва такомиллаштириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йил 1 январь ҳолатига пластик карточкаларнинг умумий сони 2016 йилнинг бошига нисбатан 3,2 млн. донага кўпайиб, 19,5 млн. донадан ошган. Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларида ўрнатилган тўлов терминаллари сони йил бошига нисбатан қарийб 26 минг донага кўпайиб, 2017 йил 1 январь ҳолатига 209 минг донадан ошган. 2016 йил давомида пластик карточкалар орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми 53 трлн. сўмдан ортиқ миқдорни ташкил этиб, 2015 йилга нисбатан қарийб 70 фоиз кўпайган. Шунингдек, жойларда тўловларни узлуксиз қабул қилишни таъминлаш мақсадида ўрнатилган инфокиоск ва банкоматлар сони 2016 йил давомида 2 609 донага ортиб, 2017 йил 1 январь ҳолатига 4 954 тага етган. Сўнгги йилларда нақд пулга бўлган талабнинг камайиши ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг кенгайиши натижасида мамлакатда савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган тўлов терминаллари сони сезиларли даражада кўпайиб бормоқда.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, республикамизда чакана банк хизматларини ривожлантиришга қаратилган маркетинг стратегиясини шакллантириш, бунда мижозларнинг чакана банк хизматларига бўлган талабларини тўлиқ ҳисобга олиш, чакана хизматлар бозорини банк рақобат устунлигидан келиб чиқиб мувофиқ сегментлаш муаммоларини илмий жиҳатдан ҳал этиш муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунга келиб муомаладаги пластик карталар сони 1 кишига 2 тадан тўғри келаётгани ҳам буни исботлайди.

Чакана хизматларга ихтисослашган «рақамли» банклар фаолиятини ривожлантириш ўз самарасини беришига мисол тариқасида UniCredit банкининг охирги 3 йилда (2016-2018 йилларда) 1,2 млрд. Евро инвестиция қилганлигини ва бу тизим асосий хизмат принципини тубдан ўзгартиришини ҳисобга олган ҳолда ўз ичига транзакция миграциясини, процессингни рақамлаштириш ва соддалаштириш, хужжатларни рақамлаштириш ҳамда савдони электронлаштиришни ривожлантиришини келтириш мумкин.

Чакана хизматларда банкларнинг асосий рақобатчилари мобил илова тўлов тизимлари бўлиб, дунё банкларининг 86%и бу таҳдид жуда жиддий эканлигини ва бунда банклар олдида фақат икки йўл борлигини, биринчиси, Fintech ва технология компаниялари стартаплари билан ҳамкорлик қилиш, иккинчиси, Fintech ва технология компаниялари товар ва хизматларини банклар томонидан ишлаб чиқиш эканлигини таъкидлашмоқда.

Ривожланган давлатлар банклари Fintechларни тини­мсиз кузатиб бормоқда. ING Group (Нидерландия) раҳбари Ralph Hamers маълум қилишича, ING Group бозордаги талаб ва таклифни доим ўрганиб боради ҳамда 45 та Fintechлар билан тўлов менежменти, тизимни ривожлантириш, мобиллаштириш ва кредитлаштиришда ҳамкорлик килади.

Fintechлар нафақат стартаплар, балки Google, Facebook, Apple, Alibaba, Amazon каби гигантлардан ҳам иборат. Мисол учун, Alibaba (Хитой) ўзининг молия тизими 2015 йил натижалари қуйидагича:

* Тўловлар – 451 млн. фаол фойдаланувчилар;

* Кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш – 3 млн. АҚШ доллари миқдорида кредитлаштирилган;

* Шахсий бойлик менежменти – 15 млн. фаол фойдаланувчилар;

* Суғурта – 380 млн. суғурта полислари;

* Кредитлаштириш – 451 млн. фаол фойдаланувчилар.

Alibaba бу электрон савдо платформаси бўлиб, олди-сотти операциялари одатда тўғридан-тўғри амалга оширилади, аммо Alibaba ўз мижозларини имкониятларини кенгайтириш ва уларни қўллаб қувватлаш мақсадида, ҳамда уларнинг қўшимча молиявий кўмакка муҳтожлигини ҳисобга олган ҳолда мижозларнинг Alibaba тизимидаги рейтингига асосланиб маълум бир имкониятларни яратган шулардан бири савдони қисқа муддатли молиялаштириш дастурдир. Мижозлар кўп бўлмаган миқдорда молиявий кўмак олишади. Биринчидан, Alibaba ўз мижозларини қўллаб қувватлаш ва савдони ривожлантириш; иккинчидан, Alibaba ўз молия тизимини яратишдир. Бундан кўриниб турибдики, Alibaba нафақат электрон савдо платформаси балки ўз мижозларига молия институтлари кўрсатадиган муҳим ва талабгир бўлган савдони молиялаштириш, суғурталаш, кредитлаш ва шахсий бойлик менежмент хизматлари кўрсатиб сезиларли ютуқларга эришмоқда. Бу хизматлар традицион банклар хизматига эҳтиёжни камайтириш ва улар ўринини эгаллашга олиб келувчи дастлабки қадамлардан биридир.

GSMA11 маълумот беришича, 2015 йил охирида 271 та телекоммуникация операторлари томонидан мобил пул хизмати 134 млн. фаол фойдаланувчиларга дунёнинг 93 та давлатида кўрсатилган ва бу охирги 10 йилда жадал ўсмоқда.

Чакана хизматларни ривожлантириш йўлида банклар инновацияга қаратилган инвестициялар миқдорини мунтазам ошириб бормоқда. Банклар асосий инновация ва инвестицияни мижозларга хизмат кўрсатиш, хизмат каналларини ва хизмат жараёнини ривожлантиришга қаратган (5-жадвал). Смартфонлардаги иловалар орқали кўрсатилаётган мобил банкинг ва банк чакана хизматлари call-center ва филиалларда кўрсатиладиган хизматларга нисбатан мижозларнинг талабларини кўпроқ қондирмоқда. Асосий сабабларидан бири инсон омили бўлса, иккинчиси масофа ва вақт тафовути йўқлигидир.

Ривожланган давлатларда банк тизими, хусусан, банк чакана хизматлари янги технология ва принциплар асосида мунтазам ўзгариб, мижозлар талабларини қондириш йўлида инновациялар фаол татбиқ этилмоқда. 2016 йил тадқиқотлари натижасида «Онлайн» ва «Мобил» каналлари орқали амалга оширилган транзакциялар миқдори ўз навбатида 23% ва 16%ни ташкил этган (6-жадвал). Ижтимоий тармоқлар ва мобил операторлари орқали амалга оширилган транзакциялар жуда кам миқдорни ташкил этди ва ҳар бир давлатда ҳам мавжуд эмаслиги сабабли статистика ҳисобига олинмади. Шунингдек, бу кўрсаткичлар баъзи бир давлатларнинг эришган ютуқлари ва салоҳиятини тўлиқ акс эттирмаган, мисол учун, Дания давлатида филиаллар орқали амалга оширилган транзакциялар онлайн транзакцияларга нисбатан 4 баробар, мобил транзакцияларга нисбатан 3 баробар кам бўлган12.

Норвегия давлатида DnB NOR банки энг йирик банк ҳисобланади ва 2010 йилдан 2016 йилгача филиаллар сонини 4 баробарга, яъни 220 тадан 57 тага қисқартирган. Энг асосий сабаб – 90% дан зиёд мижозлар фаол интернет фойдаланувчилари бўлиб, улар банкка мурожаатни онлайн ва мобил каналлари орқали амалга оширишни афзал кўрадилар. Бугунги кунда транзакцияларнинг учдан икки қисми мобил ва учдан бир қисми онлайндир. 2014 йилда филиаллар хизмати 80% га камайган ва ўрнини мобил ва онлайн хизматлар эгаллаган. Натижада мижозлар қониқиши ортган ва банк ресурслари ошган13.

Охирги пайтларда «фақат рақамли» банклар молия бозорига кириб келмоқда ва анъанавий банклар билан қаттиқ рақобатлашмоқда. Буларга UniCredit (Италия), Caixabank (Испания), Atom Bank (Буюк Британия), Halvi (Швеция) банкларини мисол келтириш мумкин. Фақат рақамли банклар икки турда фаолият юритади: биринчиси, таъсис этган банк лицензиясига мувофиқ асосан банк чакана хизматларини кўрсатади; иккинчиси, янги лицензия асосида янги товар ва хизматлар билан бозорда алоҳида юридик шахс сифатида фаолият юритади. Ҳар икки ҳолатда ҳам хизматлар рақамли тизимнинг устувор имконият ва ютуқларидан унумли фойдаланган ҳолда кўрсатилади ҳамда олинган тажриба ва ютуқларга таяниб келажакда анъанавий банк тизимининг ўрнини тўлиқ эгаллаш мақсад қилинган.

Масофадан онлайн ва мобил банкинг хизматларидан фойдаланувчилар сони ортиб бормоқда, аммо банкларимизда бунга эътибор ва инвестициялар турли тарзда тақсимланган ва натижада «Агробанк» АТБ, АТ Халқ банки, ТИФ Миллий банки ва «Асака» АТБ банклари масофадан банк хизматларини кўрсатувчи тизимлардан фойдаланувчи жисмоний шахсларнинг 79%ига хизмат кўрсатади, хусусан, 2017 йил 1 декабрь ҳолатига «Агро­банк» АТБда 31%, АТ Халқ банкида 19%, ТИФ Миллий банкида 16% ва «Асака» АТБда 13% жисмоний шахслар масофадан банк хизматларини кўрсатиш тизимларидан фойдаланади. Айни пайтда 28 та банк фаолият кўрсатиб, шуларнинг 24 тасида тегишли тизимлар жуда суст ривожланмоқда. Бу ҳолат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун янада оғир кечмоқда. 2017 йил биринчи чораги маълумотига кўра, юртимизда 13,1 млн. фаол интернет фойдаланувчилари ҳамда 21,78 млн. мобил алоқа мижозлари мавжуд. Марказий банк маълумотига кўра, 4 млн. жисмоний шахс масофадан банк хизматларини кўрсатиш тизимларидан фойдаланади, бу мавжуд салоҳият ва захираларнинг 20%идан фойдаланилаётганлигидан далолат беради. Иккинчи тарафдан, банкларимизда ҳали фойдаланилмаган 80% салоҳият ва захираларни тезда ўзлаштириб олиш имкони борлиги инновацион лойиҳалар ва мобил иловаларни қўллаб-қувватлаш кўп самара келтириши мумкинлигини билдиради.

Албатта, бу имкониятни амалга ошириш учун қўшимча чора-тадбирлар ва тарғибот-ташвиқот ишлари йўлга қўйилиши ва инфраструктурани ривожлантириш муҳим рол ўйнайди. Бу борада ривожланган давлатларда жиддий тус олган нақд пулсиз тўловлар бизга ҳам яқин йилларда кириб келиши ва бунга банк тизими олдиндан тайёргарлик кўриши давр талабидир. Мисол учун, Европа давлатларида, хусусан Швеция давлатидаги нақд пул айланишини бутунлай муомаладан чиқиб кетиши эҳтимоли жуда юқори бўлиб, охирги 30 йиллик минимумга етган. 2000 йилда Швеция аҳолисининг 89% нақд пул тўлаган бўлса, 2017 йилда аҳолининг 25% ҳафтада 1 маротаба нақд пул тўловини амалга оширган14.

Юқоридаги айрим тадқиқот ва изланишлар натижасида олинган маълумотларни инобатга олиб, қуйидаги таклифларни шакллантирдик:

1. Ҳар бир банк ўз мижозлари учун мобил иловалар яратган ҳолда хизмат кўрсатишни йўлга қўйиши лозим, дунё тажрибасидан келиб чиқсак, харажатларнинг 2-3% камайиши мижозлар сонига ижобий таъсир кўрсатиши маълум;

2. Чакана банк хизматларини етказиб бериш жараёнини бир стандартга солиш ва автоматлаштириш;

3. Замонавий рақамли тизимни жорий этиш стратегиясини ишлаб чиқиш, бунда филиаллар тизимини оптималлаштириш ва автоматлаштириш;

4. Fintech стартаплари ва технология компаниялари билан ҳамкорликни кучайтириш;

5. Фақат рақамли банк тизимини йўлга қўйиш ва ривожлантириш.

Хулоса сифатида таъкидлаш мумкинки, юқорида қайд этилган таклифлар ривожланган давлатларда банк ҳамда мижозларга мақбул ва манфаатли бўлиб, давр талаби, қолаверса, келажакдаги ўзгаришларга муносиб замин яратмоқда.

Амур Джалилов,
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки
Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази


1 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177-сонли Фармони (www.lex.uz).
2 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси.
3 Мирзиёев Ш.М. 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномаси (http://president.uz/uz).
4 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5296-сонли Фармони.
5 Джалилов А.С. Блокчейн технологиясини савдони молиялаштиришда қўллашнинг афзаллиги. // Бозор, Пул ва Кредит. №3, 2017. – 45-бет.
6 Джалилов А.С. GLOBUZCARD – Ўзбекистон Республикаси молия соҳасида блокчейн каби прогрессив технологияларни қўллашга қараб дадил қадам. // Бозор, Пул ва Кредит. №10, 2017. – Б.42.
7 Milliy мобил иловаси – рақамли банкинг соҳасида мобил тўловларни амалга оширади (www.nbu.uz).
8 Efma-Infosys Finacle Innovation, «Innovation in retail banking 2016» тадқиқоти, 2016 йил.
9 Ўша жойда.
10 Deloitte компанияси Таҳлилномаси, 2016 йил.
11 GSMA бутун жаҳон мобил операторлари ассоциацияси бўлиб, Лондонда жойлашган ҳамда 800 та мобил операторларидан иборат тўлиқ аъзо ва 300 та мобил операторларидан иборат оддий аъзога эга.
12 Efma-Infosys Finacle Innovation тадқиқоти, 2016 йил.
13 PwC компаниясининг 2020 йилга прогнози, 2016 йил.
14 Центробанк Швеции обеспокоен стремительным отказом от наличных. 
URL: https://hightech.fm/2018/02/20/no_cash_sweden?utm_source=telegram&utm_campaign=daily_channel.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example