ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10231.71 +21.85
1 EUR = 12059.09 +38
1 RUB = 138.65 +1.19
1 GBP = 13353.40 -9.26
1 JPY = 96.61 +0.18
1 AFN = 133.45 +0.21
1 AMD = 21.14 +0.06
1 AED = 2785.81 +5.95


Жаҳонгир Абдурасулов. Ўзбекистонда молиявий саводхонликни ошириш истиқболлари ва хорижий тажрибанинг татбиқ этилиши

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” дея номлади. Давлат раҳбарининг Олий Мажлисга мурожаати нафақат 2020 йил учун Дастур, балким, мамлакатимизни яқин келажакда тараққиёт йўлини белгилаб берувчи фундаментал аҳамиятга эга бўлган тарихий ҳужжат сифатида баҳолаш зарур.

Жуда кўпчилик рақамли иқтисодиёт нима ва у мамлакат иқтисодиётига нима беради, деб ўйлаши мумкин. Рақамли иқтисодиёт деганда, фақатгина Блокчейн (Blockchain) технологиясини ва улардан халқаро молия бозорларида фойдаланиш масалаларини ёки криптовалюталарни тушуниш керак эмас. Албатта, Блокчейн технологияси, криптовалюталар ҳам рақамли иқтисодиётнинг бир бўлаги. Лекин, рақамли иқтисодиёт (Digital Economy) деганда, рақамли коммуникациялар, ИТ ёрдамида олиб бориладиган иқтисодиёт тушунилади.

Бунда, яширин иқтисодиётга барҳам бериш воситаси сифатида ҳам қараш мумкин. Чунки, биринчидан, ҳамма амалга оширилган операциялар электрон рўйхатдан ўтилишига, иккинчидан, ҳамма нарса шаффоф бўлишига эришилади. Қолаверса, ишлаб чиқаришда янги ИТ қўлланиши оқибатида маҳсулот ва хизматларнинг таннархи пасаяди ва рақобатбардошлик ошади. Иқтисодиётимиз рақобатбардош бўлмас экан, бозор қонунлари тўлиқ амал қилмас экан, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг натижаси ҳам сезиларли бўлмайди.

Жаҳон банкининг “Рақамли дивидентлар” номли тадқиқоти натижалари мамлакатлар иқтисодиётини ривожлантиришда рақамли иқтисодиётнинг нақадар долзарб ва муҳим масала эканлигини кўрсатади. Хусусан, интернет тезлигининг 10 фоизга ўсиши, мамлакат ЯИМни ўсишига олиб келади. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич, 1,21 фоизни ташкил этса, ривожланаётган давлатларда 1,38 фоизни ташкил этади. Демак, интернет тезлиги 2 баробарга ошадиган бўлса, ЯИМ ҳажми ҳам қарийиб 15 фоизга ошишига эришиш мумкин.

Жаҳонда амалга оширилаётган глобаллашув шароитида ташқи миграция, халқаро савдо ва капиталлар ҳаракати, туризм, хорижий инвестициялар, ИТ ривожланиши мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир этади. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида очиқлик, халқаро иқтисодий-сиёсий алоқаларнинг ривожланиши юртимизда саноат тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш имкониятларини юзага келтирди. Бунга мамлакатимиз ташқи савдо ҳажмининг ўсишини мисол қилиб келтириш мумкин. “Электрон ҳукумат”, “электрон бошқарув”, “телекоммуникация”, “Интернет”, “Веб-сайт” каби юзлаб иборалар ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланди. IT кундалик ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олмоқда.

Рақамли иқтисодиётда IT ёрдамида таннархни камайтиришга, натижада, оптималлашувга ва самарадорлик ошишига эришилади.

Рақамли иқтисодиётда замонавий илмий ёндашувлар ва инновациялар муҳим ва устувор аҳамиятга эга бўлади. Бунда илмий сиғимкорлик юқори бўлган тармоқлар ривожланади.

Рақамли иқтисодиёт ривожланган давлатларда ЯИМ ҳажми ҳам, ЯИМни аҳоли сон бошига улуши ҳам юқоридир. Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбарининг бу масалага давлат миқёсида қарашлари бир мақсадни кўзлайди, у ҳам бўлса, биринчидан, аҳолининг яшаш даражасини юксалтириш, иккинчидан, аҳолининг реал даромадларини оширишдир.

Экспертларнинг фикрича, 2020 йилдан бошлаб йирик банкларнинг қарийб 30% дан ортиғи ўзларининг иш фаолиятида Blockchain технологиясидан фойдаланишни бошлаб юборишди.

Бунга сабаб қилиб, Blockchain технологиясининг нисбатан эндигина яратилганига қарамасдан, унинг мавжуд бизнес жараёнлардаги инқилобий ўзгаришларни қамраб олгани молия бозорлари иштирокчилари орасида катта қизиқиш уйғотганини кўрсатиш мумкин.

Маълумки, бугунги кунда рақамли иқтисодиёт қиймат яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Турли хил алгоритмлар, жараёнлар ва рақамли ахборотлар корпоратив бизнесни стратегик ривожланишида асосий ҳал қилувчи кучга эга бўлмоқда. Рақамли номолиявий омиллар банкларни рақобатбардошлигини белгилаб бермоқда, самарадорлигига таъсир кўрсатмоқда.

Рақамли технологияларни ривожланиши охир-оқибат номоддий активларни, яъни физик жиҳатдан мавжуд бўлмаган номонетар активларни ошишига олиб келмоқда. Масалан, 1975 йилда американинг йирик корпорацияларининг номоддий активлари 17%ни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб, бу кўрсаткич 85%дан ошди. Аниқроқ тушунтирадиган бўлсак, бухгалтерия балансидаги моддий ва номоддий активлар ўз ўринларини алмаштиришди.

Рақамли активлар – бу молиявий ҳисоботларни тузишда ҳисобга олинадиган рақамли шаклдаги номоддий активлардир.

Жаҳоннинг машҳур McKinsey экспертларининг баҳолаши бўйича, бугунги кунда жаҳон ЯИМнинг қарийб 10%и рақамли активларга тўғри келади, шу билан бирга, уларни ишлаб чиқиш суръати жаҳон иқтисодий ўсишининг 30%га тўғри келади. Рақамли активларни ривожланиши акселератор (тезлаштирувчи) ҳаракатига ўхшайди.

Рақамли активларни ривожланишида ижтимоий тармоқларни ўрни муҳимдир. Ижтимоий тармоқлар ўз навбатида рақамли бизнесни ривожланишига кенг имкониятлар яратиб беради.

Рақамли иқтисодиётнинг замонавий кўриниши сифатида мобиль тўлов тизимларини кўрсатиш мумкин. Бунда ҳаммамизга маълумки, мижозларнинг смартфонлари банкдаги ҳисобрақамларга боғланган бўлади, бу ўз навбатида мижозларга on-line харидларни амалга ошириши ва фақатгина мобиль аппаратнинг экранига қўл теккизиш орқали дунёнинг исталган жойига пул маблағлари ўтказиши мумкин.

Тўлов тизимлари ва банк ахборот тизимлари рақамли активлардан кенг фойдаланишади. Рақамли активларнинг асосий компонентлари сифатида интеллектуал мулк объектлари ҳисобланади. Интеллектуал фаолият натижаларига эгалик ҳуқуқини фақатгина компания эга бўлади. Бундай активларга мисол қилиб, ихтиро патентига мутлақ ҳуқуқ, компьютер дастурларига мутлақ ҳуқуқ ва маълумотлар базасини келтириш мумкин.

Рақамли активларни ривожланишини рақамли тижоратнинг ривожланишисиз тасаввур қилиш қийин. Рақамли тижорат эса, содда ва ишончли рақамли тўлов тизимларини яратишни талаб этади. Биринчи on-line тўлов тизимларига хизмат кўрсатишда аҳоли ўртасида кенг тарқалганлиги сабабли кредит ва дебет карталаридан фойдаланилган. Visa ва Master Card кредит карталари эмитентлари сотувчилардан ахборот алмашинувида юқори хавфсизлик чораларини кўриш шартларини талаб этишган.

Жаҳонда рўй бераётган сўнгги трендларни ўрганиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Чунки, дунёда бухгалтерия балансидаги моддий ва номоддий активлар ўз ўринларини жадал алмаштириш даврида биз ҳам асосий эътиборни фақат маҳсулотлар экспортига қаратмасдан, балки ноу-хау, блокчейн технологиялар фаолиятини замонга ҳамоҳанг ўрганиб, шу билан бирга, рақамли иқтисодиётдан фойдаланишни янги босқичга олиб чиқишимиз мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни устувор вазифаси – Ўзбекистон иқтисодиётини юқори суръатларда ўсишини таъминлаш билан бирга, аҳоли онгини, илмини, қарашларини замон билан ҳамнафас қилиш, қолаверса, мамлакатимизни халқаро майдонда интеграциясини тезлаштириш ва натижада Ўзбекистонни демократик, иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатлар қаторига қўшишдан иборатдир.

 


Хорижий давлатлар тажрибасини ўрганишда Австралия, Буюк Британия, Қўшма Штатлар, Бразилия ва Хитой давлатларида молиявий саводхонлик дастурларини таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.


 Австралия

Австралия ҳукумати томонидан 2004 йил бошида молиявий саводхонлик бўйича миллий дастур ишлаб чиқилиб, унда 2005 йилда молиявий саводхонлик жамғармасини ташкил этиш кўзда тутилган эди. Жамғарма ташкил этилиб, унинг томонидан «Шахсий маблағни бошқариш» ўқув веб-сайти яратилди. 2008 йилда Фонднинг вазифалари Австралия қимматли қоғозлар ва инвестициялар бўйича комиссиясига топширилди. Бундан ташқари, Австралия ҳукумати молиявий саводхонликни тоифалаш бўйича, хусусан, етиб бориш қийин бўлган жойларда яшовчи ёшлар ва аҳолининг саводхонлигини ошириш юзасидан бир қатор дастурлар ишлаб чиқди.

Ўзбекистонда молиявий саводхонликни ошириш истиқболлари ва хорижий тажрибанинг татбиқ этилиши

Фото: Yandex.uz

Австралия Молиявий операцияларни тартибга солиш вазири 2011 йил 15 мартда молиявий саводхонликни оширишнинг миллий стратегиясини эълон қилди. Унинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:

● мактаблар ва бошқа муассасалар орқали молиявий таълимни ривожлантириш;

● аниқ ва мустақил молиявий ахборотни тақдим этиш;

● молиявий фаровонлик ғояларини жорий қилиш ва аҳолининг молиявий операциялар тўғрисидаги билим даражасини ошириш, таълим муассасаларининг ўқув режаларини ишлаб чиқиш ва қўшимча инновацион ечимлар топиш;

● молиявий саводхонликка алоқадор муассасалар ҳамкорлиги, шу жумладан, хусусий компаниялар томонидан молиявий саводхонлик дастурларини қўллаб-қувватлаш, бу борадаги энг яхши ютуқларни тарғиб қилиш.

Ушбу йўналишда қуйидаги вазифалар белгилаб олинди:

● болалар, ёшлар ва катта ёшли аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш учун визуал веб-сайтлар яратиш;

● олий ўқув юртларида ва маҳаллий жамоат ташкилотлари қошида молиявий саводхонликни ошириш бепул ва пуллик курсларини очиш;

● молиявий саводхонлик асослари курсларини ўқитишга тренерларни тайёрлаш мақсадида кўнгиллиларни жалб қилиш ва малакали мутахассислар учун портал яратиш;

● Австралия Молия Омбудсмани лавозимини жорий қилиш;

● Австралия Банклар Ассоциацияси томонидан дастурлар ишлаб чиқиш.

Буюк Британия


2011 йил апрель ойидан бошлаб Буюк Британияда махсус – Шахсий маблағлар маслаҳатчиси хизмати (Money advice service) ташкилоти фаолият юритиб келмоқда.


Ўзбекистонда молиявий саводхонликни ошириш истиқболлари ва хорижий тажрибанинг татбиқ этилиши

Фото: Yandex.uz

Ушбу ташкилот 2010 йилда Молиявий хизматлар агентлиги таркибидаги истеъмолчиларнинг молиявий таълим бошқармаси негизида ташкил этилди. Мазкур хизмат аҳолига тўғри молиявий қарорлар қабул қилишда ёрдам берувчи бепул маслаҳатларни тақдим этади. Хизмат мустақил бўлиб, фаолияти ёшлар ва катта ёшдаги аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Асосий мақсади аҳолининг мамлакатда ва хорижий давлатларда кечаётган молиявий жараёнларни тушуниб етишларини таъминлашдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, мазкур хизмат тўғридан-тўғри Буюк Британия ҳукумати томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг фаолияти Молиявий хизматлар агентлиги томонидан йиғилган йиғимлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ушбу соҳадаги устувор йўналишлар қуйидагилардан иборат:

● ёш ота-оналарга ёрдам бериш;

● мактабларда ва бошқа таълим муассасаларида таълимни ташкил этиш (масалан, Ёшлар молиявий таълими гуруҳи томонидан машғулотлар ташкил этиш);

● молиявий саводхонликни ошириш учун онлайн хизматларни ишлаб чиқиш;

● Шахсий маблағлардан фойдаланиш бўйича маслаҳат бериш.

Буюк Британия анъанавий тарзда хайрия фаолияти ривожланган мамлакат ҳисобланади ва молиявий саводхонликни оширишда жамиятнинг роли бу ерда муҳим аҳамият касб этади.

Америка Қўшма Штатлари

Қўшма Штатларга келсак, у ерда дунёдаги энг йирик молия маркази – Нью-Йорк жойлашган бўлиб, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш борасида бой тажрибага эга.

Қўшма Штатлар Ғазначилиги 2002 йилда Молия институтлари бюроси (МИБ) давлат агентлигини ташкил этди. АҚШ Конгресси билан ҳамкорликда Молиявий саводхонлик ва таълим комиссияси (МСТК) ташкил қилинди. 2006 йилда эса Молиявий саводхонликнинг миллий стратегияси ишлаб чиқилди. Қайд этиш жоизки, 1995 йилдан буён АҚШда якка тартибда молиявий саводхонликни ошириш учун Jump$tart уюшмаси фаолият юритиб, 19 ёшгача бўлган ёшларни қўллаб-қувватлайди.

Умуман олганда, Қўшма Штатларда молиявий саводхонликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар бошқа ривожланган мамлакатлар билан деярли бир хил йўналишга эга:

● индивидуал ёндашувга алоҳида урғу бериш;

● молиявий масалалар бўйича ишонч телефони линияларини яратиш;

● мактабларда молиявий кўникмаларни шакллантириш.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар йўналиши бир хил бўлишига қарамасдан, АҚШда бу борада сезиларли натижаларга эришилган. Мазкур мамлакатда молиявий саводхонлик даражаси юқори ҳисобланади. Болалар учун банк картаси 10 ёшида очилиши мумкин ва аксарият штатларда нақд пул айланмаси минималлашган ҳамда аҳолининг молиявий соҳа билан уйғунлашиб кетганлиги яққол сезилади. Ҳозирги вақтда «молиявий саводхонлик»нинг Америка модели истеъмолчини молиявий хизматлардан фойдаланишга тайёрловчи кўп поғонали тизим бўлиб, молиявий хизмат истеъмолчисининг ҳаётий даврига (3-6 ёш, 7-17 ёш, 17-22 ёш, 23-45 ёш, 45-65 ёш, 65 ёш ва ундан катта) мос равишда яратилган тузилма ҳисобланади. Мамлакатнинг молиявий таълим тизими потенциал ва мавжуд молиявий истеъмолчиларнинг барча олти қатламини бирлаштириб туради. Ушбу моделдаги марказий ўринни штатларнинг бир томондан молиявий мустақиллигини солиқ тушумларини тартибга солиш ва бизнес муҳитни яхшилаш орқали таъминловчи ва иккинчи томондан фуқароларининг молиявий саводхонлигини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган губернаторлар эгаллайди.


АҚШ ҳукумати бюджетида молиявий саводхонликни тарғиб қилиш учун маблағлар кўзда тутилмаган. Деярли барча тадбирлар кўнгиллилар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) иштирокида ўтказилади ҳамда махсус мақсадли жамғармалар юридик ва жисмоний шахсларнинг беғараз ёрдамлари ҳисобига шакллантирилади.


Ўзбекистонда молиявий саводхонликни ошириш истиқболлари ва хорижий тажрибанинг татбиқ этилиши

Фото: Yandex.uz

Шунга қарамасдан, Америкада «молиявий саводхонлик» ҳақиқий миллий ҳаракат мақомини олди. Ушбу ривожланишнинг эркин модели молиявий саводхонлик борасида турли географик ва ижтимоий шароитларда яшовчи турли мақсадли гуруҳлар билан ноёб тажриба тўплаш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, молиявий саводхонлик масаласи барча штатларда ҳам бир хил аҳволда эмас. Айрим штатларда молиявий саводхонлик факультатив курс сифатида киритилса, бошқа «ақлли губернаторлар»га эга штатларда бюджет маблағлари ажратилиб, ўрта таълим муассасаларининг ўқув дастурига мажбурий дарс сифатида киритилади. Қўшма Штатларда талабалар учун молиявий марказларни ташкил этиш одатий ҳол ҳисобланади. Ушбу марказлар талабаларга ўқиш жараёнида ва таълим муассасасини битириб кетгандан кейин керакли бўладиган молиявий операциялар ҳақида маълумотлар бериш билан шуғулланади.

Ўзбекистонда молиявий саводхонликни ошириш истиқболлари ва хорижий тажрибанинг татбиқ этилиши

Фото: Yandex.uz

Молиявий саводхонлик ғояларини илгари суриш дастурлари нафақат ривожланган давлатларда, балки ривожланаётган мамлакатларда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунга асосан ушбу мамлакатлардаги молиявий хизматлар бозорларининг жадал ривожланиши таъсир кўрсатмоқда.

Энг йирик ривожланаётган мамлакатлар ва жаҳон иқтисодиётининг келажакдаги етакчилари бўлган Бразилия ва Хитойда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш дастурларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бразилия

Ушбу мамлакат ҳукумати бу соҳада давлат дастурлари асосида иш кўради ва унда ёшлар билан ишлашга алоҳида ўрин ажратилади. Ҳозирга кунда давлат миқёсида молиявий таълим сифатини ошириш бўйича миллий стратегия (Estratégia Nacional de Educação Financeira, ENEF) мавжуд. Ушбу лойиҳа давлат органлари (Молия бозорини мувофиқлаштириш қўмитаси, Халқ таълими, Молия, Адлия ва Ижтимоий ҳимоя вазирликлари), шунингдек, мамлакатнинг йирик банклари ва кредит ташкилотлари ходимларидан ташкил топган махсус ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилди. Мазкур дастурни ишлаб чиқишда ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Бразилия аҳолисининг қарийб 82%и ўзларининг кредитлари бўйича фоизларни аниқ билмаслиги, 87%и эса омонат маблағларига эга эмаслиги ёки қисман эга эканлиги ҳисобга олинди. Шунинг учун кўзланган мақсадлар аҳолини молиявий бозорлар фаолиятини кенгроқ қамраб олишга, шунингдек, аҳолининг барча қатламлари молиявий саводхонлигини оширишга қаратилди.

Ушбу дастурнинг ўзига хос хусусияти фуқароларнинг муай­ян тоифасини қамраб олиш эмас, балки жамиятнинг катта қисми молиявий саводхонлигини ошириш ҳисобланади. Масалан, ушбу дастур мактаб ўқувчиларининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олади.


Бразилия Марказий банки томонидан ўқитувчилар малакасини ошириш учун ишлаб чиқилган материаллар ва ўқув дастурлари, турли ёшдаги таълим гуруҳлари учун дарсликлар ва мультимедия дастурлари мавжудлиги шулар жумласидандир.


Ўзбекистонда молиявий саводхонликни ошириш истиқболлари ва хорижий тажрибанинг татбиқ этилиши

Фото: Yandex.uz

Бразилияда 2010 йилда бошланган синов лойиҳаси мамлакат бўйлаб 30 минг ўқувчини қамраб олди ва муваффақиятли якун топди. Кейинги йилларда бу лойиҳа мамлакат бўйлаб 212 мингта мактабга татбиқ этилди ва унинг иштирокчилари сони 58 миллионга етди.

Катта ёшдаги аҳоли орасида молиявий саводхонликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳарбийлар, ўқитувчилар ва бошқа давлат хизматчиларининг молиявий саводхонлик даражасини оширишга қаратилган махсус семинарлар ва курслар дастурини қамраб олади. Бу эса уларнинг иш жойларида молия соҳасида янги билимларни эгаллашга имкон яратади.

Хитой

Хитойда ҳам, Бразилияда бўлгани каби, аҳолининг молиявий маданиятини ошириш жараёнида давлат асосий ижрочи ҳисобланади. Шу билан бирга, ХХР ҳозирги пайтда аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган ягона дастурга эга эмас (Бразилиянинг ENEF аналоглари). Бу соҳада фақат айрим давлат органларининг саъй-ҳаракатлари эътиборга моликдир. Бунга ўқувчиларнинг молиявий саводхонлигини ошириш дастури (ЎМСОД)ни мисол келтириш мумкин. Ушбу дастур Халқ таълими вазирлиги ва Хитой молия вазирлиги ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Унинг мақсади мактаб ўқувчилари ва талабаларга таълим кредитларини олиш имконияти ҳақида маълумот тарқатиш, шунингдек, таълим кредитларини тўлашда қийинчиликларга дуч келган ўқувчиларга ёрдам беришдан иборат.

Бундан ташқари, Молия вазирлиги Таълим вазирлиги билан биргаликда Пекин университети қошида аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш дастурларини яратувчи ҳамда иқтисодиёт ва молия соҳасида илмий текшириш вазифаларини бирлаштирувчи марказни ташкил этди. Бу эса мазкур муассасага умумжаҳон тажрибасига таянган ҳолда ҳамда мамлакатнинг асосий ижтимоий-иқтисодий вазифаларига мувофиқ равишда аҳолининг молиявий маданиятини ошириш бўйича курслар ўтказиш имконини беради.


Чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, хитойлик ёшлар молиявий саводхонлик бўйича дунёда 603 балл билан биринчи ўринни эгаллашди.


Ундан кейинги ўринда турувчи Бельгия давлати тўплаган баллар 541ни ташкил этди.

Ушбу чора-тадбирларни Ўзбекистон шароитида қўллаш мумкинлигига келсак, уларнинг баъзилари жуда истиқболли ҳисобланади. Бу эса аҳолининг молиявий саводхонлиги нуқтаи назаридан Ўзбекистон, Хитой ва Бразилия ўхшашлиги билан изоҳланади.

Республикамиз учун энг мақбул дастур Бразилияда молиявий саводхонликни ошириш учун амалга оширилган дастур ҳисобланади, деб ўйлаймиз. Чунки ушбу дастурда аҳолининг кенг қатламлари қамраб олинган. Мазкур дастур орқали таълим олган аҳоли молиявий саводхонлик борасида кенгроқ тушунчага эга бўлади. Таълим кредитлари тизимини ривожлантириш бўйича Хитой дастури ҳам бизнинг мамлакатимиз учун фойдали бўлиши мумкин, чунки Ўзбекистонда кўплаб талабаларда таълим кредитлари олиш ва ўқиш шартлари ҳақида тушунчалар йўқ.

Молиявий саводхонлик дастурининг муваффақиятли амалга оширилиши кўп жиҳатдан дастурда иштирок этаётган давлат ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти билан бевосита боғлиқ.


Хитой ва Бразилия мисолларига асосланиб айтиш мумкинки, молиявий саводхонлик соҳасида эришилган ютуқлар кўплаб давлат органлари барча даражаларда ўзаро мулоқот қилишларига боғлиқ бўлади.


Шу ҳолдагина аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш дастури ҳақиқий ижобий натижаларга олиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, юқорида келтирилган чора-тадбирларнинг аксарият қисмини Ўзбекистон шароитида қўллаш мумкин. Шу муносабат билан Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган молиявий саводхонликни ошириш дастурида хорижий тажрибалар чуқур ўрганилиб, республикамизда молиявий саводхонликни оширишнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда дастур тайёрланган. Ушбу дастур чет эл тажрибасининг мамлакатимизга мос келувчи жиҳатларини инобатга олиб, иқтисодий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда яратилди.


«Бозор, пул ва кредит» журнали,

10-сон, 2018 й.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example