ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10473.07 -6.17
1 EUR = 12426.30 -28.28
1 RUB = 135.81 +0.76
1 GBP = 14391.05 -91.26
1 JPY = 95.59 +0.16
1 AFN = 133.50 -0.12
1 AMD = 19.59 -0.02
1 AED = 2851.21 -1.68


КРЕДИТ ОЛИШ  КАМБАҒАЛЛИККА БИРИНЧИ ҚАДАММИ!?

Яқинда ижтимоий тармоқда, аниқроғи Faceboоkдаги «Халқ назорати – Народный контроль» саҳифада бир масала катта мунозараларга сабаб бўлди. Яъни кредит олиш тўғрисида қўйилган пост жуда кенг муҳокамалар пайдо қилди. Тўғри, одамлар сўз эркинлиги сабабли турлича фикр билдирганлар ва бунга улар ҳақли. Бу ерда масала кредитга ва банкларга бўлган муносабатдир. Шу боис, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг муаммога муносабати қандай бўлса шундайлигича ёритиб бунга биргаликда ечим қидиришни маъқул кўрдик.

ХАЛК НАЗОРАТИ - НАРОДНЫЙ КОНТРОЛЬ Амина Алихан: Илтимос менга йўл кўрсатинглар! Бугун уйимга банк ходими келди, кредит берамиз, ўттиз миллионлик тикув машинкаси билан таъминлаймиз деди.

Лекин менга машинка бўлсаю мато бўлмаса мен қандай кредитни ёпаман? Менинг умуман пулим йўқ, мен ёлғиз онаман, 4 нафар фарзандим бор, уйимда тикувчилик қилиб зўрға кун кўраяпман. Лекин оиламни иш билан, қолаверса маҳалламиздаги аёл-қизларни иш билан таъминлашга менга пул керак.

Бу фикрга мулоҳазалар турлича:

Мақсуда Абдулхаква: Банкка бутунлай оғирликни ташлаб кутиб ўтирмай озгина ҳаракат ҳам қилиш керак тадбиркор бўламан деган одам. Фақат кутиб ўтирадиганлар ишни эплолмай, пулни еб қўйиб, ке­йин банкрот бўлдим, деб дод- вой солишади. Аввал тадбиркорлик қоидалари бўйича билим олиш керак.

Абубакир Султон: Банк нарсаларни ўта қиммат сотади, олманг, яхшиси сабр қилиб ишланг, инвестор топинг, шерикчиликка иш қиладиган, инвестор фоиз ҳисобламайди, фойдага шерик бўлади, холос.

Нигор Исанова: Олманг кредит. Ҳеч ҳам кераги йўқ. Тўлов куни бирпасда келиб қоладики, ҳайрон қоласиз. Банкдагилар телефонингизга қўнғироқ қилиб ётиб олади. Бир кун кечиктирсангиз ёки телфонингизни кўтармасангиз уйингизга келиб олишади, шароитингизни тушунишни ҳам хоҳлашмайди.

Зуфар Зокиров: Булар қармоқ беришади чувалчанг эмас, чувалчангсиз балиқ ушлаб болмайди, ДEМАК қармоқ бефойда, ДEМАК кредит ҳам оддий ҚАРМОҚ. Маслаҳатим қўшимча даромадингиз бўлмаса олманг.

Малика Шамсиева: Олманг. Қийналасиз, ундан кўра оз-оздан орттириб машинкангизни янгиланг сизга ҳозир кредитга дўкондаги 2 миллионли машинани 5 миллионга беришади.

Отақўзи Нурий: Касбим тақозоси бўйича сизга ўхшаган кўп инсонлар билан мулоқотда бўламан, уларнинг кўпчилиги сиз каби амаллаб оиласини тебратаётган инсонлар. Яхшиси олдин кўпроқ ишлаб, маблағ йиғинг. Кейин ўзингиз керакли нарсаларни сотиб олиб, иш ўрин очинг. Чиройли гапларига учманг, бошингизга иш тушганида, ана шу банкирларнинг ўзи сизни судга беради. Оилангиз ёки фарзандларингиз тақдири уларни умуман қизиқтирмайди, улар кунлик планини бажарса ва бошлиғига яхши кўринса бас.

Кеннет Омеруо: Бунча қиммат фоизда халқнинг бўйнига қарз илиб қўйиш аҳмоқлик. Унинг ўрнига етарли миқдорда иш ва ойлик маош билан таъминлаш керак.

Мухбилла Қориев: Кредит олманг, 0,1 % ли бўлсаям олманг. Кредит билан ҳеч қачон ҳеч кимнинг иши юришмаган. Кредит ишлатиш банкдагиларга боғлиқ, чунки ҳамма операциялар ўзларининг қўлларида.

Дилбар Юсупова Мухбилла Қориевнинг фикрига қарши шундай деди: Ҳеч қанақа банкдагиларга боғлиқ эмас. Билмасдан гапираверасизлар, кредит банк ходимими- бошқасими компьютер одам танламайди график бўйича ҳамма тўлайди.

Азизбек Алихонов: Ўша таъминотчидан мошинкани пулини олиб, бозордан мошинка олинг, 30-40% ютасиз, кейин ярмига мошинка, ярмига мато оласиз.

Отабек Саидов: Мен югур- югур қилиб кредит ололмаяпман сизга тайёр олиб келишибди-ку, олинг ва фойдаланинг қимирлаган қир ошибди дейдилар. Ишингизга омад.

Хусниддин Мелибаев: Кредит олманг. Ишингизга пул тикадиган инсофли шерик қидиринг. Оддий, содда ва тўғри келишув асосида ишланг. Молиявий савод етишмайди бизда кредитдан фойдаланиш учун.

Наталья Назаровна: Шу ҳозиргача тикиш қилаяпсиз, ўзингизнинг эски машинкангизда, аммо биласиз ҳозир ҳаммаси замонавий. Калькуляторда ҳисоблаб беради ойига қанча тўлашингизни, ўйлаб кўринг балким унча кўпмасдир.

Мухтор Ибрагимов: Токи кредит бериш тартиблари тўлиқ ўзгармас экан кредитдан фойда қолиши қи­йин. Мисол учун банк таъминотчи ҳисобига пулни ўтказиб бериши ёки маълум таъминотчиларни қабул қилиши, гаров, кафил суғурта нархлатиш, нотариус ва ҳоказолар бор. Аслида бизнес мақсадида деб нақд ёки пластик картага бериши анча кредит олувчини ишини соддалаштириши мумкин. Бу билан кредит олувчи жиҳозни танлаши, савдолашиши мумкин.

Отабек Махмудов: Иложи борича кредит олманг. Кредит бу камбағалликка қўйилган биринчи қадам. Россияда кўп бўлганман кўплари кредит туфайли уйсиз қолган,аввал камроқ олган кейин кредитни ёпиш учун яна-яна кредит олиб, уйсиз қолган.

Мухбилла Қориев: Бир киши кредитга машинка олди, олган машинкаларни ярми пулига сотиб кредитни тўлади, яна буйнида 25 миллион қарз билан чиқди. Чунки 100 сўмлик машинкани 250 сўмдан ўтказиб, фоизини 30% га уриб ҳар ой борингизни суғуриб олишади. Охир-оқибат олинган машинкаларни ярим нархига сотиб юборди. Энди 25 миллион фоиз тўлаяпти. Бўлган воқеа бу. Кредитни через таъминотчи орқали беради, таъминотчи пулни беш марта айлантириб беш ойдан кейин уч баробар қиммат нархда машинка беради.

Машраб Рахманов: Қўрқмай олинг, тикувчилик қўлингиздан келса. Кўз қўрқоқ – қўл ботир.

Азиз Биродар: Банк ходимининг кўзи учиб тургани йўқ уйма-уй юриб кредит олинг дегани. Уларни мажбурлашаяпти. Яна бунинг ортида бир сир бор, масалан қайсидир монополист тадбиркор мошинка олиб келган ёки ишлаб чиқарган. Уни сотиш эса шу усулда амалга оширилаётган бўлиши мумкин. Эски ўйин.

Эркин Усмонқулов: Мени фик­рим – олинг, фақат бировни пулидай ишлатинг. Рўзғор, тўй, кийим-кечак, кунлик эхтиёжга харажат қилманг. Ҳаммасига машинка олиб берамиз десалар кўнманг. Синасиз. Ўзлари олиб берса ҳам синасиз. Сиз шарт қўйинг, пластикка тушириб беришсин. Ана шунда иш бошласангиз бўлади. Инфляция ҳисобига ютасиз.

Ижтимоий тармоқда берилган ушбу шарҳларнинг аксарият қисми субъектив фикрлар. Шу маънода айтилган мулоҳазалар банк ва кредит масалаларига умумий дунёқараш шу экан деган хулосани бермайди. Сўз эркинлигидан фойдаланиб одамлар ўз дунёқарашларини намоён қилишган, холос. Қолаверса, буларни биз ҳам нашримизда муҳокама қилиб қайсидир томонга бирор айб ёки масъулият юклаш фикридан йироқмиз. Шу ўринда биз кўзгу вазифасини ўтадик, холос. Шунингдек, ижтимоий тармоқда ёритилган ушбу муҳокамада аслида юзлаб шарҳлар ёзилган. Биз бу ерда энг асосийларини келтирдик. Зеро, шунинг ўзи ҳам ўйлаймизки, соҳа ходимларини мулоҳазага чорлайди. Ҳали давом эттирамиз...

Нодирбек ДАДАМИРЗАЕВ
тайёрлади

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example