ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10493.48 -7.74
1 EUR = 12641.50 +35.84
1 RUB = 140.60 +0.11
1 GBP = 14603.78 +11.28
1 JPY = 96.15 +0.12
1 AFN = 133.93 -0.06
1 AMD = 20.15 -0.01
1 AED = 2856.77 -2.11


Пулингизни нақдлаштиришда қўшимча фоиз ушлаб қолинишига розимисиз?

Маълумки, банк карталаридан фойдаланиш оддий бир ҳолат бўлиб қолган, қай бир манзилга борманг тижорат банклари томонидан ўрнатилган банкоматларга кўзингиз тушади ва бу ҳолдан албатта қувонасиз. Бироқ савол туғилади, аҳоли тижорат банкларининг мижози бўлса-да, нима сабабдан ўзи ишлаб топган маблағини банкоматлар орқали нақдлаштириши учун 0,5-1 фоизгача комиссия тўлаши керак?

Бугунги кунда ушбу комиссия фоизлари нима сабабдан ушлаб қолиниши масаласи аҳоли ўртасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётганлигини инобатга олган ҳолда, depozit.uz расмий сайти жамоаси узоқ ва яқин қўшни давлатлар банкларидаги ҳолат, жумладан хорижий ва маҳаллий экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганишга қарор қилди.

Хусусан, Европа, Россия ва Қозоғистон давлат банклари тажрибаларини кўздан кечирар эканмиз, Россиянинг Альфа банки ўз картасидан фойдалаётган мижози учун банк филиаллари ва бошқа тижорат банкларининг банкоматлари орқали нақд пул ечишни бепул қилиб белгилаган. Тинькофф банк эса мижоз пластик карта очиши учун 30 фоизгача кэшбек бериш шарти билан мижозларни ушлаб қолишга ҳаракат қилади. Қозоғистоннинг барча тижорат банклари банкоматларидан нақд пул ечиш бепул, бирорта тижорат банк бунинг учун комиссия тўловлари ундирмайди. Хўш шундай экан, энди нима сабабдан Ўзбекистон банклари мижознинг ўз пулини нақдлаштиришига фоиз ушлаб қолиши керак деган табиий савол туғилади?

Келинг, бу борада чет эл тажрибалари мисолида ҳамда Ўзбекистондаги экспертларнинг қизғин фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашсак.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Sumitomo Mitsui ва MUFG банкларида фаолият юритган, банк соҳасида кўп йиллик таж­рибага эга бўлган ҳамюртимиз Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси Бош директори Муроджон Фармонов томонидан билдирилган фикр­га кўра, данияликлар 20 йиллик ипотека кредитлари учун 0 % тўлаётган бир пайтда, Ўзбекистон аҳолиси ўз маблағларини банкоматлар орқали ечиш учун 1% тўлашаётганини қайд этди. Тўғри, кўп сабабларга кўра Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкаси ноль бўлишини тасаввур қилиш қийин. Аммо, кундалик пул ўтказмалари ва банкоматлардан нақд пул ечиш билан боғлиқ тўловлар олиб ташланиши лозим, дея фикр билдирди ҳамюртимиз.

Кейинги экспертимиз Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки Етакчи банкири Иқбол Ҳакимов (Лондон, Буюк Британия) фикрига кўра:

– Бугунги кунда аҳолидан банкоматлар орқали пул ечиш ва P2P картадан картага пул ўтказмаларини амалга ошириш учун фоиз олиниши уларни ўз маблағларини банкда сақлашдан тийи­лишга олиб келади. Агар Буюк Британия мисолида айтадиган бўлсам, аҳоли банкоматлардан пул ечиши ёки картадан картага пул ўтказмасини амалга ошириши учун банклар томонидан ҳеч қандай комиссия ундирилмайди, – дейди Иқбол Ҳакимов.

Албатта, бу борада маҳаллий экспертларимиз фикри қандайлиги ҳам бизни қизиқтирди. Келинг, уларнинг фикрларига ҳам назар ташлаймиз.

«Ипотека-банк» молия блоки раҳбари Азиз Муҳиддинов www.linkedin.com саҳифасида банкомат харажатлари интернет, техник таъминот, назорат қилиш каби харажатларни қоплаш учун банкоматлардан нақд пул ечишда комиссия ундирилади, агар бу ҳаражатлар олиб ташланса яна илгаригидек банклар сунъий равишда нақд пул йўқлигини баҳона қилиб 20-30 фоиздан пулни нақдлаштириш бош­ланишини таъкидлаган.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Банк истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бош­лиғи Баҳодир Мирзаевнинг фикрича, жойларда тижорат банкларининг банкоматлар ўрнатиши ва 24/7 режимида фаолият кўрсатувчи кичик шохобчаларини очиши Қонун ёки қарор билан белгиланмаган. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки регулятор сифатида тижорат банкларининг ўз банкоматларидан хизмат ҳақи ундирсин ёки текинга хизмат кўрсатсин деган тавсияларни бермайди. Бу тижорат банкларининг ўз ички сиёсатлари, банкоматлар орқали фоиз белгилашда ҳам тижорат банклари мустақил ҳисобланади.

Маълумки, рес­публикада нақд пулга бўлган талаб жуда юқорилигича қолмоқда. Европа ва Россия давлатларида нақд пулга талаб деярли йўқ, аҳоли кўпроқ нақд пулсиз ҳисоб-китобларни маъқул кўради ҳамда барча савдо нуқталарида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун шароит яратилган. Шу сабабли банкоматлар орқали нақд пул ечишда муаммо йўқ, фоиз ҳам олиб қолинмайди.

Агар Ўзбекистон мисолида қарайдиган бўлсак, барча савдо нуқталарида терминаллар ўрнатилмаган, мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги дўконлар ҳатто терминал нима эканлигини ҳам билмайди. Марказий банк топшириғига кўра, тижорат банклари ўз мижозларини савдо терминаллари билан таъминлаган. Бироқ, Марказий банк томонидан ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, савдо нуқталарида терминаллардан фойдаланиш талаб даражасида эмас.

Фикримча, нафақат Марказий банк ёки тижорат банклари, балки Солиқ қўмитаси ҳам бу борада ишларни тўғри ташкил этиши, назоратни янада кучайтириши лозим. Агар жойларда терминаллардан фойдаланиш талаб даражасида йўлга қўйилса, аҳоли ўртасида нақдсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришимиз тезлашади ва иқтисодиётнинг янада ривожланиши учун муҳим омил яратилади, дея сўзини якунлади Баходир Мирзаев.

Шу ўринда маҳаллий ва хорижий экспертларимиз фикрларига назар ташлайдиган бўлсак, маҳаллий экспертимиз Азиз Муҳиддинов билдирган фикрга кўра, банкнинг ўз харажатлари борлигини тушунган ҳолда 1 фоизга қаршилик қилмайлик, лекин қанча кўп пул ечиб олсангиз шунча кўп маблағ йўқотасиз. Агарда сиз 5 млн. сўм нақдлаштирсангиз - 50 минг, 10 млн. сўм нақдлаштирсангиз - 100 минг сўм йўқотасиз. Бошқача айтганда, қанча кўп нақдлаштирсангиз, шунча зарарга тушасиз!

Бироқ, хорижий экспертимиз Муроджон Фармонов банклар мижозлар ҳисобрақамидаги маблағлардан кредитлаш учун ресурс сифатида фойдаланар экан, банкоматлар билан боғлиқ харажатларни ўзлари қоплашлари зарур деган акс фикрни билдирди. Унинг фикрича, юзага келган ҳолатнинг сабаби банклар ўз омонатчиларини етарли даражада қадрламайди. Шу сабабли тижорат банки ўз мижозларига банкоматлардан бепул фойдаланиш имкониятини бермайди. Бунинг ўрнига Ўзбекистон банклари ҳам мижоз ресуридан фойдаланади, ҳам мижоздан банкомат ҳаражати учун комиссия ундиради.

Демак, жаҳон тажрибаси мисолида кўрадиган бўлсак, мижознинг пул маблағидан банк ресурс сифатида фойдаланиши ҳисобига банкомат харажатларини ҳам ушбу ресурсдан олган фойда ҳисобига қоплаши лозим. Албатта, жаҳон таж­рибасига таянган ҳолда тижорат банки 0% миқдорида хизмат кўрсата олмаса-да, комиссия тўловларини 0,1-0,2 % миқдорида белгилаши мақсадга мувофиқ бўлади. Бу эса республикада нақдсиз ҳисоб-китобларни йўлга қўйиш ишларини жадаллаштиришга самарали ҳисса қўшиши табиий.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, банклар томонидан ундирилаётган комиссиялар миқдорининг юқорилиги мижозларнинг банкларга бўлган ишончининг сусайишига ҳамда аҳоли маблағларини банкдан ташқари сақланишига олиб келади.

Р.S: Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига муомалага чиқарилган банк пластик карталари сони 25 775 662 тани, ўрнатилган тўлов терминаллари сони 438 410 тани, ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сони 11 800 тани, тўлов терминаллари орқали амалга оширилган тўловлар суммаси (йил бошидан) 81 млрд. сўмни ташкил қилган.

Сабоҳат Хаиткариева,
мустақил журналист

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари