ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10493.48 -7.74
1 EUR = 12641.50 +35.84
1 RUB = 140.60 +0.11
1 GBP = 14603.78 +11.28
1 JPY = 96.15 +0.12
1 AFN = 133.93 -0.06
1 AMD = 20.15 -0.01
1 AED = 2856.77 -2.11


Банк ходимлари тил сиёсатига оид сўнгги ислоҳотлар билан таништирилди

Ўзсаноатқурилишбанк томонидан жорий йил 10 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мазмун-моҳиятига бағишланган онлайн семинар ўтказилди. Тадбир Zoom платформаси орқали ташкил этилиб, унда Банкнинг барча минтақавий филиаллари кенг қамраб олинди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаёти ҳамда халқаро миқёсдаги мавқеини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юртимиздаги бошқа миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш баробарида, давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2020 йил 20 октябрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонларида қатор устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Хусусан, ушбу фармонларга асосан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги 61-сонли Қарори билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Унда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлашга қаритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳамда лотин ёзувидаги ўзбек алифбосининг янги таҳрири асосида “Ўзбек тилининг имло қоидалари”ни тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштириш учун тақдим қилинган лойиҳаларни давлат тили қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрланганлиги текширилгандан кейин муҳокамага чиқариш назарда тутилган.

Барча ташкилот ва идораларнинг расмий веб-сайтлари, шунингдек, шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар, ID-карталар, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномалари, иш қоғозлари, турли бланклар, мамлакатимиздаги жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтказилиши таъминлаш бўйича аниқ даврлар кўрсатилган.

Бундан ташқари, марказий, маҳаллий босма ва электрон ОАВ, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолияти тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказилиши қайд этилган.

Онлайн семинарда 1989 йилдан то 2020 йилгача тил сиёсатига оид битта – «Давлат тили тўғрисида»ги қонун амал қилган бўлса, сўнгги бир йилда ушбу йўналишда йигирмага яқин ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ташкил этилганлиги айтиб ўтилди.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 февралдаги “Раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва уларга давлат тилини билиш бўйича даража сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тизими жорий этилганлиги маълум қилинди.

Тадбир давомида, шунингдек, Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти буюртмасига асосан “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти томонидан чоп этилган 5 жилдли Ўзбек тилининг изоҳли луғати тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Онлайн семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Банк Ахборот хизмати

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари