ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10681.06 -24.94
1 EUR = 12572.68 -87.17
1 RUB = 147.49 +0.09
1 GBP = 14762.29 -41.97
1 JPY = 97.62 -0.29
1 AFN = 125.42 -0.58
1 AMD = 21.69 -0.15
1 AED = 2907.84 -6.78


Нобанк кредит ташкилотлари рақобатбардош бўла оладими?

Микромолиялаштириш соҳасини ривожлантиришда халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, аҳолининг тадбиркорлик фаоллиги кўтарилган сари микромолиявий хизматларга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб боради.

Лекин бундай эҳтиёжни таъминлашга йирик тижорат банклари ҳар доим ҳам қизиқиш билдиравермайди. Банкларнинг кредитлашдаги устун мавқеига қарамай, улар аҳолининг якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари, уй хўжалиги шароитида тадбиркорлик билан шуғулланувчилар, камбағалликдан чиқиш учун тадбиркорликка қўл ураётган аҳоли қатламларини тўлиқ қамраб олмайди.

Хусусий капитал устав фондининг асосий қисмини ташкил қилган тижорат банклари эса аксарият ҳолларда юқори даромадли йирик корхоналар ва жисмоний шахсларга банк хизматлари кўрсатишни афзал билади. Бундан ташқари, йирик тижорат банкларининг кредитлаш борасидаги талаблари, хусусан, кафиллик талаб қилиши, юқори фоиз ставкалари, ортиқча расмиятчиликлар кичик бизнес ва кам даромадли аҳолининг улар хизматига бўлган қизиқишини сусайтиради.

Айни пайтда Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш борасида Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган сиёсат банк-молия секторини ислоҳ қилиш орқали кредит ташкилотларининг молиявий оммабоплигини оширишга қаратилган. Бу борада тижорат банклари билан бир қаторда нобанк кредит ташкилотларини ривожлантириш масаласи Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан ҳам ўрин олган. 2021 йилга мўлжаллаган Давлат дастурида ҳам мазкур йўналишда аниқ вазифалар белгиланган.

Соҳага оид маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 2021 йил 1 июнь ҳолатига кўра республикада 66 та микрокредит ташкилоти, 67 та ломбард ва 1 та ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти, жами 134 та нобанк кредит ташкилотлари фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг активлари –7,6 трлн. сўм, жами капитали 824 млрд. сўмни ташкил этади.

Таққослаш учун: Бугунги кунда Россuяда - 4,З мингта, Қозоғистонда - 720 та, Қирғизистонда - 400 та нобанк кредит ташкилотлари фаолият юритади.

Бундай ҳолат тадбиркорликни молиявий ресурслар билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган тадбирларни муваффақиятли амалга оширишда нобанк кредит ташкилотларнинг имкониятларидан деярли фойдаланилмаётганини кўрсатиб турибди. Ваҳоланки, НКТ аҳоли ихтиёридаги бўш пул маблағларини жалб этиш ва уларни тадбиркорларга кредит сифатида тақдим этишда тижорат банкларига нисбатан анча юқори мобилликка эга.

Иқтисодиётда микромолиялаштириш воситаларидан кенг фойдаланиш учун НКТга банкларнинг айрим турдаги молиявий операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини бериш, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи нормаларни тизимлаштириш ва бирхиллаштириш зарурати туғилмоқда.

Кредит ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, шунингдек, тижорат банкларини микромолиялаштириш жараёнларига жалб қилиш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан, республикада микромолиявий хизматлар кўрсатиш ҳажмини сезиларли даражада кенгайтиришда бир қанча муаммо ва тўсиқлар мавжуд.

Ҳозирги кунда микрокредит ташкилотлари фаолияти “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида” ва “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлари ҳамда Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади. Ўз навбатида, ломбардлар фаолиятининг асослари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 289 ва 894-моддаларида белгиланган бўлиб, уларнинг фаолиятини тартибга солувчи алоҳида махсус қонун мавжуд эмас.

Демак, микромолиялаштириш қонунчилигини такомиллаштириш, соҳанинг энг самарали ва замонавий амалиётларини жорий этиш талаб этилади. Бу борада, айниқса, масофадан хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш, хизматлар тақдим этиш жараёнини соддалаштириш, аҳолида қарз ҳажмининг ҳаддан ташқари ортиб кетишига йўл қўймаслик чораларини кўриш, молиявий оммабопликни оширишда исломий молия тамойилларини жорий қилиб бориш НКТ ва микромолиялаштириш соҳасини янада ривожлантиришнинг энг долзарб вазифалари сифатида қаралиши лозим.

Жумладан, НКТ ташкил этилиши ва ривожланишини таъминлаш учун лицензиялаш тартиб-таомилларини соддалаштириш, таваккалчилик соҳаларини уларнинг имкониятларини мутаносиб равишда ҳисобга олган ҳолда тартибга солиш механизмларини жорий этиш муҳимдир. Айниқса, НКТнинг тегишли инфратузилмалардан фойдаланишдаги имкониятларини тижорат банкларига тенглаштириш ва бу борада тенг шароитларни яратишга қаратилган қулай норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш лозим. Бу эса нобанк молия хизматларига оид маҳсулот таклифлари, шакл ва турларини, шу жумладан, исломий молия хизматларини жорий этишнинг самарали ечимларни топишга шароит яратади.

Мутахассис сифатида мазкур вазифалар ижроси нафақат микромолиявий хизматлар қамрови ва сифатини ошириш, шунингдек, иқтисодиётнинг кредитлар бозорини ривожлантириш, аҳоли қўлидаги бўш пул маблағларини ушбу бозорга жалб этиш масалаларида маълум даражада тижорат банкларига нисбатан рақобатни пайдо қилади, деган умиддамиз.

Айнан рақобат банк молия соҳасида ривожланиши ортда қолаётган (аниқроқ айтганда, етишмай турган) жараёнлигини тан олган ҳолда айтиш керакки, НКТ ва микромолиялаш ривожланиши банк-молия соҳасида рақобат муҳитини шакллантиришнинг “катализатор”и бўлиб хизмат қилса ажаб эмас.

Шарофиддин НАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси,
ЎзХДП фракцияси аъзоси

parliament.gov.uz

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари