ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10681.06 -24.94
1 EUR = 12572.68 -87.17
1 RUB = 147.49 +0.09
1 GBP = 14762.29 -41.97
1 JPY = 97.62 -0.29
1 AFN = 125.42 -0.58
1 AMD = 21.69 -0.15
1 AED = 2907.84 -6.78


30 ёшли “Ҳамкорбанк” 30 йилда нималарга эришди

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Чет эл капитали иштирокидаги “Hamkorbank” акциядорлик тижорат банки ташкил этилганлигининг 30 йилллиги муносабати билан ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда “Hamkorbank” акциядорлик тижорат банки Бошқарув аъзолари иштирок этишди ва иштирокчиларга банкнинг фаолияти, янгилик­лар билан таништиришди.

Жорий йилнинг август ойида Чет эл капитали иштирокидаги “Hamkorbank” акциядорлик тижорат банки ташкил этилганлигига 30 йил тўлди. Айнан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинган кун - 1991 йилнинг 31 август куни Андижон шахрида нодавлат акция­дорлик тижорат банки сифатида ташкил этилган.

Ҳозирги вақтга келиб банк, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган 46 та филиалига, шунингдек, мижозларга янада яқинроқ бўлиш мақсадида респуб­ликанинг чекка шаҳар ва туманларда ҳам юздан ортиқ “Банк хизматлари офислари”га эга. Шунингдек, банк бўлинмаларида ҳамда Республика шаҳар марказларининг аҳоли гавжум жойларида 130 дан ортиқ 24/7 шаклида ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда. Айнан банкнинг 30 йиллиги арафасида, яъни сентябр ойида 47 чи филиал – банкинг Миробод филиали ўз фаолиятини бошлайди.

Матбуот анжумани давомида “Hamkorbank” АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Жасурбек Ҳасанов томонидан банк учун халқаро молия бозорида тан олиниши муҳим аҳамиятга эгалиги алоҳида таъкид­ланди:

– 2000 йилда банк Республикада биринчилардан бўлиб халқаро стандартлар асосида аудит ўтказган. Асосий мақсад – халқаро миқёсда фаолият олиб борувчи нуфузли молия институтларига банк “очиқ”лигини намоён этиш, уларни жалб этиш. Натижада 2001 йили Халқаро молия корпорацияси (IFC) “Hamkorbank”га давлат кафолатисиз кредит линиясини тақдим этди. Ушбу кредит линия маблағлари хусусий секторни ривожлантириш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. IFC билан намунали ҳамкорлик кўплаб бошқа нуфузли халқаро молия институтларининг банкка бўлган ишончини мустаҳкамлади. Натижада ўша йилнинг ўзида Жахон банки ҳамда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бугунги кунга келиб банк 20 га яқин халқаро молия институтлари ва тўлов тизимлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда, - деди Жасурбек Ҳасанов.

Дарҳақиқат, “Hamkorbank” йиллар давомида чет эл капитали иштирокидаги банк сифатида эътибор қозонди. Ушбу жараён 2010 йилда бошланган – Халқаро Молия Корпорацияси Hamkorbank акциядори бўлди. 2014 йилда Голландия Тараққиёт Банки (FMO) Банкнинг иккинчи хорижий акциядорига айланди ва “Hamkorbank” чет эл капитали иштирокидаги банк мақомига эга бўлди. Айнан шу йилдан Осиё Тараққиёт Банки, Германия Тараққиёт Банки, Жаҳон банки таркибига кирувчи Халқаро Тараққиёт Уюшмаси ва Ислом Хусусий Секторни Ривожлантириш Корпорацияси каби халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. 2018 йилда эса “ResponsAbility Investments” халқаро инвестицион компанияси ҳам банкнинг акциядорлари қаторига қўшилди.

”Hamkorbank” 30 йил давомида барча кўрсаткичлар бўйича тезкор суръатлар билан ўсиш ҳисобига банк тизимидаги ўз ўрнини доимий мустаҳкамлашга эришди. Барча кўрсаткичлар бўйича “Hamkorbank” мамлакатимизнинг ТОП-10 банклар қаторига кирувчи давлат улуши бўлмаган банкдир. Банк активлари охирги 5 йилда 2,8 баробар, кредит портфелининг салмоғи 3,4 баробар, депозит портфелининг салмоғи 1,4 баробарга, банк капиталининг салмоғи эса 3,8 баробар ўсишига эришди.

Банк ҳар бир мижозга индивидуал ёндашиб, уларга хизмат кўрсатишда узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланади ҳамда “Биргаликда юксалиш сари” шиори остида фаолият олиб бормоқда. Банк бугунги кунда 1 млн. 600 мингдан ортиқ жисмоний шахсларга ҳамда 40 мингга яқин юридик мижозларга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, банк 30 йил давомида ўз тармоқларини республика ҳудудлари бўйича кенгайтириш билан бирга ўз жамоасини ҳам кенгайтирди. Фаолиятини 15 киши билан бошлаган банкда бугунга келиб Республика бўйлаб банк офисларида 3 350 нафар ходимлар самарали меҳнат қилмоқда.

Сўнгги йиллар давомида ҳам банк кўплаб ютуқларга эришди, шунингдек, бир қатор соҳаларда етакчи банк деб тан олинди. Жумладан, 2018 йил июнь ойида “Hamkorbank” ва Халқаро Молия Корпорацияси биргаликда Ўзбекистон тарихида биринчи марта Лондон фонд биржасида 10 млн. АҚШ доллари эквивалентидаги “Самарқанд” деб номланган облигация жойлаштирди. Ушбу облигациялар реализациясидан тушган маблағлар кичик ва ўрта бизнесни кредитлашни ривожлантиришга йўналтирилди. Айниқса, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг 2020 йил давомида молиявий хизматлар таклиф этиш кўрсаткичи бўйича рейтингида Hamkorbank 1-ўрин билан тақдирланди. Яна Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Миллий маркетинг маркази томонидан ташкил этилган “Йил бренди 2020” танловида Hamkorbank Респуб­лика банклари ичида 1 – ўринни эгаллади. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу эътироф бутун Ўзбекистон бўйича банк хизмати истеъмолчилари томонидан он лайн овоз бериш йўли билан аниқланди.

Банк Бошқарув раиси ўринбосари Ж. Ҳасанов банкнинг истиқболдаги режалари ҳақида сўз юритар экан, “Hamkorbank” келгуси 5 йилликда рақамли банк хизматларини жорий қилиш орқали Республика чакана банк хизматлари бозорини ривожлантириш, банк офислари тармоқлари ва бизнес жараёнларини оптималлаштириш орқали банк фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ишлар янада такомиллаштирилишига алоҳида урғу берди.

“Hamkorbankнинг” асосий миссияси – ишончли ҳамкор сифатида юқори сифатли ва технологик банк маҳсулотлари ҳамда хизматларини кўрсатиш орқали мижозларнинг талабларини максимал қондириш экан, у мижозлари учун энг яхши ҳамкор, ходимлари учун энг яхши иш берувчи ташкилот ҳамда акциядорлар учун энг яхши сармоя манбаи бўлишга интилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, банк хизматлари истеъмолчиларининг банклар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда банк хизматларидан фойдаланишда юзага келиши мумкин бўлган турли қийинчиликка ҳам барҳам бериб келмоқда. Юқоридаги ва шу каби масалалар юзасидан тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимларига берилган саволларга банк мутасаддилари жавоб беришди.

Шукур ЖАББОРОВ

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари