ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10681.06 -24.94
1 EUR = 12572.68 -87.17
1 RUB = 147.49 +0.09
1 GBP = 14762.29 -41.97
1 JPY = 97.62 -0.29
1 AFN = 125.42 -0.58
1 AMD = 21.69 -0.15
1 AED = 2907.84 -6.78


Ўзбекистон Ислом тараққиёти банкининг фаол ҳамкори

Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллик айёми нишонланаётган дамларда Тошкент шаҳрида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 46 йиллик йиғилиши ўтказилиши ўзига хос рамзий ва тарихий аҳамият касб этди. Мазкур форумда ИТБга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ишбилармон доиралар ва нуфузли экспертлар, оммавий ахборот воситалари иштирок этди. Йиғилишнинг онлайн ва оффлайн шаклидаги тадбирларида 4,5 минг нафарга яқин делегат қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси ИТБнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳамкорликни амалга оширади. Ўзбекистоннинг ИТБ билан ҳамкорлигига тўхталар эканмиз, мазкур халқаро ташкилотга Ўзбекистон Республикаси 2003 йилда аъзо бўлган. Ўзбекистон ИТБ аъзо бўлган даврдан эътиборан ИТБ билан ва унинг доирасида фаол ҳамкорликни амалга оширмоқда. Ҳамкорлик алоқаларининг ҳуқуқий асослари айниқса 2016 йилдан эътиборан жадал ривожланганини қайд этишимиз мумкин.

Бугунги кунда амалий ҳамкорлик портфели транспорт, уй-жой коммунал инфратузилма, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, тадбиркорлик ва бошқа устувор йўналишларни қамраб олган қиймати 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та лойиҳадан иборат эканини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Президент Олий Мажлисга Мурожаатномасида “... мамлакатимизда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақти-соати келди. Бунга Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертлари жалб этилади”, дея таъкидлаган сўзлари бугунги кунда ўз амалий ижросини топмоқда. Шу жумладан, Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда Ислом банки ва молия соҳасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш учун 265 минг доллар миқдорида техник ёрдам гранти ажратиши тўғрисида келишувга эришилди. Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади – Ўзбекистонга исломий банк ва молия учун қонуний ва техник асослар яратиш, шунингдек, аҳолининг ислом молиясидан хабардорлик даражасини оширишдан иборат.

Бўлиб ўтган йиғилишда ҳам давлат раҳбари томонидан илгари сурилган қатор долзарб ва халқаро аҳамиятга молик ташаббуслар делегация аъзолари томонидан юксак баҳоланди. Шу жумладан «Ғарбий Африкадан Шарқий Осиёгача яшил йўлак» номли савдо-иқтисодий маконни шакллантириш ташаббуси илгари сурилди. Унинг амалга оширилиши ўзаро савдо ва сармоявий алоқалар кенгайишга, мамлакатларнинг иқтисодий жиҳатдан бирлашиши ва барқарор ўсишига хизмат қилади. Шунингдек Коронавирус пандемиясидан кейинги даврда аъзо мамлакатлар иқтисодиётлари ривожланишига инновацион тус бериш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, Ислом тараққиёт банкининг фан, технология ва инновациялар жамғармаси имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига илғор ишланмаларни жорий қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қайта тикланадиган энергия ва экологик технологияларни кенг қўллаш айниқса долзарбдир.

Бугунги кунга қадар сўнгги 5 йил ичида давлат раҳбарининг Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ташаббуслари (2016 йил ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси, 2017 йил ИҲТининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитидаги нутқи) ҳам ташкилот аъзо давлатлари томонидан юқори эътирофларга сазовор бўлиб, ўзининг ижобий намунасини кўрсатиб келаётганини айтиб ўтиш лозим.

Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳрида ўтаётган Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 46 йиллик йиғилишда қатор муҳим иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга молик шартномалар имзоланди. Мазкур шартномаларнинг амалий ижроси мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти учун хизмат қилишига ишонамиз.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси ИТБга интеграциялашуви унинг халқаро ҳамжамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Ўзбекистон билан ИТБ доирасида унга аъзо давлатлар ўртасида институционал ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллашуви ҳамкорлик алоқаларининг ривожланишида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

ЎзА

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари