ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10760.27 -6.22
1 EUR = 12186.01 -8.12
1 RUB = 145.55 -0.05
1 GBP = 14334.83 +2.48
1 JPY = 95.09 +0.2
1 AFN = 112.20 +0.29
1 AMD = 22.08 -0.04
1 AED = 2929.48 -1.69


Тадбиркорга лицензия бериш тартиби соддалаштирилдими?

Бугун тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ҳар бир юридик шахсдан, энг аввало, лицензия олиш талаб қилинади.

Илгари ушбу рухсатномани олиш учун тадбиркор энг камида ўнлаб ҳужжат йиғиш, ойлаб кутишга мажбур бўлган. Эндиликда лицензия олиш тартиби соддалаштирилиб, унга кетадиган вақт ҳам, тўлов турлари ҳам камайди.

Давлат солиқ қўмитаси Кадастр агентлигининг геодезия ва топография назорати бўлими бошлиғи Баҳром Хушвақтов билан суҳбатимиз ҳам айнан лицензия бериш ва олиш тартиби хусусида кечди.

– Тадбиркорларга лицензия бериш ва олиш тартибига киритилган ўзгаришлар хусусида тушунча бериб ўтсангиз?
– Илгариги лицензия бериш тартибида тадбиркор рўйхати бўйича бизга энг камида 10 та ҳужжат йиғиб, уни тақдим этарди. Ва бу ҳужжатлар комиссия томонидан кўриб чиқилар, баённомалар, далолатномалар расмийлаштирилар эди. Ушбу жараёнлар 20 иш кунида кўриб чиқилиб, бир ой давомида рухсат бериларди.

Хизмат турлари учун тўлов миқдори ҳам юқори эди. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунига асосланиб, эндиликда геодезия ва картография фаолиятини лицензиялаш ўрнига хабардор этиш тизимига ўтказилди. Бу тизимнинг афзаллиги, тадбиркор ҳужжатларни тўлдириб бўлганидан сўнг 15-20 дақиқа ичида лицензия олиши мумкин. Тўлов пуллари ҳам анча камайтирилиб, ярим минимал (Базавий ҳисоблаш миқдори) иш ҳақига айланди.

Ундан ташқари, илгари тадбиркордан икки йиллик иш стажи талаб қилинган бўлса, энди бир йиллик стаж сўраляпти.

– Тадбиркорларга яратилаётган бундай хизмат тури коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади, деб айта оласизми?
– Албатта, бундай ҳолат энг биринчи навбатда, бюрократик ҳамда коррупцион холатларнинг олдини олади. Қонун қабул қилиниши билан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш, ахборот тизимлари имкониятларини тадбиқ қилиш орқали жуда кўп тўсиқларни бартараф қилиш, пировардида тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун қулай шароитлар яратиш учун амалий ишлар бошлаб юборилди.
–“Лицензия” ахборот тизими, яъни махсус электрон тизимнинг вазифаси нимадан иборат?
– Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш, ваколатли органларнинг идоралараро электрон ҳамкорлик қилиши, шунингдек, лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартлари бажарилишининг мониторингини ўтказиш жараёнларини қамраб оладиган, жисмоний ва юридик шахслар учун очиқ бўлган махсус электрон тизимдир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги “Лицензия” ахборот тизими махсус электрон тизим оператори ҳисобланади.

– Геодезия ва картография фаолиятини бошлаш учун кимлар хабардор қилувчи ҳисобланади?
– Кадастр агентлигига хабарнома юборган ва хабарномалар реестрига киритилган геодезия ва картография фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар.
– Юридик шахслар томонидан геодезия ва картография фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида Кадастр агентлигини хабардор қилиш қандай амалга оширилади?
– “Лицензия” ахборот тизими орқали, геодезия ва картография фаолияти паспортида белгиланган талаб ва шартлар асосида тегишли фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида мурожаат амалга оширилади. Юридик шахслар томонидан киритилган маълумотлар идоралараро ахборот тизими орқали Давлат хизматлари агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигининг ахборот тизимлари маълумотлари билан автоматик текшириш йўли орқали инсон аралашувисиз бажарилади.
– Геодезия ва картография фаолиятида рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдори қанчани ташкил қилади?
– Геодезия ва картография ишларини рўйхатга олиш тўғрисидаги тартиб-таомилни бузганлик учун БҲМнинг 100 бараваригача, махфий картография материалларини кўпайтириш учун рухсатнома олиш тартиб-таомилни бузганлик учун БҲМнинг 150 бараваригача жарима қўлланилади.

Ундан ташқари, картография материалларини нашр қилиш ёки тарқатиш, геодезия маълумотларини бериш учун рухсатнома олиш таомилини бузганлик, Кадастр агентлигига ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берган шахслар учун ҳам жарималар белгиланган.

ЎзА

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари