ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10852.04 -8.13
1 EUR = 12449.46 +103.62
1 RUB = 145.45 -0.45
1 GBP = 14907.45 +108.3
1 JPY = 94.75 +0.61
1 AFN = 103.78 +0.77
1 AMD = 22.48 -0.1
1 AED = 2954.46 -2.22


Ўзбекистонда ипотека бозори: жаҳон тажрибаси ва ривожланиш истиқболлари

Мамлакатимиз демографик кўрсаткичларининг йил сайин ошиб бораётгани, шунинг баробарида давлат ва халқнинг иқтисодий ҳолатида барқарорлик кузатилаётгани уй-жой бозорида ижобий тенденцияни таъминламоқда. Ўз навбатида турар жойларга талабнинг ортиши давлат олдига уйсозлик соҳасини кучайтиришни муҳим вазифа сифатида қўймоқда.
1991 йилда юртимиз аҳолиси 20,6 миллион кишини ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу рақам 34 миллион нафардан ошди. Шунга мос равишда янги қурилаётган оилалар сонида ҳам жадал ўсиш суръатини кўриш мумкин. Жумладан, 2000-2006 йилларда йилига 155 мингдан 208 мингтагача оила қурилган бўлса, 2007-2019 йилларда бу рақам 254 мингдан 311 мингтага етган.



Бобур Нурмухаммедов,
«Ипотека-банк» АТИБ Ипотека кредитлари департаменти директори ўринбосари

Аҳолини уй-жой билан таъминлашдек энг устувор мақсад йўлида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг ҳам кўлами кенгдир. Хусусан, Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши мазкур жабҳада дадил қадам бўлди.

Мазкур ҳужжат ижрога киритилгунга қадар тижорат банкларида узоқ муддатли ресурс маблағлари деярли мавжуд бўлмаганлиги сабабли банклар томонидан уй-жойлар қурилишини кенг кўламда молиялаштириш ва аҳолига ипотека кредитларини ажратиш бўйича имкониятлар чекланган эди. Қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига имтиёзли шартларда узоқ муддатли ресурс маблағлари ажратилди ва 2017-2019 йиллар давомида республика бўйлаб шаҳар ва қишлоқларда уй-жойлар қурилиши амалга оширилиб, 100 мингдан ортиқ оила имтиёзли ипотека кредитлари асосида Ватан ичра кичик ватан – ўз бошпаналарига эга бўлди.


Уч йилга мўлжалланган Давлат дастури доирасида тижорат банклари томонидан 15 трлн. сўм атрофидаги имтиёзли ипотека кредитлари аҳолига 20 йил муддатга дастлабки 5 йил давомида 7 фоиз ставкасида, қолган йилларда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасида берилди.


Тижорат банкларининг ипотека кредити портфели 2016 йилда 7-8 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб ипотека кредитларининг қолдиғи 25,1 трлн. сўмни ташкил этади. Ипотека кредитларининг аксарият қисми (70 фоизи) Давлат дастурига мувофиқ ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатимизда Ипотека бозорини фақатгина давлат дастурлари доирасида паст фоизли ресурс маблағлари ҳисобига ривожлантириб бўлмайди. Бозор тамойиллари асосидаги янги кредитлаш тизимларининг жорий этилиши Ипотека бозори ривожланишида муҳим ўрин тутади.

Ипотека бозоридаги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони уй-жой таъминотидаги баъзи бўшлиқларга оқилона ечим сифатида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Гап шундаки, бунга қадар асосан эҳтиёжманд қатлам вакилларини имтиёзли равишда уй-жой билан таъминлашга урғу берилган бўлса, юқоридаги Фармонга кўра эндиликда аҳолининг барча қатламларига тижорат шартларида ипотека кредитлари ажратилиши белгилаб қўйилди. Бунда кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларга дастлабки бадалнинг бир қисми ва (ёки) кредит фоизларининг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ҳам берилиши кўрсатиб ўтилди. Фармон асосидаги Дастур доирасида Молия вазирлиги тижорат банкларини узоқ муддатли ресурслар билан таъминлаб боради.

Аҳоли сонининг ўсиш кўрсаткичларидан келиб чиқсак, ипотека бозорида замонавий методларни амалиётга йўналтириш мақсадга мувофиқ, албатта. Яъни ўзини ўзи молиялаштирувчи ёки маблағларнинг айланиш тезлиги юқори бўлган янги кредитлаш тизимларини жорий этиш зарур.
Бу борада хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганиш ҳам фойдадан холи эмас.


Масалан, кўпгина Европа давлатлари мазкур соҳада немис модели – «Баушпаркасса»дан фойдаланадилар. Ушбу модель қўшни Қозоғистон давлатида ҳам 2005 йилдан буён фаол қўлланиб келади ва бугунги кунда аҳолига ажратилаётган ипотека кредитларининг камида 60 фоизи у орқали амалга оширилади.


Немис моделининг моҳияти нима ва у қандай ишлайди?
Бу модель ишлаши учун иқтисодиёт барқарор ва инфляция минимал даражада бўлиши лозим. Немис моделида аҳоли уй-жой олиш учун олдиндан режалаштирган тарзда тегишли уй-жойнинг 50 фоизи миқдорига тенг суммани 3-5 йил давомида ойма-ой банкда жамлаб боради ва бадал маблағларини жамлаб бўлгач, фуқаро қолган 50 фоиз қисмига ипотека кредитини олади. Бунда фуқаронинг банкдаги омонатига инфляция даражасидан паст бўлмаган ставкада омонат қолдиғига фоиз ҳисобланиб борилади. Шу билан бирга маълум бир фоиз банк томонидан, қолган қисми давлат бюджетидан қопланади.

Моделнинг самарали томонлари ва шартлари
Ушбу модель туфайли давлатнинг ҳар йили ипотека мақсадлари учун йирик миқдордаги маблағларни йўналтириши кескин қисқаради. Бунга мос равишда хорижий молия институтларидан олинадиган кредит линиялари бўйича келгусидаги валюта курси бўйича хатарлар ва бу билан боғлиқ харажатлар ҳам камаяди. Аҳолининг маблағларини банкка жалб этиш орқали ипотека бозорини молиялаштириш бўйича самарали тизим жорий этилади. Қолаверса, давлат томонидан ипотека бозорини ривожлантириш бўйича қилинадиган бюджет сарф-харажатлари ҳар бир йилнинг ўзида акс эттирилади. Бунинг учун уй-жой қурилиши бўйича 5 йиллик дастур аниқ белгилаб олинади ҳамда ҳар йили уй-жойлар қайси жойда қанча миқдорда қурилиши аниқ кўрсатилиб, уй-жой баҳоси назорат қилиб борилади.

Сир эмас, жамиятда ҳамманинг ҳам уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадални жамлаш ва кредит тўловларини тўлаш имконияти мавжуд эмас. Ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз оналар бунга мисолдир. Ушбу синфга мансуб инсонларга мадад бўлиш, уларни бошпана билан таъминлаш учун, назаримизда, илғор хорижий тажрибалар асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан уй-жойлар қуриб, уларни ижтимоий ижарага бериш тизимини жорий этиш ҳаётий заруратдир.

Ижтимоий ижарага бериладиган уй-жойларнинг барпо этилиши жамиятда аҳолининг ипотека бозорига нисбатан ёндашуви ва қарашларининг реал ҳолатини кўрсатиб беради. Яъни ижтимоий ҳолати оғир кишилар учун ижтимоий ижара уйларининг ойлик тўлови, дейлик, 300-500 минг сўм атрофида бўлади. Муқим ва салмоқли даромадга эга кишилар эса йиллар давомида бадал маблағларини жамлаши ва ипотека кредитлари орқали уй-жойга эга бўлишлари мумкин.

Самарадорлиги амалий тасдиғини топган шу каби моделлардан фойдаланиб, ипотека кредитларини ажратишда, энг аввало, аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи ислоҳотларни юритиш пировардида давлат ва жамиятнинг иқтисодий фаровонлигини юксалтиради. Мақбул нархда тақдим қилинган, замонавий уй-жойга эга оилаларда эса розилик ҳисси, эртанги кунга умид ҳамда ишонч бўлади, чинакам бахтиёрлик ҳукм суради.


«Бозор, пул ва кредит» журнали, 1-сон, 2021 йил.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example
savdogarbank