ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10852.04 -8.13
1 EUR = 12449.46 +103.62
1 RUB = 145.45 -0.45
1 GBP = 14907.45 +108.3
1 JPY = 94.75 +0.61
1 AFN = 103.78 +0.77
1 AMD = 22.48 -0.1
1 AED = 2954.46 -2.22


Трансмиссион механизм каналларида банк кредит каналининг ўрни

Марказий банк пул-кредит сиёсати трансмиссион механизми каналлари фаолиятининг ривожланганлиги инфляцион таргетлаш режимини қўллашда муҳим аҳамият касб этади. Трансмиссион механизм каналлари ичида банк кредити асосий каналлардан бири бўлиб, унинг самарадорлигига таъсир кўрсатувчи омилларни таҳлил қилиш долзарб масалалардан ҳисобланади.


Шарбат Абдуллаева,

и.ф.д., Тошкент молия институти профессори

Акром Абдусаломов,

PhD, Тошкент Давлат иқтисодиёт университети

Пул-кредит сиёсати транс­миссиясининг яна бир муҳим канали фоиз канали бўлиб у Марказий банк сиёсатининг бозор субъектлари томонидан жалб қилинадиган ва жойлаштириладиган маблағларга бўлган фоиз ставкаларининг ўзгариши ҳамда бу орқали истеъмол, инвестициялаш ва жамғариш, иқтисодий фаоллик ва инфляция даражасига таъсир кўрсатишда ўз ифодасини топади.


Фикримизча, мамлакатда амалга ошириладиган пул-кредит сиёсати трансмиссион механизми каналларининг амалий жиҳатларига эътибор қаратишдан олдин мазкур мавзу доирасидаги илмий тадқиқотлар натижаларидан келиб чиқиб, банк қарз канали фаолиятига таъсир кўрсатувчи омилларни таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этиши мумкин.


Ушбу канал фаолиятига банклар активлари таркибида кредитларнинг улуши, ликвидлик ва капитал етарлилик даражалари ҳамда хорижий банкларнинг банк тизимидаги салмоғи каби кўрсаткичларнинг таъсир этиши ҳолатларини ўрганиш муҳим натижалар беради. Ушбу мақоламизда банк кредит канали мамлакатимизда қанчалик даражада самарали эканлигига эмас, балки ушбу канал фаолияти учун етарли даражада шароит яратилганлигини таҳлил қилишни олдимизга мақсад қилганмиз.

Кредитнинг муҳим элементи ва унинг бошқа иқтисодий категориялардан фарқли жиҳати унинг фоиз ставкасига эга эканлигидир. Кредит фоиз ставкаси канали алоҳида ҳудуд, муҳит, шароитда турлича намоён бўлиши ёки таъсирга эга бўлиши мумкин. Фоиз ставкасиси канали самарали бўлиши учун молия бозори юқори даражада ривожланган ва рақобатга эга бўлиши керак1. Шунингдек, молия бозори шундай самарали ишлаши керакки, бунда монетар сиёсатдаги фоиз ставкаси ўзгариши реал иқтисодиёт ва ялпи ички маҳсулотга таъсир этиши сезиларли бўлиши лозим. Аммо баъзи ҳолларда ва баъзи давлатларда молия бозорининг суст тараққий этиши фоиз ставкаси ўзгаришининг реал иқтисодиётга таъсирини ҳам сезиларсиз ҳолга келтириши эҳтимоли мавжуд. Бундай жараёнларни Ўзбекистон Республикаси мисолида ҳам кўриш мумкин2. Бу ўз навбатида кредит миқдори ҳамда кредит баҳоси монетар сиёсатнинг муҳим каналларидан бири, деган фикрни шакллантиришга ундайди.

Тижорат банклари активларида унинг кредитлари улуши – кредит канали соҳасида муҳим кўрсаткич. Альфред Гипсоннинг назарий моделига кўра, тижорат банки активларида кредитлар ҳажми канчалик юқори бўлса, уларнинг монетар сиёсатдаги «қисқаришга таъсирчанлиги» шунча сезиларли бўлади ва, аксинча, банк активларида кредитларнинг салмоғи кам бўлиши банкларнинг қўшимча пул маблағлари оқимига муҳтожлиги юқори эканлигини кўрсатиши мумкин. А. Гибсон кредит ставкасини инфляция суръатлари билан эмас, балки баҳолар даражаси билан боғлиқликда, яъни товарлар таклифи ва истеъмол талаби нисбатида кўради. Бозорда товарлар баҳосининг юқорилиги пулнинг сотиб олиш қиймати пастлигини кўрсатади. Натижада аҳолининг кўп пул сарфлашга мажбур бўлиши унинг жамғармалари камайишига ва бу ўз навбатида ставкаларнинг ошишига олиб келади. Товарлар таклифи ошиши натижасида баҳоларнинг тушиши пулнинг реал сотиб олиш қобилияти ва ўз навбатида аҳоли турмуш фаровонлиги ошишига, даромадлари бир қисмининг жамғармага йўналтирилишига имкон яратади. Даромад бир қисмининг жамғарилиши кредит ставкаларининг тушишига, унинг доимийлигини таъминлашга олиб келади. Натижада ишлаб чиқарувчи субъектларнинг инвестициялар жалб қилиш имконияти кенгаяди.

Маълумки, тижорат банклари активлари муддати бўйича қисқа муддатли ва узоқ муддатли активларга таснифланади ҳамда муддатидан қатъи назар активларни оптимал бошқариш банк фаолияти учун жуда муҳим ҳисобланади. Бу жараёнларга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши мумкин. Агар банклар учун Марказий банкдан қайта молиялаш кредитларини олиш осон бўлса, унда улар активларини осон бошқара оладилар. Агар Марказий банк қайта молиялаш ставкаси фоизини ошириш орқали қайта молиялаш кредитларини беришни қийинлаштирса, унда тижорат банкларида активларни оптимал бошқариш муаммоси пайдо бўлади.

1-диаграммадаги маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси банк тизими активлари таркибида кредитларнинг улуши 2012-2017 йиллар оралиғида қисман, яъни 58,3 фоиздан 66,9 фоизга ошганини, аммо реал секторга ажратилган кредитларнинг улуши ўзгаришсиз қолиб, 30 фоиз атрофида бўлганини кўриш мумкин. 2017 йилдан бошлаб эса банк тизими активларида кредитларнинг улуши анча ошганлиги натижасида реал секторга ажратилган кредитларнинг салмоғи ҳам сезиларли ошган. Масалан, 2019 йилда активлар таркибида жами кредитлар 76,5 фоизни ҳамда реал секторга ажратилган кредитлар 56,4 фоизни ташкил этмоқда. Маълумки, 2012-2017 йилларда банкларнинг Марказий банк кредитларига эҳтиёжи паст бўлган бўлса, 2017-2019 йилларда кредитга бўлган талабнинг ошиши банкларнинг Марказий банк кредитларига бўлган эҳтиёжи ошишига ва улар кредит портфели ҳажмининг ошишига олиб келган. Демак, охирги йилларда бу омил таъсирида трансмиссион механизм қарз каналининг самарадорлигини оширишга замин яратилмоқда.

Банкларнинг ликвидлиги ва капиталлашув даражаси. Тижорат банкларининг ликвидлик ҳамда капитал етарлилик даражаси кўрсаткичлари қанчалик юқори бўлса, улар фаолиятининг Марказий банк кредитларига боғлиқлиги шунча паст бўлади. Бу омил банкларнинг Марказий банк пул-кредит сиёсатидан мустақил бўлишига олиб келади.

Банк тизимининг капиталлашув даражасини банкларда капиталнинг минимал миқдори ва капитал етарлилик коэффициентлари бўйича меъёрларнинг бажарилишида кўришимиз мумкин. Банкларимиз амалиётида капитал етарлилик даражаси капитал етарлилигининг энг кам миқдорига қўйилган меъёрларга нисбатан қарийб икки марта юқори эканлигини кўриш мумкин. Аммо масаланинг иккинчи томони шундаки, Марказий банкнинг «Тижорат банклари капиталининг монандлигига қўйиладиган талаблар тўғрисида»ги Низомида банкларнинг девальвацион захиралари биринчи даражали асосий капитал таркибига киритилганлиги, Базель III тавсиясига кўра эса бу миқдор иккинчи даражали капитал таркибида ҳисобга олинишини инобатга олсак, республика банк тизимида капитал етарлилиги даражаси тавсия қилинган кўрсаткичларга нисбатан пастроқ бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, банк қарз канали фаолиятига таъсир қилувчи омилларни таҳлил қилганда банк капитали етарлилиги даражасининг нафақат барқарорлигига, балки яна бир муҳим омил – банклар капиталлашувининг сифат таркиби ва капитал миқдори таҳлилига ҳам эътибор қаратиш лозим.


Банклар капитали ўсиш суръатларини таҳлил этиш шуни кўрсатадики, агар 2012-2016 йилларда банклар капитали сезиларсиз ўсган бўлса, 2017-2019 йилларда капиталнинг ўсиш салмоғи анча юқори бўлган. Бунга 2017 йилда ўтказилган кескин девальвация билан бир қаторда баъзи субъектив омиллар таъсир қилгани аниқ.


Банк ликвидлик даражаси ҳам банк қарз канали самарадорлигига таъсир қилиши инобатга олинадиган бўлса, Ўзбекистон Республикаси банк тизимида ортиқча ликвидлик даражаси катта миқдорда эмаслиги кузатилади.

Таҳлилимизда банк ликвидлигини икки қисмга, яъни зарур бўлган ликвидлик ҳамда ортиқча ликвидликка ажратганмиз. Зарур бўлган ликвидликка банкларнинг кассасидаги, мажбурий захирадаги ва Марказий банкдаги вакиллик ҳисобрақамларидаги маблағлар киритилган. Ортиқча ликвидлик сифатида банкларнинг Марказий банк облигацияларига ва депозит аукционларига жойлаштирган маблағлари келтирилган. Агар Марказий банк қайта молиялаш ставкасини оширадиган бўлса, бу банк пассивларини қисқартиради ва банкларнинг кредит портфелидаги муаммони ҳал этиш учун қимматли қоғозларга қилинган инвестицияларни камайтиришга олиб келади. Шундай экан, банкларнинг ортиқча ликвидлиги банк қарз канали самарадорлигига таъсир кўрсатади.


Таҳлиллар натижасида 2012-2017 йилларда банкларда ортиқча ликвидлик мавжуд бўлганини ва 2017-2019 йилларда эса банкларнинг ортиқча захираси камайганлигини кўриш мумкин.

Хулоса сифатида айтиш лозимки, охирги йилларда банк капиталлашув даражаси ошиши банк қарз каналининг банклар фаолиятига таъсирини сезиларли камайтириши билан бирга банклар ортиқча ликвидлигининг камлиги уларнинг Марказий банк пул-кредит сиёсатидаги ўзгаришларга таъсирчанлиги ошишига олиб келмоқда.


Миллий банк тизимида хорижий банкларнинг ўрни ва ҳолати. Миллий банк тизимига хорижий банкларнинг кириб келиши уларнинг қарз каналига таъсирини сусайтиради. Агар Марказий банк фоиз ставкасини ошириш орқали қайта молиялаш кредитларини олишни қийинлаштирса, хорижий банкларнинг чет элдан молиявий ресурсларни жалб қилиш эҳтимоли юқори бўлади. Бу уларни монетар сиёсат қарорларига чидамли қилиши мумкин.

Таҳлилларимиз шуни кўрсатадики, республикамиз банк тизимида хорижий банкларнинг салмоғи ва ўрни айтарли даражада эмас. Жумладан, 2016 йилда хорижий банклар активларининг умумий банк тизими активларидаги улуши нисбатан юқори кўрсаткичга эга бўлган. 2012-2019 йилларда эса банк тизими активлари таркибида хорижий банкларнинг салмоғи 5-10 фоиз атрофида бўлган. Хорижий банклар капиталининг умумий банк капиталидаги салмоғи ҳам 5-10 фоиз атрофида бўлган. Хорижий банклар томонидан ажратилган кредитларнинг жами кредитларидаги салмоғи ҳам жуда паст даражада қолмоқда.


Хусусан, 2012-2019 йилларда хорижий банклар кредитларининг умумий кредитлардаги салмоғи 5-10 фоиз атрофида бўлган бўлса, улар томонидан реал секторга ажратилган кредитлар 3-5 фоизни ташкил қилмоқда ва молиявий ресурсларнинг қайта тақсимотида хорижий банклар иштироки сезиларсиз эканлигини билдиради.


Бу эса ўз навбатида хорижий банкларнинг миллий банк тизимидаги ҳиссаси банк қарз канали самарадорлигини тушириб юборадиган даражада эмаслигидан далолат беради. Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги хулосаларни шакллантириш мумкин:
① Марказий банк пул-кредит сиёсати трансмиссион механизми – бу монетар сиёсат инструментларидаги ўзгаришлар натижасида ялпи талабга таъсир этган ҳолда ялпи ишлаб чиқариш, инфляция, ишсизлик ҳамда тўлов балансида ўзгаришларга олиб келувчи иқтисодий жараёндир. Бу боғлиқлик пул-кредит сиёсати механизми каналлари орқали амалга оширилади. Ушбу каналлар ичида банк қарз канали асосий каналлардан бири ҳисобланади. Хусусан, Б.Бернанке қарашларига кўра, банк қарз каналига монерат сиёсатнинг анъанавий трансмиссион каналларига муқобил бўлган мустақил бир канал сифатида қараш керак эмас, чунки бу фоиз ставкаси каналининг таъсирини кучайтирадиган омилларни ўз ичига қамраб олган «сифатни оширувчи механизм (enhancement mechanism)»дир.
② Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ва қайта молиялаш кредитларини бериш шартларининг ўзгариши банкларда активларни оптимал бошқаришга тўғри пропорционал. Марказий банк қайта молиялаш ставкаси фоизини ошириш орқали қайта молиялаш кредитларини беришни қийинлаштириши тижорат банкларида активларни оптимал бошқариш муаммоси пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
③ Банк активларида кредитлар салмоғининг ошиши банкларни Марказий банк пул-кредит сиёсатидаги ўзгаришларга таъсирчан қилиб қўйган бўлса, банк капитализация даражасининг юқорилиги бу таъсирни сусайтириши мумкин.
④ Банкларнинг ортиқча ликвидлиги пастлиги ҳамда хорижий банкларнинг миллий банк тизимидаги салмоғи пастлиги банк қарз канали самарали фаолият олиб бориши учун қулай шароит яратади. Кредитга бўлган талаб ошиши банкларнинг Марказий банк кредитларига бўлган эҳтиёжи ва бу уларнинг кредит портфели ҳажми ошишига олиб келган. Демак, охирги йилларда бу омил таъсирида трансмиссион механизм қарз каналининг самарадорлигини оширишга замин яратмоқда.
⑤ Тижорат банкларининг ликвидлик ҳамда капитал етарлилик даражаси кўрсаткичлари қанчалик юқори бўлса, улар фаолиятининг Марказий банк кредитларига боғлиқлиги шунча паст бўлади. Бу омил банкларнинг Марказий банк пул-кредит сиёсатидан мустақил бўлишига олиб келади.
⑥ Миллий банк тизимига хорижий банкларнинг кириб келиши банкларнинг қарз каналига таъсирини сусайтиради. Марказий банк фоиз ставкасини ошириш орқали қайта молиялаш кредитларини олишни қийинлаштирса, хорижий банкларнинг чет элдан молиявий ресурсларни жалб қилиш эҳтимоли юқори бўлади. Бу уларни монетар сиёсат қарорларига чидамли қилиши мумкин.
⑦ Банк қарз канали самарали фаолият юритиши учун Марказий банк тижорат банкларига қайта молиялаш кредитларини етарли даражада ажратиши лозим. Инфляция ва банкдан ташқари пул айланишини чеклаш мақсадида Марказий банк тижорат банкларига қайта молиялаш кредитларини кам ажратган, аммо кейинги даврларда Марказий банк томонидан банкларга кўпроқ қайта молиялаш кредитлари ажратишга эътибор қаратилишига қарамасдан бу кредитлар ҳажми банклар пассивида кам салмоққа эгалиги банк кредит канали фаолияти нисбатан чекланганлигини кўрсатади ва бу механизмни такомиллаштириш ижобий натижаларга олиб келиши мумкин.

 

1-диаграмма

Банк активларида кредитларнинг салмоғи

 

Манба: муаллифлар томонидан тайёрланган.

 

2-диаграмма

Тижорат банкларининг умумий капитали ҳамда капитал етарлилик даражаси

 

Манба: муаллифлар томонидан тайёрланган.

 

3-диаграмма

Ўзбекистон банк тизимининг ликвидлик даражаси

 

Манба: муаллифлар томонидан тайёрланган.

 

4-диаграмма

Ўзбекистон банк тизимида хорижий банкларнинг ўрни

 

Манба: муаллифлар томонидан тайёрланган.

 

5-диаграмма

Хорижий банклар кредитларининг умумий кредитлардаги салмоғи

 

Манба: муаллифлар томонидан тайёрланган.


1 Abdullaeva Sh.Z. The practice of using models to assess the financial condition of customers in lending. Palarch’s Journal of Archaeology of Egypt/Egyptology 17(6). ISSN 1567-214x PJAEE, 17 (6) (2020).

2 Absalamov A.T. Interest rate channel of monetary policy transmission mechanism in Uzbekistan - VECM Approach// (IJMT) ISSN: 2249-2496, International Journal of Research in Social Sciences, Volume 10, Issue 1 (January 2020). – P. 165-173.


«Бозор, пул ва кредит» журнали, 1-сон, 2021 йил.

 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example
savdogarbank