ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10852.04 -8.13
1 EUR = 12449.46 +103.62
1 RUB = 145.45 -0.45
1 GBP = 14907.45 +108.3
1 JPY = 94.75 +0.61
1 AFN = 103.78 +0.77
1 AMD = 22.48 -0.1
1 AED = 2954.46 -2.22


Тижорат банкларида континентал моделга асосланган корпоратив бошқарувнинг тузилиши (Commerzbank AG мисолида)

Корпоратив бошқарувнинг бир неча моделлари мавжуд бўлиб, континентал (инсайдерлик) модели банк амалиётида кўп учрайди. Корпоратив бошқарувнинг континентал модели Германия, Голландия, Швейцария, Австрия, Норвегия каби Ғарбий Европа мамлакатлари учун хосдир. Бундан ташқари, ушбу модель Франция ва Бельгиядаги бир қатор компаниялар фаолиятида кўзга ташланади.


Тоштемир Бердиев,

АТ «Халк банки» Банк стратегияси ва инновацион ривожлантириш департаменти директори ўринбосари

Бу моделнинг шаклланишига объектив ва субъектив омиллар таъсир кўрсатди. Улар орасида, биринчи навбатда, устав капиталининг юқори даражада концентрацияси, корпоратив қарорларни қабул қилишда банкларнинг устувор аҳамияти ва акциялар пакетининг хусусий сармоядорлар ўртасида нисбатан кам тарқалиши кабилар қайд этилган. Йирик компанияларда 5та энг йирик акциядор улушига ушбу компанияларнинг 40 фоиздан кўпроқ акцияси тўғри келади1.

Фонд бозори АҚШ ва Буюк Британияга қараганда сезиларли даражада камроқ ликвидликка эга. Шу сабабли континентал моделда акциялар концентрациясининг юқори даражаси ва компания қарорларига тўғридан-тўғри таъсир эта оладиган акциялар пакетига эга стратегик инвесторларнинг мавжудлиги тавсифланади, улар орасида банк тузилмалари муҳим роль ўйнайди. Континентал моделда компания бошқарув тизими икки босқичли тузилишга эга: кузатув кенгаши ва бошқарув кенгаши. Энг юқори бошқарув органи акциядорлар йиғилиши ҳисобланади. Компанияни бошқариш учун назорат функцияларига эга бўлган кузатув кенгаши ва тўлиқ ижро ҳокимияти ҳуқуқи берилган бошқарув кенгаши ташкил этилади.

Ходимларнинг компания бошқарувида иштироки континентал корпоратив бошқарув тизимининг ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Хусусан, Германияда 1976 йилда қабул қилинган «Иштирок этиш тўғрисида»ги (Co-determination Act Germany) қонунга асосан 500дан ортиқ ишчилари бўлган компанияларда ходимлар кузатув кенгашига барча жойларнинг 1/3 қисми баробарида ўз вакилларини сайлайдилар. Ходимлар сони 2 мингдан ортиқ компанияларда кузатув кенгашидаги барча ўринларнинг ярми ходимлар орасидан сайланади. Кузатув кенгашининг қолган қисми акциядорлар томонидан сайланади. Шундай қилиб, ижтимоий ҳамкорликнинг асосий принципи ушбу орган орқали амалга оширилади.

Германиядаги деярли барча компаниялар трансчегаравий улкан тармоқнинг бир қисмидир. Банклар ва суғурта компаниялари ушбу тизимнинг марказий қисми ҳисобланади. Тарихан, бошланғич кимошди савдоларида банклар андеррайтер сифатида иш олиб бориб, компаниялар акцияларини (IPO) мумкин бўлган даражагача сотиб олишган. Компания IPO орқали қанчалик катта маблағ олса, банк йирик акциядорга айланиши ва кузатув кенгашида иштирок этиши эҳтимоли кўпроқ бўлади. Континентал модель шароитида корпорация капиталининг катта қисми у билан боғлиқ бўлган шахсларга тегишли бўлганлиги сабабли ушбу модель «инсайдерлик модели» деб номланади.

Тижорат банкларида корпоратив бошқарувнинг континентал (инсайдерлик) модели амалдаги ҳолатини Германия Республикаси банклари энг йирик 4та банкларидан бири бўлган Commerzbank AGда татбиқ қилинган корпоратив бошқарув тизими асосида таҳлил қиламиз.


Commerzbank AG дунёнинг 50га яқин мамлакатларида филиаллари ва ваколатхоналарига эга бўлган етакчи халқаро тижорат банкидир. Банк дунё бўйлаб 16,9 миллиондан ортиқ хусусий ва кичик бизнес ҳамда 70 мингдан ортиқ корпоратив мижозларга, шу жумладан трансмиллий корпорацияларга, молиявий хизматларни етказиб берувчиларга ва институционал мижозларга хизмат кўрсатади. Commerzbank AG Германия ташқи савдосининг қарийб 30 фоизини амалга оширади ва Германия корпоратив банк бозорида етакчи ҳисобланади.


Банк Германиядаги 800га яқин филиалга эга бўлган Commerzbank AG Германияда мижозларга хизмат кўрсатадиган энг зич филиаллар тармоғига эга. Бундан ташқари, Commerzbank AG ўз мижозлари учун энг муҳим бизнес марказларида тўғридан-тўғри ваколатланади, унинг чет элда 445 филиали мавжуд. 2019 молиявий йилда Commerzbank AG GROUPнинг ялпи даромади 8,6 млрд. еврони ташкил этди. Жорий йилда гуруҳ таркибида умумий ҳисобда 48,500 ходим фаолият юритди. Commerzbank AG акциядорларига тегишли консолидациялашган фойда 644 млн. еврони ташкил этди. Умумий активлар 2019 йил 31 декабрь ҳолатига 463,6 млрд. еврони ташкил қилди2.


Commerzbank AG – Германия қонунларига биноан масъулияти чекланган компания (AG) ҳисобланади. 2019 йил 31 декабрда Commerzbank AG барча акцияларининг қарийб 40 фоизи йирик акциядор – Германия Федератив Республикаси ва CERBERUS компанияси, шунингдек асосан Германияда яшаётган хусусий акциядорларга тегишли.


Commerzbank AG барча акцияларининг қарийб 60 фоизи институционал инвесторларнинг қўлида. Улардан йирик акциядор сифатида Blackrock (Америка инвестиция компанияси)ни келтириш мумкин. Бундан ташқари, Norges Bank (Норвегия Марказий банки) орқали Норвегия ҳукумати ҳам банк акцияларига эга. Акцияларнинг Free float даражаси 80 фоизни ташкил этди3 (Диаграмма).

 

Commerzbank AG ҳар бир акцияси битта овозга эга. 2019 йил якунлари бўйича акциядорлар умумий йиғилиши чақирилган муддатда Commerzbank AG устав капитали 1,252,357,634,0 еврони ташкил қилган ва 1,252,357,634 дона акцияга бўлинган. Бир нечта овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган акциялар, имтиёзли овоз бериш ҳуқуқлари («олтин» акциялар) ёки максимал овоз бериш ҳуқуқлари мавжуд эмас4.

Диаграммадан кўриниб турибдики, банк акциядорлик капитали институционал инвесторлар ва Германия Федератив Республикаси қўлида жамланган.

Масъулиятли корпоратив бошқарув Commerzbank AG имижининг бир қисмидир. Шу сабабли банк ўз фаолиятини самарали корпоратив бошқарув тамойиллари билан ҳамоҳанг тарзда олиб боради. Ўз-ўзини тартибга солиш воситаси сифатида корпоратив бошқарув кодекси шаффоф ва намунали корпоратив бошқарув бўйича тавсиялар ва таклифларни ўз ичига олади. У 2001 йилда ташкил этилган ҳукумат комиссияси томонидан ишлаб чиқилиб, 2002 йилда қабул қилинган ҳамда аввало корпоратив бошқарув ва назорат механизмларини янада шаффоф қилиш, шу орқали иқтисодиётнинг юқори даражаларига инвесторларнинг ишончини кучайтиришга қаратилган.

Commerzbank AG директорлар кенгаши таркиби икки босқичдан (Two-tier Board System) иборат5 (1-чизма):

  • Ходимлар ва акциядорлар вакилларидан ташкил топган Кузатув кенгаши (Supervisory Board);
  • Фаолиятнинг кундалик юритилишидан манфаатдор бўлган Бошқарувчи Директорлар Кенгаши (Board of Managing Directors).

Кузатув кенгаши (Supervisory Board):

  • Банкнинг умумий ривожланиш стратегиясига жавобгардир, Бошқарувчи Директорлар Кенгашини назорат қилади, уларга маслаҳат беради, Банк назорати бўйича тегишли қоидаларга риоя этилишини назорат қилади, Бошқарувчи Директорлар Кенгашини рағбатлантириш тизимини назорат қилади, компания учун муҳим аҳамиятга эга бўлган барча қарорларда иштирок этиши керак, Кузатув кенгаши Бошқарувчи Директорлар Кенгаши аъзоларини тайинлайди ва лавозимидан озод қилади. Бошқарув аъзоларини тайинлашда Кузатув кенгаши гендер тенгликни ҳисобга олади. Кузатув кенгаши Бошқарув аъзоси бўлган аёлларнинг улушини белгилаб беради. Бошқарув билан биргаликда у узоқ муддатли ворисликни режалаштиришни таъминлаши керак. Кузатув кенгаши қўмитага Бошқарув аъзоларини тайинлаш ва меҳнат шартномаларида, шу жумладан иш ҳақи шартларини ишлаб чиқишда тайёргарликни топширишга ҳақлидир.

Commerzbank AG Кузатув кенгаши 20 кишидан иборат бўлиб, улардан ўн нафар аъзо Co-determination Act Germanyга мувофиқ банк ходимлари томонидан сайланади, қолган ўнта вакил Commerzbank AG акциядорлари томонидан сайланади.


Германия корпоратив бошқарув кодексига биноан, барча акциядорлари томонидан сайланган вакиллар банк, унинг корпоратив органлари, назорат қилувчи акциядор билан шахсий ёки бизнес алоқаси йўқ, чунки бунинг акси манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин.

Германия корпоратив бошқарув кодекси6 5.3.1-бандига асосан Commerzbank AG Кузатув кенгаши 8та махсус қўмиталарни ташкил этган (2-чизма).


Кузатув кенгаши тегишли қўмиталар аъзоларини шу соҳа мутахассисларидан тузади. Қўмита раислари доимий равишда Кузатув кенгашига ўз қўмиталари иши тўғрисида ҳисобот бериб турадилар. Бир киши бир неча қўмита аъзоси бўлиши мумкин.


Қўмиталар ва уларнинг вазифалари ҳақида тўхталиб ўтсак7:

① Рақамлаштириш ва технологиялар қўмитаси (7 кишидан иборат). Қўмита Commerzbank AG тизмидаги банкларни рақамлаштириш ва бунинг учун зарур бўлган IT технологияларга инвестиция қилиш бюджети бўйича Кузатув кенгаши томонидан маслаҳат бериш ва мониторинг қилиш фаолиятини қўллаб-қувватлайди.

② Компенсация ва назорат қўмитаси (4 кишидан иборат). Қўмита Бошқарувчи Директорлар Кенгаши аъзоларини рағбатлантириш тизимини шакллантириш, Ходимларнинг иш ҳақи тизимини мониторинг қилиш бўйича Кузатув кенгаши фаолиятини амалга оширади, шунингдек Риск қўмитаси билан ҳамкорлик қилади.

③ Воситачилик қўмитаси (4 кишидан иборат). Қўмитанинг вазифалари ва таркиби Германия Ҳамкорлик тўғрисидаги қонунининг (Co-determination Act) 27-банди 3-қисмида кўрсатилган.

④ Тайинлов қўмитаси (5 кишидан иборат. Германия корпоратив бошқарув кодекси 5.3.3-бандига асосан тўлиқ акциядорлардан тузилган). Қўмита Кузатув кенгашига акциядорлар томонидан номзодларни тавсия қилиш, улар бўйича акциядорлар умумий йиғилишига таклиф киритиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича Кузатув кенгашини қўллаб-қўвватлаш билан шуғулланади.

⑤ Ижтимоий хавфсизлик қўмитаси (6 кишидан иборат). Қўмита барча ходимлар учун умумий аҳамиятга эга бўлган шахсий ва ижтимоий муаммолар учун жавобгардир.

⑥ Риск қўмитаси (6 кишидан иборат). Қўмита банк рисклари ва бошқарувини мониторинг қилиш, хусусан умумий риск стратегиясига, кичик хатар стратегияларига ва кредитлаш жараёни билан боғлиқ рисклар, бозор риски, ликвидлик билан боғлиқ рисклар, операцион рисклар, банк обрўсини сақлаш ва комплаенс фаолияти билан шуғулланади.

⑦ Раислик қўмитаси (6 кишидан иборат). Қўмита Бошқарувчи директорлар кенгаши аъзолари билан меҳнат шартномаларини тузиш, зарурат бўлганда уларга ўзгартириш киритиш ва бекор қилишга жавобгардир.

⑧ Аудит қўмитаси (6 кишидан иборат). Банк фаолияти учун энг муҳим қўмиталардан бири ҳисобланади. Қўмита бухгалтерия ҳисоби ва жараёни, ички назорат тизимининг самарадорлиги, рискларни бошқариш тизими, аудит текшируви ўтказиш, банкнинг комплаенс фаолияти учун жавобгардир. Аудиторлик қўмитаси аудиторлик текшируви тайинлаш тўғрисида асослантирилган тавсияномани Кузатув кенгашига тақдим этади, у камида иккита номзоддан иборат бўлади, агар аудиторлик текшируви лозим бўлса танловга қўяди. Қўмита аудиторнинг мустақиллигини назорат қилади ва аудитор томонидан қўшимча хизматларни амалга ошириш, аудиторлик талабларини ишлаб чиқиш, аудитнинг асосий йўналишларини белгилаш ва аудитор билан ҳисоб-китоб жараёни билан шуғулланади. Германия корпоратив бошқарув кодекси 5.3.2-бандига асосан Кузатув кенгаши раиси тафтиш комиссиясига раислик қилмайди.

Бундан ташқари, ҳар бир иштирокчи ҳар бир йиғилиш ёки конференция, кузатув кенгаши ёки унинг қўмиталаридан бирининг йиғилишига келиши учун 1500 евро миқдорида пул олади. 2018 йилда давомат даражаси ~ 96 фоизни ташкил этган.

Бошқарувчи Директорлар Кенгаши (Board of Managing Directors). Бошқарувчи Директорлар Кенгаши банкнинг манфаати учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади, яъни у барқарор қиймат яратиш мақсадида бошқарувни акциядорлар, ишчилар ва бошқа манфаатдор томонларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тартиб-қоидаларга асосан амалга оширади. Бошқарувчи Директорлар Кенгаши банк стратегиясини ишлаб чиқади, уни Кузатув кенгаши билан келишади ва унинг бажарилишини таъминлайди. Бошқарув қонуннинг барча қоидалари ва компаниянинг ички сиёсати бажарилишини таъминлайди ҳамда гуруҳ томонидан уларнинг бажарилишига эришиш учун ҳаракат қилади. Бошқарувчи Директорлар Кенгаши банк фаолиятидаги рискларни бошқариш ва уларнинг назорат қилинишини таъминлайди. Банк бўлинмалари раҳбарларини тайинлашда хилма-хиллик тамойили асосида фаолият юритади, хусусан, ушбу лавозимларга муносиб аёлларнинг номзодини кўриб чиқишга интилади.

Commerzbank AG Бошқарувчи директорлар кенгаши олти доимий аъзодан ва Бош ижрочи директор (CEO)дан иборат. Commerzbank AG Бошқарувчи директорлар кенгашининг 28 фоизи (2 киши) аёллардан иборат.

Бошқарувчи директорлар кенгаши аъзолари Кузатув кенгаши аъзолари бўлишларига йўл қўйилмайди.

Барча немис компаниялари сингари, Commerzbank AG томонидан ҳар йили Германия корпоратив бошқарув кодекси ва Акциядорлик корпорацияси тўғрисидаги (Stock Corporation Act) қонуннинг 161-моддасига асосан корпоратив бошқарув бўйича комиссиянинг тавсиялари бажарилиши даражаси бўйича декларация тақдим этилади.

Commerzbank AG томонидан барча акциядорларнинг ахборотга нисбатан тенг муносабатлилиги таъминланади. Банк молиявий таҳлилчилар тақдим этган барча муҳим янги фактларни кечиктирмасдан акциядорларга ошкор қилади. Доимий ахборот сиёсатининг бир қисми сифатида банк ўзининг веб-сайтида «молиявий тақвим»да йиллик ҳисоботларни ва оралиқ молиявий маълумотларнинг нашр этилган саналарини, шунингдек йиллик умумий йиғилишлар кунларини эълон қилади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Инсайдер моделининг асосий мақсади барчанинг умумий манфаатларини тан олиш, компаниянинг доимий рақобатбардошлигини сақлаб қолиш ва узоқ муддат давомида компаниянинг «соғлом фаолиятини» таъминлашдан иборат.

Commerzbank AG корпоратив жавобгарлик принципини ҳимоя қилишга содиқдир. Ҳақиқий қадриятлар, мажбурий одоб-ахлоқ қоидалари ва ўз олдига қўйган қатъий меъёрлар бизнес учун асос бўлиб хизмат қилади. Кузатув кенгаши аъзоларининг 50 фоизи ходимлар орасидан сайланиши ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга миноритар акциядорлар хуқуқлари поймол бўлишининг олдини олади. Commerzbank AG акцияларининг катта қисми давлат улушига тўғри келишига қарамасдан институционал инвесторларнинг банк акцияларига бўлган қизиқиши юқорилиги кўриниб турибди. Бунга асосий сабаб сифатида самарали корпоратив бошқарув тизимини кўрсатиш мумкин. Кузатув кенгаши таркибида манфаатлар тўқнашуви йўқлиги, рағбатлантириш тизими ва бизнес юритишдаги шаффофлик, кенгаш қошидаги қўмиталар таркиби мустақил ва профессионал мутахассислардан тузилиши банк фаолияти янада ривожланишига олиб келмоқда.


1 Ключков В.Н. Германская модель корпоративного управления: генезис, особенности и традиции // Менеджмент в России и за рубежом. 2006. №6.

2 https://www.commerzbank.de/en/nachhaltigkeit/datenfakten/publikationen/gri_bilanz/gri_2019.html.

3 https://www.commerzbank.de/media/aktionaere/service/archive/konzern/2020_4/Geschaeftsbericht_2019_Konzern_EN.pdf.

4 https://www.commerzbank.de/media/aktionaere/haupt/2020_7/deutsch/Gesamtzahl_Stimmrechte_HV_2020.pdf.

5 https://www.commerzbank.de/media/aktionaere/governance/corporate_governance_praesentation/202007_Commerzbank_Corporate_Governance_Website.pdf.

6 Германия корпоратив бошқарув кодекси 2017 йил 7 февралдаги шакли.

7 https://www.commerzbank.de/media/aktionaere/governance/corporate_governance_praesentation/202007_Commerzbank_Corporate_Governance_Website.pdf.


«Бозор, пул ва кредит» журнали, 1-сон, 2021 йил.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example
savdogarbank