ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11350.18 +7.59
1 EUR = 12157.18 -55.39
1 RUB = 160.05 -0.69
1 GBP = 13627.03 -24.91
1 JPY = 86.11 +0.15
1 AFN = 125.86 -0.62
1 AMD = 28.62 +0.02
1 AED = 3090.17 +2.07


Ўзсаноатқурилишбанк Тошкент вилоятига пресс-тур уюштирди

Жорий йилнинг 20 июль куни Ўзсаноатқурилишбанкнинг Тошкент вилояти минтақавий банк хизматлари офиси (БХО)га пресс-тур ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари мазкур муассасада трансформация ишлари билан яқиндан танишиб, Банкнинг молиявий кўмагида ишга туширилган корхоналарга ташриф буюрди.


Президентимиз ҳар доим “ўзгаришларни одамлар ўз ҳаётида сезсин”, дея талаб қўяди.  Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 11 июлда бўлиб ўтган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳудудлардаги натижадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилишда ҳам ҳудудлар, соҳа ва тармоқлар ривожининг аҳоли ҳаётига таъсири ўрганилиб, барча ислоҳотларни пастдаги бўғинларга боғлаган ҳолда, уларни авваламбор аҳоли фаровонлигини оширишга қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Айтиш жоизки, Ўзсаноатқурилишбанк тизимида халқаро экспертлар кўмагида олиб борилаётган трансформация ишларида замонавий, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиб, аҳолини рози қилиш, тадбиркорлар ва мижозларга ҳар томонлама қулай шароит яратиш мақсади кўзда тутилган.


– “Инсон қадри учун” тамойили асосида мамлакатимиз банк тизимида ҳам катта ислоҳотлар олиб борилмоқда, – дейди Ўзсаноатқурилишбанкнинг Тошкент вилояти минтақавий банк хизматлари офиси раҳбари Ботир Давиров. – IT технологиялардан унумли фойдаланиш, самарали дастурий маҳсулотларни яратиш ва мижозлар билан мулоқотда рақобатбардошликни таъминлашга алоҳида ёндашилмоқда. Трансформация маҳсулини қисқа ва лўнда қилиб, ҳозирда барча тармоқлар бошқаруви минтақавий БХО зиммасига ўтказилган ҳолда, қуйидаги банк хизматлари марказлари (БХМ) фақат мижозлар билан ишлашга бириктирилганини, банк маҳсулотларини сотиш билан боғлиқ вазифалар марказлаштирилганини, мижозларга индивидуал хизмат кўрсатувчи менежерлар доираси шакллантирилиб, “мижозбай” ишлаш тизими йўлга қўйилганлигини қайд этиш мумкин.

Бунинг натижасида Банк маҳсулотлари сони 1,5 баробарга кўпайди, кредит ажратиш тезкорлиги юридик шахслар учун 2,6 баробарга, жисмоний шахслар учун       1,6 баробарга ошди, чакана мижозлар сони 1,7 баробарга, хизмат кўрсатиш тезлиги       1,5 баробарга ўсди. 

Журналистларни Банкнинг молиявий кўмагида ишга туширилган лойиҳалар билан таништириш мақсадида ташриф буюрилган дастлабки манзил трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Yustex” корхонаси бўлди.

Қибрай тумани кичик саноат зонасида жойлашган ушбу корхона ҳудуддаги йирик ишлаб чиқариш объектларидан бири саналади. У ерда 300 иш ўрни яратилган, йилига 6 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарилади.


Мазкур корхонага ҳам Банк томонидан технологик ускуналар харид қилиш мақсадида молиявий кўмак кўрсатилган. Шунда 10 млрд. сўмлик лойиҳанинг 7 млрд. сўми банк ҳисобидан қопланиб, кредит маблағлари Хитой ва Европа давлатларидан илғор тўқимачилик мажмуасини сотиб олишга йўналтирилган.

Ҳозирда “Yustex” маҳсулотлари Франция ва Италия давлатларига экспорт қилинади. Бу борада йиллик кўрсаткич 12 млн. долларга тенгдир.

Қибрай туманидаги “Trans Servis Invest” корхонаси фаолияти ҳам журналистларда катта қизиқиш уйғотди.

Уч йилдан буён маҳаллий ва хорижий бозорга аёллар ва эркаклар ҳамда болалар трикотаж маҳсулотларини етказиб берётган ушбу корхона томонидан “талаб ва таклиф” тамойилларига амалга қилинган ҳолда Банк билан навбатдаги янги лойиҳа устида иш олиб борилаётгани маълум қилинди.

– Тадбиркорлик кишидан катта журъат талаб қилади, – дейди “Trans Servis Invest” корхонаси савдо ва маркетинг бўлими бошлиғи Тоҳир Омонов. – Албатта, ҳисоб-китобингиз, харажатингизга мос молиявий ресурсингиз бўлиши ҳам шарт. Бу борада юртимизда жуда кўп имкониятлар берилмоқда. Масалан, банк кредитлари билан биз каби бизнес вакилларининг туғилган режалари қоғозга тушар-тушмас, ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Айни пайтда Ўзсаноатқурилишбанк билан ҳамкорликда “Трикотаж маҳсулотларига ранг ва безак бериш” мазмунидаги янги лойиҳа устида иш олиб бораяпмиз. У тўлиқ ишга туширилганда корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 2200 тоннага етади, экспорт ҳажми 600 минг долларга ортади.


Навбатдаги манзил Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “ARENA RENT” корхонаси бўлди.

Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори воситаларини сақлаш учун пластмасса идишлар ишлаб чиқарувчи ушбу корхонанинг лойиҳа менежери Икромбой Жуманов меҳмонларни жараён билан таништирди.

– Фаолиятимиз тўлиқ автоматлаштирилган, – дейди Икромбой Жуманов. – Банк томонидан ажратилган хорижий кредит линия ҳисобига Хитойдан йирик технологик мажмуа харид қилиб, катта ишлаб чиқаришга қўл урдик. Ҳозирда буюртмачиларга йилига 2 млн. долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот етказиб бераяпмиз.

Лойиҳа қиймати 3,5 млн. доллар ҳажмида. Йилига 960 тонна ҳар хил турдаги пластмасса идишлар ишлаб чиқарилади. Корхона фаолияти автоматлаштирилганига қарамай, 30дан ортиқ йигит-қиз ишга жалб қилинган.


Пресс-тур кун тартибига кўра, журналистлар учун Тошкент вилояти минтақавий банк хизматлари офисида матбуот анжумани ҳам ташкил қилиниб, унда БХО фаолиятининг 2022 йил биринчи ярмидаги якунларига бағишланган тақдимот намойиш этилди.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида муассаса жами даромади белгиланган режага кўра 123 фоиз, аҳоли бўш пулларини омонатларга жалб қилиш 120 фоизга бажарилган. Соф фойдаси қарийб 45 млрд. сўмга етган.

Кредит қўйилмалари 1 801,6 млрд. сўмни ташкил этиб, бунда энг катта улуш саноат тармоғи (қарийб 60 фоиз)га тўғри келган.

Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида               231,3 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиб, пировардида, 40га яқин лойиҳалар ишга туширилган, 375 дан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилган.

 

 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example