ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11063.05 +34.91
1 EUR = 10940.25 -10.69
1 RUB = 183.24 -2.18
1 GBP = 12474.70 -83.04
1 JPY = 76.46 +0.13
1 AFN = 126.03 +0.4
1 AMD = 27.32 +0.11
1 AED = 3011.91 +9.5


Тошкентда ижара нархлари қанча?

Статистик маълумотларига кўра, Швейцарияда ижарада яшовчи оилалар улуши 68, Германияда 64 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Хитойда 14, Россияда эса 11 фоизга тенг. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларда ижара нархлари қандай эканлигини таҳлил қилди.


Ҳозир ривожланган давлатлар аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида ижарачиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, шартнома муддати давомида ижара нархлари ўзгармаслигини таъминлайди. Масалан, Буюк Британияда ижара билан боғлиқ белгиланган тўловлардан ташқари, ҳар қандай комиссия олиш таъқиқланган, АҚШда ипотека кредити ҳисобига уй олган шахслар даромад солиғини тўлашда имтиёзга эга бўлади.

The Economist нашрининг маълум қилишича, уйга эгалик қилиш кўрсаткичи қанчалик юқори бўлса, уй бозорида нархлар шунчалик ўзгарувчан бўлади. Масалан, Швейцарияда уйга эгалик қилувчилар улуши 3, Буюк Британияда 60 фоиз атрофида. Шунга мос равишда Швейцарияда уй нархлари 1970 йилдан 2019 йилгача 70 фоизга, Буюк Британияда эса 346 фоизга ошган.

Бундан ташқари, ижарада туриш кўрсаткичининг ошиши макроиқтисодий кўрсаткичларга ҳам таъсир этади. Масалан, АҚШда уйга эгалик қилиш кўрсаткичи ошгани сайин ишсизлик даражаси ҳам ошган. Бу бир томондан одамларда бошқа жойга кўчиш хоҳиши йўқолиши, иккинчи томондан эса иш ўринлари мавжуд жойларга кўчиб ўтиш қимматлашиши билан боғлиқ.

Таҳлил натижаларига кўра, Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлардаги ижара нархи ўртача 339 АҚШ долларига тенг. Ижара нархлари бўйича энг паст нарх Сергели ва Олмазор туманларида, энг баланд нарх эса Миробод ва Яккасарой туманларида қайд этилди.


Ижара бизнесининг даромадлилиги (rental yields - уйни ижарага бериш орқали бир йилда олинадиган даромад) Тошкент шаҳри учун 10 фоизни ташкил этади. Қиёслайдиган бўлсак, бу рақам Руминияда 6, Польшада 5, Германияда 3, Туркияда эса 2 фоизни ташкил этади. Ҳозир Тошкентда кўчмас мулкни ижарага беришдан олинадиган даромад ўртача банк валюта депозитлари тушумидан (3,4%) уч баравар кўпроқ. Бу ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида жамғармаларни кўчмас мулкка сарфлаш ва уни ижрага бериш валютада депозит кўринишида сақлашдан кўра фойдалироқ эканлигини кўрсатади.

Тошкент шаҳри марказидаги хонадоннинг ўртача нархи ЯИМнинг киши бошига тўғри келадиган улушидан 50 баробар кўп. Бу кўрсаткич Украинада 158 баробар, Россияда 87 баробар, Буюк Британияда 66 баробар, Швейцарияда 20 баробар, Германияда 17 баробар, Люксембургда 5 баробарни ташкил этади. Бу умумий ҳисобда одамларнинг харид қобилияти паст ёки юқорилигини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкент шаҳрида хонадон ижараси бозори шаклланишнинг бошланғич босқичида турибди. Урбанизация жараёнининг жадаллашиб бораётганини инобатга олиб, ижара бозорини ривожлантириш учун қуйидагилар тавсия этилади:  

- ижарада турувчиларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш;

- ижара нархлари кескин ўзгаришини назорат қилиш, ижара нархини шаҳар бўйича ўртача нархдан сабабсиз кескин 10 фоиздан кўпроққа ошира олмасликни қонунан белгилаш;

- бозорда информацион асимметрия муаммосининг олдини олиш мақсадида уй эгаси ва потенциал ижарачини тўғридан-тўғри боғлайдиган информацион технологияларни кенг жорий этиш.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example