ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11405.84 -14.36
1 EUR = 12225.92 -13.11
1 RUB = 141.04 -1.72
1 GBP = 14159.21 +59.83
1 JPY = 81.35 -0.07
1 AFN = 130.22 -0.16
1 AMD = 29.62 -0.04
1 AED = 3105.40 -4.42


Куни кеча пойтахтимизда VII Тошкент халқаро инвестициявий-молиявий форуми ўз ишини бошлади. Ушбу анъанавий йирик анжуман SAIPRO ахборот-рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расмий кўмаги ҳамда Араб бош суғурта федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилиб, 23 майга қадар давом этади.

 

Мазкур тадбир «Media XPRIMM» (Руминия) компанияси, Белорусь суғуртачилар уюшмаси, Ўзбекистон суғурта бозори профессионал иштирокчилари Ассоциацияси, Ўзбекистон лизинг берувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон банклари Ассоциацияси томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Форумда 450 дан ортиқ халқаро молиявий институтлар, маҳаллий ва хорижий вазирлик ва идоралар, банк­лар, суғурта, лизинг ва инвес­тиция компаниялари вакиллари, шу жумладан, дунёнинг 25 мамлакатидан 100 дан зиёд хорижий иштирокчилар қатнашмоқда.

Ташкилотчиларнинг қайд этишича, мазкур халқаро форумни ўтказишда маҳаллий ва хорижий инвестиция-молиявий ташкилотлари учун йирик учрашув майдонини ташкил этиш мақсади илгари сурилган. Олтинчи бор  ўтказилаётган тадбир – инвестициявий-молия­вий форум иштирокчиларга ўзаро фикр алмашиш, банк-молия, инвестицион фаолият, суғурта, фонд бозори ва бошқа соҳаларга оид кенг қамровга эга масалаларни муҳокама қилиш имконини беради.

Форумнинг биринчи кунида Ўзбекистон Республикасида ижтимоий-иқтисодий ва инвестицион муҳитни ривожлантириш масаласи муҳокамасига бағишланган ялпи мажлис ўтказилди.

Унда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, иқтисодиётни модернизациялашда тижорат банкларининг инвестицион институт сифатидаги иштироки масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мавзулар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Марказий банк вакиллари чиқиш қилишди. Хорижий иштирокчилар қизиқиши ва диққатини тортган йиғилишнинг алоҳида тақдимотли секциясида эркин иқтисодий инвестицион ҳудудлар фаолияти ёритилди.

Маърузачилар форумнинг очилиш маросимида хорижий ҳамкорларнинг Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантиришдан  манфаатдор эканлигини ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга шайлигини таъкидладилар. Шуб­ҳасиз, бу мамлакатимизда сўнгги йилларида юқори иқтисодий ўсиш суръатлари, жумладан, йилига ўртача 8 фоизни ташкил этаётган давлатлар қаторидан ўрин олганлиги билан боғлиқ. Муҳими шундаки, Ўзбекистон макроиқтисодий барқарорликка эга. Буни форум иштирокчилари ҳам қайд этдилар.

Шундай қилиб, форумнинг биринчи кунида банк-молия, лизинг, суғурта фаолиятига доир йирик халқаро анжуман, «Ҳамкорбанк» ОАТБга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, «Ўзсаноат­қурилишбанк» ОАТБнинг иқтисодиёт тармоқларини лойиҳавий молиялаштиришдаги иштирокига бағишланган тақдимотлар ташкил этилди.

Тадбир кўламини «давра суҳбати», «брифинг ва ишбилармонлар учрашуви» кенгайтирди. Хусусан, «Иқтисодиёт тармоқларининг инвестицион салоҳияти ва имконияти: АКТ, сайёҳлик ва нашриёт-полиграфия фаолияти» мавзуида давра суҳбати ҳамда «Ўзбекинвест» ЭИСМК томонидан брифинг ўтказилди.

21 май куни халқаро анжуман банк фаолияти, суғурта ва қайта суғурта соҳасига бағишланган мавзулар юзасидан ўз ишини давом эттиради. Кутилганидек, унда Араб бош суғурта федерацияси ва Ўзбекистон суғурта бозори профессионал иштирокчилари Ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик битимини имзолаш маросими ўтказилади. Бундан ташқари, форум кун тартибида яна бир қатор икки томонлама ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланиши белгиланган.

Шунингдек, тадбир доирасида суғурта йўналишидаги «Олтин соябон», банк ва лизинг фаолиятига оид «Олтин портфель» жамоат мукофотларини топшириш маросимини ўтказиш режалаштирилган.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example