ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11405.84 -14.36
1 EUR = 12225.92 -13.11
1 RUB = 141.04 -1.72
1 GBP = 14159.21 +59.83
1 JPY = 81.35 -0.07
1 AFN = 130.22 -0.16
1 AMD = 29.62 -0.04
1 AED = 3105.40 -4.42


Банк тизимининг молиявий барқарорлиги

иқтисодиёт тармоқларини фаол қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда

 

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида Республика Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий Ассоциацияси ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикаси банк тизимининг молиявий барқарорлиги ва ликвидлилигини таъминлашнинг долзарб масалалари» мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Мазкур тадбир Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрдаги «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги 1438-сонли Қарорида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ректори вазифасини бажарувчи А.Бекмуродов, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тижорат банкларининг инвестиция портфелини мониторинг қилиш департаменти директори ўринбосари З.Азимов, «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ бошқаруви раиси ўринбосари А.Муротов, Марказий банкнинг Бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботи ва давлат бюджетининг касса ижроси департаменти директори ўринбосари М.Марпатов ва бошқалар сўзга чиқиб, халқаро андозалар асосида тижорат банкларининг капиталлашув даражаси, барқарорлиги ва ликвидлигини ошириш, кўрсатилаётган банк хизматлари кўламини кенгайтириш бугунги кунда банк тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири эканини алоҳида қайд этиб ўтишди.
Шунингдек, тадбирда республикамиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун яратилаётган имкониятлар, банк тизими томонидан соҳа субъектлари фаолияти ривожи йўлида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
– Мазкур тадбирда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ривожи йўлида Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти билан академия тингловчилари яқиндан таништирилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тижорат банкларининг инвестиция портфелини мониторинг қилиш департаменти директори Зафар Азимов. – Бу борада мамлакатимиз Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 4609-сонли Фармони ва 2014 йил 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2164-сонли Қарори ижроси доирасида банк тизими томонидан ҳам тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш юзасидан қатор имтиёз ва қулайликлар яратилиши белгиланган. Хусусан, ушбу ҳужжатларга мувофиқ, кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан Давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундириш амалиёти бекор қилинди. Шу билан бирга, илгари хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молия-вий ҳисоботларини тақдим этмаслик ва уларни кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида уларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операциялар бевосита давлат солиқ хизмати органлари томонидан тўхтатиб турилган бўлса, эндиликда бу жараён фақат суднинг тегишли қарори асосида амалга ошириладиган бўлди. Бундан ташқари, ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадида тижорат банклари аҳоли ва мижозлар билан ҳамкорлик қилишнинг электрон шаклларини жорий этиш чораларини кўрмоқда. Юқоридаги фармонга мувофиқ, банклар Ягона давлат интерактив хизматлари порталида «Тадбиркорлик субъектининг кабинети» орқали интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш чораларини кўрмоқда. Бу эса тадбиркорлар учун офисда туриб молия, солиқ, статистик ва бошқа ҳисоботларни тақдим этиш ва расмийлаштириш имкониятини тақдим этади. «Интернет-банкинг» тизими орқали хизмат кўрсатиш кенгайтирилади, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, коммунал тўловлар, лицензия ва рухсатномалар учун олинадиган давлат божлари ва йиғимларини мана шу тизим орқали амалга оширишлари мумкин. Яқин орада назорат-касса ва бошқа тўлов терминалларини олиш учун электрон ариза топширишнинг ўзи кифоя бўлади. Тадбиркорлар тез орада бир йил муддатгача олинадиган миллий валютадаги кредит учун ариза ва бошқа ҳужжатларини «Бир дарча» тамойилида электрон шаклда топширишлари мумкин. Бир сўз билан айтганда, юқоридаги фармон ва қарорда кўзда тутилган имтиёз ва қулайликлар тадбиркорлик субъектларига ўз фаолият истиқболини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example