Ўзбекистон банклари Ассоциациясида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди билан биргаликда «Жамғариш – келажак меваси» мавзуида семинар ташкил қилинди. Унда тижорат банклари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Савдо-саноат палатаси ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Тадбир Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрдаги «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги ПҚ-1438-сонли Қарорида белгиланганидек, мазкур давр мобайнида аҳоли ва хўжалик субъектларининг тижорат банкларидаги депозитлари ҳажмини 2,5 баробарга ошириш вазифасидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, аҳоли омонатларини банкларга жалб қилишни рағбатлантириш борасида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида аҳолининг банклардаги депозитлари ҳажми охирги 3 йил давомида 2,3 баробарга ошди.
– Банк тизими молиявий ресурсларининг аксарияти бўш пул маблағларини тижорат банклари омонатларига жалб қилиш орқали шакллантирилиб, бу ўз навбатида, иқтисодиёт тармоқларини кредитлашни янада кенгайтириш имконини беради, – дейди Марказий банкнинг Тошкент шаҳар Бош бошқармаси кредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш ва тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Саидумид Носиров. – Республикамиз тижорат банкларининг барқарор фаолияти, аҳоли даромадларининг ўсиши омонатларга жалб қилинаётган маблағлар ҳажмини йилдан-йилга ошишига олиб келмоқда. Бу йўналишдаги ишлар самарадорлигида мамлакатимизда «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида банкларда сақланаётган омонатлар давлат томонидан тўлиқ ҳимояга олингани ва уларнинг қайтарилиши муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, банк ҳисобварақларида сақланаётган омонатлар барча турдаги солиқлардан озод этилиб, фуқаролар банк омонатларига исталган маблағни жойлаштириш имкониятига эга.
Семинарда барқарор иқтисодий ўсиш суръатини таъминлашда муҳим бўлган инвестицияларнинг ички манбаи ҳисобланган жамғармаларнинг иқтисодиётда тутган ўрнининг моҳияти очиб берилди.
Шу билан бирга, семинар қатнашчилари оила бюджетини самарали ташкил этишнинг асосий жиҳатлари, оила бюджетининг махсус китоби, уларни юритиш бўйича молия ташкилотлари мутахассисларининг маслаҳатлари ҳамда Германия молия ташкилотлари томонидан аҳолининг ёш жиҳатидан турли гуруҳларига мўлжалланган молия хизматлари билан ҳам таништирилди.
Мамлакатимизга ташриф буюрган германиялик экспертлар республикадаги тижорат банклари томонидан аҳоли омонатларини жалб этиш бўйича амалдаги қонунчилик базасига, айниқса, банкларга нисбатан ишончнинг ошишига хизмат қиладиган аҳоли омонатларининг юз фоизлик ҳимоялаш кафолати, улар бўйича сирнинг сақланиши ҳамда омонатлар бўйича олинган даромадларнинг солиқдан озод этилишига ижобий баҳо бердилар.
Бундан ташқари, семинарда иштирокчилар германиялик экспертлар билан жамғарма фаолиятига тегишли масалалар бўйича фикр алмашишди. Жамғарма ишларини самарали ташкил этиш, банк мутахассисларининг янги ва замонавий жамғарма турларини ишлаб чиқишдаги профессионал билимларини ошириш, жамғарманинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиялаштиришда тутган беқиёс ўрнини аҳолига етказиш борасидаги кенг қамровли масалалар таҳлил қилинди.
Жойларда омонатларни банкда сақлашнинг афзалликлари тўғрисида банклар томонидан ташкил этилаётган семинарлар ва давра суҳбатлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур масалалар юзасидан туркум семинарлар шу кунларда республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам ўтказилмоқда.