Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Тошкент шаҳрида янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди.
Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг шаҳар бошқармаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бош-қармасидан вакиллар иштирок этди.
Матбуот анжуманида таъкидлаганидек, бугунги кунда пойтахтимиз аҳолисини иш билан таъминлаш борасидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги 401-сонли қарори асосида тасдиқланган «Тошкент шаҳрида 2014 йилда янги иш жойларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури»да белгиланган вазифалар доирасида олиб борилмоқда. Жорий йилда 91 мингга яқин иш ўрни яратилиши кўзда тутилган бўлиб, улар ишлаб чиқариш корхоналарини кенгайтириш ва қувватларини модернизациялаш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил этиш, якка тартибдаги тадбиркорликни, уй меҳнатининг барча шаклларини йўлга қўйиш, шунингдек, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобига амалга оширилади.
Айни пайтда жорий йилнинг май ойига қадар шаҳарда қарийб 30 мингга яқин иш ўрни ташкил этилган бўлса, унинг қарийб 75 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига тўғри келади. Шу ўринда, аҳоли бандлиги масаласида маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳам фаол эканлиги, ҳисобот даврида бевосита ушбу институт ташаббуси билан 12 мингга яқин фуқаро иш билан таъминланганлиги тадбирда таъкидланди.
– Айни пайтда пойтахтимиздаги 120 та касб-ҳунар коллежи ҳамда академик лицейларда 1 400 га яқин ёшлар таҳсил олишмоқда, – дейди Тошкент шаҳар Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Иноятов. – Битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбир дастури асосида жорий йилда битирувчиларнинг 90 фоизи ўз келажагини белгилаб олишга эришди. Ёшлар бандлигини таъминлашда ҳар йили анъанавий равишда ўтказилиб келинаётган «Таълим ва мутахассислик» кўргазмаси ҳам катта роль ўйнаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ушбу кўргазма 134 та йўналишни қамраб олган бўлиб, унда ҳеч бир ёш йигит-қизнинг орзу-ҳаваси эътибордан четда қолмаган.
Тадбирда аҳолининг ишсиз қатлами ҳамда янги иш ўринлари ҳақида доимий назорат ва мониторинг ишлари олиб борилаётганлиги далиллар асосида келтириб ўтилди. 2014 йилда 10 мингдан зиёд шаҳар аҳолиси ишга жойлаштирилиши, 3,3 минг нафар банд бўлмаган аҳоли касб ва қайта касбга ўқитилиши, 550 нафар ишсиз фуқаро жамоат ишларига жалб қилиниши, 121 та бўш иш ўрни бўйича ярмаркалар ўтказилиши белгиланган. Бундан ташқари, пойтахтимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун корхона ва ташкилотларда 21 мингдан ортиқ иш ўрни захираланган.