ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11405.84 -14.36
1 EUR = 12225.92 -13.11
1 RUB = 141.04 -1.72
1 GBP = 14159.21 +59.83
1 JPY = 81.35 -0.07
1 AFN = 130.22 -0.16
1 AMD = 29.62 -0.04
1 AED = 3105.40 -4.42


Республикамиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда муҳтарам Юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтишининг асосий беш тамойили» нақадар пухта ўйланган ва узоқ мақсадларни кўзлаганлигини бугун ҳаётимизнинг ўзи кўрсатиб, буни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси чуқур ҳис қилиб турибди.

Ўтган давр мобайнида республикамизда эркин иқтисодиётни шакллантириш, бозор муносабатларига асосланган иқтисодий тамойилларни жорий этишни босқичма-босқич амалга оширган ҳолда, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув борасида самарали ишлар қилинди.

Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, иқтисодиётни барқарор юксалтиришнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.

Айнан мазкур соҳанинг жадал ривожланиши ички бозорни сифатли импорт ўрнини босувчи ва эскпортбоп маҳсулотлар билан тўлдиришга, янги иш ўринларини ташкил қилишга, айниқса, бугунги кунда долзарб вазифа бўлган ёшларни иш билан таъминлашга, пировардида аҳолининг турмуш даражасини ва даромадларини оширишга имкон берди.

Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимизда янги иш ўринларини яратишда, миллий иқтисодиётимизни изчил ва барқарор ривожланишида, жамиятда ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларига мувофиқ ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, рақобатни янада ривожлантириш борасида банк тизимида ҳам кенг қамровли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бунда энг аввало меъёрий-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди, Марказий банкнинг тегишли меъёрий ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди. Киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, кўрсатилаётган банк хизматларининг янги турларини жорий қилиш ҳамда мавжудларини такомиллаштириш имкониятини яратди.

Натижада бугунги кунда:

– Тижорат банкларининг имтиёзли кредит бериш махсус Жамғармаси маблағлари асосан олис ва етиб бориш қийин бўлган туманларда, шунингдек, меҳнат ресурслари керагидан ортиқ бўлган туманлар ҳамда шаҳарлардаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг юқори технологик ва инновацион ло­йиҳаларни молиялашга йўналтирилмоқда;

– тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлиги принципига амал қилинмоқда, унга мувофиқ, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бартараф этиб бўлмайдиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлар фойдасига талқин этилмоқда, шунингдек, кичик бизнес субъектларидан тижорат банкларида миллий валютада ҳисоб рақами очганлик учун тўлов ундириш бекор қилиниб, соҳа вакилларининг кредит аризаларини кўриб чиқиш муддати уч банк иш кунидан ошмайдиган муддат билан чекланди;

– тўловларни электрон шаклда амалга оширувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларига хизмат кўрсатганлик учун ундириладиган тўлов миқдори 20 фоизга камайтирилди;

– банк ҳисобварақларини очишда имзо наъмуналарини нотариал тасдиқлаш, шунингдек, кичик бизнес субъектлари бўлган микрофирмаларнинг имзо намуналари карточкасида иккинчи имзо (ҳисобчи) бўлиш талаби бекор қилинди;

– тадбиркорлик субъектлари томонидан янги қурилиш, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш ва технологик янгилашга валюта кредитлари бўйича асосий қарзни қайтаришга жорий тўловлар бўйича йўналтириладиган валюта тушуми қисмини ваколатли банкларга мажбурий сотишдан асосий қарзни тўлиқ тўлаб бўлинадиган муддатга қадар озод қилинди ҳамда экспорт операциялари бўйича банкларнинг факторинг хизматларини амалга ошириш муддати 90 кунгача узайтирилди;

– Ўзбекистон банклари Ассоциацияси ҳузурида Инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни молиялаштириш жам­ғармаси ташкил этилди;

– Ўзбекистон Республикаси валюта биржасига конвертация учун йўналтирилган кредит маблағлари бўйича фоизларни ҳисоблаш сотиб олинган хорижий валюта қарз олувчининг махсус валюта ҳисоб рақамига ўтказилган кундан бошлаб амалга оширилиши белгиланди, шунингдек, яна бир қатор қулайликлар ва имтиёзлар берилди.

Амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг эълон қилинган «Бизнесни юритиш» (Doing business) бўйича ҳисоботида Ўзбе­кис­тондаги ишбилармонлик муҳити 10 поғонага, кредитлаш соҳасидаги рейтинг кўрсаткичлари эса 24 поғонага кўтарилган, бу Давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестицион муҳитнинг яратилиши борасида олиб борилаётган ишларнинг ижобий самара бераётганидан далолатдир.

Шу билан бирга, мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 январдаги мажлисида муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов томонидан «Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш» – 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари ва устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, максимал даражада қулай инвестиция иқлимини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ойдинлигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилаш, янги иш жойларини барпо этиш ва иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4609-сонли Фармони ҳамда 2014 йил 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2164-сонли Қарори қабул қилинди.

Мазкур фармон ва қарорга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларини амалга ошириш жараёнида лицензия ва сертификат олиш, маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича амалиётлар соддалаштирилганлиги билан бир қаторда, банк тизими томонидан ҳам қатор имтиёзлар ва қулайликлар яратилиши кўзда тутилган.

Иқтисодиётимизнинг бошқа соҳалари каби банк тизими томонидан тадбиркорлик субъектларига берилаётган қўшимча имтиёзлар ва имкониятлар аҳолининг моддий фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиётни модернизация қилиш, республикада ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш жараёнида банкларнинг иштирокини янада кенгайтиради.

Ушбу муҳим ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида «2014-2015 йилларда инвестицион ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти ривожланишини рағбатлантириш самарасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар Дастури» тасдиқланди.

Ушбу чора-тадбирлар дастурида Ўзбекистон банк тизимига ҳам қатор вазифалар юклатилди. Хусусан,

– бир ой муддатда ўз веб-сайтида тадбиркорлик субъектлари билан муносабатлар бўйича масалаларни тартибга соладиган ахборотни, уни кейинчалик доимий равишда янгилаб турган ҳолда, жойлаштириш;

– қабул қилинган идоравий меъёрий ва бошқа ҳужжатларни мажбурий эълон қилиш (татбиқ этилиши чекланган ва тижорат сири ҳақидаги маълумотларга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно);

– тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар, лицензия, сертификат ва бошқа ҳужжатларни бериш, шунингдек, расмийлаштириш муддати ва тартибини кўрсатиш;

– тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш муддати ва нархлари акс эттирилиши белгиланди.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ҳисобварақларидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга оширилишида банк хизматлари учун тўлов олиш амалиётини бекор қилиш белгилаб қўйилди. Бу эса тадбиркорнинг молиявий харажатларини қисқартирди.

Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиқ ва молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ёки улар кўрсатилган манзилда мавжуд бўлмаган тақдирда, солиқ идоралари томонидан фақатгина суднинг тегишли қарорига асосан хўжалик субъектларининг банк ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳолат ҳам бир томонлама мижознинг ҳуқуқларини чеклаб қўйишдан ҳимоя қилади.

Бугунги кунда тижорат банклари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит олиш учун барча тегишли ҳужжатлар тақдим қилинганда 3 банк иш кунида кўриб чиқиш механизми жорий қилинди. Ушбу ҳолат бўйича бундан кейин Ўзбекистон Республикасининг «Микромолиялаш тўғрисида»ги Қонунига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритиладиган бўлди.

Шунингдек, мазкур фармонга мувофиқ 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб саноатнинг кўп меҳнат талаб қиладиган айрим тармоқлари бўйича кичик корхоналар ишчиларининг чекланган ўртача йиллик сони 2 баробарга оширилди.

Булар қурилиш материаллари, енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналари бўлиб, ушбу корхоналарда ходимларнинг ўртача йиллик сони 200 нафаргача бўлганида ҳам кичик тадбиркорлик субъектлари сифатида, уларга берилган имтиёзлардан фойдаланиш имконияти яратилди.

Эътиборлиси шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 15 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1112-сонли Қарорига мувофиқ, кичик корхона ўз уйларида ишлаётган (касаначилик билан шуғулланаётган) фуқаролар билан, қонун ҳужжатларида белгиланган ходимлар сонининг чекланган нормативидан кўпи билан 30 фоиз ошган миқдорда меҳнат шартномалари тузганда, кичик корхоналар учун назарда тутилган кафолатлар, имтиёзлар ва преференциялар мазкур корхона учун сақланиб қолиши кўрсатилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги «Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4232-сонли Фармонига асосан микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан республикамиз касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ва олий таълим муассасалари битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузилганда, банд ходимларнинг ўртача йиллик сони қонун ҳужжатларида белгиланган чекланган нормативдан кўпи билан 20 фоиз оширилган ҳолларда, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун назарда тутилган имтиёзлар, кафолатлар ва ҳуқуқлар уларда сақланиб қолиши белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб қурилиш материаллари, енгил ва озиқ-овқат саноати тармоқларида фаолият кўрсатаётган кичик корхоналарда қонунчиликда белгиланган нормаларга риоя қилган ҳолда ходимларнинг ўртача йиллик сонини 300 нафаргача ошириш имконияти яратилди.

Бу, ўз навбатида, жойларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг 2013 йил 20 ноябрдаги «2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида»ги 744-II-сонли қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг «Гаров реестри тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ушбу қарор лойиҳасига:

– Гаров реестри давлат унитар корхонасини Марказий банкнинг штат жадвали асосида белгиланган тартибда ташкил қилиш;

– Гаров реестри давлат унитар корхонасининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;

– Гаров реестрининг аниқ домен номини аниқлаш (веб-сайт манзили);

– Гаров реестрига кўрсатилаётган хизматларга бўлган тўловлар миқдорини ва шартларини аниқлаш (Гаров реестрига кредиторларнинг ёзувларини киритиш, ёзувларидан кўчирма бериш в.б.);

– Гаров реестрини юритиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, бунда:

Гаров реестрига ёзувларни киритиш бўйича тузилган шартномага асосан, Гаров реестрига ёзувларни киритиш ва кўчирмалар олиш учун ҳақ ундириш;

Гаров реестрига тергов ва суриштирув органлари, давлат солиқ органлари, божхона хизмати ва кредиторлар тўғрисидаги ёзувларни киритиш, ўзгартириш ва чиқариб ташлаш;

ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида суднинг қарорига асосан Гаров реестридан ёзувларни киритиш, ўзгартириш ва чиқариб ташлаш;

Гаров реестридан қарздорнинг мол-мулкни тасарруф этиш ва фойдаланишга доир ҳуқуқларини чеклаш борасидаги ёзувларни киритиш, ўзгартириш ва чиқариб ташлаш;

киритилган ёзувларга қарздорнинг эътирозларини киритиш;

Гаров реестридан маълумотлар излашни амалга ошириш, Гаров реестридан ҳужжатларнинг рўйхати ва маълумотлардан кўчирма олиш ва бошқаларни амалга ошириш вазифалари киритилади.

Шу билан бирга, ташқи савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига шартномалар тўғрисидаги электрон имзодан фойдаланган ҳолда, электрон кўринишда интернет тармоғи орқали маълумотларни киритиш ва Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (ТСО)га тўғридан-тўғри ўтказиш ва ўз навбатида, ваколатли банкларда ташқи савдо шарт­номаларини рўйхатга олишни бекор қилиш имкониятлари яратилади.

Бундан кейин хўжалик субъектларининг ташқи савдо шартномалари мониторинги ва назорати валюта назорати органлари ва ваколатли банк­лар томонидан ТСО орқали амалга оширилади.

Ушбу фармонга асосан тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида тадбиркорлик субъектларини кредитлаш тизимини янада такомиллаштириш, тижорат банклари, суғурта компаниялари, давлат нотариал идоралари, ички ишлар органлари, давлат кадастри, давлат солиқ хизмати ва тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар ўртасида кредит ахбороти алмашинуви тизими соддалаштирилади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, фармонга мувофиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан олинган кредит маблағларининг таъминоти сифатида гаровга қўйилган мулкларни кредитнинг қайтарилган қисмига нисбатан гаровдан чиқариш бўйича рухсат бериш механизми амалиётга татбиқ қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йилнинг 27 декабрида 2546-сон билан рўйхатга олинган «Кичик тадбиркорлик субъектларини миллий валютада кредитлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Бундай имконият тадбиркорга гаровдан чиқарилган мол-мулкни ўз ваколати доирасида эркин тасарруф этишига имкон яратади.

Банклар ва валюта биржаси ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни савдо ўтказилган куннинг эртаси кунидан кеч бўлмаган муддатда амалга оширилишини кўзда тутган ҳолда банкларнинг валюта биржаларидаги савдолардаги иштироки учун миллий валютадаги маблағларини депонент­лаш талабларини бекор қилиш каби вазифаси ҳам мазкур фармонга мувофиқ юклатилган.

Бундан ташқари, экспортер корхоналарга янада қулайлик яратиш мақсадида суғурта компанияларига янги суғурта хизмат шаклини яратиш, бунда мажбуриятлари таъминланган экс­порт шартномаларини суғурталаш ва ушбу шартномалар бўйича тушумларни экспортерларнинг кредитлари таъминоти сифатида фойдаланиш имконияти яратилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 15 апрелдаги ПҚ-2164-сонли Қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 октябридан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида тадбиркорлик субъектларининг шахсий кабинетлари ташкил этилиб, улар орқали:

– молиявий, солиқ, статистика ва бошқа ҳисоботларни интерактив тарз­да расмийлаштириш ва тақдим этиш;

– «Интернет-банкинг» тизими ёрдамида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал ва давлат божи тўловларини, рухсат бериш характерига эга ҳужжатлар ва лицензиялар олиш учун тўланадиган тўловларни амалга ошириш;

– маълумотномалар олиш ва давлат интерактив хизматининг бошқа турларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади.

Шунингдек,

– 2014 йил 1 июндан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига «бир дарча» тамойили бўйича электрон шаклда миллий валютада бир йилгача бўлган муддатга кредит олишга доир ҳужжатларни хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига тақдим этиш;

– терминал ва касса аппаратларини олиш учун буюртмаларни элек­трон тарзда тақдим этиш имконияти яратилди.

Муҳими, Президентимизнинг фармон ва қарорлари асосида юртимизда маҳаллий ва хорижий инвестиция­ли корхоналарнинг ривожланишига қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Хусусан, «Ўзбекистон бугун жадал ривожланаётган, хорижий инвесторлар учун қулай сармоявий муҳит яратилган мамлакатдир. Биз Фар­ғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги корхонамизга охирги икки йилда 85,0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритдик. Жорий йилда ишлаб чиқаришни яна 10 минг тоннага кўпайтириш мақсадида қўшимча 20,0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишни режалаштирганмиз», – дейди «Индарама» қўшма корхонасининг ижрочи директори Атул Кумар Синх.

Бу каби мисолларни республикамизнинг барча ҳудудларидан юзлаб келтиришимиз мумкин.

Мухтасар айтганда, яратилаётган қўшимча имкониятлар мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожланиш истиқболларини янги босқичга олиб чиқишга, уларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга, истиқболда аҳоли фаровонлигини ошириш билан бир вақтда, кичик бизнес ва хусусий тадбикорлик субъектларининг молиявий маблағларини ва вақтини тежашга ҳамда тижорат банклари ўртасидаги рақобат муҳитини янада кучайишига хизмат қилади.

 

Отабек Азимов, Отабек Тожиддинов,

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тижорат банкларининг

инвестиция портфелини мониторинг қилиш департаменти мутахассислари.

 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example