«Асака» давлат акциядорлик-тижорат банки (ОАЖ) мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда саноатни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Айниқса, муассасанинг ўз минтақавий филиаллари билан амалга ошираётган ишлари таҳсинга лойиқдир.
Хусусан, банкнинг Андижон вилоятидаги Асака филиали ўз шахсий бизнесларини ташкил этиш истагида бўлган кўплаб тадбиркорларга сармоялар ажратиб, ҳудудда аҳоли бандлигини ошириш ҳамда янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишга кўмаклашмоқда. Филиал томонидан давлатга қарашли йирик корхоналар билан биргаликда тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ишлари деярли ҳар куни олиб борилади. Жорий йил биринчи чорагининг ўзида филиал томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларга кўрсатилган молиявий хизматлар ҳажми (ажратилган кредитлар) 3,5 млрд. сўмни ташкил этди.
Банкнинг кредит манбаларига таяниб фаолият юритаётган минтақа ишбилармонлари бугун ижобий натижаларга эришмоқда. Ана шундай мижозлар сирасига айни пайтда чорвачилик йўналишида катта куч-ғайрат билан иш юритаётган «Асакалик Азизбек келажаги» ҳамда тўқимачилик соҳасида самарали фаолият олиб бораётган «Asaka mega textile» хусусий корхоналарини киритиш мумкин. Ушбу корхоналарнинг бири банк сармояси ҳисобига қорамоллар сонини кўпайтирган бўлса, яна бири ўз айланма маблағларини шакллантириш мақсадида кредит ўзлаштириб, корхонага замонавий ишлаб чиқариш ускунасини сотиб олган.
Шунингдек, банк филиали ўрта махсус касб-ҳунар коллежи битирувчилари мустақил тадбиркорлик фаолияти юритиши учун кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратади. Чунончи, жорий йилнинг биринчи чорагида ана шундай ўқув муассасаларидаги ўқувчиларнинг 13 нафари банкнинг имтиёзли кредитларини олишга муваффақ бўлди.
Филиалда кредит ресурсларининг тақсимланишида Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 28 июлдаги «Тижорат банкларининг инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириладиган узоқ муддатли кредитлари улушини кўпайтиришни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1166-сонли Қарори талабларига риоя этилмоқда. Ҳисобот даврида ушбу ҳужжат ижроси асосида «Шодлик ишонч сервис» МЧЖ томонидан тақдим этилган лойиҳа молиялаштирилди.
Бундан ташқари, банк филиали жорий йил сўнггига қадар туманда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга оид қатор кредит лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирган. Бунинг учун муассаса 26 млрд. сўмга яқин маблағ, жумладан, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига 1,3 млрд. сўм, аёллар тадбиркорлигини ташкил этишга 1,7 млрд. сўм, озиқ-овқат ва но¬озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга 15,1 млрд. сўмлик сармоя йўналтиришни мўлжаллаган. Шунингдек, тадбиркорларга 2,5 млрд. сўм ҳажмида микрокредитлар ажратиш белгиланган.
– Корхонамиз озиқ-овқат ва хўжалик моллари савдоси билан шуғулланишга ихтисослашган, – дейди Замирахон Рустамова. – Аҳоли эҳтиёжларини қондириш ва уларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида айланма маблағларни тўлдириш учун бизнес-режа туздик. Лойиҳамиз «Асака» банкнинг Асака филиали томонидан ижобий ҳал қилинди. Натижада савдо пештахталаримиз озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларига тўлдирилиб, савдо айланмамиз 2 бараварга ўсди. Бундай амалий ва молиявий кўмак учун «Асака» банкдан мамнунмиз.
Мухтасар қилиб айтганда, «Асака» ДАТБ республикамиздаги етакчи молия муассасаларидан бири сифатида юртимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётини тараққий эттиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Муассасанинг биргина Асака филиали томонидан олиб борилаётган мақсадли кредит фаолияти туфайли айни пайтда ҳудуд аҳолисининг фаровонлигини оширишга хизмат қилувчи кўплаб лойиҳалар белгиланган вақтда ўз амалий ифодасини топаётганлиги фикримиз далилидир.