ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11405.84 -14.36
1 EUR = 12225.92 -13.11
1 RUB = 141.04 -1.72
1 GBP = 14159.21 +59.83
1 JPY = 81.35 -0.07
1 AFN = 130.22 -0.16
1 AMD = 29.62 -0.04
1 AED = 3105.40 -4.42


Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги «Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари» илмий-тадқиқот маркази билан биргаликда «Ўзбекистон иқтисодиётида молиялаштиришнинг инновацион усулларини жорий этиш» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбир Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги  4609-сонли Фармони ҳамда 2014 йил 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2164-сонли Қарорида ифодаланган миллий иқтисодиётни инновацион ривожлантириш масалаларига бағишланди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Банкмолия академияси ректори вазифасини бажарувчи А.Бекмуродов, Иқтисодиёт вазирлиги бўлим бошлиғи Ё.Файзуллаев, мазкур вазирлик ҳузуридаги Технологияларнинг трансфери бўйича агентлик директори ўринбосари А.Ибрагимов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ) ҳузуридаги илмий-тадқиқот маркази директори ТДИУ проректори Ш.Ражаббаев ва бошқалар иштирок этиб, улар томонидан янги технологиялар ва инновацияларни иқтисодиёт соҳаларига жорий қилиш ҳамда уларни молиявий маблағлар билан таъминлаш мавзулари доирасида маърузали чиқишлар қилинди.

Ўзбекистон ички имкониятлар ва захираларга асосланган пухта ўйланган ташқи иқтисодий сиёсат натижасида ташқи қарзнинг ялпи ички ишлаб чиқаришга (ЯИМ) нисбатан 17 фоиздан ошмаслигига эришди, тўғридан-тўғри жалб этилган хорижий инвестициялар эса жами хорижий инвестицияларнинг 72 фоизига тўғри келмоқда.

Тадбирда ўз тақдимотли маърузаси билан иштирок этган Шарофиддин Ражаббаев глобаллашув шароитида айнан ушбу стратегия мамлакатимизни ташқи омилларнинг салбий таъсиридан сақлаб қолиши мумкинлигини илмий асослади.

Ҳозирда ҳам жаҳон иқтисодиётида содир бўлаётган жараёнлар, хусусан, энергия манбаи ва истеъмол товарлари бўйича баҳоларнинг ўсиши, қатор тараққий этган мамлакатларда давлат қарздорлиги муаммосининг ортиши, халқаро миқёсда ишсизлик муаммосининг кескинлашуви Ўзбекистонда танланган сиёсатни изчил давом эттириш заруратини белгилайди, – дейди Ш.Ражаббаев. – Асосий фоиз ставкаларининг паст бўлишига қарамай халқаро молия бозорларидаги беқарорлик хусусий секторда халқаро банклардан кредит жалб этишдаги қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Бундан ташқари, инвестицияларни ташқи манбалардан жалб этишда рейтинг компанияларининг ижобий хулосаси зарурлиги ривожланаётган мамлакатлар учун молиявий маблағларни жалб этишнинг янги манбалари ва шаклларини излаш заруратини туғдирмоқда.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, бугунги кунда жаҳон амалиётида молиявий маблағларни жалб этишнинг турли хилдаги инновацион манбалари аниқланган. Улар давлат бюджетига тўғридан-тўғри тушумни таъминловчи янги шаклдаги халқаро солиқлардан бошланиб, халқаро молия бозорларида ривожланаётган мамлакатлар учун суверен рейтингни талаб этмайдиган облигацияларни чиқаришгача бўлган қатор усулларни ўз ичига олади.

– Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда молиявий маблағлар жалб этиш бўйича жаҳон амалиётида аниқланган барча инновацион усулларни қўллаш имкониятлари мавжуд, – дейди Ш.Ражаббаев. – Мазкур усулларни жорий этиш ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг изчил давом этишини молиявий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Ўтказилган давра суҳбати ушбу усулларни жорий этиш бўйича зарур таклиф ва тавсияларни жамлаш, соҳада мавжуд бўлган, аммо қўлланилмаган имкониятларни сафарбар этиш йўлларини аниқлашга имкон берди.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example