Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» акциядорлик лизинг компанияси томонидан фермер хўжаликларини лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлашга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда республикамизда амалга оширилаётган «Озиқ-овқат» дастурида белгиланган устувор вазифалардан бири – фермер хўжаликларини юқори самарали замонавий қишлоқ хўжалик техникалари билан таъминлаш эканлиги, бу борада компания томонидан изчил чора-тадбирлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқни лизинг шартларида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 424-сонли Қарорига мувофиқ, фермер хўжаликлари учун «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» компанияси хизматидан фойдаланишда қатор имтиёзли лизинг шартлари белгиланган. Унга кўра, лизинг объекти қийматининг 15 фоизи олдиндан тўлаб берилиши, тракторлар ва ўрим-йиғим техникалари 10 йил муддатга, йиллик фоизи Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизидан ошмаган ҳолда берилаётганлиги айтиб ўтилди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 21 майдаги «2012-2016 йилларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида»ги 1758-сонли Қарори ҳамда 2013 йил 16 апрелдаги «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» акциядорлик лизинг компаниясининг капиталлашув даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1955-сонли Қарори талабларига мувофиқ, ўтган даврда компания устав фонди 10,9 млрд. сўмдан 50,0 млрд. сўмга кўпайтирилди, – дейди «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» компанияси бошқаруви раиси Нодир Отажонов. – Бу, ўз навбатида, компаниянинг юртимиз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизация қилиш жараёнларидаги иштирокини янада кучайтириш имконини берди.
Компания ўз фаолияти мобайнида республикамиздаги 37 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалик корхоналарига жами 1 трлн. 108,8 млрд. сўмдан ортиқ қийматдаги 50 мингга яқин турли қишлоқ хўжалик техникаларини лизингга етказиб беришни амалга оширди. Ушбу кўрсатилган лизинг хизматлари бўйича лизинг портфели қолдиғи 2014 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 454,0 млрд. сўмга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 43 фоиз (83,0 млрд. сўм)га кўпайди. Қиймат бўйича таҳлил қилинганида компания томонидан 2012 йилда 167,7 млрд. сўм, 2013 йилда 276,2 млрд. сўм ҳажмидаги техникалар лизинг асосида етказиб берилганлиги аниқланди. Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида эса, муассаса томонидан 1850 дона техника учун 100,5 млрд. сўмлик лизинг хизмати кўрсатилди.
– Жорий йилда 4 мингдан ортиқ фермер хўжалигига 40 турдаги 4 500 дона қишлоқ хўжалик техникаларини лизинг асосида етказиб бериш саъй-ҳаракатлари олиб борилмоқда, – дейди Н.Отажонов. – Бунда асосий эътибор ҳайдов тракторлари, макка ва хашак ўриш комбайнлари ҳамда пахта териш машиналарини етказиб бериш, барча лизинг хизматларининг консалтинг хизматлари билан уйғунликда олиб борилишини таъминлашга қаратилади.
Анжуманда компаниянинг лизинг портфелини шакллантиришда тижорат банкларидан жалб қилинаётган ресурслар салмоқли ўрин эгаллаётганлиги, бу борада, айниқса, «Асака» ДАТБ, «Агробанк» ОАТБ, Давлат-тижорат Халқ банки билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлиги таъкидланди.