Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси 2013-2014 ўқув йили тингловчиларини ёзги тажриба оширишларини ташкил этиш мақсадида Германия академик алмашувлар хизмати (DAAD)нинг навбатдаги грантига сазовор бўлди.
Жорий йилнинг июль-август ойларида Академиянинг 16 нафар тингловчиси ва битта ўқитувчиси Бремерхафен университети томонидан тайёрланган «Лойиҳавий молиялаштириш соҳасида халқаро тажрибани ўрганиш» мавзуидаги дастурда иштирок этади.
Ўқув дастури давомида тингловчилар инвестицион лойиҳалар концепцияси, инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш турлари, лойиҳавий ғоя генерацияси ва лойиҳавий гуруҳ тузиш, инвестицион лойиҳалар бенефициарларининг таҳлили, лойиҳавий молиялаштиришда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини амалга ошириш тажрибаси ва бошқа мавзулардаги маъруза ва семинарларда қатнашади.
Шу билан бирга, тингловчилар иқтисодиёт тармоқларида лойиҳавий молиялаштириш ва бу борадаги тажриба билан танишиш мақсадида Шамол энергетикаси компанияси, Ллойд кемасозлик верфи, Гамбургдаги «Мерседес» ва «Аэробус» заводи, Бремендаги тижорат банки ва бошқа компанияларга ташриф буюрадилар.
Дастур сўнггида БМА тингловчилари Франкфуртдаги «Дойче» банкнинг бош офисида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишадилар.
Бремерхафен амалий билимлар университети таълим соҳасидаги юқори стандарт ва анъаналар асосида фаолият юритиб келмоқда. Унинг ўқув дастурлари ва илмий-тадқиқот фаолияти юқори амалий натижаларга эришишни кўзда тутади.