ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9448.53 -6.71
1 EUR = 10553.06 +114.48
1 RUB = 147.70 +0.45
1 GBP = 12255.69 +297.65
1 JPY = 87.15 -0.08
1 AFN = 121.59 +0.45
1 AMD = 19.91 +0.03
1 AED = 2572.57 -1.83


Ислом банк-молия тизимининг нимаси биз учун қизиқ? Нега бу масала мусулмон тадбиркорлари учун шунчалик муҳим деган саволнинг жавоби жуда оддий: барча мусулмонлар каби юртимиз тадбиркорлари ҳам ўз фаолиятларини нафақат амалдаги қонунчилик доирасида, балки ўз динлари талабларига мувофиқ тарзда – ҳалол йўллар билан амалга оширишни исташади.

Афсуски, мусулмон тадбиркорлари учун жуда муҳим масала бўлган – фоизсиз кредитлар, вақтинча шерикликка асосланган инвестициялар, ишонч асосида молиялаштириш ва бошқа ислом банк-молия тизимида қўлланиладиган турли операциялар шу пайтгача Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган. Бу ўринда Лондонни Европа ислом банк-молия тизимининг марказига айлантиришга эришган Буюк Британия ҳукуматининг тажрибаси диққатга сазовордир. 2000 йилда Англия банки давлат Ғазначилиги билан ҳамкорликда бу тармоқни ривожлантиришнинг имконият ва муаммоларини кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил қилди ва 2003 йилда мамлакат солиқ ва бошқариш тизимига шу мақсадга мувофиқ қатор ўзгартиришлар киритилди.

Бугунги кунда Буюк Британияда 20 га яқин банк-молия муассасалари (жумладан Standard Chartered, HSBC, BNP Paribas каби дунёнинг етакчи анъанавий тижорат банклари ҳам махсус ислом дарчалари орқали) ислом дини талаблари доирасида мусулмонларга хизмат кўрсатмоқда. Мамлакат аҳолисининг 5 фоизини ҳам ташкил қилмайдиган мусулмонлар банк-молия тизимига катта иқтисодий фойда келтирмаса ҳам, нафақат анъанавий, балки ислом банк-молиясида ҳам етакчилик қилаётган Буюк Британия дунёнинг молиявий маркази деган номга лойиқлигини кўрсатади ҳамда мусулмонларга танлаш имконияти тақдим қилган ҳукуматга мусулмон оламида катта сиёсий манфаатларга эга бўлиш имконини беради.

Албатта, ислом банк-молия тизимини беками кўст, деб бўлмайди. Унинг ҳам тажриба етишмаслиги, тизимнинг афзалликларини ёритиш, уни глобал даражада оммалаштириш устида сезиларли даражада иш олиб борилмаётганлиги ва қисман шу туфайли ҳануз етарли даражада ривожланиб улгурмаганлиги каби ўз муаммолари йўқ эмас.

Хўш, Ўзбекистонда ислом банк-молия тизими ривожланишининг биз учун қандай фойдали жиҳатлари бор?

– Ислом банк-молия тизимининг ривожланиши “ҲАЛОЛ” маҳсулот ва хизматлар бозорининг ривожланишига ҳам туртки беради, – дейди “Хусусийлаштириш, рақобатни ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш муаммоларини татқиқ қилиш маркази” катта илмий ходими Жаҳонгир Имамназаров. – Чунки ҳар қандай тадбиркорлик фаолияти, жумладан “ҲАЛОЛ” стандарти талаблари асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишни ташкил қилиш молиявий маблағсиз амалга ошмайди. 

Аксарият ҳолларда “ҲАЛОЛ” тоифадаги маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштираётган тадбиркорлар анъанавий банкларнинг фоизли кредитларидан фойдаланишни лозим топишмайди. Масалага мантиқан қараганда ҳам ислом дини нуқтаи назаридан таъқиқланган – рибо, яъни фоизга олинган кредит ҳисобидан ишлаб чиқилган маҳсулотни тўлақонли “ҲАЛОЛ” дейиш тўғри эмас. Шундай пайтларда ислом банк-молия тизимининг молиявий маҳсулотлари тадбиркорларга қўл келиши шубҳасиз.

Ҳозирда “ҲАЛОЛ” стандарти талабларига жавоб берувчи маҳсулотларни экспорт қилувчи асосий мамлакатлар АҚШ, Бразилия, Австралия, Германия каби ғарб давлатлари эканлигини ва бу давлатларда ишлаб чиқарилаётган “ҲАЛОЛ” маҳсулотлар анъанавий банк кредитларидан фойдаланган ҳолда ҳам ишлаб чиқарилаётганлигини назарда тутсак, мамлакатимиз олдида жуда катта имконият пайдо бўлади. Демак, Ўзбекистонда бошиданоқ тўлақонли, ислом банк-молия тизимини ўз ичига олган “ҲАЛОЛ” индустриясини шакллантириш ва дунё бозорига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “ҲАЛОЛ” маҳсулотлар, яъни нафақат ўрнатилган стандартга мувофиқ равишда, балки ислом молиясидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган деган мавқе билан кириб бориш мамлакатимизнинг мусулмон дунёсидаги обрў-эътиборини (имижини) мисли кўрилмаган даражада ошишига ва мамлакатимизда ишлаб чиқилган “ҲАЛОЛ” маҳсулотларга талабнинг ортишига сабаб бўлади, деб ўйлаймиз.

Айни пайтда ислом банк-молия тизими активлари жаҳон молиявий активларининг атиги бир фоизини ташкил қилади. Шунга қарамасдан дунё аҳолисининг салкам тўртдан бири мусулмонлардан иборат эканлигини ҳисобга олсак, тармоқнинг салоҳияти қанчалик катта эканлигини тасаввур қилишимиз мумкин бўлади, деб ёзади ЎзА сайти.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example