Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш, хорижий инвесторларга халқаро стандартларга жавоб берадиган ишончли ва холис молиявий ҳисоботларни тақдим этиш ҳамда халқаро стандартлар асосидаги бухгалтерия ҳисобини тубдан такомиллаштириш мақсадида «Ипотека-банк» АТИБ халқаро молиявий ҳисоботлар стандартлари (ХМҲС)нинг 9-стандартини татбиқ этди.
Мазкур жараён, дастлаб 2017 йилда бошланган бўлиб, лойиҳа «Ипотека-банк» АТИБ Кузатув Кенгашида муҳокама қилинди. 2018 йил 13 февралдаги Банк Бошқарувининг 23-сонли қарорига асосан, ХМҲС 9-стандарти талаблари бўйича «Ипотека-банк» молиявий активлари сифатини баҳоловчи модель яратиш ишлари бошланди.
Бу жараёнда ХМҲС 9-стандарти талабларини «Ипотека-банк» АТИБ тизимида татбиқ этиш бўйича «Ипотека-банк» молиявий активларини баҳолаш методологияси» ишлаб чиқилди. Методология яратишда дунёнинг «Катта тўртлик» деб аталувчи етакчи халқаро компанияларидан бири консультант сифатида жалб қилинди. Методология шу асосда яратилган моделга халқаро компаниянинг шарҳлари олиниб, у банк томонидан янада такомиллаштирилди.
Ушбу методологияга кўра, катта маълумотлар базаси яратилди ва таҳлил қилинди. Жумладан, «Ипотека-банк»нинг беш йиллик кредит портфели, барча молиявий активлари, балансдан ташқари моддалар, дебиторлик қарздорликлари ва бошқа маълумотлар таҳлил қилинди. Шунингдек, ушбу моделда Ўзбекистон Республикасининг 5 йиллик макроиқтисодий статистик маълумотлари асосида иқтисодий тенденциялар ва истиқболларнинг «Ипотека-банк» АТИБга таъсири корреляцион таҳлил қилинди.
Халқаро молиявий ҳисоботлар стандартлари (ХМҲС)нинг 9-стандартини татбиқ қилиш натижасида, лозим ҳолда молиявий активларга заҳиралар тузиш ва «Ипотека-банк»нинг активлари қиймати халқаро стандартларга мувофиқ акс эттирилади.