Марказий банк: йил якунлари ва истиқбол режалари

Дунё тажрибасидан маълумки, Марказий банкларнинг пул-кредит сиёсатидаги асосий инструментлардан бири бу коммуникация сиёсатини олиб боришда оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни кенг йўлга қўйиш ҳамда тизимдаги ҳар бир ўзгаришлардан аҳолини бохабар қилиб боришдир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳам қатор ижобий ишларни амалга ошириб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Тизимдаги шаффофлик ва очиқликни таъминлаш ҳамда халқимизни банк соҳасидаги ўзгаришлардан хабардор қилиш мақсадида ОАВ вакиллари учун қатор анжуманлар, брифинглар ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, яқинда пойтахтимизнинг «Тараққиёт стратегияси» марказида Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати департаменти мутахассислари ва журналистлар ўртасида ана шундай тадбир ташкил этилди.

Марказий банк: йил якунлари ва истиқбол режалари

Фото: Finance.uz

Пул-кредит сиёсати соҳасида 2018 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда Монетар сиёсатнинг 2019 йил ва 2020-2021 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари мавзусида бўлиб ўтган анжуманда Марказий банк департаменти директори Беҳзод Ҳамроев йиғилганларга жорий йилда қилинган ишлар ва келгуси йилларда пул-кредит сиёсатида бўладиган ўзгаришлар ва кутилмалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Ҳаракатлар стратегиясида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва илғор халқаро тажрибада қўлланиладиган инструментлардан фойдаланган ҳолда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, шунингдек, валютани тартибга солишда замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш вазифаси кўрсатиб ўтилган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда Марказий банк томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида Б. Ҳамроев қуйидагиларни сўзлаб берди.


– 2017 йилнинг иккинчи ярмигача юртимизда нофаол пул-кредит сиёсати олиб борилган эди. Чунки бунга шароит ҳам, талаб ҳам бўлмаганди. Президентимизнинг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонидан сўнг иқтисодиётимизда туб бурилиш бошланди. Шундан сўнг 2017 йилнинг 13 сентябрида Президентимизнинг «Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор эълон қилиниб, шу асосда давр талабига мос бўлган фаол пул-кредит сиёсатига ўтила бошланди. Қарорга мувофиқ, халқаро тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, ўрта муддатли истиқболда инфляцион таргетлаш тизимига ўтиш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Албатта, бу тизимга ўтиш маълум бир вақт талаб қилгани боис, келгуси йилда мана шу тизимга ўтиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилади.


2018 йилда эса пул-кредит сиёсатини юритишда асосий эътибор иқтисодиётда инфляция даражасини пасайтириш ва инфляцион таргетлаш режимига ўтишга тайёргарлик кўриш босқичида пул-кредит сиёсати инструментларини ривожлантиришга қаратилди. Бунда бозор тамойиллари ва ривожланган давлатлар марказий банклари тажрибасидан кенг фойдаланилди. Хусусан, жорий йилда банк тизими ликвидлигини таҳлил қилиш амалиёти такомиллаштирилиб, интервенцияларнинг янги стратегияси ишлаб чиқилди ҳамда мажбурий резервлар тартиб ва нормативларига икки маротаба ўзгартириш киритилди.

Шунингдек, жорий йилда Марказий банк томонидан республикамиз ҳудудларида инфляцияни шакллантирувчи омиллар ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларини ўрганиш бўйича сўровлар йўлга қўйилди. Инфляция даражасини прогнозлаштириш ва макроиқтисодий таҳлилларни амалга оширишда кенг қамровли маълумотларга асосланувчи эконометрик моделлардан фойдалана бошланди. Шу билан бирга иқтисодиётда инфляцион кутилмаларни пасайтириш ва инфляцион босимнинг олдини олиш мақсадида пул-кредит шароитлари бир маромда қатъийлаштириб борилди ҳамда банк тизими ликвидлигини самарали тартибга солиш амалиётини бозор тамойиллари асосида такомиллаштириш мақсадида декабрь ойидан бошлаб тижорат банклари билан депозит аукционлари ўтказиш жорий қилинди.

Шулар қаторида Марказий банк томонидан Монетар сиёсатнинг 2019 йил ва 2020-2021 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари жорий макроиқтисодий ҳолат ва ташқи иқтисодий вазият таҳлили, шунингдек, ташқи ва ички шароитларнинг ривожланиш прогнозлари асосида ишлаб чиқилди.

Мазкур ҳужжат ўз ичига ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсатининг мақсад ва тамойиллари, пул-кредит соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлили ва кутилаётган натижалар, макроиқтисодий ривожланиш сценарийлари ҳамда ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсати инструментларини такомиллаштириш чораларини қамраб олган.

Келгуси йилларда Марказий банк пул-кредит сиёсатини юритишда эҳтиёткорона ёндашувдан фойдаланиб, пул-кредит шароитларини бир маромда қатъийлаштириб боришни кўзда тутмоқда.

Марказий банк: йил якунлари ва истиқбол режалари

Фото: Finance.uz

Иқтисодиёт ривожланишининг асосий сценарийсига асосан ЯИМ ўсиш суръати 2018 йил якунига кўра 5,2 фоиз, 2019 йилда эса 5,4 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда. Ўтган ва жорий йилларда инвестицион фаолликнинг ошиши ҳамда иқтисодиётнинг реал секторида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида кейинги йилларда иқтисодиёт ўсиш суръатларининг янада тезлашиши кутилмоқда.

Pin It
Реклама
Реклама
Реклама
Реклама