Sanoat Qurilish Bank Тошкент шаҳридаги Инха университети билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ва, келишувга кўра, университет биносида банк хизматлари ва амалиётларини автоматлаштириш бўйича «Sanoat Qurilish Bank’нинг молиявий технология маркази» («Financial Technology center of Sanoat Qurilish Bank»)ни ташкил этди.
Марказда банк ва SAP компанияси вакиллари талаба-ёшларга дастурий таъминотлар яратиш, уларни банк ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) тизимида жорий қилиш, шу соҳада янги банк хизматлари учун бизнес жараёнларни ташкил этиш ва таҳлилий ҳисоботларни яратиш, шунингдек дастурий таъминотларга техник хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича билим ва тажрибалар улашади.
Лойиҳа университет талабаларига турли ахборот технологиялари ёрдамида банк бизнесининг барча йўналишлари бўйича назарий билимларини амалий кўникмалар асосида мустаҳкамлашга қулай шароит яратади. Банк учун эса АКТ соҳасида кадрлар захирасини ўз вақтида юқори салоҳиятли мутахассислар билан бутлашга замин яратади.
Шу мақсадда 2018-2019 ўқув йилида олийгоҳнинг 3-4-босқич талабалари орасидан билим жиҳатдан юқори рейтингга эга 12 нафар талаба танлаб олинди. Келажакда улар сони банкнинг шу мутахассисликка оид талабига мувофиқ ошиб бораверади.
Қайд этиб ўтамиз, Sanoat Qurilish Bank’да ходимлар захирасини шакллантириш жаҳон тажрибасида мавжуд бўлган «Internship» услуби асосида олиб борилмоқда. Унга кўра, банк фаолиятига оид мутахассислик бўйича олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналиши 3-4-босқич ва магистратура бўлими 1-2-босқичларида таҳсил олаётган иқтидорли, ташаббускор, юқори билимга эга, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштириб, ўқишни муваффақиятли давом эттираётган талабалар дастлаб стажировка ўташга жалб қилинмоқда. Кейинчалик эса улар банк раҳбарияти таркибидан тузилган комиссия томонидан суҳбатдан ўтказилиб, ишга қабул қилинмоқда.