ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11405.84 -14.36
1 EUR = 12225.92 -13.11
1 RUB = 141.04 -1.72
1 GBP = 14159.21 +59.83
1 JPY = 81.35 -0.07
1 AFN = 130.22 -0.16
1 AMD = 29.62 -0.04
1 AED = 3105.40 -4.42


Болажонлар учун Янги йил байрами

Юртимизда янги йил байрами кунлари яқинлашиб келмоқда. Янги йил – барча учун ёқимли ва қувончли байрамдир. Бу байрамни, айниқса, болажонлар интиқлик билан кутиб, «Янги йил мўжизаси»ни орзу қилади ҳамда бу уларнинг ҳаёлида деярли ғаройиб ва саргузаштларга бой энг қувноқ байрамлардан бири ҳисобланади.

Айни янги йил байрами арафасида, «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки раҳбарияти томонидан анъанага айланган Ногирон болалар «Камалак» уйида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ва ногирон болалар учун хайрия тадбири ташкил этилди.

Биламизки, ўзбек азалдан олийжаноб, саҳоватпеша ва эзгулик йўлида мол-мулкини хайр-эҳсон қилувчи халқ ҳисобланган. Яъни, хайр-саҳоват, инсонпарварлик ва мурувват халқимизга хос улуғ анъана. Айниқса, кўнгли ўксик инсонларга меҳр кўрсатиш, қалбини қувончга тўлдириш савоби улкан амаллар сирасига киради. Саҳоватни бир боққа қиёсласак, ундаги «мевали дарахт»ларни «эҳсон» деб аташимиз мумкин. «Эҳсон» яхшилик қилиш, яхшиликни сочиш маъносини англатса, унинг луғавий маъноси эса чиройли амал қилишликдир.

Болажонлар учун Янги йил байрами

Фото: Trastbank.uz

Бирон бир кимсага яхшилик қилинса, шуни билиш жоизки, сизнинг саҳоватингиздан у одам беҳад шод бўлиши баробаринда ўзингиз ҳам бу ҳимматингиздан шунчалик завқ ола билишингиз керак. Бундай завқ фақат беминнат ва холислик ила яхшилик қилувчиларга насиб этади ҳамда эзгулик йўлидаги саъй-ҳаракат натижасида инсон қалби хотиржам бўлади.

Бугун мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканлигини кўрсатиш мақсадида турли тадбирлар ўтказилаётгани, Президентимиз томонидан «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида «ногирон» сўзи ўрнига «ногиронлиги бўлган шахс» иборасини қўллаш белгилангани юртимизда инсон омилига бўлган юксак эътиборнинг натижаси эканидан далолат беради.

Болажонлар учун Янги йил байрами

Фото: Trastbank.uz

Дарҳақиқат, ҳар йили юртимизнинг турли туманларида жисмонан имконияти чекланган инсонлар учун бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда, бироқ айни ногирон болалар учун ташкил этиладиган тадбирлар эзгулик улашувчи инсонларни бефарқ қолдирмайди.

«Трастбанк» хусусий акциядорлик банкининг бир гуруҳ жамоаси ҳам болажонларга бир олам қувонч улашиш мақсадида ушбу шодиёна кечага Қорбобо, Қорқиз ва севимли мультфильм қаҳрамонлари билан ташриф буюрди. Болажонлар учун айниқса, севимли эртак қаҳрамонлари билан биргаликда бўлиб ўтган Янги йил байрами ўзгача таассуротларга бой бўлди. Тадбирда янграган жозибали куй-қўшиқ ва рақслар, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги қизиқарли саҳна асарлари болаларга бир олам қувонч бахш этди.


– «Банкимиз раҳбарияти ташаббуси билан уюштирилган бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад - ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ва ногирон болаларни қўллаб-қувватлаш, ногирон кишиларга нисбатан одамларнинг онгини ўзгартириш, шунингдек жамиятда уларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, қолаверса мурғак қалб соҳиблари бўлмиш бу болажонларга қувонч улашишдан иборат, – дейди «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки Ишлар бошқармаси департаменти директори Сарвар Муродов.

Хусусан, ижтимоий муҳтож оилалар ва ногиронлиги бўлган кишиларга кўрсатилган хайр-саҳоват, меҳр-оқибат, силаи-раҳм каби улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бўлиб келган. Бундай олийжаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади», – дея сўзини якунлади Сарвар Муродов.


Кўтаринки руҳда ташкил этилган тадбир якунида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва ногиронлиги бўлган болажонларга «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки томонидан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ширинликлар жамламаси каби совғалар улашилди. Бу совғалар айниқса, Янги йилни орзиқиб кутадиган беғубор чеҳрали болажонларга чексиз қувонч бағишлади.

Болажонлар учун Янги йил байрами

Фото: Trastbank.uz

Бу ҳақда банк ахборот хизмати хабар бермоқда.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example