Тошкентда хорижий инвесторларга махсус марказлар ёрдам беради

2019 йилнинг 1 февралидан пойтахтнинг туман ҳокимликлари ҳузурида Инвесторларни қўллаб-қувватлаш марказлари иш бошлайди. Марказлар инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий инвесторларга, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўмаклашади. Бу меъёрлар Вазирлар Маҳкамасининг 4.01.2019 йилдаги 4-сон қарори билан белгиланган.

Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

● инвесторларга туманларнинг салоҳияти, туман ҳокимликлари томонидан тайёрланган аниқ инвестиция таклифлари, мавжуд имтиёз ва преференциялар тўғрисида батафсил маълумотларни олишда кўмаклашиш;

● инвесторларини бўш турган давлат мулки объектлари ва фойдаланилмаётган ер участкалари, шунингдек, уларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлаш;

● инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда инвесторларга маслаҳатлар бериш, шу жумладан уларга консалтинг хизматлари (лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ва бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш) кўрсатиш;

● давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, тижорат банклари вакиллари иштирокида туманларнинг инвестиция имкониятлари масалалари бўйича тадбир ва учрашувлар ташкил этиш;

● хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда, шу жумладан бўш турган, фойдаланилмаётган объектлар ва ер участкалари негизида лойиҳаларни амалга ошириш учун салоҳиятли маҳаллий шерикларни топиш;

● инвесторларга муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда рухсат берувчи ҳужжатлар, шу жумладан қурилиш ишларини амалга оширишга рухсат беришга доир ҳужжатларни олишда кўмаклашиш;

● лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга оширишда юзага келадиган муаммоларни тезкор ҳал қилиш, шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этиладиган корхоналарнинг самарали фаолият кўрсатишига ёрдам бериш;

● хорижда ўтказиладиган халқаро инвестиция ва бизнес-форумлар учун материаллар, видеороликлар, инвестиция таклифлари ва тақдимотлар тайёрлашда иштирок этиш.

Шу ўринда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, туман ҳокимликлари ва давлат бошқаруви органлари раҳбарлари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳасида қуйидагиларга эътибор қаратадилар:

● Тошкент шаҳрида бизнес юритиш учун инвестиция муҳитини яхшилаш;

● юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни, шу жумладан кичик саноат зоналари ва технопаркларда уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва экспортини кўпайтирган ҳолда ривожлантириш учун инфратузилма ташкил этиш;

● минтаканинг туристик маркази сифатида пойтахтнинг жозибадорлигини ошириш, ички ва хориждан ташриф буюрадиган туристлар оқимини кўпайтириш, турли форматдаги меҳмонхоналар тармоғини ташкил қилиш, шунингдек, тиббиёт туризмини ривожлантириш;

● халкаро етакчи олий укув юртлари филиалларини очиш, соғлиқни сақлаш муассасаларини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик механизмларини қўллаган ҳолда қуриш, қайта тиклаш ва техник қайта жиҳозлаш;

● трансмиллий компаниялар, йирик хорижий молия корпорацияларини жалб қилиш, пойтахтни минтақавий молия маркази сифатида ривожлантириш;

● хусусий инвестицияларни замонавий офис бинолари ва уй-жой комплекслари қурилишига жaлб қилиш, уларни тсгишли инфратузилма билан таъминлаш, пойтахтнинг алоҳида ҳудудларида «smart city» ва «green city» тизимларини тадбиқ қилган ҳолда қурилиш ишларини янада ривожлантириш;

● муҳандислик-коммунал инфратузилмасини ривожлантириш, коммунал хизматлар сифатини ва оммабомлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларини татбиқ қилиш ва хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этиладиган корхоналарни муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини жадаллаштириш.

Қарор билан шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокида Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳалар рўйхати ва инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун Тошкент шаҳри туманларини ривожлантиришнинг устувор соҳалари тасдиқланди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.01.2019 йилдан кучга кирди.

Бу ҳақда norma.uz сайти маълум қилмоқда.

Pin It
Реклама
Реклама
Реклама
Реклама