ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9384.00 +323
1 EUR = 10393.72 +301.58
1 RUB = 140.14 +1.67
1 GBP = 11378.10 +451.44
1 JPY = 88.01 +2.44
1 AFN = 119.86 +4.09
1 AMD = 19.76 +0.67
1 AED = 2555.00 +87.94


Банклар …мобил телефонларга «кетмоқда», мижозлар эса банкларга қайтмоқда

Ушбу молиявий муассасаларнинг аксарият хизматлари мобил иловалар орқали кўрсатилаётгани қувонарли ҳол. Ижобий ҳолатлар янада кўпайиши учун нималар қилиш зарур?

Телефоним жиринглаб қолди…

Яқинда менга қўнғироқ қилишди. Тўлов тизимининг маркетинг хизмати вакили статистика маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мен картадан картага ўтказадиган пул маблағлари ҳажми нима сабабдан камайиб кетганлиги билан қизиқди. Иккинчи саволи ҳам ғалати эшитилди. У мазкур хизматдан фойдаланишдаги фаоллигимни ошириш учун нима қилиш кераклиги билан қизиқди. Фикримча, мижозларга бундай саволлар билан мурожаат қилиш тўғри эмас. Наҳотки бундай компанияларда ишловчи мутахассислар бозорда нималар рўй бераётганини кўрмаётган бўлса?

Мобил банк иловаларининг оммавийлиги ошмоқда. Тақдим этилаётган хизматлар рўйхати бўйича уларнинг аксарияти тўлов тизимлари маҳсулотларидан қолишмаяпти. Бунинг устига, уларда омонат очиш, онлайн-конвертация сингари ўзига хос банк хизматларини топиш мумкин. Энг асосийси – кўпинча улардан фойдаланиш қулай бўлибгина қолмай, наф ҳам келтиради.

Картадан картага пул ўтказиш билан боғлиқ вазиятни кўриб чиқамиз. Бунинг учун тўлов тизимлари асосий дастак бўлганда барча ўтказмалар сумманинг 1%ини ташкил этарди. Банк иловалари ривожланиши билан уларнинг айрим турлари икки баравар ва ундан-да арзонлашди. Бунда аввало битта банкда очилган карталар ва счётлар ўртасидаги ўтказмалар ҳақида сўз бормоқда.

Онлайн-конвертацияни ҳам мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Яқинда МБ эълон қилган ахборотга кўра, 2018 йил апрелдан шу йил апрелгача унинг ойлик улуши 9%дан 63%гача ошган. Бу янада қулай ва ишончли бўлгани учун шундай бўлаяпти.

Мобил иловалар вақтинча бўш турган маблағларни сақлашнинг самарали дастагига айланмоқда. Уйдан ва офисдан чиқмай туриб, мақбул фоизли депозитни расмийлаштириш мумкин. Илгари ўзи келиб омонат очмайдиганлар ҳам бугун шу имкониятдан фойдалана бошлади. Сабаби расмийлаштириш, қайта расмийлаштириш ва фоизларни олиш вақт олар, кўп ноқулайликларни юзага келтирар эди.

Барча банк иловаларида турли тўловларни амалга ошириш мумкин бўлган бўлим мавжуд. Коммунал хизматлар, банк берган кредитлар, ДЙҲХХ жарималари, солиқлар ва йиғимлар, телекоммуникация ва бюджет ташкилотлари хизматлари ҳақини тўлаш деярли барча банкларнинг стандарт тўпламига киради.

Хизматлар рўйхати иловани очган молиявий муассасага боғлиқ эканлигини қайд этиб ўтамиз. Улар кўпайиб бораётгани кишини қувонтиради. Хусусан, бугунги кунда кўпчилик овердрафт таклиф этмоқда. У энг зарур пайтда пулсиз қолмаслик имконини беради. Ундан фойдаланаётганда бу кредитнинг бир тури эканлигини, уни қайтаришга ва анчагина фоиз тўлашга тўғри келишини унутмаслик лозим. Содиқлик дастурини таклиф этаётган банклар сони ортиб бормоқда. Мижозга сарфлаган маблағларининг бир қисмини қайтариш имконини берувчи кэшбэк хизматини кўп таклиф қила бошладилар.

Эҳ, иш бермади…

Банклар фақат мобил иловалар тақдим этадиган хизматлар доирасини кенгайтиришга эътибор қаратмасликлари даркор. Фойдаланувчиларнинг эътирозларига сабабчи бўлаётган нуқсонларни бартараф этишлари муҳим аҳамиятга эга.

Биринчидан, илова орқали тақдим этилаётган барча хизматлар тегишли тугмачага бир марта босган заҳоти лозим даражада ишлаши керак. Материалларимиздан бирида ёзганимиздек, Туронбанкда рўй берган ҳодисага бошқа йўл қўйиб бўлмайди. Онлайн-омонат қўйган мижозлар счётларида ҳисобланган фоизларни ўз вақтида кўрмаганларида банкдагилар ускунани алмаштириш натижасида юз берган узилишни рўкач қилганлар. Бундай ҳолатлар кўп учрайди, бир уринишдаёқ мобил илова хизматларидан тўлақонли фойдаланишнинг имкони бўлмайди. Ҳар сафар бундай ҳодиса рўй берганда қўнғироқ қилиб, камчиликларни бартараф этишни талаб қилмаслигимиз керак. Ҳаммаси бир маромда, автоматик равишда ишлаши керак.

Иккинчидан, тугмачалар ва намоён бўладиган йўл-йўриқларнинг матнларига эътибор қаратиш зарур, улар жуда сифатсиз. Улар тушунарли бўлиши лозим. Мана, масалан, «талаб қилиб олингунгача» счётидаги омонат бўйича тўланган пулни олмоқчи бўлганда пайдо бўладиган қуйидаги жумлада банк нима демоқчи: «Опер. куни санаси кўрсатилганидан кам»? Операцияни фақат иш кунлари амалга ошириш мумкинлиги назарда тутилганини бир ўқишда англаш мушкул.

Учинчидан, ниҳоят, ҳар бир хизмат юзасидан қисқача, осон тушуниладиган йўриқномалар берилиши лозим. Уларда эса – фойдаланувчини қизиқтирадиган барча саволларга жавоблар. Офертага ҳавола қилиш – мақбул вариант эмас, сабаби унинг матнида ортиқча гаплар жуда кўп.

Тўртинчидан, мобил илова орқали хизматлардан мамлакатнинг исталган нуқтасида фойдалана олиш имконини яратиш устида ишлаш зарур. Мисол учун, Тошкентдан ўн километр наридаги айрим уяли алоқа операторлари 2G ва 3G форматида ишлайдилар, натижада илова ишлаши учун етарли Интернет тезлиги доим таъминланмайди. Телефон ҳақини зудлик билан тўлашга тўғри келиб қолса, пойтахтдан ташқарига чиққан киши қандай йўл тутиши керак?

Қайд этилган барча камчиликлар иш бошлаган пайтда учрайдиган табиий ҳолат дея умид қиламиз. Мобил иловалар – банк хизматларининг янги ва жадал ривожланаётган йўналиши. Яқин орада улар ёрдамида тақдим этиладиган хизматлар сони ортади, сифати ҳам эътирозга сабабчи бўлмайди.

Олег Гаевой, Norma.uz.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example