ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 8624.51 +40.01
1 EUR = 9676.70 +2.83
1 RUB = 136.92 +0.58
1 GBP = 10780.64 -12.65
1 JPY = 80.08 +0.51
1 AFN = 108.42 +0.78
1 AMD = 18.14 +0.09
1 AED = 2348.21 +10.89


Бекзод Норматов: Ҳудудий даромад сиёсати мотивациясининг муҳим жиҳатлари

Замонавий давлатчиликда маҳаллий бюджет даромадлар сиёсатини самарали ташкил этиш ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги вазифаларни ҳал этишда муҳим роль ўйнайди. Даромад сиёсатини ишлаб чиқишда бюджет тизимида солиқ ва тўловларни мобилизация қилиш бўйича ҳудудлар имкониятларини объектив баҳолаш, маҳаллий бюджет даромадларининг шаклланиш механизмларига таъсир этувчи омиллар самарадорлигини ошириш ва юзага келиши мумкин бўлган салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларни баҳолаш муҳим аҳамият касб этади.

Бекзод Норматов,
Жиззах вилояти Молия бош бошқармаси даромад бўлими бошлиғи

Маҳаллий бошқарув органлари жавобгарлиги ва ваколатларини такомиллаштириш ҳамда ислоҳ қилиш масаласи ривожланган, ривожланаётган мамлакатларнинг давлат молиясини бошқариш амалиётидаги долзарб масалалардан ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда маҳаллий органлар бошқарув механизмларини такомиллаштириш жараёнлари демократик ва ижтимоий стандартлар назарда тутилган холда амалга оширилмоқда.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида маҳаллий бюджет даромадлари базасини ошириш, уларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга қаратилган бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, ҳудудлар, туман ҳамда шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестиция муҳитини яхшилаш орқали ҳудудларга хорижий сармояларни фаол жалб этиш каби устувор вазифалар белгиланган бўлиб1, мазкур вазифаларни таъминлашда ривожланган давлатлар илғор тажрибасини ўрганиш, уларнинг ижобий натижаларини республикада қўллаш муҳим масала ҳисобланади.

Жумладан, ҳудудларни барқарор ривожлантириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетларнинг маблағлари етарли эмаслиги таъкидлаб ўтилган2.


Юқоридагилардан келиб чиқиб, маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш, уларнинг барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширишда маҳаллий бюджет даромадлар сиёсатини самарали олиб бориш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишда мазкур масалага тизимли ёндашиш муҳим ўрин тутади. Хусусан, ривожланган давлатларда даромадлар сиёсатини самарали олиб боришда маҳаллий бюджетнинг даромад базасини белгилашдаги солиқ потенциали, маҳаллий бюджет даромадлар таркибини шакллантириш тартиби, солиқли даромадларнинг турли даражадаги бюджетлар ўртасида тақсимланиши механизмлари каби омиллар муҳим роль ўйнайди.


Ҳудудий даромад сиёсатининг муҳим жиҳатлари: хориж тажрибаси

ЕИнинг 2014–2020 йй. ҳудудий сиёсатида 351,8 млрд. евро маблағ ажратилиши (умумий бюджетнинг 35%ини ташкил этади) кўзда тутилган3. «Ўсиш ва бандлик учун инвестициялар» деб номланувчи ҳудудий сиёсат йўналиши бўйича молиялаштириш ҳажмининг катта қисми кам ривожланган ҳудудлар учун (less developed regions – валюта харид қобилияти паритети ҳисобга олинганда, аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичи ЕИ бўйича ўртача даражанинг 75%игача бўлган) мўлжалланган, ажратмалар ҳажмининг қолган қисми ўтиш типидаги (transition regions – аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичи ЕИ бўйича ўртача даражанинг 75%идан 90%игача бўлган) ва нисбатан ривожланган (more developed regions, аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичи ЕИ бўйича ўртача даражадан 90%дан ошган) ҳудудларга ажратилади.


Германиянинг ҳудудий сиёсат соҳасидаги тажрибаси Ўзбекистон учун аҳамиятли бўлиши мумкин, чунки ҳар иккала мамлакатда марказлашув даражаси етарли даражада юқори, бошқача айтганда, бюджет маблағларини ҳудудлараро қайта тақсимлаш кўлами катта ҳамда мамлакат ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида марказий давлат ҳокимияти муҳим роль ўйнайди. Германиянинг ҳудудий ўзига хос хусусиятларидан бири мамлакатда ҳудудий ривожланишни федерал тартибга солиш Асосий қонунида мамлакат барча ҳудудларида тенг турмуш шароитларини яратиш кераклиги кенг декларация қилинишидир.


Германияда молия тизимида бюджетлараро муносабатлар ёки ҳудудлар бюджети даромадларини тенглаштириш 4 босқичга ажратилган4:

1) солиқларни вертикал тақсимлаш – солиқ тушумларининг федерал, ерлар ва маҳаллий бюджетлар ўртасида тақсимланиши (даромад солиғи (федерал ва ҳудудларнинг улуши 45,2%ни ташкил этади, 15% солиқ тушумлари маҳаллий бюджетга ўтказилади), корпоратив даромад солиғи (федерал ва ҳудудлар бюджетига 50%дан) ва ҚҚС (тақсимланиши федерал ва ҳудудларнинг ўз харажатларини қоплашга бўлган тенг ҳуқуқларидан келиб чиқиб йиллар бўйича ўзгариб туради);

2) солиқларни горизонтал тақсимлаш, яъни алоҳида ҳудудлар бюджетларига бир қатор солиқлар ўтказиб берилиши маълум қоидалар билан назарда тутилган;

3) бюджет даромадларини тенглаштириш – уларни «камбағал» ва «бой» ерлар (Länderfinanzausgleich) ўртасида горизонтал қайта тақсимлаш;

4) «камбағал» ерларга федерал бюджетдан қўшимча грантлар (ажратмалар).

Шундай қилиб, биринчи босқичдаги молиявий тенглаштириш умумий солиқдаги ерларнинг улушига қараб ўрнатилади. Иккинчи босқичда солиқли даромадларни горизонтал тақсимлаш алоҳида ерлар бўйича солиқларни тақсимлаш қоидаси билан аниқланади. Умумий қоидага кўра, солиқлар қайси ҳудуддан ундирилса, солиқ ушбу ҳудудлар бюджетларига ўтказилади, бироқ даромад солиғи, корпоратив даромад солиғи ва ҚҚС бундан мустасно. Даромад солиғининг ҳудудлар бюджетига ўтказилиши фуқаролар яшаш жойи принципи бўйича амалга оширилади. Корпорация даромадига солиқ корпорация штаб-квартираси жойлашган жой бўйича ундирилади ва кейинчалик корпорация ҳақиқатда ўзининг бизнес фаолиятини юритадиган ҳудудлар бўйича тақсимланади. ҚҚСни тақсимлаш қоидаси анча мураккаб бўлиб, ҚҚСдаги ҳудудларнинг 25%гача улуши аҳоли жон бошига даромад солиғи, корпорация даромадига солиқ ва маҳаллий солиқ тушумлари ҳисоб-китобида мамлакат бўйича ўрта кўрсаткичдан паст бўлган ҳудудларга ўтказилади. Ҳудудларнинг ҚҚСдаги 75% улуши ҳудудлардаги аҳоли сонига пропорционал равишда тақсимланади. Бундай тартибда ҚҚСнинг ҳудудлар бўйича тақсимланиши ҳудудларнинг бюджет таъминоти даражасидаги фарқлари қисқаришига олиб келади.

Молиявий тенглаштиришнинг учинчи босқичида аҳоли жон бошига янада кўпроқ маблағларга зарурати бўлган ҳудудий шаҳарлардан (Гамбург, Бремен, Берлин) ташқари, маблағларни қайта тақсимлашда аҳоли жон бошига бюджет даромадларидаги эҳтиёжларнинг барча ҳудудларда бир хиллигидан келиб чиқилади. Бюджет доирасида ҳудудий шаҳарлар аҳоли сонини тенглаштиришда 1,35 коэффициент билан олинади. Бундан ташқари, аҳоли сони зичлиги паст ҳудудларга нисбатан унчалик юқори бўлмаган кўтарувчи коэффициент қўлланилади5.

Германиядаги ҳудудий сиёсат иккита таркибий қисмдан, яъни юқорида кўрсатиб ўтилган ЕИ ҳудудий сиёсати ҳамда федерал ва ҳудудларнинг ҳамкорлигидан иборат бўлиб, унинг вазифаси ҳудудий иқтисодий тузилмани такомиллаштиришдан иборат. Бугунги кунда мазкур вазифа бўйича ҳар бир ҳудудда амалга ошириладиган лойиҳа харажатларининг 50%и федерал бюджет ҳисобидан амалга оширилиши лозим бўлиб, маҳаллий ҳокимият органлари ҳамкорликда молиялаштиришдан ташқари, лойиҳаларнинг ишлаб чиқиш ва реализация билан боғлиқ тадбирлар (жумладан, лойиҳаларни танлаш)да иштироки таъминланади. Мазкур вазифаларда ишлаб чиқаришга ва ишлаб чиқариш инфратузилмасига инвестициялар ва инвестицион тадбирлар қўллаб-қувватланади.

Шу билан бирга, ҳамкорликдаги вазифа доирасида амалга ошириладиган режалар маълум муддатда (охириги режа 2007–2013 ва 2014–2020 йилларга тасдиқланган) қайта кўриб чиқилади: муаммоли ҳудудларни қўллаб-қувватлаш йўналиш ва параметрлари, қўллаб-қувватланадиган ҳудудлар таркиби, уларни танлаш принципларига тузатишлар киритилади. Ҳудудий режалаштириш Иқтисодиёт вазирлиги томонидан амалга оширилмайди. Ҳудудий режалаштириш Қурилиш ва транспорт билан боғланган бўлиб, инфратузилманинг (шу жумладан, коммунал) ривожланиши ҳудудларнинг комплекс ривожланишида муҳим ҳисобланади. Ҳудудларни ташкил этиш қонуни бўйича Қурилиш, шаҳарлар ва ҳудудий тадқиқотлар федерал институти томонидан тайёрланган ҳисоботларда қуйидаги масалалар ўз аксини топиши лозим:

● мамлакат ҳудудларининг ривожланиш хусусияти ва тенденциялари;

● ЕИ ва федерал ҳукуматларнинг лойиҳалаштирилган ва амалга оширилган режа ва чора-тадбирлари ҳудудий тақсимланиши;

● Германиянинг ҳудудий ривожланишига ЕИ сиёсатининг таъсири.

Ушбу ҳисоботда ҳокимиятлар ижтимоий-иқтисодий сиёсати йўналишларининг турли ҳудудий жиҳатлари таҳлили амалга оширилади. Бу орқали тармоқ ва ҳудудлар сиёсати координацияси учун асослар яратилади.


Италияда ҳудудий сиёсатнинг амалга оширилиши сифатини баҳолаш учун миллий ва ҳудудлар даражасида фаолият кўрсатувчи давлат инвестициялари мониторинги ва баҳолаш Миллий тизими ташкил этилган. Харажат қилинадиган маблағларнинг шаффофлигини таъминлаш учун миллий статистика тизими таркибий қисми сифатида «Давлат ҳудудлари ҳисоби» (I Conti Pubblici Territoriali, CPT) махсус маълумотлар базаси яратилган6. Ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида маҳаллий ҳокимиятлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш амалга киритилган бўлиб, уларнинг олдига қўйилган вазифалар бажарилганлиги учун пул мукофотлари тўловлари амалга оширилади7.


Испанияда автоном ҳудудлар нафақат ер майдонлари ва аҳоли сони бўйича, балки аҳоли жон бошига ЯИМ ва ҳудудий ялпи маҳсулот улушларига қараб ривожланган, ўрта ривожланган ва кам ривожланган гуруҳларга фарқланади: ривожланган (аҳоли жон бошига ҳудудий ялпи маҳсулот ЯИМ кўрсаткичига нисбатан юқори); ўрта ривожланган (аҳоли жон бошига ҳудудий ялпи маҳсулот ЯИМ кўрсаткичига нисбатан 100–90%); кам ривожланган (аҳоли жон бошига ҳудудий ялпи маҳсулот ЯИМ кўрсаткичига нисбатан 90%дан кам бўлган).

Шубҳасиз, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий даражаси бўйича фарқланиш кўламини баҳолашда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажми билан чекланилмайди. Миллий статистикада ҳудудларни қиёсий ўрганишда ҳудуддаги аҳоли сони, ҳудуд аҳолиси сонининг мамлакат аҳолиси умумий сонидаги улуши, аҳолининг ёш таркиби, аҳоли зичлиги ва ўртача яшаш муддати, ташқи ва ички миграциялар ва бандлик тузилмаси кўрсаткичлари, бандлик ва ишсизлик даражаси, ишчи кучи қиймати ва иш ҳақи миқдори ҳамда уларнинг турли компонентлари, таълим даражаси ва бошқа шу каби демографик кўрсаткичлар ҳисобга олинади.

Инспания давлатидаги бюджетлараро муносабатлар ўзида бир томондан автоном ва иккинчи томондан маҳаллий (муниципалитетлар, провинциялар, ороллар) ҳамжамиятларни молиялаштиришни назарда тутади. Марказ билан Басклар ва Наварра муносабатларига махсус статус берилган бўлиб, улар «форал» қонунчилик билан тартибга солинади ва икки томонлама асосда амал қилади (ўз-ўзини бошқариш ва қонунчилик, солиқ солиш, божхона чегаралари соҳасида). Охирги йилларда давлат томонидан ажратилган маблағларнинг тахминан 70 фоизга яқини маҳаллий ҳамжамиятларни молиялаштиришга, муниципалитетларга йўналтирилмоқда, 20%дан ортиқроқ қисми Басклар мамлакати провинцияларига, тахминан 7%и умумий режимдаги провинциялар ва 3%и оролларга сарфланади. Барча давлат маблағлари 75% ҳудудларнинг демографик кўрсаткичларидаги ўзгаришларни ҳисобга олган холда тақсимланиб, маблағларнинг қолган 25%и ҳудуд аҳолиси сонининг мамлакат аҳолиси умумий сонидаги улуши, меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар сонига (16 ёшгача ва 64 ёшдан юқори бўлган) мутаносиб равишда амалга оширилади.

Қўшимча давлат маблағлари аҳоли зичлиги даражаси ўртачадан паст бўлган автоном ҳудудларга йўналтирилади. Ҳамкорлик Фонди ва рақобатбардошлик Фондининг ташкил этилишига тизимнинг янги элементи сифатида қаралмоқда. Янги молиявий тузилманинг мақсади ҳудудлар ўртасидаги даромад даражасидаги фарқни пасайтириш бўлиб, эндиликда ҳудудлар даромад солиғининг ярмини (аввалги 33% ўрнига) ўзларида олиб қолишмоқда. Бунда ҳудудларга солиқ ставкалари ва солиқ чегирмалари, шунингдек, солиқ солинмайдиган минимал даромад миқдорини ўрнатиш ваколатлари берилган. Шунингдек, ҚҚС тушумларининг 50 фоизини (аввалги 35% ўрнига) ҳудудлар ўзларида олиб қолишлари мумкин.


Испанияда ҳудудий ривожланишнинг вазифаси кичик ва ўрта бизнесни, шунингдек, туризм соҳасида давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат. Махсус иқтисодий зоналарга ҳудудлар ривожланишидаги муҳим инструментлар сифатида қаралмоқда. Бугунги кунда мамлакатда турли шаклдаги зоналарга фаолият юритиб келмоқда, буларга инновацион фаолият учун технологик парклар, замонавий саноат-ишлаб чиқариш ком­плекслари ривожланиши учун технологик парклар, эркин иқтисодий зоналар киради.


АҚШда федерал трансфертлар штатларга коммунал инфратузилмани сақлашга, кўп болали муҳтож оилаларга тўловларга, бандликни таъминлаш ва профессионал кадрлар тайёрлашга, ногиронлар таълимига, иммигрантларни ўқитишга, студентлар стипендия ва қарзларига, бахтсиз ҳодиса ва табиий офатлардан жабрланганларга ёрдамга, болалар суғуртаси ва мактаб овқатланиш дастурларига, ногиронлар нафақаларига ва бошқа кўпгина ижтимоий тўловларга ажратилади8. Штат бюджетларидан бериладиган молиявий ёрдамлар маҳаллий бюджет харажатларининг 33–35 фоизини ташкил этиб, бу маблағлар йўл қурилиши (барча харажатларнинг 1/3 қисми), ижтимоий таъминот (80%), таълим (50%), соғлиқни сақлаш (40%) харажатларини қоплайди. Муниципалитетларнинг соғлиқни сақлашга харажатларида штат бюджети улуши 40%ни, федерал бюджет улуши эса 18%ни ташкил этади.

Солиқлар ва бюджетлараро трансфертлардан ташқари, муниципал облигациялардан даромадлар молиялаштиришга бўлган талабни қондириш канали ҳисобланади. Охирги йилларда муниципал облигациялар сотишдан олинадиган даромад ҳисобидан инфратузилмани ривожлантиришга 3,2 трлн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар инвестиция қилинган бўлиб, катта қисми муниципал уй-жой қурилишига йўналтирилган ва маҳаллий даражадаги давлат уй-жой сиёсати аҳолининг кам таъминланган қисмига молиявий ёрдам бериш ва қулай шароит яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Ҳудудлар солиқ потенциалини баҳолашда услубий ёндашувлар

Юқоридаги бўлимда кўрсатиб ўтилганидек, «Репрезентатив солиқ тизими» (РСТ) иқтисодиётнинг замонавий ривожланиш босқичидаги солиқ амалиётида ҳудудлар солиқ потенциалини баҳолашнинг комплекс усули ҳисобланади. Ҳудудлар солиқ потенциалини баҳолашнинг комплекс усули сифатида Репрезентатив солиқ тизими усули солиқ потенциали ҳажмини бюджетга тушадиган солиқ тўловлари суммаси сифатида аниқлайди, яъни солиқ юки, солиқ таркиби ва ставкалари барча ҳудудларда ўртача даражада белгиланади. Бу эса, ўз навбатида, барча ҳудудлар бўйича солиқ солишга оид тўлиқ маълумотлар йиғиш заруриятини келтириб чиқаради. Ҳудуддаги ҳақиқатда йиғилган солиқ ва тўловлар ҳамда ҳақиқатдаги солиқ солиш базалари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш ҳудуд бўйича солиқ тушумлари миқдорини ҳисоб-китоб қилиш имконини беради. Ҳудуд бўйича ҳисоб-китоб орқали аниқланган солиқ тушумлари миқдорини ҳудуд солиқ потенциали ҳажми деб ҳисоблаш мумкин.

С.И. Ислямутдинов томонидан ишлаб чиқилган иккинчи гуруҳдаги услублар регрессион таҳлилга асосланган бўлиб, бу услуб солиқ ва йиғимлардан олинган даромадлар, солиқ бўйича қарздорликлар, тақдим этилган солиқ имтиёзлари ҳисобига камайган солиқ даромадлари ва макроиқтисодий кўрсаткичларни ўз ичига олади.

Репрезентатив солиқ тизимининг регрессион усули ўрта ва узоқ муддат учун прогноз қилишда самарали ҳисобланиб, бу усул бюджет даромадлари ҳажмини аниқловчи маълум ўзаро боғлиқ иқтисодий кўрсаткичлар тўпламларидан фойдаланиш орқали амалга оширилади. Мазкур усулнинг камчилиги унинг мураккаблигида бўлиб, турли иқтисодий характердаги маълумотлардан фойдаланиш ҳудудлар солиқ потенциали кўрсаткичларининг сезиларли фарқланишига олиб келади.

Бундан ташқари, солиқ потенциалини ҳисоблашнинг тузатиш коэффициентлари усули замонавий талабларга жавоб бериш ва максимал миқдордаги омилларни ҳисобга олиш имкониятини берувчи универсал усул ҳисобланади. Мазкур усулда аҳоли меҳнат самарадорлиги коэффициенти, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси коэффициенти, солиқ йиғилувчанлиги коэффициенти ва ҳудуд фаолияти самарадорлигини характерловчи бошқа ижтимоий-иқтисодий коэффициентларни ҳисобга олиш имконияти мавжуд.


Умуман олганда, мамлакат солиқ потенциали ҳудудлар солиқ потенциали йиғиндисидан иборат, ҳудудлар солиқ потенциали ўз навбатида солиқ тўловчиларнинг солиқ ва йиғимларни тўлаш салоҳияти сифатида изоҳланиб, юридик ва жисмоний шахсларнинг мақомидан келиб чиқиб, маъмурий-ҳудудий бирликларни солиқли даромадлар билан таъминлаш даражаси билан боғлиқ.

Солиқ потенциали макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисобга олиши билан бирга солиқ тўловчининг солиққа тортиш тартиби юзасидан танловини ҳам эътиборга олишни назарда тутади. Бу ўз навбатида мамлакатда қўлланилаётган солиқ сиёсати самарадорлиги ва солиқ маъмурчилиги натижадорлиги кўрсаткичларини аниқлаш имконини беради.


Маҳаллий бюджетлар даромад сиёсатининг муҳим йўналишлари

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳамда маҳаллий бюджетларнинг даромадлари базасини тубдан мустаҳкамлаш, унинг юқори турувчи бюджетлар ажратмаларига қарамлигини қисқартириш мақсадида ҳудудларни комплекс ривожлантириш барқарор молиялаштирилишини таъминлаш, марказ бюджетига қарамликни кескин камайтириш, бюджетлараро муносабатларни тубдан ислоҳ қилиш орқали маҳаллий бюджетлар маблағларини бошқаришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг мустақил иш олиб боришини кучайтириш мамлакат бюджет сиёсатининг асосий вазифалари этиб белгиланган9.

Мазкур устувор вазифаларнинг бажарилиши ҳамда маҳаллий бюджетлар даромад базасини кенгайтириш ва харажатларини мақбуллаштиришда уларнинг манфаатдорлигини оширишни таъминлайдиган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет ваколатлари ва мажбуриятларини белгилашнинг замонавий механизмларини жорий этишда қуйидагилар кўрсатиб ўтилган:

● Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига ўз ҳудудидаги солиқ тўловчиларни тўлиқ қамраб олиш ва солиқлар йиғилувчанлигини ошириш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, ишламаётган, иқтисодий ночор корхоналарнинг фаолиятини қайта тиклаш орқали маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш;

● тегишли бюджетларнинг тасдиқланган даромадлари режасини бажариш, қонунчилик доирасида харажатлар, шу жумладан, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш;

● Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг умумий ҳажмидан 1 фоиз миқдорида туман ҳокимликлари захира жамғармалари шакллантирилиши;

● бир молия йилидан ортиқ бўлган даврдаги касса узилишлари юқори бюджетдан 2 йилгача бўлган муддатга йиллик 2 фоизли бюджет ссудалари олиш орқали қопланиши ва тегишли бюджетлар ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар режасидан орттириб бажарилган қисмининг мустақил тасарруф этилиши маҳаллий бюджетлар даромадлар сиёсати мотивациясини оширишда муҳим аҳамият касб этади10.

Турли даражалардаги бюджетлар ўртасида солиқлар ва тўловларни тақсимлаш

Меъёрий ажратмалар ва бириктирилган даромадларни такомиллаштириш орқали маҳаллий бюджетларнинг даромад сиёсати мотивациясини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Бунда турли даражалардаги бюджетлар ўртасида солиқлар ва тўловларни тақсимлашда ҳудудларнинг солиқ потенциалини баҳолаш ва, шунингдек, ҳудудларнинг демографик кўрсаткичлари ҳамда уларнинг ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда тақсимланиши меъёрларини ишлаб чиқиш, солиқларни ҳам вертикал, ҳам горизонтал тақсимлаш, яъни алоҳида ҳудудлар бюджетларига бир қатор солиқларнинг ўтказиб берилиши механизмлари қўлланилишини талаб этади.

Юқорида кўрсатиб ўтилганлардан келиб чиқиб шундай хулоса қилиш мумкинки, маҳаллий бошқарув органлари асосий приципларидан бири унинг молиявий мустақиллиги бўлиб, маҳаллий бюджетларда даромад даражаси етарлилигини таъминламасдан мазкур принципга риоя қилиш мумкин эмас.


Шу боис, ҳудуларнинг даромад сиёсати мотивацияси муҳим аҳамиятга эга. Ҳудудлар даромадлар базасини тўлиқ аниқлаш, турли даражадаги бюджетлар ўртасидаги солиқлар тақсимоти ва бюджетлараро трансфертларнинг оптимал миқдорини белгилаш, солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлаш ва, шунингдек, илмий асосланган солиқ тушумлари прогнозини ишлаб чиқиш ҳудудий даромад сиёсати мотивациясининг муҳим жиҳатлари ҳисобланиб, ҳудудларнинг солиқ потенциалини баҳолашда муҳим ўрин тутади.


Ҳудудлар солиқ потенциалини баҳолашда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси, жумладан, ҳудудий ялпи ички маҳсулот тузилмаси, солиқ базаси ва солиқ тўловчилар таркиби каби кўрсаткичларни ифодаловчи тузатиш коэффициентларининг қўлланилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Маҳаллий бюджетларнинг даромад потенциалини ҳудуддаги кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш (солиққа тортиш тизимини ва солиқларнинг бириктирилиши тартибини такомиллаштириш орқали), солиқсиз тушумлар улушини кўпайтириш мақсадида ер ва кўчмас мулкларни ижрага бериш тартибини такомиллаштириш, турли йўналишларда (жумладан, инфраструктура соҳаси бўйича) маҳаллий давлат органлари ва хусусий сектор шерикчилигини йўлга қўйиш, шу билан бир қаторда муниципал уй-жой қуришга йўналтирилган муниципал облигацияларни чиқариш, олинган даромад ҳисобидан инфратузилмани ривожлантиришга инвестиция қилиш ҳамда ҳудудлар даражасидаги давлат уй-жой сиёсати ва аҳолининг кам таъминланган қисмига молиявий ёрдам бериш ва қулай шарт-шароит яратишга йўналтириш орқали ошириш мумкин.

Шу билан бирга, ҳудудларнинг демографик кўрсаткичлари ва уларнинг ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда тақсимланиш меъёрларини ишлаб чиқиш ҳамда солиқли даромадларни ҳам вертикал, ҳам горизонтал тақсимлаш, яъни алоҳида ҳудудлар бюджетларига бир қатор солиқларнинг ўтказиб берилиши механизмлари қўлланилиши муҳим ҳисобланади.

«БПК», 3-сон, 2019 й.


1 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони.

2 Мирзиёев Ш.М. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. Мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маъруза, 2017 йил 14 январь. – Тошкент: Ўзбекистон, 2017. – 104 б.

3 Региональная политика стран ЕС / Отв. ред. А.В. Кузнецов. – М.: ИМЭМО РАН, 2009. – 230 с.

4 Der bundesstaatliche Finanzausgleich /Bundesministerium der Finanzen (http://www.bundesfinanzministerium.de/Content/DE/Standardartikel/Themen/Oeffentliche_Finanzen/Foederale_Finanzbeziehungen/Laenderfinanzausgleich/BFAG.pdf).

5 Gesetz über den Finanzausgleich zwischen Bund und Ländern (Finanzausgleichsgesetz – FAG), Stand: 15.07.2013.

6 http://www.dps.tesoro.it/cpt–eng/cpt.asp.

7 Anselmo I. The 2007–2013 Italian performance reserve – measurable objectives for public services provision in Mezzogiorno. January, 2012 (http://ec.europa.eu/regional_policy/sources/docgener/evaluation//performancepdf).

8 Statistical Abstract of the United States. – Wash., D.C., 2011. P. 304.

9 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июндаги «Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5075-сонли Фармони.

10 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июндаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет ваколатларини кенгайтириш ва маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги масъулиятини ошириш тўғрисида»ги ПҚ-3042-сонли Қарори.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example