ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 8624.51 +40.01
1 EUR = 9676.70 +2.83
1 RUB = 136.92 +0.58
1 GBP = 10780.64 -12.65
1 JPY = 80.08 +0.51
1 AFN = 108.42 +0.78
1 AMD = 18.14 +0.09
1 AED = 2348.21 +10.89


Давлат-хусусий шериклик: аввал ва ҳозир

Кейинги йилларда давлат-хусусий шериклик тушунчаси нафақат кўп қўлланилаяпти, балки бу механизмдан фойдаланишга астойдил киришилмоқда. Шундай экан, у ўзи нима, деган саволга аниқ ва тўғри жавобни топмоқ керак. Бунда бизга давлат-хусусий шериклик жараёнининг дунё миқёсидаги амалиётини таҳлил қилган халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ёрдам бериши мумкин.

Кўпгина манбаларда келтирилишича, чет эл тажрибасига кўра, давлат билан хусусий бизнес ўртасидаги шериклик турли йўналишдаги бизнес-модель ва муносабатлардир. Тадқиқотларда бу тушунчага турли таърифлар ҳам мавжуд. Лекин, умуман олганда, бу тушунча хусусий сектор ресурсларидан умумжамият эҳтиёжларини қондиришда фойдаланиш маъносини англатади. Яъни бундай ҳамкорлик доирасида хусусий ва давлат ресурслари ҳамда активлари бирлашади, ваколатлар тақсимланади, натижада бир томоннинг куч-салоҳияти иккинчи томон учун ҳам хизмат қилади. Одатда ҳар бир ҳамкор ўз инвестициясига мутаносиб равишда фойда кўради. Бундай хусусий бизнес оддий хусусий корхонадан давлат учун хизмат кўрсатиш билан фарқ қилади. Масалан, хусусий корхона ўз маблағини таваккалчилик асосида жалб қилиши, давлат эса ҳеч қандай харажатсиз қўшимча даромад олиши ёки ортиқча тўловларсиз бирор-бир хизматни йўлга қўйиши мумкин.

Шу соҳани ўрганган россиялик эксперт Н. Агазаряннинг ёзишича, давлат-хусусий шерикликнинг дунё миқёсидаги ривожи учта босқичга бўлинади. Биринчи босқичда Лотин Америкаси, Шарқий Европа, шунингдек, МДҲ мамлакатлари турибди. Улар томонидан шериклик учун ҳуқуқий ҳужжатлар ва стандартларни ишлаб чиқиш устида иш олиб борилмоқда, бу йўналишдаги бозорни шакллантиришга, биринчи навбатда жорий этиладиган лойиҳаларни аниқлашга киришилмоқда. Таҳлилчининг таъкидлашича, ушбу мамлакатлар давлат-хусусий шерикликни қай йўсинда амалга ошириш керак, бу борадаги хатарлар (риск) қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини етарлича тушунмасдан шундай ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилишмоқда.

Иккинчи босқич АҚШ, Канада, Янги Зеландия, Япония, Россия, Германия, Франция, Испания, Италия каби ривожланган мамлакатларни қамраб олади. Уларда давлат-хусусий шериклик тузилмаси шакллантирилган, норматив-ҳуқуқий база яратилган, янги секторлар қўшилган ҳолда бу соҳадаги лойиҳалар қамрови кенгайтирилган.

Биринчи босқични фақатгина Буюк Британия, Австралия, Жанубий Корея ва Ирландия эгаллашган, холос. Бу мамлакатларда давлат-хусусий шериклик механизми такомиллашгани, унинг ривожи йўлидаги ҳуқуқий тўсиқлар бартараф қилингани, шериклик лойиҳалари бўйича маълум оқим пайдо бўлгани, инфратузилма соҳасида бундай ҳамкорликка қўшилиш истагидаги инвесторлар сони кўпайгани кузатилади.

Энди ушбу жараённинг асл моҳиятига қайтсак.


Давлат билан бизнес-ҳамкорлик умумиқтисодий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга йирик хусусий инвестицияларни жалб қилишнинг муҳим омилидир.


Яъни, давлат билан хусусий бизнес ҳамкорлигига эҳтиёж аввало эгаси давлат ҳисобланган умумий фойдаланиш объектлари — транспорт, коммунал, ижтимоий инфратузилма, маданий объектлар, тарихий ёдгорликлар ҳамда архитектура иншоотларини таъмирлаш, реконструкция қилиш ва шу каби кўплаб жараёнларда туғилади.


Давлат эса бундай объектлардан тўла воз кеча олмайди ва мулк эгаси бўлиб қолади ҳамда назорат фаолиятини сақлашга мажбур. Давлат билан хусусий бизнес ҳамкорлиги инфратузилма объектлари лойиҳасини ишлаб чиқиш, режалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва фойдаланиш мақсадида йўлга қўйилган давлат билан хусусий сектор ўртасидаги хўжалик муносабати бўлиб, бундай алоқалар қўшимча молия манбаларини жалб қилиш мақсадида узоқ муддатга мўлжалланади.


Шуни таъкидлаш керакки, давлат билан хусусий бизнес ҳамкорлиги механизми кўпгина афзалликларга эга бўлиб, ҳар қандай давлат учун стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни самарали амалга оширишнинг кучли қуроли ҳисобланади. Аввало, давлат ва хусусий бизнес шерикчилиги ўзида бюджет орқали молиялаштиришнинг муқобил шаклини намоён қилади. Давлат билан хусусий бизнес ҳамкорлиги тарзидаги хўжалик юритиш ишлари мамлакат иқтисодий секторига қўшимча манабаларни жалб қилиш имконини беради.


Худди шу аснода, тегишли шартнома орқали пайдо бўладиган ўзаро муносабат орқали хўжалик юритувчи субъектлар — давлат билан хусусий сектор ўртасидаги ресурс ва салоҳият бирлашади. Бу жараёндаги энг муҳим жиҳат шуки, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлиги сезиларли даражада ошади.


Давлат-хусусий шериклик тамойиллари

Узоқ тарихга эга бўлган давлат билан хусусий сектор ҳамкорлигининг бир неча йўналишни ўз ичига олган асосий тамойиллар мавжуд.

Биринчидан, томонлар тенг манфаатларга эга бўлиб, унинг мазмуни давлат-хусусий шериклик шартномасини имзолаш ҳуқуқи барча хусусий компанияларга берилиши билан изоҳланади. Шунингдек, бунда ҳамкорлар улар олдида турган мақсадга эришиш шакл ва усулларини танлашда эркин ҳаракат қилиш имкониятидан фойдаланишади.

Иккинчидан, тузилган шартнома барқарор, шу билан бирга, унга тегишли ўзгартишларни киритиш имконияти мавжуд бўлиши керак. Чунки одатда бундай шартномалар узоқ муддатга имзоланади ва бу даврда белгиланган шартларга тузатишлар киритишга олиб келувчи ҳолатлар пайдо бўлиши мумкин.

Учинчидан, шартнома шартларини бажаришга нисбатан масъулият муҳим омиллардан бири бўлиб, хусусий компания мазкур ҳамкорлик лойиҳасидаги ишларни тўхтатишга ҳақли эмас. Чунки бу ҳолат лойиҳа амалиётининг истеъмолчиси — кенг жамоатчилик манфаатларига зиён келтириши мумкин. Бундай ҳолларда хусусий компания муаммони давлат билан тегишли мулоқотларни олиб бориш орқали ҳал этиши лозим.

Тўртинчидан, давлат билан хусусий шериклик шартномасини имзолаш учун ўтказиладиган танлов чоғида рақобат тамойили намоён бўлади. Хусусий компаниялар ўртасида ташкиллаштириладиган танлов давлат учун ўзаро шериклик лойиҳасида иштирок этувчилар орасидан самарали ҳамкорни ажратиб олиш имконини беради.


Аҳоли жамият манфаатлари йўлида хизмат қилувчи йирик лойиҳа амалиётининг иштирокчиси бўлган хусусий корхона фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлиши лозимлиги давлат-хусусий шерикликнинг ўзига хос тамойили саналади. Бундай ҳамкорликнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, давлат-хусусий шериклик шартномаси тузилганидан кейин давлат ҳамкор компания молия-хўжалик фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.


Шунингдек, давлат мазкур шаклдаги ҳамкорлик лойиҳасига хусусий компанияларни жалб этишни рағбатлантириш тизимини қўллаши лозим. Биргаликда молиялаштириш, солиқ ва божхона имтиёзлари, фойдани тақсимлаш кафолати кабилар шулар жумласидандир. Давлат-хусусий шериклик шартномаси ҳаракатининг давлат томонидан тўхтатилиши ҳолатларида хусусий ҳамкорга унинг инвестицияси бадали тўланиши, олинмаган фойданинг компенсация қилиниши мазкур ҳамкорликнинг ўзига хос тамойилларидан биридир.

Бошқа бир тамойилга кўра йирик лойиҳани амалга оширишда хорижий хусусий корхона ҳам тегишли танловда иштирок этиши, мамлакатдаги мавжуд ҳуқуқлардан маҳаллий тадбиркорлар билан бир хилда фойдаланиши мумкин.

Манфаатдорлик ва фойда — муштарак мақсад

Ҳар қандай ҳамкорликда бўлгани каби, давлат-хусусий шерикликдан ҳам кўзланадиган мақсад умумийлик ва ўзига хослик шаклида намоён бўлади. Давлат бундай ҳамкорликни бир қатор омилларни ҳисобга олган ҳолда ўзи учун фойдали, деб ҳисоблайди. Бу, биринчидан, юқори самарадорлик, яъни анча кам харажат, анча юқори хизмат даражаси, таваккалчилик хатарининг пастлиги билан изоҳланади. Иккинчидан, давлат бошқача йўли бўлмаган шароитда муҳим ва тезкор лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур капитал манбаига эга бўла олади. Ҳамкор ўз фойдасини олиши учун белгиланган ишни тезроқ тугатишдан кўпроқ манфаатдорлиги давлат учун лойиҳанинг ўз вақтида якунланиши ва натижасига нисбатан кўпроқ умидворлик кафолати бўлиб хизмат қилади.

Ўз навбатида, хусусий компания учун бундай ҳамкорликнинг ўзига хос фойдали жиҳатлари бор. У узоқ муддат давомида наф олишни таъминловчи давлат активларига эгалик қилади ва ундан фойдаланади. Амалга оширган инвестициясининг қайтарилиши ҳамкор сифатида давлат томонидан кафолатланади. Меҳнат унумдорлигини оширган ҳолда ўз бизнеси даромадлилигига ва компания барқарорлигига эришади.

Кўриниб турганидек, ҳар икки томоннинг ўзига хос йўналишдаги манфаатлари ўзаро уйғун тарзда бирлашиб, бу пировард натижада қўшма лойиҳани биргаликда муваффақиятли якунлашдан иборат умумий мақсадга қаратилган.

Шу ўринда Жаҳон банки экспертлари фикрларига таяниб қайд этиш жоизки, давлат-хусусий шериклик механизмини қўллаш том маънода шартнома даврида аҳолига хизмат кўрсатишдаги сифат ва нарх мутаносиблигини таъминлаган ва бундай амалиёт халқаро тажрибада кўп бор синалган.

Замира Тожиева тайёрлади,

«БПК», 3-сон, 2019 й.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example