ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 8624.51 +40.01
1 EUR = 9676.70 +2.83
1 RUB = 136.92 +0.58
1 GBP = 10780.64 -12.65
1 JPY = 80.08 +0.51
1 AFN = 108.42 +0.78
1 AMD = 18.14 +0.09
1 AED = 2348.21 +10.89


Олтин тангалар ҳар қандай депозитдан ҳам фойдалироқ

Ўзбекистон қимматбаҳо металлар бозорида тажриба лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Гап шундаки, 2018 йил 28 ноябрдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангалари муомалага чиқарилди. Жаҳон тажрибаси ва амалиётидан келиб чиқиб, ҳаётга татбиқ қилинаётган бу янгиликдан кўзланган асосий мақсад, энг аввало, аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини кенгайтириш, қолаверса, қимматбаҳо металлар бозори фаолиятини ривожлантиришдир.


Марказий банкдан маълум қилишларича, 1994–2009 йилларда зарб этилган, 2 хил олтин ҳамда 14 хил кумуш эсдалик тангалари сотувга қўйилган. Жумладан, олтиндан тайёрланган тангаларнинг жами сони 1900тани, кумуш асосли тангалар эса 6900тани ташкил этади.


Бу қимматбаҳо металлдан ишланган тангаларнинг оғирлиги 31,1 грамм бўлиб, асиллик даражаси 999,9га тенг.

Эсдалик тангалари шу каби техник хусусиятларини тасдиқловчи асиллик сертификатлари билан сотувга чиқарилаётгани қувонарлидир. Уларнинг нархи эса Марказий банк томонидан ҳар ҳафтада камида бир марта миллий валютада белгиланади.

Хўш, ўтган салкам уч ой ичида қимматбаҳо металлар бозорида нарх-наво қайси томонга ўзгарди?

Таҳлилларга қараганда, ўтган давр ичида олтин тангалар нархи ўртача 1 миллион сўмга, кумуш тангалар нархи эса 29 минг сўмга ошган.

Марказий банк Пул-кредит сиёсати департаменти директори Беҳзод Ҳамроевнинг айтишича, эсдалик тангалари баҳоси қимматлашишига жаҳон бозорида олтинга бўлган талаб ортиб, нархининг кўтарилиши ҳам таъсир қилди. Натижада бўш пул маблағларини қимматбаҳо металлар бозорига йўналтирган юртдошларимиз ютишди.


Дарҳақиқат, йиллик ҳисобда олганда олтин тангалар нархи 35 фоиз, кумуш тангалар нархи эса қарийб 55 фоиз кўтарилган. Бу рақамлар тангалар сотиб олишга маблағ киритиш ҳозирча ҳар қандай депозит маҳсулотларидан кўра манфаатлироқ ва фойдалироқ бўлиб турганини тасдиқлайди.


Айтайлик, агар ўтган йили 28 ноябрда 12,7 миллион сўм маблағингизни АҚШ доллари сотиб олишга йўналтириб, айни шу кунларда қайта сотганингизда 147 320 сўм, ўша пайтдаги энг қиммат бўлган 21 фоизлик депозитга қўйганингизда эса 599 162 сўм даромад кўрган бўлардингиз.

Марказий банк қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларни механик шикаст етмайдиган шароитларда сақлаш кераклиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Хусусан, уларни таркибида фаол кимёвий бирикмалар мавжуд бўлган маиший кимё маҳсулотлари, косметика ва дори воситалари билан бирга сақлаш мумкин эмас. Шунингдек, тангаларни қолип (қаттиқ ва шаффоф капсулалар)сиз поливинилхлориддан тайёрланган альбомларда (рангсиз, шаффоф пластмасса, термопластик полимер) сақлаш ҳам тавсия этилмайди. Негаки, поливинилхлорид вақт ўтиши билан ёрилади ва ўзидан хлорорганик бирикмаларни чиқариб, тангаларда яшил доғларни пайдо қилиши, оқибатда сифатининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин.

Эсдалик тангаларини нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида сотиб олиш мумкинлиги яна бир қулайликдир.

Саид Раҳмонов тайёрлади.


Маълумот учун

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни муомалага чиқариш бўйича тажриба лойиҳасини амалга оширмоқда.

Марказий банк ахборот хизматининг маълум қилишича, аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини кенгайтириш, мамлакатда қимматбаҳо металлар бозори фаолиятини ривожлантириш мақсадида ҳамда жаҳон тажрибаси ва амалиётидан келиб чиқиб ушбу лойиҳа амалга оширилмоқда.

Сотувга 1994-2009 йилларда зарб этилган, 2 хил олтин ҳамда 14 хил кумуш эсдалик тангалари қўйилган бўлиб, уларнинг асиллик даражаси 999,9 ҳамда оғирлиги 31,1 граммдан иборат.

Сотувга жами 1900 дона олтин ҳамда 6900 дона кумуш эсдалик тангалари қўйилган.

Мазкур эсдалик тангалар уларнинг техник хусусиятларини тасдиқловчи асиллик сертификатлари билан сотувга чиқарилади. Тангалар «PROOF» сифатига мувофиқ тайёрланган.

Эсдалик тангаларни сотиш нархи Марказий банк томонидан ҳар ҳафтада камида бир марта миллий валютада белгиланади.

2018 йил 28 ноябрдан бошлаб эсдалик тангаларини тижорат банкларининг айрим филиалларида нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида сотиб олиш мумкин (банк филиаллари рўйхати манзиллари кўрсатилган ҳолда илова қилинади).

Эсдалик тангасининг оғирлиги, ишлаб чиқариш хусусиятларидан келиб чиқиб, кўрсатилган параметрлардан 0,01 граммга фарқ қилиши мумкин.

ЎзА материаллари асосида.


«БПК», 3-сон, 2019 й.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example