ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9448.53 -6.71
1 EUR = 10553.06 +114.48
1 RUB = 147.70 +0.45
1 GBP = 12255.69 +297.65
1 JPY = 87.15 -0.08
1 AFN = 121.59 +0.45
1 AMD = 19.91 +0.03
1 AED = 2572.57 -1.83


«Ипотека-банк» экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлайди

«Ипотека-банк» республика бошқаруви раиси ўринбосари Маҳмуд Раҳмонов Қашқадарё вилоятида бўлиб, бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашди.

Учрашувда тадбиркорларга банк томонидан хизмат кўрсатилаётган экспортёр ва экспорт потенциалига эга бўлган ташкилотларга амалий ёрдам бериш ва экспортни амалга оширишда яратилаётган қулайликлар батафсил тушунтирилди.

Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 24 майдаги «Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ташкил қилинган. Жамғарма томонидан тижорат банкларининг экспортолди кредитлари, шу жумладан, айланма маблағларни тўлдириш учун берилган кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга, миллий валютадаги кредитлар бўйича - Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 10 фоизлик пунктдан кўп бўлмаган миқдорда, хорижий валютадаги кредитлар бўйича–- тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 40 фоизи, бироқ 4 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда компенсация тақдим этади. Тижорат банкларининг кредитлари, шу жумладан, экспортолди кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 4 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик беради.

Маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га қарордаги илова рўйхатга мувофиқ маҳсулотларни экспорт қилишда темир йўл транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш механизми жорий этилган. 2019 йил 1 июндан бошлаб тирик ҳолдаги товуқ, қуён ва балиқ ҳамда уларни сўйиб ишланган маҳсулотлар экспорти учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси рухсати талаб қилинмайди.

Банк томонидан экспортёр ташкилотларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатишни таъминлаш билан бир қаторда маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш юзасидан банк хизматларининг жозибадорлигини ошириш, қўшимча қулайликлар яратиш ва кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида банк комиссиялари бўйича қуйидаги имтиёзлар яратилган.
Экспортёр мижозлар дебет айланмалари – 0,2 фоиз этиб белгиланди. Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларга 46-рамз билан нақд пуллар берилганда – бепул белгиланди. Экспортёр мижозларга ҳисобварақдан нақд хорижий валютани бериш – 0,2 фоиз этиб белгиланди. Экспортёр мижозлар томонидан валюта маблағларини бошқа валютага айирбошлаш - 0,2 фоиз (минимал 50.000 сўм - макс. 1.000.000 сўм) белгиланди. Экспорт йўлга қўйилиши режалаштирилган ёки экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш мақсадида кредит ажратилаётган бўлса, шунингдек, экспорт олди молиялаштиришда банк маржаси 2 фоиз этиб белгиланди.

– Фаолиятимизни 2015 йилда бошлаганмиз, – дейди Муборак туманидаги «Насафолтингугирткимё» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Зиёдулла Чўлиев. – Асосан олтингугурт маҳсулотини майдалаб, қадоқлаб Покистон, Афғонистон, Эрон, Тожикистон каби давлатларга экспорт қиламиз. Банк раҳбарияти билан тадбиркорларнинг бу каби учрашувлари ҳар жиҳатдан аҳамиятли. Боиси соҳада бўлаётган ўзгаришлар, яратилаётган қулайликлардан кўпчилик тадбиркорлар бехабар бўлишади. Шу билан бирга тадбиркорлар банк-молия соҳасида қатор ноқулайликларга дуч келмоқда. Масалан, бизнинг ҳамкорларимиз кўпроқ пул кўчиришдан кўра, нақд пул олиб келишни маъқул кўрмоқда. Бундан ташқари, улар Ўзбекистонга гуруч, шакар, банан, мандарин каби маҳсулотларни олиб келади ва уларни сотиб, ўрнига биздан маҳсулот олиб кетади. Аммо кейинги пайтларда улардан декларация талаб қилина бошланди. Декларацияси бўлмаса, банкка пулни қабул қилишмаяпти. Бу эса ўз навбатида улар билан ҳамкорлигимизни сусайтирмоқда. Бугунги қабулда банк раҳбариятига шу масалада енгиллик яратиб беришини сўраб, таклиф билдирдим. Улар таклифимни ижобий қабул қилиб, ўрганиб чиқишга ваъда берди.

Учрашувда тадбиркорларни қийнаб келаётган кўплаб муаммоларга ечим топилди. Масалан, Қарши шаҳрида фаолият юритаётган «Араловул балиқлари» хусусий корхонаси раҳбари Улуғбек Мамараимов бундан уч ой олдин банкдан 250 миллион сўм кредит сўраб мурожаат қилган, аммо шу кунга қадар унинг масаласи ечилмай келаётганди. Учрашувда унинг муаммоси жойида ҳал этилди.

– Йилига 10 тоннагача балиқ гўшти етиштирамиз, – дейди У.Мамараимов. – Бунинг учун 4 гектарлик ҳовуз қилганмиз. Унга 200 грамлик чавоқларни ташлаб, 2-3 килограмм бўлгунча боқамиз. Жорий йилда фаолиятни янада кенгайтириб, қўшимча ҳовуз қуриб, унга 15 тонна чавоқ ташладик. Лекин бу ишларни ҳаммасини қарзга бажардик. Чунки кредит маблағи олиш учун ҳужжатлаштириш ишлари тайёр, аммо ҳалигача маблағ ажратилгани йўқ. Балиқларга берадиган омихта емни ҳам қарзга олиб турибмиз. Бугунги қабулда муаммомизни айтдим. Банк раҳбарияти белгиланган маблағни босқичма-босқич берадиган бўлди. Бугуннинг ўзида 169 миллион сўм ажратилди.

Шунингдек, иштирокчиларга чет элдан жалб этилаётган кредит линиялари, уларнинг шартлари, олиш тартиблари тўғрисида ҳам маълумот берилди.

«Ипотека-банк» экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлайди

Фото: ЎзА

«Ипотека-банк» экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлайди

Фото: ЎзА

«Ипотека-банк» экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлайди

Фото: ЎзА

ЎзА.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example