ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9500.96 +10.19
1 EUR = 10498.56 +43.53
1 RUB = 149.01 +0.19
1 GBP = 12255.29 +135.58
1 JPY = 87.38 +0.52
1 AFN = 122.36 +0.07
1 AMD = 19.94 -0.02
1 AED = 2586.84 +2.77


"Трастбанк" хусусий акциядорлик банкида "Давлат тили тўғрисида"ги Қонун қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди

Миллий тил – бу ҳеч бир халқ тасаввур қила олмайдиган воқеа. Албатта, тил мулоқот воситаси ҳисобланиб, унинг ўзига хослигидан далолат беради. Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли бўлиб, бебаҳо маънавий бойлик ва миллат салоҳиятини белгиловчи буюк қадрият ҳисобланади.


1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, унга мувофиқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди, бу мустақилликка эришиш йўлида ҳал қилувчи қадам бўлди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ миллий меросни, шу жумладан тилни асраб-авайлашга катта эътибор берилмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат тилини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, унинг жамият ҳаётидаги роли ва таъсирини кучайтириш, миллий қадриятларимизни тиклаш борасида ижобий ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар беради банк Ахборот хизмати.

Фото: "Трастбанк"

Жумладан, жорий йилнинг 18 октябрь куни “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Бош Биносида Банк Ўқув маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Тил – маънавият кўзгуси” мавзусида банк ходимлари учун давра суҳбати ҳамда “Ўздавкитобсавдотаъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан китоблар кўргазма-савдоси ташкил этилди.

Давра суҳбатида Шайхонтоҳур тумани маънавият ва маърифат маркази раҳбари Элёр Жўраев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси – шоир, назмий ҳамда адабий-танқидий тўпламлар муаллифи Улуғбек Ҳамдам, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкининг Бош офиси ва Тошкент шаҳрида жойлашган филиаллари ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Ўзбек тили дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Унинг софлигию, пурмаънолигига ва гўзаллигига албатта ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Халқимизнинг ўз тилига бўлган муҳаббати ва ижодкорлик қудрати тилга бўлган ёндашувда намоён бўлади. Ҳазрат Навоийнинг “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” деган ҳикмати неча асрлар ўтса ҳамки ўзининг моҳиятини йўқотмаган. Миллийлигимизнинг асоси саналмиш она тилимизга – “Давлат тили” мақоми берилганлиги том маънодаги жасорат ва истиқлол сари қўйилган илк қадам сифатида улкан аҳамиятга эга.

Давра суҳбати давомида ёзувчи Улуғбек Ҳамдам тилимизнинг ривожланиши ва шаклланиши, тил асосларини мустаҳкамлаш, она тилининг бетакрор жозибаси ҳамда дунё миқиёсида тутган ўрни ҳақида маъруза қилди.

Улуғбек Ҳамдам туркий тиллар гуруҳининг исталган тилида ёзилган асарларини ўзбек тилига таржима қилади. Улуғбек Ҳамдам ўз асарларида ва шеърий образларида турли инсонлар тақдирини тасвирлайди. Унинг 2004 йилда нашр этилган “Исён ва итоат” романи замонавий ўзбек адабиёти учун янгилик бўлди.

Фото: "Трастбанк"

- Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига мана 30 йил тўлди. Давлатимиз Раҳбари томонидан ушбу байрамни кенг нишонлаш ҳақидаги қарорининг имзоланиши биз ёзувчи ва адабиётшунослар учун тўйдек қабул қилинди, - дейди ёзувчи Улуғбек Ҳамдам.

Чунки ҳар бир миллатнинг ўзаги – унинг руҳий паспорти бўлган тили билан белгиланади. Тил йўқ бўлса – миллат ҳам бўлмайди. Шу маънода республикамизнинг ҳар бир ташкилотида, олий ўқув юртларида ва энг муҳими кўнгилларда тил байрами давом этмоқда. Бу тўйимиз кўнгилларда бардавом бўлиши лозим. Дунёда минглаб тиллар, минглаб элатлар бор. Бугунги глобаллашув ва маданиятлар интеграциялашуви жараёнлари жадал кечаётган бир даврда тилни, маданиятни ва ўзликни сақлаб қолиш анча қийин кечади. Агар биз ўз тилимизга эга чиқмасак, маданиятимизга ва қиёфамизга соҳиб чиқмасак глобаллашув даврида қиёфамизни йўқотишимиз мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тил байрами республикамизда доим бўлишини, минг йиллардан кейин ҳам тил байрамлари давом этишини тилайман. Токи, биз ўзбек миллати ўз қиёфамизга ҳамиша эга бўлган миллат сифатида яшашда давом этайлик. Илгари тил байрамлари адабиёт соҳасига тааллуқли ташкилотларда ўтказилган, бугун ҳатто банк соҳасида ҳам тил байрами кенг нишонланмоқда. Демак, бу мамлакатимизнинг ҳар бир соҳасини тил байрами қамраб олаётганидан далолат беради. Тил нафақат адабиётчиларнинг, ёзувчи ва шоирларнинг иши, балки соҳасидан қатъий назар бутун Ўзбекистон халқининг иши бўлганлигини бугунги тадбир яна бир карра ўз тасдиғини бераяпти, - дея сўзини якунлади Улуғбек Ҳамдам.

Фото: "Трастбанк"

Шунингдек, давра суҳбати давомида иштирокчиларга мустақиллик йилларида ўнлаб луғатлар қатори ўзбек тилида мумтоз адабий асарлари нашр этилгани айтиб ўтилди. Ушбу босқичнинг муҳим натижаси “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриётида 5 жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобининг нашр этилиши бўлди.

Тадбир давомида банк ходимлари ва ёзувчи Улуғбек Ҳамдам билан ўзаро савол-жавоблар ташкил этилди. Давра суҳбати билан чекланмаган банк раҳбарияти, ходимларнинг маънавий-маърифий ҳаётини янада бойитиш мақсадида ташкил этган китоб кўргазма ярмаркасида Банк ходимлари ўзбек ва жаҳон адабиётида ўчмас из қолдирган таниқли адибларнинг асарларини мутолаа қилиш ва севимли китобларини ҳарид қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Фото: "Трастбанк"
«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example