ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9500.96 +10.19
1 EUR = 10498.56 +43.53
1 RUB = 149.01 +0.19
1 GBP = 12255.29 +135.58
1 JPY = 87.38 +0.52
1 AFN = 122.36 +0.07
1 AMD = 19.94 -0.02
1 AED = 2586.84 +2.77


“ЎЗМИЛЛИЙБАНК” КЎМАГИДА ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИ ОШМОҚДА

Жорий йилнинг 30-31 октябрь кунлари Ўзбекистон Рес­публикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ОАВ вакиллари учун Самарқанд вилоятига пресс-тур ташкил этди. Унда иштирокчилар банк томонидан молиялаштирилган экспортчи корхоналар фаолияти билан танишиш баробарида “Ўзмиллийбанк”нинг Самарқанд вилояти бўлимига ҳам ташриф буюрди.

Пресс-тур қатнашчилари дастлаб Самарқанд вилояти Ургут туманидаги “Ургут Микро Метал” масъулияти чекланган жамиятида бўлишиб, ишлаб чиқариш жараёнини яқиндан кузатишди.

Фото: Банк Ахборот хизмати

Маълумотларга кўра, корхона 2018 йилда “Ўзмиллийбанк” томонидан ажратилган 1 млн. 60 минг АҚШ долларилик кредит маблағига эвазига тиш шёткаси, скотч, нелон ва акрил елимини ишлаб чиқарувчи корхонани бун­ёд этди.

– Бизнесимизни йўлга қўйиш учун анча мулоҳаза қилиб кўрдик, – дейди корхона таъсисчиси Шахоб Мирбобоев. – Чунки ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш осон иш эмас. Унга киришдингми, кейин ортга қайтиб бўлмайди. Шу боис, етти ўлчаб бир кес нақлига амал қилиб, аҳоли эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бунинг учун маҳаллий ва хориж бозорларини ўрганиб, кейин бизнесимизни бошладик. Айни дамда фақат тиш шёткаси ва скотч ишлаб чиқараётган бўлсак, тез орада маҳсулот турларини янада кўпайтириш устида ишлаяпмиз. Бунинг учун 2020 йилда яна 1.5 млн. АҚШ доллари кредит олиб, Хитойдан яна ўн дона махсус ускуналар сотиб олиб, сифатли ва арзон тиш пастаси ишлаб чиқаришни бошламоқчимиз. Натижада корхона маҳсулотлари тури ҳам ишчилари сони ҳам 35 тадан 60 тага ортади. Энг асосийси, маҳсулотларимизни қўшни давлатларга экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

Фото: Банк Ахборот хизмати

Бугун юртимизнинг шириндан шакар мевалари етиб бормаган ўлкалар қолмади ҳисоб. Чунки табиий шароитда етиштирилган меваларимизга жаҳон бозорида талаб катта бўлиши баробарида уддабурон тадбиркорларимиз ҳам тобора жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлиб бораётирки, бу экспорт географиясини янада кенгайишига имкон бераётир. Худди шундай тўрт йилдан бўён фаолият юритаётган “Ургут Агро – Вед Сервис” масъулияти чекланган жамиятининг ҳам бу борадаги ишлари ва эришган натижалари ҳам айтса арзигуликдир. Чунки корхона ўтган йили 3,5 млн. АҚШ доллари қийматида маҳсулот экспорт қилган бўлса, жорий йилнинг шу давригача 3 млн. АҚШ долларилик маҳсулотни Қозоғистон, Россия, Украина, Беларусь, Хитой каби мамлакатларга етказди.

– Биз дастлаб, Ургут туманимизнинг баҳаво жойларида етиштирилган меваларни хорижга экспорт қилишни бошладик. Аста-секин қуритилган меваларга талаб орта борди. Сўнгра “Ўзмиллийбанк”нинг 2,5 млрд. сўмлик молиявий кўмагида Хитойдан меваларни тозалаш, ювиш, қуритиш, қайта тайёрлаш ва қадоқлашга мўлжалланган махсус ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Натижада корхонада ишлаб чиқариш ҳажми ойига 450-500 тонна, йиллик – 6000 тоннани ташкил этди. Айни дамда иш кўламини янада кенгайтириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўряпмиз. Агар корхонамиз тўлиқ қувват билан ишга тушса, яна 150-200 ишчи ўрни яратилади, – дейди корхона раҳбари Соли Маҳмудов.

Фото: Банк Ахборот хизмати

Худди шунингдек, “УрГаз Карпет” гилам ишлаб чиқариш корхонаси ҳам 2002 йилдан бўён “Ўзмиллийбанк” билан ҳамкорликда кенг кўламли ишларни амалга ошириб келяпти. Пресс-тур иштирокчилари мазкур корхонада ҳам бўлишиб, Европа стандарти асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кўздан кечиришди.

Корхона дастлаб 30 та ходим билан механик равишда ишни бошлаган бўлса, 2006 йилдан тўлиқ компьютерлаштиришга ўтди ва барча технологиялар Миллий банкнинг молия­вий кўмагида харид қилинди. Айни дамда 300дан зиёд ишчилар меҳнат қилаётган корхонада Туркия, Англия, Германия, Италия, Австрия ва Бельгиядан келтирилган ускуналарда коллеж битирувчилари Европа стандартидаги гиламлар ишлаб чиқармоқда. Қолаверса, “Ўзмиллийбанк” томонидан корхона фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида яқинда 2 млн. евро миқдорида молиявий кўмак берилди. Натижада бу маблағга қўшимча Белгиядан 10 та ва Германия­дан 2 та ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Бу эса, корхонанинг экспорт салоҳиятини янада ошишига хизмат қилди. Айни дамда Қозоғистон, Тожикис­тон, Қирғизистон, Афғонистон, Доғистон, Латвия, Россияга каби давлатларга корхонанинг 40 фоиз маҳсулоти экспорт қилиниб, кўриладиган йиллик даромад 7-8 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Фото: Банк Ахборот хизмати

Пресс-турнинг иккинчи куни ОАВ ходимлари “Ўзмиллий­банк”нинг Самарқанд вилояти бўлимига ташриф буюрдилар ва унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 1992 йилда иш бошлаган мазкур “Ўзмиллийбанк” Самарқанд бўлимининг 1 ноябрь йил ҳолатига кўра, мижозлари сони 325 795 та бўлиб, шундан, юридик шахслар – 29 902 та, жисмоний шахслар – 295 893 тани ташкил этади. Йил бошига нисбатан ушбу кўрсаткич 17 286 тага кўпайган.
Шунингдек, йил бошидан бери барча манбалар ҳисобидан ажратилган кредитлар суммаси 805,9 млн. сўмни, шундан, хорижий валютада 55,0 млн. АҚШ доллари ва 5,0 минг Евро, миллий валютада 237,9 млн. сўмни ташкил этади. Хорижий кредит линиялари асосан, Хитой Давлат Тараққиёт банки ва Осиё Тараққиёт банки кредит линиялари ҳисобидан ажратилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари пресс-тур доирасида хусусий тадбиркорларга яратилаётган шароитлар ҳамда қулай ишбилармонлик муҳити тўғрисида тасаввур ҳосил қилдилар. Шунинг баробарида тадбиркорларга ва банк мутасаддиларига ўзларининг қизиқтирган саволларига тўлақонли жавоб олдилар.

Фото: Банк Ахборот хизмати
Фото: Банк Ахборот хизмати

Бобур МУҲАММАДИЕВ

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example