ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9500.96 +10.19
1 EUR = 10498.56 +43.53
1 RUB = 149.01 +0.19
1 GBP = 12255.29 +135.58
1 JPY = 87.38 +0.52
1 AFN = 122.36 +0.07
1 AMD = 19.94 -0.02
1 AED = 2586.84 +2.77


Ипотека кредити аҳолини уй-жой билан таъминлашда муҳим молиявий воситадир

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш муҳим масала бўлиб, буни ижобий ҳал қилиш уни молиялаштириш тизимига узвий боғлиқдир. Шунинг учун ҳам Президентимиз жорий йилнинг 28 октябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва ипотека бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу икки масалани бир-биридан ажралган ҳолда ҳал қилиб бўлмайди.


Йиғилишда халқимиз эҳтиёжини тўла қондириш учун ҳар йили 145 минг хонадондан иборат уйлар қуриш керак­лиги, бунинг учун эса, қарийб 30 триллион сўм зарур бўлиши, бу маблағ давлат бюджетининг 23 фоизидан зиёдини ташкил этиши таъкидланди. Шунингдек, давлат бюджетининг бунча қисмини биргина шу соҳага ажратиб бўлмайди. Шу боис йиғилишда ипотека тизимига босқичма-босқич бозор механизмларини жорий этиш, соҳада хусусий секторнинг ўрнини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Демак, республикамизда аҳолини уй-жой билан таъминлашни яхшилаш учун тижорат банклари томонидан ипотека кредити беришни ривожлантириш лозим. Бунинг учун тижорат банк­лари узоқ муддатли ресурс базасига эга бўлишлари зарур. Шундагина муддати 15-20 йил бўлган ипотека кредитлари бериб, уй-жой қуриш ва уни аҳоли томонидан сотиб олишни молиялаштириш имкониятига эга бўладилар.

Тижорат банкларининг ипотека кредит беришда молиявий ресурс масаласини ҳал қилишда хорижий давлатларда қўлланиладиган замонавий қайта молиялаштириш механизмини жорий этиш зарур. Шу ўринда Президентимизнинг 2019 йил 13 майдаги “Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу компаниянинг асосий вазифаларидан бири қилиб маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни жалб қилиш ва уларни ипотека кредитлари бериш учун тижорат банкларига тақдим қилиш ҳисобланади. Компания узоқ муддатли молиявий ресурсларни жалб қилишда ипотека қимматли қоғозларни чиқариши ва уларни инвесторлар орасида жойлаштириши лозим.

Маҳаллий капитал бозоридан молиявий ресурсларни жалб қилиш ҳолати инфляция даражасига узвий боғлиқдир. Инфляция даражаси юқори бўлган шароитда нафақат узоқ муддатга маблағларни жалб қилиш, балки уларни ипотека кредити қилиб бериш ҳам молиявий жиҳатдан рискли ҳисобланади. Шунинг учун ипотека кредити бозорини ривожлантириш асосий макроиқтисодий кўрсаткичлардан бири бўлган инфляция даражасини жиловлашга боғлиқдир. Шу ўринда 2019 йил 31 октябрь куни давлатимиз раҳбарининг инфляцияни 2022 йилда 9,5 фоизгача тушириш бўйича топшириқ бергани айни муддао бўлди.

Республикамизда инфляция даражаси нисбатан юқори бўлган шароит­да уй-жойлар нархининг ошиб кетмаслиги ва ҳамёнбоп бўлишини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиши белгиланган. Хусусан, 2020 йилдан бошлаб 16 мингта оилага бошланғич бадал ва кредит фоиз харажатлари учун бюджетдан субсидия ажратилади. Ушбу субсидиялар бериладиган янги тизим тажриба тариқасида Тошкент шаҳри ва Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Тошкент вилоятларида жорий этилади. Бунда субсидиялар уйлар бошланғич бадалининг 10 фоизини ҳамда Тошкент шаҳри учун 12 фоиз, қолган шаҳарларда 10 фоиздан юқори кредит фоизларини қоплашга берилади.

Мамлакатимизда ипотека бозорини ривожлантиришнинг замонавий услуб­лари ва воситаларини татбиқ этиш лозим. Бунинг учун илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, уларни республикамиз шароитига мос ҳолда қўллаш керак.

Масалан, Германиянинг қурилиш жамғарма кассалари тажрибасидан мамлакатимизда ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва янги уй-жой қуриш орқали аҳолини унга бўлган талабини қондириш учун фойдаланиш мумкин.

Мазкур кассаларнинг ипотека кредитининг манбаи бўлиб аҳолининг жамғармалари, бундай кредитлардан фойдаланганлик учун қарздорнинг тўловлари бўлади. Қурилиш жамғарма кассаларининг ипотека кредитларини фақатгина унга шартномада белгиланган муддат ва суммада жамғарма қўйган киши олиши мумкин. Жамғарма учун ҳам, кредит учун ҳам фоиз ставкалари қатъий белгиланади. Шунинг учун ҳам 2008 йилда бошланган жаҳон молия­вий инқирози даврида Германиянинг қурилиш жамғарма кассалари молиявий барқарор бўлиб қолди.

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда аҳолини уй-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунинг учун ипотека кредити бериш механизмини замонавий услуб ва воситалар орқали такомиллаштириш мақсадга мувофиқдир.

Ф. Додиев
Ўзбекистон Республикаси банк-молия академияси
кафедра мудири, и.ф.н.

“Банк ахборотномаси” газетасининг 43-сонидан 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example