ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9500.96 +10.19
1 EUR = 10498.56 +43.53
1 RUB = 149.01 +0.19
1 GBP = 12255.29 +135.58
1 JPY = 87.38 +0.52
1 AFN = 122.36 +0.07
1 AMD = 19.94 -0.02
1 AED = 2586.84 +2.77


БАНК ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ

Мамлакат банк тизимини ривожлантириш миллий иқтисодиётни барқарор ривожланишини таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланади. Марказий банк томонидан амалга ошириладиган пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш ва инфляция даражаси ошишининг олдини олиш имконини беради. Тижорат банклари фаолиятини ривожлантириш эса, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг кредитларга бўлган талабларини қондириш, тўловларнинг узлуксизлигини таъминлаш, жамиятда вақтинчалик бўш турган пул маблағларини жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида илғор халқаро тажрибада қўлланиладиган инструментлардан фойдаланган ҳолда пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш, шунингдек, валютани тартибга солишда замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш ва миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш, тижорат банкларининг ликвидлилиги ва молиявий барқарорлигини таъминлаш, депозит базасини мустаҳкамлаш ва ишончлилигини ошириш банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.

Мазкур устувор йўналишлар доирасидаги вазифаларни ҳал қилиш мақсадида бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, тижорат банкларининг капиталлашиш даражасини ошириш мақсадида капиталнинг етарлилигига нисбатан энг паст талабларни босқичма-босқич ошириб бориш талаби жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг регулятив капиталига ва биринчи даражали капиталига нисбатан белгиланган минимал талаблар 2015 йил 1 январдан 2019 йил 1 январга қадар бўлган даврда босқичма-босқич ошириб борилди. Ушбу жараёнда, айниқса, биринчи даражали капиталнинг етарлилигига нисбатан белгиланган минимал талаб сезиларли даражада оширилди. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, тижорат банклари регулятив капиталининг етарлилигига нисбатан минимал талаб 13% қилиб, биринчи даражали капиталнинг етарлилигига нисбатан энг паст талаб эса, 11% қилиб белгиланди. Ҳолбуки, 2015 йилда ушбу талаблар мос равишда 10% ва 5% эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги ПҚ-3270-сонли “Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ:

* 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб тижорат банклари устав капиталининг минимал миқдорига қўйилган талаб 100,0 млрд. сўм қилиб белгиланди;

* тижорат банклари хўжалик субъектларининг муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг юзага келиши ва хўжалик субъектларининг банк кассаларидан олган нақд пулдан мақсадли фойдаланишлари устидан назорат қилиш каби уларга хос бўлмаган функциялардан озод этилди (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.09.2017 й.).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3272-сонли “Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, мазкур Қарорга мувофиқ:

* Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ички нархларнинг барқарорлигини таъминлашда ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиё­сати мақсадларига эришиш принцип ва механизмларини хорижий марказий банклари томонидан қўлланиладиган инфляциявий таргетлаш режимига ўтиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди;

* Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига 2018 - 2021 йилларда Концепцияни амалга ошириш бўйича “йўл харитасини” ишлаб чиқиш вазифаси юкланди ва унда босқичма-босқич инфляциявий таргетлаш режимига ўтишнинг қуйидаги йўллар орқали амалга ошириш белгилаб қўйилди:

– умумиқтисодий, солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсатини мувофиқ­лаштириш амалиётини такомиллаштириш, бунда иқтисодий ўсиш, давлат бюджетининг баланслашганлиги ва иқтисодиётдаги нархлар даражасининг барқарорлиги бўйича ўзаро ҳаракатлар ва мақсадларнинг келишилганлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш;

– ликвидликни таъминлаш ва жалб қилиш операциялари бўйича пул-кредит сиёсатининг самарали қўлланиладиган фоиз инструментлари турларини кенгайтириш;

– тижорат банклари томонидан фоиз ставкаларини шакллантиришда, шу жумладан, кредитлар бўйича бозор механизмларини кенг жорий этиш;

– илғор хорижий тажрибага мувофиқ макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлашни такомиллаштириш;

– олиб борилаётган пул-кредит сиё­сатининг, жумладан амалга оширилаётган сиёсатда қўлланилаётган инструментлар ва якуний мақсадлар тўғрисида ахборот етказиб бериш йўли билан, шаффофлик ва олдиндан башорат қилиш имкониятини ошириш.

Айни вақтда мамлакат банк тизимини ривожлантириш билан боғлиқ бўлган ва ечимини топмаган бир қатор долзарб муаммолар мавжуд. Ана шулардан бири бўлиб, тижорат банкларида узоқ муддатли ресурсларнинг етишмаслиги муаммоси ҳисобланади. Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Шавкат Мирзиёв 2019 йил 25 октябрь куни бўлиб ўтган банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг инвестициявий фаоллигини оширишга бағишланган йиғилишдаги маърузасида эътироф этганларидек, банкларга қўйилган депозитларнинг 70 фоизи қисқа муддатли бўлгани ҳолда, кредитларнинг 90 фоизи узоқ муддатга берилган.

Тижорат банкларида узоқ муддатли ресурсларнинг етишмаслигини асосий сабабларидан бири бўлиб, банкларнинг узоқ муддатли қимматли қоғозларни эмиссия қилиш йўли билан ресурслар жалб қилиш амалиётини такомиллашмагани ҳисобланади.

2019 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар улар мажбуриятларининг атиги 0,01 фоизини ташкил этди. Ҳолбуки, тараққий этган мамлакатларда тижорат банклари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни сотишдан олинган пул маблағлари уларнинг мажбуриятлари ҳажмида депозитлардан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.

Шунингдек, тўловларнинг мақса­дли кетма-кетлиги қўлланилаётган шароитда давлат солиқ хизматига солиштириш далолатномасисиз инкассо қўйиш ва солиқ тўловларини аванс тариқасида ундириш ҳуқуқининг берилганлиги тижорат банклари томонидан берилган кредитларни ўз вақтида қайтаришга тўсқинлик қилмоқда.

Тижорат банкларида трансформация рискининг чуқурлашиб кетганлиги банкларнинг ликвидлилигига нисбатан кучли салбий таъсирни юзага келтирмоқда.

Маълумки, трансформация риски тижорат банки активларининг муддатини жалб қилинган ресурслар муддатидан катта бўлиши натижасида юзага келади. Ушбу рискни қисқа муддат ичида бартараф қилинмаслиги банкда баланслашмаган ликвидлилик муаммосининг чуқурлашишига олиб келади.

Қайд этиш жоизки, республикамиз йирик тижорат банкларининг барчасида трансформация риски мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини пул маблағлари билан таъминланганлик даражасининг ниҳоятда паст эканлиги банк тизимини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган асосий муаммолардан бири ҳисобланади.

2019 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республикамизда иқтисодиётнинг пул маблағлари билан таъминланганлик даражаси атиги 20,5 фоизни ташкил этди. Ҳолбуки, ушбу кўрсаткич камида 40% бўлиши керак.
Мамлакат иқтисодиётининг пул маблағлари билан таъминланганлик даражасининг паст эканлиги иқтисодиётдаги тўловсизлик муаммосини ҳал қилиш имконини бермайди ва корхоналарнинг тижорат банклари кредитларидан фойдаланиш даражасини оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Иқтисодчи олимлар томонидан амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг натижалари кўрсатдики, монетизация коэффициенти билан инфляция даражаси, номинал ва реал фоиз ставкалари ўртасида бевосита алоқадорлик мавжуд. Монетизация даражаси М4 пул агрегати бўйича 50 фоиздан юқори бўлган мамлакатларда инфляция даражаси, одатда, 10 фоиздан ошмайди, реал фоиз ставкаси эса, 1,5-5,0% даражасида бўлади. Монетизация даражаси паст бўлган, яъни 20 фоизгача бўлган мамлакатларда инфляция даражаси нисбатан юқори бўлиб, реал фоиз ставкаси салбий бўлади ёки паст даражада бўлади.

Юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз:

1. Тижорат банкларининг узоқ муддатли қимматли қоғозларни эмиссия қилиш йўли билан узоқ муддатли ресурс базасини мустаҳкамлаш мақсадида, биринчидан, инфляция ва миллий валютанинг қадрсизланиш суръатини пасайтириш йўли билан мазкур қимматли қоғозларга қилинган инвестицияларнинг реал қийматини пасайишига йўл қўймаслик лозим; иккинчидан, инвес­торларнинг тижорат банк­ларининг узоқ муддатли қимматли қоғозларига қилинган инвестицияларидан оладиган даромадлари солиққа тортилмаслиги керак.

2. Давлат солиқ органлари томонидан солиқ тўловларини солиштириш далолатномасисиз ва аванс тариқасида ундириш тартибини бекор қилиш лозим.

3. Тижорат банклари активлари ва мажбуриятларининг муддатлари ўртасидаги мувофиқликни таъминлаш ва трансакцион депозитларнинг фақат барқарор қолдиғидан ресурс сифатида фойдаланишни йўлга қўйиш орқали трансформация рис­кига барҳам бериш лозим. Трансакцион депозитларда муддат мавжуд эмас. Бунинг устига, уларнинг беқарорлик даражаси жуда юқори. Шу сабабли, улардан тўғридан-тўғри ресурс сифатида фойдаланиш, активлар ва мажбуриятларнинг муддатлари ўртасидаги мувофиқлик таъминланган шароитда ҳам, тижорат банкининг ликвидлилигига нисбатан кучли салбий таъсирни юзага келтириши мумкин.

4. Мамлакат иқтисодиётининг пул маблағлари билан таъминланганлик даражасини ошириш учун пул массасини паст ва барқарор суръатларда ўсишини таъминлашга қаратилган пул-кредит сиёсатини Ж.М.Кейнс томонидан Иккинчи жаҳон урушидан кейин таклиф этилган умумий талабни рағбатлантиришга қаратилган бюджет сиёсати билан уйғунлаштирган тарзда олиб бориш лозим.

Экспансионистик монетар сиёсат тижорат банкларининг кредит экспансиясини рағбатлантиради ва кредитларнинг номинал ялпи ички маҳсулотга нисбатан даражасини ошириш имконини беради. Бу эса, пул массасининг мультипликатив кенгайишини таъминлаш имконини берган ҳолда, иқтисодиётнинг пул маблағлари билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Тўлқин Бобоқулов
ТМИ “Банк иши” кафедраси
профессори, и.ф.д.
Ўткир Абдуллаев
ТМИ “Банк иши” кафедраси
доценти, и.ф.н

“Банк ахборотномаси” газетасининг 43-сонидан 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example