ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10209.86 +2.17
1 EUR = 12021.09 +125.05
1 RUB = 137.46 -4.91
1 GBP = 13362.66 +308.05
1 JPY = 96.43 +0.24
1 AFN = 133.24 +0.67
1 AMD = 21.08 0
1 AED = 2779.86 +0.59


2020 йил учун давлат бюджетига қандай ўзгартиришлар киритилди?

Ҳеч кимга сир эмас, коронавирус пандемияси ва глобал инқироз жаҳоннинг иқтисодий жиҳатдан бақувват давлатлари иқтисодиётига ҳам сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатди. Буни маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш, хизмат кўрсатиш ҳамда экспорт ва импорт ҳажмларининг камайиши, туризм, транспорт соҳасида кузатиш мумкин. Табиийки, бу жараён Ўзбекистон иқтисодиётини ҳам четлаб ўтгани йўқ.

Мамлакатимизда пандемия ва глобал инқироз ҳолатларининг миллий иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш ва олдини олиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Буни коронавирус пандемияси ва глобал инқироз даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар мисолида кўришимиз мумкин.

Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсия ва нафақалар ҳамда устувор давлат дастурларини ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириш мақсадида 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бюджет умумий харажатларини 3 фоиздан ортиқ миқдорга ҳамда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари учун ажратилган маблағлар миқдорини 10 ва ундан ортиқ фоизга ўзгартиришга тўғри келди.

Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, унинг йўналишлари белгиланди.

Яна бир жиҳат, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 15 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан бюджет харажатларини мақбуллаштириш ҳамда республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга трансфертларни амалга ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилиши муносабати билан вазирликни сақлаш учун 7,4 миллиард сўм қўшимча харажат кўзда тутилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилди.

Давлат бюджетига тушиши керак бўлган тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи йиғим суммасининг 7 фоизи миқдоридаги маблағни ушбу жамғармага ўтказиш режалаштирилган. Шу сабабли, ушбу миқдор доирасида 100 миллиард сўм маблағ Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали ушбу жамғармага ажратилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитой Халқ Республикасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ваколатхоналари ташкил этилиши муносабати билан ушбу ваколатхоналарни сақлаш учун қўшимча 13,9 миллиард сўм кўзда тутилди.

Яна бир жиҳати, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюро тушумларининг қисқартирилиши муносабати билан мажбурий ижро бюро объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича аввал бошланган ишлардан қарздорликларни қоплаш учун 172 миллиард сўм маблағ ажратилиши ва Президентимиз ва Ҳукуматнинг бошқа бир қатор қарорлари асосида биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг чегараланган миқдорларига ўзгартиришлар киритилди.

Шунингдек, адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлаш харажатлари, фермер хўжаликлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси қийматини қоплаш учун субсидиялар, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун бериладиган субсидияларни талабномалардан келиб чиқиб, маҳаллий бюджетлар орқали молиялаштириш механизмини тартибга солувчи меъёр киритилди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган чора-тадбирлар натижасида 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонунида республика бюджетининг тасдиқланган 100,8 триллион сўм харажатлари 106,3 триллионга етказилди.

Шерзод МУҲАММЕДОВ,
Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example