ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10209.86 +2.17
1 EUR = 12021.09 +125.05
1 RUB = 137.46 -4.91
1 GBP = 13362.66 +308.05
1 JPY = 96.43 +0.24
1 AFN = 133.24 +0.67
1 AMD = 21.08 0
1 AED = 2779.86 +0.59


Хизматлардан исталган вақтда бепул фойдаланиш мумкин

my.soliq.uz портали ҳар қандай тоифадаги солиқ тўловчиларга кенг имкониятни тақдим этиб келмоқда. Жумладан, ундаги 20 та интерактив, 25 та ахборот хизматидан фойдаланиш учун вақт ва манзил борасида ҳеч қандай чеклов йўқ. Шу сабабли мазкур портал солиқ мажбуриятларини бажаришнинг ишончли ва қулай усули сифатида эътироф этилмоқда.

Порталда жисмоний ва юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳар бири учун алоҳида «шахсий кабинет» очилган. Уларга тааллуқли хизматлар ҳам махсус бўлимларга жойлаштирилган.

Портал орқали солиқларни мустақил равишда ҳисоблаб чиқаришдан тортиб, ҳисобот ва солиқ декларациялари, мурожаатларни юбориш имкониятигача бор. Ҳар қандай турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн режимида тўлаш хизмати эса порталнинг асосий қулайлиги ва афзаллигидир.

Юридик шахслар солиқ тўловларини амалга ошираётганда тўлов топшириқноманинг рақами ва суммасидан бошқа барча маълумотлар Давлат солиқ қўмитасининг базасида автоматик тарзда шаклланади. Шундан сўнг солиқ тўловчи солиқ турини танлаши ва тўлов суммасини кўрсатиши керак. «Тўлаш» тугмаси жараёнга якун ясайди.

Корхонанинг электрон тўлов топшириқномаси Давлат солиқ қўмитаси базасига келиб тушади ва ўша пайтнинг ўзида Марказий банкка етказилади. Тўлов топшириқнома Марказий банк орқали тижорат банкларига юборилади ва тўлов амалга оширилиб, солиқ тўловчининг шахсий карточкасига қайд этилади. Буларнинг барчаси тўғридан-тўғри, автоматик тарзда амалга ошади. Агар ҳисоб рақамда пул миқдори етарли бўлмаса, тўлов топшириқномаси 2-сонли картотекага жойлаштирилиб, бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасига электрон хабарнома юборилади. Бу билан солиқ инспектори томонидан солиқ тўловчининг ҳисоб рақамига инкассо топшириқномалари қўйилишининг олди олинади.

Жисмоний шахслар ҳам портал ёрдамида даромад солиғи, ер ва мол-мулк солиқлари суммаларини аниқлаши ва тўлаши мумкин. “ЖШнинг солиқлари бўйича маслаҳатчи“ бўлими уларни солиқ соҳасида қабул қилинган меъёрий ҳужжатларга оид маълумотлар, янгиликлар билан таништириб боради.

Солиқ тўловчилар солиқ қарзи мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлиш учун давлат солиқ хизмати органларига бориши шарт эмас, бу ҳужжатни айнан мана шу порталдан олиш мумкин.

Порталда 14 турдаги электрон маълумотномани мустақил равишда шакллантириб, чоп этиб олса бўлади. Улар ўзининг уникал рақамига эга бўлиб, корхона ва ташкилотларга тақдим этилганда солиқ органларининг маълумотлар базасидан ҳақиқийлигини тўғридан-тўғри текшириб олиш имконияти мавжуд.

my.soliq.uzдаги барча интерактив хизматлар “SOLIQ” мобил иловасида ҳам жамланган. Мобил илова "GooglePlay" да жойлаштирилган. Уни юклаб олиш учун Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтидаги ҳаволадан фойдаланиш мумкин.

Сўнгги икки ой мобайнида портал фойдаланувчиларидан 52 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. Юридик шахслар томонидан у орқали 1 миллион 781 минг 325 солиқ ҳисоботи электрон шаклда жўнатилди. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 0,5 миллиондан ортиқ тўловлар электрон шаклда амалга оширилди. Натижада мана шу қисқа вақт ичида тахминан 32 тонна қоғоз тежаб қолинди.

Албатта, бу кўрсаткич масаланинг фақат иқтисодий томони, холос. Унинг ижтимоий баҳоси бунданда юқори ва муҳим. Чунки ҳар бир рақам ортида қанчадан-қанчадан солиқ тўловчиларнинг тежалган вақт ва харажатлари борлиги аниқ. Бизнингча, my.soliq.uzнинг нима учун муҳим портал эканига бундан ортиқ изоҳ ва хулоса шарт эмас.

Фаррух НОРМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар»
илмий-ахборот марказининг бўлим бошлиғи.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example