ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10493.48 -7.74
1 EUR = 12641.50 +35.84
1 RUB = 140.60 +0.11
1 GBP = 14603.78 +11.28
1 JPY = 96.15 +0.12
1 AFN = 133.93 -0.06
1 AMD = 20.15 -0.01
1 AED = 2856.77 -2.11


БЮДЖЕТ ВА ЎЗГАЛАРНИНГ МАБЛАҒЛАРИНИ ТАЛОН-ТОРОЖ ҚИЛИШ ҚАЧОН ТЎХТАЙДИ?

Сўнгги пайтларда ОАВда «Бюджет маблағлари талон-тарож қилинди, имтиёзли кредитлар мақсадли ишлатилмади, маблағларни ноқонуний ўзлаштирганларга жиноят иши очилди» каби хабарларга тез-тез дуч келяпмиз. Энг қизиғи, ўша маълумотларда асосан миллиардлар ҳақида сўз юритилади. Мисол учун, ўтган ҳафтада ОАВда «Ҳисоб палатаси 2020 йилда 671 млрд. сўмлик талон-торожлик ҳолатларини аниқлаган», «Самарқандда икки ойда 3,5 сўмлик кредитлар мақсадли ишлатилмади» каби сарлавҳаларда чиқишлар бўлди.

Эътибор бераётган бўлсангиз, бир неча миллиардлар ҳақида сўз кетмоқда. Бундай хабарларни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг расмий Telegram-каналида кунига беш-ўнлаб учратасиз. Уларда ҳам асосан талон-торожлик, кредит найранглари. Эътиборлиси, департамент маълумотлари ҳар куни бўлмаса-да кунора банк ходимлари иштирокидаги жиноят фош этилмоқда.

Жумладан, департаментнинг тадбиркорлик субъектларини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилган ишлар юзасидан берилган маълумотлар жуда ҳам ачинарли. Унга кўра банк мансабдор шахсларининг 30 та жинояти фош этилган.

Бундан ташқари, ўз бизнесини йўлга қўйиш мақсадида банкларга мурожаат қилган 669 нафар фуқаронинг аризасидан фойдаланиб, уларнинг хабардорлигисиз банк мансабдор шахслари томонидан жами 29,6 млрд. сўмлик имтиёзли кредитларни ноқонуний ажратилиб, талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Мисол учун, акциядорлик банкининг Ғазалкент филиали юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси 2,7 млрд. сўм кредит талон-торож қилганлиги аниқланган.

Буни қарангки, бир шахснинг ўзи 2,7 млрд. сўмни ўзлаштирсаю ҳеч ким сезмаса. Бу нафси ҳакалак отган собиқ банк ходимининг юраги ҳам бор экан-да. Нақ салкам уч миллиард сўмни чўнтагига урибди. Бунга ўхшаган собиқ ходимлар эса салкам ўттиз миллиардни ўзлаштиришибди. Бу пулларга қанча тадбиркорнинг мушкули осон, бири икки бўларди.

Кейинги йилларда банк соҳасида ходимлари ўртасида турли қинғирликлар ва коррупцияни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилаётгани маълум. Афсуски, унинг таъсири етарли бўлмаётган кўринади.

Бўлмаса халқ орасида ижтимоий тармоқларда банк ходимларига ноўрин сўз айтилмаган бўларди. Дарахтнинг учи бекорга қимирламайди, деган нақл бежиз эмас. Лекин айрим нафс қулига айланган шахсларни деб жонкуяр фидоий банк ходимларининг номига ҳам доғ тушаётгани аламлидир.

Пул бор жойда фитна, манфаатлар тўқнашуви бўлиши турган гап. Айниқса, бугунги яхши яшаш пойгаси кун сайин ортиб кетаётган бир пайтда бу жараён янада тезлашди. Ана шундайлар орасида «мансаб келганда фойдаланиб қолиши керак» деган тушунча билан давлат бюджетини ёки ташкилот маблағларини ўзлаштираётгани, шунингдек ўзгаларнинг ҳақини қўрқмасдан еяётганлар ҳам бор. Бунга юқорида мисол келтирганларимизнинг ўзи сўзимиз исботи бўла олади.

Афсуски, кейинги пайтда нафси хакалак отган бундай шахслар ортиб бораётгани кишини ташвишга солади. Шу боис, барча ташкилоту идораларда бу каби ҳолатларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки бу мамлакат ва халқ обрўсига таъсир қиладиган ўта жиддий масаладир.

Б. Мейлиев

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари