ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10493.48 -7.74
1 EUR = 12641.50 +35.84
1 RUB = 140.60 +0.11
1 GBP = 14603.78 +11.28
1 JPY = 96.15 +0.12
1 AFN = 133.93 -0.06
1 AMD = 20.15 -0.01
1 AED = 2856.77 -2.11


БАНК ВА БАНКИР ИМИЖИ

Банк ёки муайян бир ташкилот обрў-нуфузини унинг имижи белгилайди. Шунинг учун молиявий ташкилотлар ҳамиша ўз имижини кўтариш бўйича курашиб келади. Чунки муайян банк ўз мамлакатида имижи баланд бўлса, демак унинг халқаро имижи ҳам ўз-ўзидан кўтарилади.


Имиж нима?
Имиж жуда кенг тушунча. Жуда лўнда таъриф берсак, имиж обрў, нуфуз ва чақирув қоғози (визитка). «Имиж» тушунчаси азалдан бўлгани билан барибир янги. Бу йўналишдаги категорияларни Имижелогия ўрганади. Банкир имижелогиясининг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Банк соҳасида имижни шакллантиришда бошқа соҳаларга хос усул ва омиллардан фойдаланиш ҳам мавжуд. Имиж ва реклама, имиж ва хизмат кўрсатиш, бойлик ва имиж, оммавий ахборот воситалари орқали имижнинг шаклланиши ва ҳоказо.

Имиж – мураккаб ижтимоий воқеликни вужудга келтириш ва аниқлашнинг тежамкорроқ усули. Имиж – бу банкир энг сифатли хизмат билан мижознинг кўнглини топиш. Бизнинг имижимиз, ўзгаларнинг кўз ўнгидаги суратимиз сингари, баъзи ҳолларда бизнинг ўзимиздан ҳам муҳимроқ бўлади.

Банк имижи худди сиё­сат имижига ўхшаб кетади. Масалан, сайловларда имижни танлаймиз, муайян сиёсий дастурлар (платформа) ёки сайлов участкаларидаги муайян инсонларни эмас. Имиж барчанинг онгида яхши таассуротларни қарор топтириш ва тартибга солишга кўмаклашади. Имиж идеаллаштирилган сурат каби номзоднинг ўзидан кўра, тезроқ ва самаралироқ бошқарувга муҳтож, буни биринчи бўлиб Р. Никсоннинг президентлик сайловлари пайтида америкаликлар синаб кўрдилар. Сайловчи ҳеч қачон номзод билан шахсан тўқнаш келмайди, лекин у албатта унинг имижи билан тўқнаш келади. Бу қоида қанчалик ғалати кўринмасин, у шунчалик адолатли ҳамдир. Таъсир самарадорлигини оширувчи ҳар қандай қонуният доимо ғолиб чиқади.

Шу маънода банкир доим ҳам мижоз билан тўқнаш келмаслиги мумкин, бироқ банкир яратган сифатли муҳитга мижоз йўлиқади ва ижобий таассурот олади. Шундай қилиб, нега айнан имиж омма онгига таъсир этишнинг ҳақиқий воситасига айланмоқда? Гап шундаки, биз омма онги билан фақат коммуникатив бирлик (имиж) ёрдамида ишлай оламиз. Бир одамнинг бош­қаси билан мулоқотида жисмоний бирликлар қўлланиши мумкин.

Шартли мисол: сўз билан эмас, болта билан одамни қўрқитиш ёки ўлдириш мумкин. Бироқ омма онгига болта таъсир қилмайди. Бунда эътиборни коммуникатив ҳаракатларга, уларни сўз орқали амалга ошириб, қаратиш керак. Чунки жисмоний объект бу – индивидуал онг, коммуникатив объект эса оммавий онг.

ОАВ билан ишлаш имижи

Бироқ омма онги билан ишлаш шуниси билан ажралиб турадики, банк бутун хизмат кўрсатиш ҳажмини бера олмайди. Банкир ёки сиёсатчи ҳақида мутлақ тўлиқ маълумотни тасаввур қилиб бўлмайди. Бу эса, банкирлар ўз-ўзидан пиар (PR технологиялари) ва ОАВ билан ишлашини тақозо қилади. Ҳозирги замонда пиар ва ОАВ билан ишламайдиган банкирни ҳатто профессионал томондан ҳам яхши мутахассис деб айта олмаймиз.

Иқтисодиётда обрў-эътибор компаниянинг ўз мижозлари ва ҳамкорлари билан бевосита иш юзасидан тўлақонли бизнес алоқалари натижасида пайдо бўлади. Улар шак-шубҳасиз ижобий ёки салбий обрў-эътибор ҳақидаги ахборот тарқатувчиларига айланадилар. Ҳатто мижозлар ўз оламида ўзлари сезмаган ҳолда ўша банкирнинг пиар ёрдамчиси ҳам бўлиб чиқишлари мумкин. Бу эса банкирнинг маҳоратига боғлиқ.

Имиж ҳамиша бир мақсадга йўналтирилиб, ОАВ орқали ва турли хил махсус тадбирларнинг билвосита таъсири ҳисобига шаклланади. Имиж яна шуниси билан обрў-эътибордан фарқ қиладики, орттириладиган обрў ўтган йиллар асосида пайдо бўлса, имижни яратиш учун нафақат ўтган ва ҳозирги ютуқларидан, балки банкнинг истиқболдаги лойиҳаларидан, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга таклифлар ва банк раҳбарларининг «илғор» қарашларидан фойдаланиш мумкин. Банк ҳаттоки мижозларга қулай бўлган бирор-бир лойиҳани оммага эълон қилиб ҳам имиж очколарини йиға бошлайди. Бунда имиж ва обрў-эътибор ўзаро чамбарчас боғланган, шунинг учун имижни бошқарганимизда бу обрў-эътиборга таъсир қилади, ва аксинча, обрў-эътибор менежменти натижалари имижга таъсир кўрсатади.

Шу йўл билан, банкнинг имижи бу турли хил ижтимоий гуруҳлар хотирасида сақланаётган банк фаолиятининг хилма хил томонлари ҳақидаги ахборот асосида шаклланадиган банкнинг ушбу гуруҳлар томонидан яхлит идрок (тушуниш ва баҳолаш) этилишидир. Баъзан мақсадли аудиторияларда маълум бир ташкилот муносабати билан пайдо бўладиган тасаввурлар, қиёфалар ва таассуротларлар йиғиндисини ҳам корпоратив имиж деб аташади. Имиж – бу корпоратив идентификациянинг анча мураккаб ва кўп қиёфали жиҳатидир. Имиж яратиш – узоқ давом этадиган жараён ва имиж мақсадли аудиториялар онгида ўрнашиб олмагунча, ўзгаришлар самарали бўлмайди.

Имиж турлари

Банк имижи иерархик тузулишга эга. Иерархиянинг ҳар бир босқичи қўшни юқори босқичдаги унсурларга таъсир кўрсатувчи кучга эга. Банк имижининг тузулмаси инсонларнинг ташкилотга нисбатан тасаввурларидан иборат бўлиб, уларни шартли равишда бир неча гуруҳ (таркибий қисм)га ажратиш мумкин:

1. Хизмат имижи. Бу имиж банкнинг хизмат кўрсатишига эга бўлган ягона хусусиятларига нисбатан бўлган мижозларнинг тасаввурларидан иборат. Хизмат кўрсатишнинг функционал қиймати – хизмат билан таъминлайдиган асосий даромад ёки хизматнинг ўзи; қўшимча хизматлар (хусусиятлар) – хизматни бошқалардан ажратиб турадиган хусусият билан таъминлайди.
2. Мижозлар имижи. Кенг хизмат кўрсатиш учун мижозларнинг ҳаёт тарзи, ижтимоий мавқе ва табиати ҳақидаги тасаввурларни ўз ичига олади. Ҳаёт тарзи – инсонлар хатти-ҳаракати ва мулоқотининг ўзига хос шахсий ижтимоий-психологик хусусиятлари. Истеъмолчининг ижтимоий мавқеи – маҳсулот истеъмолчисининг жамиятдаги ўрнини кўрсатади ва жинс, ёш, маълумот, касб-ҳунар, оиланинг ҳаётий даври ва шу каби ижтимоий ҳолатларнинг мавжудлигига, шунингдек, «нуфуз», «обрў-эътибор» каби тушунчаларда ифодаланадиган юқоридаги ҳолатларнинг аҳамиятини баҳолашга асосланади. Истеъмолчиларнинг табиати шахснинг хатти-ҳаракатига таъсир этадиган барқарор психологик хусусиятлар йиғиндисини ифодалайди.
3. Банкнинг ички имижи – бу ходимларнинг ўз ташкилотлари ҳақидаги тасаввурлари тушунилади.

Хулоса қилиб айтганда, банкда имиж масаласи кенг қўлланилиши керак. Имиж деганда биз муайян соҳаларда ҳам бу тушунча мавжуд эканлигини далилладик. Лекин банкда у ҳали тўлиқ ўрганилиши ва имиж тўғрисида тадқиқот иши олиб борилиши кераклигини таъкид­ламоқчимиз. Чунки имиж банкда бошқа соҳаларга қараганда жуда муҳимроқ категориядир. Биргина мисол келтирсак, ривожланган давлатларда масалан Германияда мижоз негадир банкирни худди қариндошидек ўзига яқин олиб суҳбатлашади. Бу эса ўша мамлакатда банкир ишончли экани ёки банкирлар ишонч қозонишга уста эканидан далолат беради. Ҳатто бу мамлакатда телевизиончи журналист, сухандон телевидениеда оддий кийиниб, яъни, эски, арзон, лекин тоза кастюм–шимларда хабарлар ўқиганини кўриб рости ҳайрон бўлганмиз. Бу нарса кейин билсак, халққа нисбатан камтарлик, тавозелик, одмилик белгиси экан. Журналист бу хатти-ҳаракати билан имиж яратиб, кўпчилик эътиборига тушмоқчи бўлар экан. Шундан маълум бўладики, имиж ҳамма жойда ҳар хил тушунилади. Бизда эса санъаткорлардан тортиб, журналистларгача телевидениеда кийимга зеб бериш, либос билан халқдан ажралиб ўзини наргис тутиш, энг сўнгги модада кийиниш мусобақасини имиж деб тушунамиз. Хусусан, бу нарса, бу оҳанжамалик, қўполроқ қилиб айтганда, олифталикнинг ўзгинаси, асло биз ўйлаган имиж эмас. Ҳатто тараққиёт белгиси эмас.

Шукур ЖАББОР

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари