ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 10852.04 -8.13
1 EUR = 12449.46 +103.62
1 RUB = 145.45 -0.45
1 GBP = 14907.45 +108.3
1 JPY = 94.75 +0.61
1 AFN = 103.78 +0.77
1 AMD = 22.48 -0.1
1 AED = 2954.46 -2.22


Ижтимоий суғуртани амалга оширишнинг айрим хорижий давлатлар тажрибаси

Ижтимоий суғурта ва ижтимоий таъминот масалалари ҳар қандай давлатнинг ижтимоий сиёсатида энг долзарб масалалардан биридир. Айниқса, бугунги пандемия шароитида давлат томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилиниши янада муҳим аҳамият касб этмоқда.


Шахло Маҳкамова,

Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти лойиҳа раҳбари

Алишер Маманов,

Биринчи тоифали мутахассис


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида «Янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади. Ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади»1, – дея таъкидлагани бежиз эмас, албатта. Камбағалликни қисқартириш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар давомида аҳолининг эҳтиёжманд қисми манзилли қўллаб-қувватланади, зарурий ижтимоий таъминот билан қамраб олинади.
2021 йилдан бошлаб вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар оширилиши ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартибнинг бекор қилиниши2 ижтимоий ҳимояни янада кучайтиришга эътибор қаратилаётганининг яққол мисолидир. Ривожланган мамлакатларда ижтимоий ҳимояни ташкил қилишда ижтимоий суғурта тизимлари муҳим роль ўйнайди.
Ҳар бир мамлакатда фуқароларнинг ижтимоий суғуртаси ўзининг шаклланиш ва ривожланиш тарихий йўлини босиб ўтди, аммо уларнинг ривожланиши учун қўйилган вазифалар ўхшаш бўлгани билан уларни ҳал қилиш усуллари ва ёндашувлари сезиларли даражада фарқ қилади. Ижтимоий суғурта давлат ижтимоий сиёсатининг асосий қисмидир. Мамлакатда ривожланган ижтимоий суғурта тизими фуқароларга самарали ҳимоя механизмларини тақдим этади ва шу билан биргаликда иқтисодий барқарорликни таъминлайди ҳамда жамиятда ижтимоий бирдамлик муҳитини яратади. Бугунги кунда бир-биридан тузилиши билан ҳам, молиялаштиришнинг турли усуллари билан ҳам фарқ қилувчи турли хил ижтимоий суғурта тизимлари мавжуд.


Ўзбекистон Республикасида ижтимоий суғурта муносабатлари «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси» ҳамда бошқа тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча ходимлар давлат йўли билан ижтимоий суғурта қилинади. Давлат ижтимоий суғуртаси учун иш берувчилар, шунингдек суғурта қилинган ходимларнинг ўзлари бадал тўлайдилар. Агар иш берувчилар томонидан давлат ижтимоий суғуртаси учун бадал тўланмаган бўлса, суғурта қилинган ходим давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлмайди3.

Давлат ижтимоий суғуртаси ҳисобидан бериладиган таъминот турларига қуйидагилар киради:

-   вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақалари, аёллар учун эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари;

-   бола туғилганда бериладиган нафақалар;

-   давлат томонидан бериладиган ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари;

-   қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлар.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлганда ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даврида тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади.

Бола туғилганда бирйўла бериладиган нафақа тўланади. Ҳар бир туғилган бола учун бериладиган нафақанинг миқдори ва уни тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.

Суғурта қилинган ходим ёки унинг оила аъзоси вафот этганда қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган миқдор ва тартибда дафн этиш маросими учун нафақа тўланади.

Ижтимоий суғурта тизими замонавий жамиятнинг муҳим таркибий қисмларидан биридир. Белгиланган вазифаларнинг ўхшашлиги билан бир қаторда ҳар бир мамлакатда ижтимоий суғуртанинг ривожланиши ўзига хос тарихий йўлни босиб ўтди. Давлат ижтимоий сиёсатини мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва иқлим хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда олиб боради.


Хорижий мамлакатларда ижтимоий ҳимоя асосий 3 та модель хусусиятларига мослаб қурилган: Бисмарк (континентал, консерватив), Бевериж (англо-саксон, либерал) модели ва хусусий-корпоратив (аралаш, скандинавия) модели.


Бисмарк модели ижтимоий суғурта механизмига асосланган бўлиб, у меҳнат қобилияти йўқолиши билан суғурталанувчиларга тўлиқ ёки қисман компенсация берилади. Ижтимоий таъминот бюджет бадаллари, ишчи ва иш берувчининг суғурта бадаллари ҳисобидан молиялаштирилади. Германия, Франция, Австрия каби мамлакатлар ушбу модель асосида иш олиб боришади. Ижтимоий суғуртанинг Бисмарк модели афзаллиги иш стажига ва даромад миқдорига қараб ижтимоий нафақаларнинг ўсиши ва бу орқали фуқароларнинг меҳнат фаолияти рағбатлантирилишидан иборат. Бўш маблағларни қўшимча равишда ижтимоий суғурта фондларига жалб қилиш орқали ижтимоий тўловлар миқдорини кўпайтириш мумкин. Ушбу моделдан фойдаланишда ижтимоий харажатларни давлат томонидан молиялаштиришнинг қолдиқ тамойилига амал қилинади. Бисмарк моделининг камчилиги унинг ишчилар сони ва ижтимоий суғурта тўловлари миқдорига боғлиқлигидадир. Ишчилар сонининг камайиши билан ижтимоий тўловлар даражаси пасаяди ёки ижтимоий ажратмалар миқдори ошади.

Континентал модель қуйидаги уч асосий хусусиятдан иборат:

① Ушбу модель инсоннинг касбий фаолияти давомийлиги ва ижтимоий таъминот даражаси ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқликни тавсифлайди.

② Асосий тамойил сифатида бозор ва давлат назорати остида ижтимоий суғурта тамойилига эътибор қаратилади.

③ Жамоат ташкилотлари ва хайрия фондлари фуқароларнинг ижтимоий таъминотида жуда фаол ҳисобланади.

Германия континентал моделнинг барча тамойилларини амалиётга тўлиқ жорий эта олгани билан ажралиб туради. Мамлакат ҳаётида муҳим сиёсий роль ўйнаган канцлер Отто фон Бисмарк бу давлатда суғурта қонунчилигининг асосчиларидан бўлиб ҳисобланади.


Германия биринчи бўлиб мамлакат аҳолисига маълум ижтимоий кафолатлар берадиган бир қатор қонунларни қабул қилди. Улардан асосийлари Саноат ходимларининг касаллигини суғурта қилиш тўғрисидаги қонун (1884), Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилиш тўғрисидаги қонун (1885) ҳамда Ногиронлик ва қариликни суғурталаш тўғрисидаги қонун (1891).


Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу қонунлар орқали шахснинг ўз мустақиллиги, жамоатчиликнинг қўллаб-қувватланиши ва ҳукуматнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши уч томон ўртасида ўзаро маанфаатли келишувлар юзага келишига сабаб бўлди.


Ҳозирги кунда Германияда ижтимоий суғуртанинг 4та тури амал қилади4: пенсия суғуртаси, мажбурий тиббий суғурта, ишсизлик суғуртаси, бахтсиз ҳодисалардан суғурта.


Ижтимоий таъминот тизими, шунингдек, болаларга нафақа (бола туғилганда бир марталик тўловлар, кам таъминланган оилаларга ва кўп болали оилаларга дотациялар), қочқинларга ёрдам, таълим учун нафақалар, даволаниш учун нафақалар, пенсия субсидиялари, уруш қурбонларига, ногиронларга ёрдам, кам таъминланган фуқароларга ижтимоий ёрдам шаклида ажратилган давлат маблағларини қамраб олади. Германия суғурта тизимида биринчи ўринда меҳнатга лаёқатли аҳоли учун яхши ва мос иқтисодий шароитлар яратишга урғу берилади. Ижтимоий сиёсатнинг ушбу шакли муваффақиятли бўлди, лекин унда муҳим бир камчилик мавжуд бўлиб, давлат бюджети харажатларининг асосий қисми ижтимоий ҳимояга сарфланади. Ушбу харажатларни қоплаш учун ишлаётганлардан олинадиган солиқларни доимий равишда оширишга тўғри келмоқда. Солиқларнинг кўплиги туфайли одамлар ишлаш учун рағбатни йўқотадилар, чунки барча ажратмалардан сўнг ходим ҳам деярли ишга яроқсиз одам оладиган ижтимоий ҳимоя маблағига тенг маблағ ишлаб топади. Ушбу масалани ижобий ҳал қилиш учун ҳозирги вақтда сиёсий жиҳатдан ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқдаки, улардан асосийси сифатида ижтимоий ёрдам олувчиларнинг ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб қилиш ташкил этилаётганини айтиб ўтиш мумкин.

Давлатнинг ижтимоий таъминлаш англо-саксон (либерал) модели юқорида тавсифланган континентал моделдан сезиларли даражада фарқ қилади. Ушбу модель асосчиси 1941-1942 йилларда Буюк Британияда ижтимоий суғурта ислоҳотлари бўйича ишчи гуруҳни бошқарган инглиз иқтисодчиси Уильям Бевериж ҳисобланади. Бевериж ижтимоий суғурта тизимига бадалларнинг ягона миқдорини ва ижтимоий таъминотнинг ҳар хил турлари учун тўловларнинг бир хил миқдорини белгилашни таклиф қилди. Олинган бадаллар ва тўловлар миқдори олувчининг ижтимоий суғурта тизимидаги иштироки ва у томонидан ўтказилган бадаллар миқдоридан қатъи назар, маълум бир гуруҳга мансублиги асосида белгиланди. Яшаш минимумини белгилаш таклиф қилинди, агар фуқаро ўзини яшаш минимуми билан таъминлай олмайдиган бўлса, давлат томонидан қўллаб-қувватланади.

Ўша даврдаги аксарият мутахассисларнинг фикрига кўра, Бевериж модели урушдан кейин иқтисодий ва ижтимоий фаровонликни тиклашга, меҳнат унумдорлигини ва умуман иқтисодиётни тиклаш учун шароит яратишга, бундан ташқари, объектив сабабларга кўра (ҳомиладорлик, ногиронлик ва ҳоказо) суғурта бадалларини тўлай олмаганлар учун ижтимоий таъминот олиш имкониятини сақлаб қолишга имкон берди. Бевериж модели долзарблиги сабабли мамлакат ташқарисида ҳам фаол қўллаб-қувватланди. Бу моделнинг амалиётга муваффақиятли татбиғини АҚШ, Франция, Япония, Швейцария каби мамлакатларда кўриш мумкин.

Англо-саксон моделининг баъзи бир асосий хусусиятлари қуйидагилар:

-  ижтимоий хизматлар «умумийлик» тамойилига асосланади ва нафақалар бир хил миқдорда берилади (ҳамма суғурта бадали тўлаганларга тенг миқдордаги нафақа);

-  ҳукумат фақат аҳоли даромадларининг минимал миқдорини сақлаш ва заиф қатламлар фаровонлиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олади, шу орқали ижтимоий соҳада минимал иштирок этади;

-  ушбу модель аниқ суғурта дастурлари учун алоҳида суғурта мукофотларини ҳисобга олмайди. Ягона ижтимоий тўловлар ёрдамида даромадлар йиғилади ва маълум ижтимоий таъминот соҳасининг зарур эҳтиёжларига тақсимланади;

-  биринчи навбатда давлат бюджети эмас, балки хусусий суғурта бадаллари ижтимоий дастурларни амалга оширишнинг молиявий асоси бўлиб ҳисобланади.


Буюк Британияда замонавий ижтимоий суғурта тизимида иккита тармоқ мавжуд: а) миллий ижтимоий суғурта, унга пенсия суғуртаси дастурлари, ногиронларни суғурталаш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилиш, оналикни қўллаб-қувватлаш, касаллик учун нафақалар; б) мамлакат резидентларига, шунингдек Англияда узоқ вақт яшаган чет элликларга тиббий хизмат кўрсатадиган миллий соғлиқни сақлаш тизими.


Дастлаб АҚШда ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонун 1935 йил 14 августда қабул қилинган эди5. Вақт ўтиши билан ушбу қонун ижтимоий суғуртанинг янги қоидалари билан тўлдирилди ва қўшимчалар қилинди. Қўшма Штатларда ягона, умуммиллий, марказлашган ижтимоий таъминот тизими мавжуд эмас. У федерал қонун ёки штат қонуни билан тартибга солинадиган ҳар хил дастурлардан ташкил топган.


Америка Қўшма Штатларидаги давлат ижтимоий таъминоти тизими аниқ икки соҳага бўлинади: ижтимоий суғурта (тўловлар ишчилардан олинадиган ижтимоий суғурта бадалларидан ҳосил бўлган суғурта маблағлари ҳисобидан амалга оширилади) ва ижтимоий ёрдам (тўловлар бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, бу федерал ёки штат бюджети бўлиши мумкин). Шунингдек, бугунги кунда АҚШда тиббий суғуртадан ташқари ижтимоий суғурта тизими ҳам анча ривожланган бўлиб, ижтимоий суғурта орқали ишсизлик, меҳнат қобилиятини йўқотганлик, боқувчисини йўқотганлик, қарилик каби суғурта ҳодисалари суғурта қилинади6.


Тизимнинг ташкил қилинишига эътибор қаратадиган бўлсак, ҳар бир фуқаро ижтимоий суғурталаниш ҳуқуқига эгалигини тасдиқловчи муҳим ҳужжат – «Social security number»га эга. Шунингдек, у фуқароларнинг ҳисоб карточкаси бўлиб хизмат қилади. Суғурта ҳодисаси содир бўлган пайтда нафақа миқдори иш стажига, даромадга ва ҳоказоларга боғлиқ ҳолда ҳисоблаб чиқилади. Шу билан бирга суғурта билан боғлиқ бўлмаган камбағалларга, етим ва бошқа эҳтиёжмандларга давлат томонидан тўланадиган ижтимоий таъминот маблағлари (масалан, айрим тоифаларга мактабда бепул овқатланиш, уй-жой ва бошқалар берилади) алоҳида ҳисобланади.

Боқувчисини йўқотганлиги бўйича ижтимоий суғурта. Боқувчисини йўқотиш билан боғлиқ суғурта ҳодисаси юз берганда, агар вафот этган шахс суғурта қилинган бўлиб, унинг асосий иш фаолиятидан келаётган даромади орқали оиласи таъминланаётган бўлса, оила асосий даромад манбаини йўқотган ҳисобланади ва қўшимча моддий ёрдамга муҳтож бўлган тақдирда нафақа марҳумнинг оила аъзолари (одатда турмуш ўртоғи)га тўланади.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича ижтимоий суғурта. Бунда ишлаётган ходимнинг бажараётган меҳнатига боғлиқ бўлмаган равишда вақтинчалик меҳнат қобилиятини йўқотиши натижасида суғурта ҳодисаси юз беради. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини олиш учун ходимнинг беш йиллик иш стажи ва иш берувчи томонидан белгиланган суғурта бадалларининг тўлови талаб қилинади.

Ишсизлик нафақаси бўйича суғурта. Бунда суғурта бадаллари йиллик даромаднинг 6,2 фоизини ташкил қилади, лекин бу рақамни корректировка қилишда штатлар томонидан ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Умумий қоида бўйича, улар иш берувчилар томонидан тўланади. Ушбу бадалларни тўлаш суғурталанган шахсларга ишсизлик ҳолатида, тегишли нафақаларни тўлашда кафолат бериш имкониятини яратади.

Швеция, Дания, Норвегия сингари шимолий мамлакатларда давлат ижтимоий сиёсатининг скандинавия моделидан фойдаланилади. Бугунги кунда айнан замонавий, етук ва ривожланган ижтимоий тизимга эга давлат сифатида айнан скандинавия моделидан фойдаланган мамлакатлар мисол қилиб кўрсатилади. Бу модель ўзида бисмарк ва бевериж моделларининг элементларини жамлайди. Ушбу модель қуйидаги хусусиятларга эга:

-  ижтимоий эҳтиёжлар учун харажатларни амалга оширишда етакчи роль мамлакат ҳукуматига тегишли бўлиб, барча ижтимоий дастурлар давлат бюджетидан молиялаштирилади;

-  ҳукумат ишсизликка қарши фаол кураш олиб боради, унинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда;

- скандинавия модели аҳолининг турли қатламлари ўртасида ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун шароитларнинг тенглиги билан тавсифланади;

-   мамлакат аҳолиси учун турли хил ҳаётий вазиятларда турли хил ижтимоий кафолатлар берилади.

Ижтимоий сиёсатни тартибга солишнинг скандинавия моделига энг ёрқин мисол – Швеция.


Бугунги кунда у ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири ҳисобланади. Швеция аҳолисининг ижтимоий таъминоти бутун мамлакат аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишда давлат кафолати асосида амалга оширилади. У солиқ ва трансферт сиёсати орқали амалга ошириладиган аҳолининг барча қатламлари даромадларини қайта тақсимлашга қаратилган. Швед моделининг асосий хусусиятлари инсон ҳаётининг барча соҳаларида доимий ижтимоий ҳимоя ва 100 фоиз бандликка эришиш, камбағаллар ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг йўқлиги, юқори сиёсий ва ижтимоий барқарорликдир.


Ўтган асрнинг 80-90-йилларида оғир иқтисодий вазиятга қарамасдан скандинавия моделидан фойдаланаётган ҳеч бир давлат ўз танлаган йўлидан воз кечмади. Бироқ умумий фаровонликка эришиш ва юқори даражада таъминланган ижтимоий кафолатлар мавжудлиги давлат бюджетидан катта харажатларни талаб қилади. Шунинг учун ушбу давлатларда солиқлар юқори фоизлилиги билан ажралиб туради. Ҳозирги пайтда ҳукуматлар томонидан муниципал бюджетда катта миқдордаги маблағларни тўплаш имкониятини берадиган замонавий солиқ концепциялари ишлаб чиқилмоқда, шу орқали маблағларни тўплаш ва самарали сарфлаш йўлга қўйилмоқда.

Юқоридаги жадвал орқали айрим хорижий давлатлардаги ижтимоий тизим механизмлари билан қисман танишиб чиқдик. Кўриш мумкинки, юқоридаги давлатларда ҳам асосий даромадини йўқотган аҳоли қисмига махсус тизимлар орқали эътибор қаратилмоқда.

Хулоса қиладиган бўлсак, барча ижтимоий суғурта моделларида ва юқорида келтирилган барча давлатларда ижтимоий нафақаларнинг асосий қисми даромадини йўқотган фуқароларни ижтимоий таъминлашга йўналтирилганлигини кўриш мумкин. Лекин бунда ҳамма тизимлар ўз характерли хусусиятларига эга. Ижтимоий суғурта тизимини ташкил қилаётганда мамлакатдаги мавжуд иқтисодий вазиятни, халқнинг иқтисодий менталитетини инобатга олиш керак. Амалда қўлланилаётган молиявий-иқтисодий инфратузилманинг афзал томонларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.


1 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси https://president.uz/oz/lists/view/4057 {06.01.2021}.
2 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси https://president.uz/oz/lists/view/4057 {06.01.2021}.
3 Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси https://lex.uz/docs/-142859#-145222 {06.01.2021}.
4 https://www.sozialgesetzbuch-sgb.de/sgbi/4.html {10.12.2020}.
5 https://moluch.ru/archive/93/20230 {16.12.2020}
6 Cистема социального страхования в CША. https://visasam.ru/emigration/canadausa/strahovanie-v-ssha.html#i-7 {09.11.2020}.


«Бозор, пул ва кредит» журнали, 1-сон, 2021 йил.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example
savdogarbank