ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 8441.36 -14.01
1 EUR = 9493.15 -61.42
1 RUB = 131.78 +0.25
1 GBP = 10963.64 -96.83
1 JPY = 75.43 -0.05
1 AFN = 109.49 -0.04
1 AMD = 17.54 +0.07
1 AED = 2298.34 -3.82


Пойтахтимиздаги «Туркистон» санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Ташаббус-2014» кўрик-танловининг якуний республика босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 

 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб, ички бозорни зарур маҳсулот ва хизматлар билан таъминлаш, бандлик даражасини ошириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. 

 

Юртимизда ушбу соҳага берилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, тадбиркорлар доирасини кенгайтириш имконини бермоқда. Биргина 2013 йилда республикамизда 26 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти иш бошлади, тармоқда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг умумий сони йил охирига келиб 190 мингтага етди. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 55,8 фоизи айни шу соҳада ишлаб чиқарилмоқда.

 

 Айтиш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилиб келинаётган «Ташаббус» кўрик-танлови юртимизда кичик бизнесни, фермерлик ҳаракатини ва ҳунарманд­чиликни ривожлантиришга катта кўмак бериб келмоқда. 

 

Танловни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекис­тон фермерлар кенгаши, Ўзбекистон халқ усталари, ҳунармандлари, мусаввирларининг «Ҳунарманд» уюшмаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федера­ция­си каби ташкилотлар бош ташкилотчилар сифатида тадбир иштирокчилари доирасини йилдан-йилга кенгайтириб келаётган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва бошқа  вазирлик ҳамда хорижий давлатлар элчихоналари эса иштирокчиларни рағбатлантириш кўламини оширишга ҳисса қўшмоқда.

 

 Хусусан, жорий йилда танловнинг қўшимча номинация­лари қаторига Марказий банк таклифи билан «Ташкилотлар ўртасида намунавий савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаси» номинацияси киритилди. Унга кўра, тижорат банклари мижозлари бўлган йирик, кичик ва якка тартибдаги тадбиркорлар (3 та) фаолияти рағбатлантирилди.

 

 «Йилнинг энг ёш тадбиркори», «Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли», «Йилнинг энг яхши инновацион лойиҳаси», «Йилнинг энг яхши ёшларга иш берувчиси», «Энг яхши оилавий бизнес соҳиби», «Энг яхши экспорт­чи», «Озиқ-овқат саноатидаги энг яхши йил тадбиркори» ҳамда «Менинг юртим – менинг ифтихорим» каби қўшимча номинациялар бўйича ҳам иштирокчилар орасидан муносиблар танлаб олинди.

 

 Ва, ниҳоят, тақдирлаш маросими давомида «Ташаббус-2014» танловининг асосий номинациялари бўйича ғолиблари аниқланди.

 

 Шундай қилиб, «Йилнинг энг яхши тадбиркори» номинацияси бўйича 1-ўринни Наманган вилояти «Ифтихор кийим саноат» МЧЖ раҳбари Анна Добрых, 2-ўринни Жиззах вилояти «Жиззах-Тоштепа текстиль» МЧЖ раҳбари Дадажон Эргашев, 3-ўринни эса, Фарғона вилояти «Исмоил гиламлари» ХК раҳбари Усмонали Абдиваетовлар қўлга киритди. 

 

Фермерлар орасидан эса Сирдарё вилояти «Аҳмадий» фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Кенжаев (1-ўрин), Сурхондарё вилояти «Боғи Аббос Риёс» фермер хўжалиги раҳбари Юсуф Раҳмонов (2-ўрин), Андижон вилояти «Расул-Д» фермер хўжалиги раҳбари Расулбек Давлатов ҳамда Бухоро вилояти «Мўйначи ҳунарманд» фермер хўжалиги раҳбари Ахрор Юлдашевлар (3-ўрин соҳиблари) «Йилнинг энг яхши фермери» деб топилди.

 

 «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» номинациясида андижонлик ҳунарманд Абдумалик Мадраимов (1-ўрин), навоийлик уста-ҳунарманд Тоҳир Раҳимов (2-ўрин) ҳамда Тошкент шаҳридан Камолиддин Абдуллаев (3-ўрин)лар тақдирланди.   

 

 Анъанага кўра, маросимда учта асосий йўналиш бўйича олий ўринларга сазовор бўлган лауреат­ларга Президент соврини – «Spark» автомашиналари топширилди.

 

 – Корхонамиз «ISO 9001:2009» мувофиқлик сертификатига эга бўлиб, тикувчилик маҳсулотлари, жумладан, аёллар, эркаклар ва болалар тайёр кийим-кечакларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади, – дейди  «Ифтихор кийим саноат» МЧЖ (Наманган) раҳбари Анна Добрых. – Корхонамиз фаолият бошлаганида 5 турдаги моделда устки кийимлар ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирга келиб, улар сони 75 турга етган. Доимий мижозларимиз «Асака» давлат акциядорлик-тижорат банки (ОАЖ), «Ҳамкорбанк» ОАТБ ҳамда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК бўлиб, уларга юзга яёин ишчиларимиз томонидан буюртма асосида махсус кийимлар етказиб берилмоқда. Корхонамиз маҳсулотлари шунингдек, экспортга ҳам йўналтирилмоқда. Чунончи, 2013 йилда Россия ва Қирғизистонга 580 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот етказиб бериш буюртмаси бажарилди.

 

 – Танловда «Озиқ-овқат саноатидаги энг яхши йил тадбиркори» номинацияси бўйича тақдирландик, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси «Амударё соҳили» фермер хўжалиги раиси Исламбек Маткаримов. – Бундай эътибор ва юксак эътирофдан жуда мамнунмиз. Фаолиятимиз ҳақида тўхталиб, бугунги кунда хўжалигимиз кўп тармоқли, жумладан, пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик, пиллачилик, мевали боғлар парвариши, сабзавот-полиз экинларини етиштириш ва қайта ишлаш, гўшт, сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланишини айтиб ўтишим жоиз. 50 дан ортиқ ишчи кучига эгамиз, улар меҳнати самараси ўлароқ, 2013 йилда 327 500 минг сўмлик соф тушумга эга бўлдик.



Реклама

Республиканская Фондовая Биржа «Тошкент» – Индекс

Реклама
Реклама