ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11350.18 +7.59
1 EUR = 12157.18 -55.39
1 RUB = 160.05 -0.69
1 GBP = 13627.03 -24.91
1 JPY = 86.11 +0.15
1 AFN = 125.86 -0.62
1 AMD = 28.62 +0.02
1 AED = 3090.17 +2.07


Мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш даражаси инвестиция фаолиятининг тараққиётига, унинг ўзи эса инвестиция муҳитига бевосита боғлиқ. Хорижий инвестицияларни республика иқтисодиётига жалб этиш учун зарурий шарт-шароитларнинг яратилиши муҳимдир. Негаки мамлакатда иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар мавжуд бўлсагина ўша давлат иқтисодиётига инвестиция қўйилиши мумкин. Инвестиция муҳитининг жозибадорлиги хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Шундай экан, инвестиция муҳити деганда нималар тушунилади? Унинг жозибадорлиги нималарга боғлиқ? Инвестиция муҳитига қандай таъриф бериш мумкин? Қолаверса, инвестиция муҳитига қандай омиллар таъсир кўрсатади?

Иқтисодчи олимлардан А. Вахабов, Ш.Хажибакиев, Н.Муминовлар инвестиция муҳити тўғрисида қуйидагиларни таъкидлаб ўтадилар: «Инвестиция муҳити – бу хорижий капитал қўйилмаларининг қалтислик даражасини ва улардан мамлакатда самарали фойдаланиш имкониятларини олдиндан белгилайдиган иқтисодий, сиёсий, юридик ва ижтимоий омиллар йиғиндисидир. Инвестиция муҳити комплекс, кўпқиррали тушунча бўлиб, миллий қонунчилик, иқтисодий шарт-шароитлар (инқироз, ўсиш, стагнация), божхона режими, валюта сиёсати, иқтисодий ўсиш суръатлари, инфляция суръатлари, валюта курсининг барқарорлиги, ташқи қарздорлик даражаси каби кўрсаткичларга эга».

«Инвестиция муҳити» ва «инвестиция иқлими» синоним тушунчалар сифатида ишлатилади. Бу хусус-да иқтисодчи олимлардан Д. Ғозибеков ва Т. Қоралиевлар томонидан қуйидаги фикрлар билдирилган: «Инвестиция иқлими жуда кенг маънода ишлатиладиган тушунча бўлиб, инвестор томонидан ҳисобга олинадиган барча муаммо ва масалаларни мужассамлаштиради. Инвестор томонидан маълум бир мамлакатга капитал ажратишнинг қулай ва ноқулай томонлари белгиланади, шу билан бир қаторда, ўз капиталини киритмоқчи бўлган мамлакат мафкураси, сиёсати, иқтисодиёти ва маданиятига катта аҳамият берилади».

Инвестиция муҳити инвес-тиция ресурсларини жойлаштириш учун умумий мезон бўлиб, биринчи навбатда, капитал маблағларнинг даромадлилигини таъминлаб беради. Содда қилиб айтганда, инвестиция муҳити инвестиция муносабатларини амалга ошириш мумкин бўлган имкониятлар ва қулайликлар мажмуасини ўзида акс эттирган воқеликдир. Инвестиция муҳитини яхшилашдан мақсад инвестиция салоҳиятини ошириш учун зарур ва мақбул шарт-шароитларни яратиш, инвестиция фаолиятини жадаллаштириш ва пировардида, иқтисодиётни юксалтириш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имконини яратишдан иборат.

Инвестиция муҳитининг ҳолатини инвестиция фаолия­тини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги ва жозибадорлигини аниқлайдиган иқтисодий, ижтимоий, ташкилий, ҳуқуқий, сиёсий, экологик ва бошқа шарт-шароитларнинг умумлаштирувчи хусусиятлари белгилаб беради. Инвестиция муҳити деганда мамлакат иқтисодиёти ёки унинг маълум бир ҳудудига киритиладиган инвестицияларнинг самарадорлигини ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ташкилий-ҳуқуқий, экологик, маданий ва бошқа шарт-шароитлар мажмуаси тушунилади. У муайян ҳудудга инвестиция-лар киритишнинг мақсадга мувофиқлиги ва жозибадорлигини белгилайдиган шарт-шароитларнинг мавжуд ижобий ва салбий томонларини англатади.

Инвестициявий жозибадорлик  мамлакат, тармоқ ёки алоҳида олинган корхона инвестицияларининг даромадлилик, ривожланиш истиқболлари ва инвестиция хатари даражаси нуқтаи назаридан баҳоланишидир. Инвестициявий жозибадорлик инвестиция салоҳияти ва инвестиция хатари даражасини шакллантирадиган икки гуруҳ омилларнинг бир вақтда таъсир этиши орқали аниқланади. Бу каби кўрсаткичларга баҳо бериш орқали инвестицияларнинг мақсадга мувофиқлиги ҳамда жозибадорлиги, инвестиция хатари даражасини аниқлаш мумкин.

Инвестиция муҳити ҳолатига баҳо беришда қуйидагиларни инобатга олиш зарур:

>жами ички маҳсулот, миллий даромад ва саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши ёки камайиши; миллий даромаднинг тақсимланиши; жамғарма ва истеъмол муносабатларининг ўзгариши; хусусийлаштириш жараёнларининг бориши; маъмурий йўл билан инвестиция фаолиятини тартибга солишнинг ҳолати; алоҳида инвестиция бозорларининг, шу жумладан, фонд ва пул бозорларининг тараққиёти;

>инвестиция иқлимига таъсир этувчи барча омилларни ҳисобга олиш. Бу омиллар қаторига қуйидагиларни киритиш мақсадга мувофиқ: ҳудуднинг иқтисодий сало-ҳияти, яъни минтақанинг пул маблағлари билан таъминланганлиги; ишлаб чиқариш ва инвестицияларни йўлга қўйиш учун бўш ерларнинг мавжудлиги; меҳнат ва энергия ресурс­лари билан таъминланганлик даражаси; илмий-техникавий салоҳиятнинг ривожланганлик даражаси; олиб борилаётган умумий хўжалик юритиш шарт-шароитлари, яъни экологик ҳолат, моддий ишлаб чиқариш соҳаларининг ривожланганлиги; тугалланмаган қурилишларнинг ҳажми; асосий ишлаб чиқариш фондларининг эскириш даражаси; уй-жой қурилиши соҳасининг тараққий этганлиги;

>минтақада бозор муҳити-нинг таркиб топганлиги, яъни тўлақонли бозор инфратузилмасининг ривожланганлиги, хусусийлаштиришнинг инвестиция жараёнига таъсири, инфляция даражаси ва таъсири, аҳолининг инвестиция фаолиятига жалб этилиш даражаси, тадбиркорлар ўртасида рақобат муҳитининг ривожланганлик даражаси, хўжаликлараро алоқаларнинг фаоллик даражаси, экспорт имкониятлари, хорижий капиталнинг мавжудлик даражаси;

>сиёсий омиллар, яъни аҳолининг минтақа ёки мамлакат ҳокимият органларига ишончи даражаси, минтақа раҳбариятининг марказий давлат раҳбарияти билан муносабатлари, ижтимоий барқарорлик даражаси, миллий, диний муносабатларнинг аҳволи;

>ижтимоий ва маданий омиллар, яъни аҳоли ҳаёт даражаси, маиший-яшаш шароитлари, тиббий хизматнинг ривожланганлиги, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва шунга ўхшаш салбий одатларнинг аҳоли ўртасида тарқалганлик даражаси, жиноятчилик даражаси, ҳақиқий иш ҳақининг ўртача миқдори, аҳоли кўчишининг инвестиция жараёнига таъсири, аҳолининг ўз давлати ва чет давлат тадбиркорларига нисбатан муносабатлари, хорижлик мутахассисларнинг ишлаши учун шарт-шароитлар;

>ташкилий-ҳуқуқий омиллар, яъни ҳокимиятнинг ўз ва чет давлат инвесторларига муносабати, минтақа раҳбариятининг инвестицияга доир қонун ва меъёрларга амал қилиши; корхонани рўйхатдан ўтказиш муаммолари ва уни ҳал қилиш даражаси, маълумотларни олиш имкониятлари, маҳаллий маъмуриятнинг малакавий даражаси, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари фаолиятининг самарадорлиги, товарларни, капитални ва ишчи кучини ташиш ва кўчириш шарт-шароитлари, маҳаллий тадбиркорларнинг ишчанлик сифатлари ва маданий-ахлоқий даражаси;

>молиявий омиллар, яъни минтақа бюджетининг даромадлари, аҳоли жон бошига бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари билан таъминланганлик даражаси, марказий ва минтақа бюджетларидан молия-вий маблағлар олишнинг имкониятлари, хориж валютасида кредит олиш имкониятлари, банк кредити фоизлари даражаси, банклараро ҳамкорликнинг ривожланганлиги, ҳар минг аҳолига банк кредитларининг тўғри келган қисми, узоқ муддатли кредитларнинг умумий кредит қўйилмаларидаги салмоғи, аҳоли жон бошига тўғри келадиган омонатлар миқдори, зарар кўриб ишловчи корхоналарнинг умумий корхоналар таркибидаги улуши ва бошқалар.

Ҳар қандай давлатга инвес-тицияларнинг кириб келиши ва ривожланиши мазкур мамлакатдаги инвестиция муҳитига таъсир этувчи омилларга бевосита боғлиқ бўлади. Инвестиция муҳитига таъсир этувчи омиллар асосан тўрт гуруҳга бўлиниб, улар ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий омилларни ташкил этади.

Ҳар бир мамлакатдаги инвес-тиция муҳити, биринчи навбатда, унинг сиёсий барқарорлигида намоён бўлади. Худди ана шу омил хорижлик инвесторларга узоқ муддатли шартномалар асосида бошқа мамлакатга ўз ресурсларини киритиш имконини беради. Бундай муҳит узоқ муддатли инвестиция режаларини амалга оширишда жуда муҳимдир. Ўзбекистондаги инвестиция муҳитининг асосий хусусияти унинг Марказий Осиёда энг барқарор мамлакат эканлигидир. Албатта, бу ерда хорижий инвестор у ёки бу мамлакатда ўз капиталининг хавфсизлигини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратади. Шундан сўнг у ўз капиталидан фойда олишнинг қанчалик самарадорлиги ҳақида ўйлаб кўради. Демак, инвестиция муҳити инвестор учун муҳим бир шарт: инвестор у ёки бу мамлакатга киритаётган капитали хатари ҳақида ўйлаб кўради. Бунинг учун у капитал хатарига таъсир этувчи қуйидаги омилларни эътиборга олади:

– мамлакат ичкарисидаги сиёсий барқарорлик;

– минтақадаги яқин қўш-ничилик муносабатлари;

– ҳукуматнинг инвестиция муносабатларини ривожлантиришга қаратилган қонун-қоидаларининг мукаммаллик даражаси.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитининг яратилганлиги натижасида инвестицияларнинг ўсиш суръатлари қайд этилди. Жумладан, 2014 йилда иқтисодиётимизга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10,9 фоизга ўсди ва АҚШ доллари ҳисобида 14 миллиард 600 миллион долларни ташкил этди. 2010 йилда бу кўрсаткич 9 миллиард 700 миллион АҚШ долларини, 2002 йилда эса  1 миллиард 400 миллон АҚШ долларини ташкил қилган эди, яъни 2014 йилда жалб қилинган инвестициялар ҳажми 2010 йилга нисбатан 1,5 мартага, 2002 йилга нисбатан эса 10,4 мартага ортган.

2014 йилда жами капитал қўйилмаларнинг 21,2 фоиздан ортиғи ёки 3 миллиард доллардан зиёдини хорижий инвестиция ва кредитлар ташкил қилди. Уларнинг тўртдан уч қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Жами инвестиция-ларнинг 73 фоиздан ортиғи ишлаб чиқариш соҳасига ва қарийб 40 фоизи машина ва ускуналар харид қилишга cарфланди.

2014 йилда иқтисодиёти-мизнинг етакчи тармоқларида замонавий юқори технология-ларга асосланган ускуналар билан жиҳозланган, умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион долларга тенг бўлган 154 та йирик объект фойдаланишга топширилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, 2014 йилнинг 3 ноябрида Буюк Британиянинг Легатум институти томонидан Фаровонлик ва ривожланиш индекси (The Legatum Prosperity Index) эълон қилинди. Мазкур индекс дунёнинг 142 мамлакати, ер шари аҳолисининг 96 фоизи ҳамда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 99 фоизини қамраб олган. Ўзбекистон Республикаси ушбу рейтингда 2013 йилга нисбатан олти ўринга юқорилаб, дунё мамлакатлари орасида 57-ўринни банд этди.

Эътиборли томони шундаки, Жаҳон банки «Бизнесни юритиш 2015» халқаро маърузасида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини эълон қилди. 2014 йил 29 октябрда эълон қилинган «Бизнесни юритиш 2015: Самарадорлик доирасидан чиқиб» (Doing Business 2015: Going Beyond Efficiency) маърузасида Ўзбекистон 8 ўрин юқорилаб, дунёнинг 189 мамлакати ичида 141-ўринни банд этди.

Сўнгги бир неча йил давомида «Бизнесни юритиш» ҳисоботида мамлакатимиз рейтингининг мунтазам равишда яхшиланиб бориши Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида сўнгги йилларда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида қабул қилинган чора-тадбирларнинг амалий самараси билан баҳоланмоқда. Бунинг исботи сифатида Жаҳон банкининг мазкур ҳисоботида Ўзбекистон 2005-2014 йиллар давомида бизнесни юритиш учун энг қулай шароитлар яратиш бўйича тизимли ислоҳотлар ўтказган илғор 30 мамлакат қаторида эътироф этилди.

Албатта, бундай юқори натижаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4455-сон-ли ва 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4609-сонли Фармонларининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида эришилди. Шунингдек, булар қаторига ташқи иқтисодий фаолиятнинг янада эркинлаштирилгани, солиққа тортиш тизимининг такомиллашиб бораётганлиги, инвесторлар учун қўшимча рағбатлантириш омилларининг амал қилиши, хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар фаолиятининг самараси каби амалий ютуқларимизни  ҳам қўшиш мумкин.

Шу билан бирга, 2014 йил мобайнида корхоналарни модернизация қилиш, технологик ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш мақсадларига тижорат банклари томонидан жами 8,5 трлн. сўм ёки 2013 йилга нисбатан 1,2 баробар кўп инвестициявий кредитлар ажратилди. Бироқ инвестициявий кредитларнинг тижорат банкларининг жами кредит қўйилмаларидаги (34,8 трлн. сўм) улуши атиги 24,4 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, юқорида қайд этил-ганидек, 2014 йилда жами капитал қўйилмаларнинг 21,2 фоиздан ортиғи ёки 3 миллиард доллардан зиёдини хорижий инвестиция ва кредитлар ташкил қилганлиги ҳамда уларнинг тўртдан уч қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эканлиги, ўз навбатида, мамлакатимизда инвестиция муҳити жозибадорлигини янада ошириш зарурлигини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда инвестиция муҳитининг жозибадорлигини ошириш ва унинг қулайлигини таъминлашда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир:

>инвестиция инфратузилмасини ривожлантириш – банклар, инвестиция фондлари, суғурта ва лизинг компаниялари фаолиятини рағбатлантириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда уларнинг иштирокини самарали йўлга қўйиш зарур;

>тадбиркорларнинг бизнес-кўникмалари, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари билан ишлаш тажрибаси ва ҳуқуқий билимларини янада ошириш – ҳудудларда консалтинг, маркетинг ва юридик хизмат кўрсатувчи марказлар ташкил этиш ва фолиятини ривожлантириш лозим;

>инвестиция таклифлари ва лойиҳа техник-иқтисодий асосларининг белгиланган талабларга жавоб бермаслиги сабаб тадбиркорларга инвес-тиция лойиҳаларини ишлаб чиқишда тижорат банклари, ҳудудлардаги савдо-саноат палатаси ва бошқа масъул идоралар томонидан амалий ёрдам кўрсатилишини маҳаллий ҳокимликлар томонидан ташкил этиш ва доимий назоратга олиш керак;

>амалиётда айрим лойиҳа ташаббускорлари молиявий-иқтисодий ҳолатининг ночорлиги кузатилиши сабаб инвестиция дастурлари ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурларга киритиш таклиф этилаётган лойиҳалар ташаббускорларининг молиявий-иқтисодий ҳолатининг маҳаллий ҳокимликлар ва тижорат банклари томонидан чуқур таҳлил қилинишини таъминлаш;

>маҳаллий ҳокимликлар-нинг хорижий инвесторларни ҳудуд тўғрисида тўлиқ инвес-тицион муҳитга оид маълумотлар билан таъминлашда фаоллигини ошириш – хорижий инвесторларни тўлақонли равишда ахборот (инвестиция лойиҳалари ва бизнес таклифлар базаси, ҳудудий матбуот нашрлари, иқтисодий таҳлил хом ашё ва меҳнат салоҳияти тўғрисида маълумотлар) билан таъминлаш, инвестиция фаолиятига оид конференциялар, семинарлар ва тақдимотлар (республика ҳудудида ва хорижий мамлакатларда) ўтказиш лозим, айрим корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилишдаги ҳамда хом ашё сотиб олишга айланма маблағлар етишмаслиги бўйи­ча корхонанинг молиявий-иқтисодий аҳволини ўрганиб чиқиб, уни молиявий соғломлаштириш, қарзларини реструктуризация қилиш бўйи­ча мувофиқлаштириш ишларини олиб бориш орқали экспорт салоҳиятини ошириш зарур;

>ишлаб чиқариш инфратузилмасига оид муаммолар, шу жумладан, корхоналарнинг электр энергия, табиий газ, сув ва ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлашдаги узилишларни ҳал этган ҳолда экспортёр корхоналарни узлуксиз равишда электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва назоратга олиш лозим;

>технология ва асбоб-ускуналарнинг эскириб бораётганлигини эътиборга олиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг халқаро стандартларга мослигини ва рақобатбардошлигини  таъминлаш мақсадида маҳаллий тадбиркорларнинг халқаро кўргазма-савдоларда иштирок этишини таъминлаш, тежамкор технологияларни танлаш ва уларни молиялаштириш манбаларини аниқлаш керак;

>корхоналарда маркетинг хизматини тўғри ташкил қилиш, уларнинг чет эл бозорлари, ишлаб чиқарувчилари ва харидорлари тўғрисидаги маълумотлар билан мунтазам таъминланишига эришиш мақсадида корхоналарда маркетинг билан шуғулланувчи ходимлар билимини, малакасини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш ҳамда экспорт салоҳияти, маркетинг ва маҳсулотларни сотишга бағишланган ўқув машғулотлари, семинарлар ва кўргазмаларни ташкил этишни мунтазам йўлга қўйиш лозим.

Бахадир Маматов.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example