ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9490.77 +23.5
1 EUR = 10455.03 -115.18
1 RUB = 148.82 -0.31
1 GBP = 12119.71 -125.26
1 JPY = 86.86 -0.66
1 AFN = 122.29 +0.96
1 AMD = 19.96 +0.05
1 AED = 2584.07 +6.33


 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Миллий божхона тизимидаги назорат ва расмийлаштирув билан боғлиқ жараёнларда назарий жиҳатдан «божхона аудити» тушунчаси мавжуд эмас. Бироқ, ривожланган хориж амалиётида ушбу атама кенг қўлланади. Унинг амалиётимизда янги бўлганлигини ҳисобга олиб, бу борада батафсилроқ сўз юритсак ва турли манбаларда у қандай талқин этилишига эътибор қаратсак.
Ҳозирги кунда миллий божхона тизимида божхона аудити технологиясини амалиётга татбиқ этиш долзарб масала саналади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2008 йилда БМТнинг Тараққиёт дастури доирасида Ўзбекистонда «Божхона назорати самарадорлигини ошириш ва экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш механизмини такомиллаштириш» мавзусидаги божхона маъмурчилиги тизимини ривожлантиришга бағишланган таҳлилий маърузасида1 ушбу масалага алоҳида урғу берилган. Ва уни амалиётда қўллаш бўйича тавсиялар берилган эди. Бундан ташқари, 1973 йил 18 май (1999 йилдаги янги таҳрири) даги божхона жараёнларини уйғунлаштириш ва соддалаштириш мақсадида қабул қилинган Халқаро Киото Конвенциясининг 6.6-стандартида «божхона назорати ўз ичига аудит усулларига асосланган назоратни қамраб олади»2 деб таъкидланган. Юртимиз Киото Конвенциясига қўшилмаган бўлса-да, у барча Умумжаҳон божхона ташкилоти (УБТ)га аъзо давлатларда қўлланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Чунки, у тавсия хусусиятига эга. Ўзбекистон Республикаси ҳам 1992 йилдан бошлаб, УБТга аъзо. Демак, хулоса қилиш мумкинки, ташкилотга аъзо давлатларнинг қонунчилиги рухсат берса, улар ҳам ушбу тавсиядан фойдаланиши мумкин.
Мазкур расмий ҳужжатдан келиб чиқиб, божхона аудитини шу соҳада илмий изланиш олиб бораётган олимлар, тадқиқотчилар ва амалиётчи-мутахассислар турлича талқин этишади. Бизнингча, ушбу жараённи бевосита амалга оширадиган тизимга аниқлик киритишни уларнинг фикр-мулоҳазаларидаги ёндашувлардан бошлаш зарур. Яъни, аксарият хорижий манбаларда3 божхона аудити божхона назоратининг бир шакли сифатида эътироф этилади. Божхона назоратини ўтказувчи божхона органи инспекторларининг хизмат ваколатига киритилган ва божхона аудитини улар амалга ошириши керак, дея таъкидлангани ҳам бор гап. Бизнинг фикримизча,  божхона аудитини ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) субъектлари фаолиятини мустақил ва холис баҳолайдиган, унинг молиявий ва бошқарув ҳисобини текширадиган, тадбиркорликка асосланган аудиторлик ташкилотларининг аудиторлари амалга ошириши керак.
Миллий аудит қонунчилигида аудиторлик фаолиятининг ягона таърифи келтирилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 2-моддаси, 1-қисмида «Аудиторлик фаолияти деганда, аудиторлик ташкилотларининг аудиторлик хизматлари кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолияти тушунилади»4, деб қайд этилган. Демак, миллий аудит амалиётида «божхона аудити» тушунчасининг моҳиятини тўғри изоҳлаш мақсадга мувофиқдир. Бизнингча, «божхона аудити – аудиторлик ташкилоти аудитори томонидан ўзининг тадбиркорлик фаолияти доирасида амалга ошириладиган, ТИФ субъектининг экспорт ва импорт муомалалари, унинг объекти ҳисобланган товарларни божхона расмийлаштируви жараёнидан олдинги ва кейинги назорати ҳамда уларнинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг мустақил эксперт баҳосидир», деган таърифни бериш жоиздир.
Киото конвенцияси меъёрларида эса божхона аудити – самарадорликни сақлаган ҳолда божхона назоратини тезлаштириш ва соддалаштиришга кўмаклашиши шарт бўлган божхона маъмурчилигининг унсурларидан бири сифатида талқин қилинган.
Шунингдек, УБТ ҳам рискларни бошқариш тизимида божхона аудитини божхона маъмурчилигининг замонавий ва ўта таъсирчан унсурларидан бири, деб ҳисоблайди.
Киото конвенциясининг бош иловасида божхона аудити икки шаклга бўлинади:
1. Божхона расмийлаштирувидан сўнг ўтказиладиган аудит (post-clearance audit).
2. Ташқи савдо субъектларининг тизимли аудити.
Божхона расмийлаштирувидан сўнг ўтказиладиган аудит ташқи савдода қатнашувчи ТИФ субъектларининг товарларнинг божхона расмийлаштируви, яъни божхона назорати жараёни тугагандан сўнг, фаолиятини текшириш ва таҳлил қилиш учун амалга оширилади. Унинг божхона назоратидан ёки анъанавий аудитдан фарқи бор, албатта. Яъни бунда божхона аудити мобайнида ташқи савдо муомалаларининг молия-хўжалик фаолияти ва божхона расмийлаштирувининг натижасига умумий бухгалтерия ва солиқ ҳисоботининг бир қисми сифатида, чекланган масштабда, кичик бир доирада қаралади. Бундай ёндашув ташқи савдо битимларининг янада аниқ ва тушунарли қиёфасини яратишга имкон беради. Шунингдек, бухгалтерия ҳисоби асосида божхона ва солиқ ҳисоботлари маълумотларини ўзаро таққослашга шароит яратади.
Қайд этиш жоизки, божхона аудитининг мақсади нафақат ТИФ қатнашчисининг молия-хўжалик фаолияти юритишининг ҳаққонийлигини текшириш, балки унда ҳисоб юритиш сиёсатини такомиллаштириш бўйича ҳам тавсиялар ишлаб чиқишдан, божхона расмийлаштириш қоидаларини соддалаштиришдан иборат. Бошқача айтганда, божхона аудити ТИФ қатнашчисининг божхона органи талаблари асосида ҳисоб ва ҳисобот тизимини қулай тарзда қўллашга ёрдамлашади. Божхона органлари эса, ўз навбатида, мазкур барча талаб ва тавсияларга амал қилаётган ТИФ қатнашчилари учун божхона назоратини соддалаштиришлари шарт. Ҳозирги кунда, мамлакатимизда ушбу ёндашувлар фақат божхона назорати асосида амалга оширилмоқда. Бизнингча, божхона органлари барча ТИФ субъектларини фаолият кўлами (соҳаси, товар ва ундан ундириладиган тўлов ҳажми, зарурлиги, иш тажрибаси, мамлакатда фаолият кўрсатиш йиллари – илгаридан ёки энди иш бошлагани каби ҳоказо омиллар)ни ҳисобга олган ҳолда тоифаларга ажратган ҳолда уларга божхона имтиёзларини бериши мақсадга мувофиқ.
Бундан ташқари, божхона аудитининг яна бир шакли бу ташқи савдо субъектларининг тизимли аудитидир. У фақат божхона имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқи тақдим этилган ТИФ субъектларига нисбатан қўлланади. Яъни, асосий эътибор божхона декларацияларини даврий бериш имкониятига қаратилади. «Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг 98 фоизи солиқ ва статистика ҳисоботлари топширишни, божхона декларацияларини расмийлаштиришни эски усулдаги қоғоз тўлдириш йўли билан эмас, балки бевосита – электрон шаклда амалга оширмоқда»5. Бу жараёнда аудиторлар текширилаётган ТИФ субъектининг ахборот тизимлари қандай ишлаётганига аниқлик киритадилар. Зарурий меъёр ва қоидаларга етарлича амал қилиниши учун ташқи савдо муомалалари тўғри, тўлиқ акс эттирилаётганига ҳам эътибор қаратадилар.
Мазкур ҳолатда нафақат аниқ савдо битими ёки товарнинг етказиб берилиши, балки бундай битимлар ва унинг етказилиши ҳисобининг умумий ахборот тизими ҳам текширилади. Айнан ахборот тизимларини текшириш ҳақида гап кетганда, уларнинг ишларини регламентловчи ҳужжатлар текширувга жалб этилади. Аудитнинг мазкур шаклида ташқи савдо битимининг қатнашчиси ўз фаолиятини ушбу мақсадда ишлаб чиқилган мезонлар асосида мустақил баҳолайди.
Бундай аудит, мантиқан, ТИФ субъектлари фаолиятини ривожлантириш аудитига мос келади. Унинг замирида ТИФ қатнашчилари учун комплекс профессионал маслаҳат хизматлари чора-тадбирлари ётади. Улар учун янги ҳисоб тизимини ишлаб чиқиш талаб этилади. Божхона аудиторининг маслаҳатлари ушбу лойиҳалаштириш босқичида божхона органларига маълумотларни тўлиқ ва оддий ҳолда тақдим этиш учун дастлаб ахборот тизимини яратиш ва қўллашга имкон беради.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда аудит усулларини қўллаган божхона назорати АҚШ ва ЕИ мамлакатларидаги божхона назоратининг асосий шакли ҳисобланади. Шунингдек, у Япония, Жанубий Корея ва Хитойда ҳам кенг фойдаланилади. Бунда «аудит усулларига асосланган назорат» (audit-based control) термини мана бир неча йиллардан бери амалиётда ишлатилмайди. Унинг ўрнига «божхона аудити» (customs audit) ёки «назоратдан кейин ўтказиладиган аудит» (post-clearance audit)6 терминлари кенг татбиқ этилган.
Қуйида божхона аудитининг жаҳонда тўпланган тажрибасини Ўзбекистон  божхона маъмурчилиги амалиётида қандай қўллаш мумкинлиги ҳақида фикр юритмоқчимиз.
Маълумки, аудит барча солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ўтказиладиган анъанавий текширувлар билан рақобатлашмайди, балки уларни тўлдириб, мазмунан бойитади. У тажрибали мутахассислар томонидан бухгалтерия ҳисобини юритишнинг амалдаги тартибини объектив баҳолашга имкон беради. Бундай ёндашув солиқ маъмурчилиги ва тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳисобига катта ҳажмда иш бажаришига имконият яратади. Солиқ органлари томонидан бюджет маблағларини текширувга йўналтиришга эса фақат жуда муҳим, махсус ва алоҳида ҳолларда йўл қўйилади.
Ишончимиз комилки, солиқ органлари томонидан фойдаланилаётган усулни божхона маъмурчилигида ҳам кенг қўллаш мумкин. Божхона аудитини ташкил этиш ва амалиётда кенг қўллаш декларацияларда кўрсатилган товарлар ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва шаффофлигини таъминлаш даражасини янада оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, ТИФ субъектида божхона аудитини ўтказиш зарурати қуйидаги мақсадларда бўлиши мумкин:
    унинг молиявий барқарорлигини аниқлаш;
    молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги маълумотларнинг бухгалтерия ҳисоботида тўғри ва ҳаққоний акс эттирилганлигини аниқлаш;
    ташқи иқтисодий фаолият ва унинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш;
    товар айирбошлаш билан боғлиқ муомалалар натижалари бўйича солиқ, йиғим, божхона тўлови ва бошқа мажбурий тўловлар тўланишининг тўғрилигини аниқлаш;
    аниқ соҳа бўйича маълум бир муддатда божхона қонунчилигига риоя қилиниши ва ҳ.к.лар.
Бундан ташқари, божхона аудити божхона органларини ТИФ субъекти ҳақидаги зарурий бухгалтерия ҳисоби ахборотлари билан таъминлаш, унинг бизнес жараёни ва ахборот тизимларини таҳлил қилиш мақсадида ҳам ўтказилиши мумкин. Буни қуйидаги аниқ мисолда кўриш мумкин. Маълумки, товар номенклатураси бўйича товарларни таснифлаш кодлари тўғрисидаги маълумотлар ўта муҳим, масъулият ва жавобгарлик талаб этадиган вазифа. Айрим ТИФ субъектлари уларни товар етказиб берувчилар тақдим этган ҳужжатлардан олишади. Бошқалар эса уни божхона расмийлаштируви бўйича штатдаги декларацияловчи мутахассис-ходимлар ёрдамида таснифлайдилар. Айрим корхоналар ушбу вазифани бевосита божхона расмийлаштируви билан шуғулланувчи божхона брокер (декларант)-ларига ишониб топширишади.
Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, бир муаммонинг уч хил ечими мавжуд. Лекин ҳеч бир ТИФ субъектлари кучли мутахассислар ҳам товар кодини сифатли ва ишончли аниқлаш, тасдиқлашда хато қилиши мумкинлигини назардан қочирмасликлари лозим. Чунки бунга турли омиллар сабаб бўлади. Масалан, божхона қийматини аниқлашнинг олтита усули мавжуд бўлиб, божхона брокерлари, декларантлар ТИФ субъекти фойдасига божхона қийматини имкони борича камайтиришга ҳаракат қилсалар, божхона инспекторлари  товардан давлат бюджетига тобора кўпроқ маблағ ундириш – фискал сиёсатни қўллашга ҳаракат қиладилар. Бу табиий ҳол, албатта. Бироқ, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, барча декларациялаш бўйича шуғулланувчи субъектлар (шахс)га фаолият кўрсатиш учун лицензия ёки малака сертификатини бериш Давлат Божхона Қўмитаси ёки унинг қошидаги бошқарма(бўлим)лар зиммасига юклатилган. Умуман, «божхона брокери – божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни декларантнинг ёки ваколатли шахснинг топшириғига биноан ва унинг номидан шартнома асосида бажарадиган, тегишли рухсатнома олган Ўзбекистон Республикаси юридик шахси»дир. Декларациялаш шартлари бузилса, уларнинг тегишли фаолиятига рухсат берувчи ҳужжатлар тезда қайтариб олинади ёки бекор қилинади. Демак, бундан шундай хулоса келиб чиқадики, ТИФ субъектлари манфаатларини ўйлайдиган, бу борада ўзининг холис, адолатли фикрлари билан ўртоқлаша оладиган мутахассисларга эҳтиёж бор. Улар фаолиятини йўлга қўйиш нафақат ТИФ субъектлари учун, балки давлат нуқтаи назаридан ҳам манфаатлидир. Масалан, бу борада аудиторлар томонидан ТИФ субъектида декларациялаш бўйича қилинган ишлар, маълумотлар текширилганда, йўл қўйилган хато ва камчилик бартараф этилади. Уни тасдиқловчи юридик кучга эга бўлган аудиторлик хулосаси тақдим этилади ҳамда давлат божхона органлари инспекторлари айнан ижобий аудиторлик хулосаси асосида божхона назорати жараёнини тезлаштириши мумкин. Бу эса божхона инспекторларининг қимматли вақтини тежашга хизмат қилади. Божхона расмийлаштируви жараёни тезлашиши ҳисобига давлат бюджетига ўтадиган тўловлар суммаси кўпаяди. Шу боис, барча ташқи савдо субъектлари учинчи шахсларга кўпроқ ишонишлари мақсадга мувофиқдир.
Қайд этилганидек, Киото конвенциясидаги фикр ва мулоҳазалар жуда муҳим, чунки мазкур жараёнлар юқорида кўрсатилган тизимни такомиллаштириш заруратини тақозо қилмоқда. Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари бошқарувчилари божхона аудитини божхона органларига тақдим этилаётган ахборотларнинг ҳаққонийлиги ва сифатини объектив баҳолашнинг реал манбаи деб ҳисоблашади. Чунки, шу асосда тезкор оқил бошқарув қарорларини қабул қилиш ва божхона қонунчилигида йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг олди олинади. Божхона аудитининг мақсади ва унинг имкониятларини таҳлил қила туриб, шундай хулосага келиш мумкин: ҳам божхона қонунчилиги, ҳам солиқ меъёрларидан воқиф бўлган юқори малакали аудиторлик ташкилотлари ушбу вазифанинг ижрочиси бўлиши лозим.
Яқин келажакда мамлакатимизда божхона аудитини ташкил этиш ва унинг методологиясини яратиш, такомиллаштириш вазифасига катта эътибор қаратилади, деб ҳисоблашга асосларимиз бор. Чунки ТИФ субъектларининг тўлов қобилияти ва молиявий барқарорлигини тасдиқлаш; божхона хизмати олдидаги бошқа молиявий мажбуриятларни ўз зиммасига олувчи ёки божхона тўловларини тўлаш бўйича муддатини кечиктиришга рухсат олиш; божхона расмийлаштируви бўйича илгари йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўз хоҳишига кўра тузатиш учун асослар ўрнатиш зарур. Шунингдек, божхона аудити методологияси ТИФ субъектлари фаолиятини баҳолаш вақтида, жумладан, уларни категорияларга бўлишда қўлланадиган божхона назорати даражасига нисбатан, шунингдек, божхона назорати ва божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган шаклини олишга талабгорлик қилаётган ёки уни қўлга киритганлар фаолиятини баҳолашда ҳисобга олиниши керак.
Божхона аудитини тизим амалиётида кенг қўллаш ҳеч қандай қўшимча молиявий ёки ташкилий харажатларсиз божхона хизмати сифатини кўтариш ва назорат самарадорлигини ошириш имконини беради. Мавжуд тартибга амал қилувчи ҳалол ТИФ субъектлари учун божхона аудити бизнес юритиш хавфсизлигини таъминлаш воситасидир. У божхона назоратида қўлланадиган шакллар миқдорини қисқартириш ва турли хил сохталаштиришларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Умуман олганда, юқоридаги фикр ва мулоҳазаларни миллий божхона маъмурчилиги амалиётида қўллаш мамлакатимизда божхона аудитини ташкил этиш, ривожлантиришга имкон яратади. Ўз навбатида, бу давлат томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишнинг энг муҳим элементидир.

Шерзод Азизов

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example