ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9490.77 +23.5
1 EUR = 10455.03 -115.18
1 RUB = 148.82 -0.31
1 GBP = 12119.71 -125.26
1 JPY = 86.86 -0.66
1 AFN = 122.29 +0.96
1 AMD = 19.96 +0.05
1 AED = 2584.07 +6.33


 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муҳтарам Президентимиз раҳномолигида истиқлолнинг илк йилларидан мамлакатимизда ўз ақли ва салоҳияти билан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман деган инсонни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Бу йўналишда, аввало, бозор иқтисодиётининг асоси бўлган хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлайдиган барқарор қонунчилик базаси, уни жадал амалга ошириш учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилди.

Бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик наинки ички бозорни рақобатбардош ва сифатли махсулотлар билан таъминлаш, балки давлат экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ҳамда турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Бу жараёнда яхши бир тушунча ҳам шаклланди: оилавий тадбиркорлик. 2012 йил  27 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, оилавий тадбиркорлик — оила аъзоларининг даромад олиш мақсадида амалга оширадиган ташаббускорлик фаолияти. У иштирокчиларнинг ихтиёрий асосда, юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Юридик шахс ташкил этган оилавий тадбиркорлик — оилавий корхона. Унинг иштирокчилари — оила бошлиғи, турмуш ўртоғи, болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари оилавий корхона иштирокчиси бўлиши мумкин. Оилавий корхона иштирокчиларидан бири унинг бошлиғи бўлиб, унга оилавий корхонанинг барча иштирокчиси бир овоздан иш муомаласида ўз номларидан иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Оилавий корхонанинг бирмунча афзаллик ва қулайликлари бор. Хусусан, оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди. Оилавий корхона ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни нақд пуллик ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича реализация қилиши, маҳсулотини реализация қилиш у ишлаб чиқарилган жойда амалга оширилиши мумкин. Оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда фаолият юритган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Шунингдек, оилавий корхоналар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ягона солиқ тўловини тўловичиси ҳисобланади. Уларга кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларда назарда тутилган солиқ имтиёзлари, преференциялар ва кафолатлар тадбиқ этилади. Оилавий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин унинг иштирокчилари тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди. Оилавий корхона ўзи ишлаб чиқарган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини сотувидан олинган тушум бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Бу каби енгилликларнинг берилиши аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланишга бўлган қизиқиши янада ортишига, янги иш ўринлари яратилишига ва аҳоли бандлиги таъминланишига хизмат қилади.

Бугун юртимизда оилавий табиркорлик билан шуғулланиб, юқори натижаларга эришаётган юртдошларимиз кўп. Тошкент шаҳрининг биргина Яккасарой туманида 57 та оилавий корхоналар самарали фаолият юритмоқда. Шулардан кўплари кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларда назарда тутилган солиқ имтиёзлари, преференциялар ва кафолатлардан фойдаланиб келмоқда. Тадбиркорлар солиқ имтиёзлари эвазига ҳосил бўлган қўшимча маблағларни фаолиятни янада кенгайтиришга сарфламоқда.

“LATOFAT TEKSTIL” оилавий корхонасида тикилаётган кийим-кечак маҳсулотлари замонавийлиги ва юқори сифати билан ўз харидорини топган. Тадбиркор Латофат Қодирова раҳбарлик қилаётган корхона дастлаб икки тикув машинаси билан иш бошлаган бўлса, бугун импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқараётган тикувчилик тармоғига айланди. Корхона салоҳиятини оширишда маҳалла фаолларининг маслаҳати ва кўмаги, оилавий тадбиркорликка берилаётган имтиёзлар муҳим омил бўлаётир. Айни пайтда 5 нафар ёшлар меҳнат қилаётган корхонада маҳаллий хомашёдан катталар, аёллар ва болалар учун 10 дан зиёд турдаги кийим-кечаклар тикилмоқда.

    – Юз фоиз пахта ва ипак матодан тайёрланаётган маҳсулотларимиз сифати хорижникидан асло қолишмайди, – дейди Л.Қодирова – Биз билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган савдо марказлари, дўконлар сони ортиб бормоқда. Оилавий тадбиркорлик бизга кенг имкониятлар яратди. Янги тармоқларни йўлга қўйишимизда солиқ соҳасидаги қатор имтиёз ва қулайликлар қўл келаётир. Айни пайтда бу ерда тайёрланаётган маҳсулотларга хориждан ҳам таклифлар тушмоқда.

Мамлакат тараққиёти аҳолининг қандай шароитларда меҳнат қилаётгани, олаётган даромади, турмуш фаровонлиги билан ўлчанади. Шу маънода юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар, чуқур ислоҳотлар фуқароларнинг яхши яшаши, тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига, инсон омилига қаратилган. Турмуш ободлиги эса, энг аввало, оиланинг иқтисодий аҳволига, даромадига боғлиқ. Юртимизда оилавий тадбиркорликнинг ривожланиши, уларга берилаётган имтиёз ва қулайликлар замирида ҳам аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни юксалтириш ва кўплаб янги иш ўринлари яратиш мақсадлари мужассам.

Наргиза Эркинова

 

 

 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example