ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9500.96 +10.19
1 EUR = 10498.56 +43.53
1 RUB = 149.01 +0.19
1 GBP = 12255.29 +135.58
1 JPY = 87.38 +0.52
1 AFN = 122.36 +0.07
1 AMD = 19.94 -0.02
1 AED = 2586.84 +2.77


Президентимизнинг 2015 йил 24 апрелдаги «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги» Фармонига мувофиқ, акциядорлик жамиятлари бошқарув тузилмаларини тубдан қайта ташкил этиш вазифаси белгиланди. Фармонда акциядорлик жамиятлари очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг халқаро стандартлар асосида аудит ва молиявий ҳисобот ахборотларини нашр қилишини таъминлаш кўзда тутилган. Бу эса ўз навбатида, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишга ўта долзарб масалалардан бири сифатида қарашни тақозо этади.
Ушбу вазифаларнинг амалдаги ижросини таъминлаш мақсадида молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини чуқур ўрганиш, уларни қўллаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш, миллий стандартларимизни мувофиқлаштириш лозим. Молиявий ҳисобот халқаро стандартларининг муҳим мавзуларидан бири – бу захиралар ҳисоби ва молиявий ҳисоботда акс эттириш масаласидир. Бу 2-сон Молиявий Ҳисоботнинг Халқаро Стандарти (МҲХС) «Захиралар» билан тартибга солинади. Мазкур стандартнинг мақсади – захираларни ҳисобга олиш тартибини белгилашдир.
Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар захиралари уларнинг ишлаб чиқариш харажатлари бўйича баҳоланади. Бу харажатлар асосан, иш ҳақи харажатлари ва хизмат кўрсатишда бевосита қатнашувчи, шу жумладан, назорат қилувчи персо­налга қилинган бошқа харажатлар ҳамда тааллуқли устама харажатлардан таркиб топади. Савдо ва умуммаъмурий персоналга иш ҳақи ва бошқа харажатлар захиралар таннархига киритилмасдан улар юзага келган даврдаги харажатларга олиб борилади. Хизмат соҳаси ташкилотлари захиралари таннархига фойда меъёри ва тааллуқли бўлмаган устама харажатлари киритилмайди. Негаки, улар кўп ҳолларда хизматлар нархига қўшилади.
Захиралар таннархига қуйидаги моддалар киритилмаслиги кўзда тутилган:
 хом-ашё, сарфланган меҳнат ёки бошқа ишлаб чиқариш харажатларининг меъёридан ортиқ йўқотишлари;
 сақлаш харажатлари, агар улар ишлаб чиқариш жараёнида ишлаб чиқаришнинг келгуси босқичига ўтишда талаб этилмаса;
 маъмурий устама харажатлар. Ушбу турдаги харажатлар захираларни жорий жойлаш­тириш жойи ва жорий ҳолатига келтиришни таъминлашни қўллаб-қувватламайди;
 сотиш харажатлари.
Захираларни ҳисобга олишнинг ҳақиқий харажатлар бўйича ҳисобга олиш ва сотиш нархида ҳисобга олиш усулларидан қай бири таннарх қийматини аниқроқ ифодаласа, шуни қўллаш ўринлидир. Норматив таннарх усули хом-ашё ҳамда материаллар, меҳнат ва бошқа устама харажатларнинг норматив миқдорига асосланади. Нормативдан фарқланишлар аниқланиб, бу қайси омиллар ҳисобидан юзага келганлиги ўрганилади. Норматив таннарх мунтазам текшириб борилади ва зарурат туғилганда ўзгартиришлар киритилади.
Чакана савдода тез ўзгарувчи катта миқдордаги ҳамда бир хил фойда нормаларига эга бўлган буюмлардан иборат захираларни баҳолаш учун уларга таннархнинг бошқа усулларини қўллаш мақсадга мувофиқ бўлмаганлиги сабабли чакана нарх методи қўлланади. Захира таннархи сотил­ган товарлар умумий қийматини тааллуқли ялпи маржа даражасига камайтириш йўли билан аниқланади. Фойдаланилаётган фоиз миқдори бошланғич сотиш нархидан пастга туширилган баҳодаги захираларни ҳисобга олади. Чакана савдонинг ҳар бир бўлинмаси учун кўп ҳолларда фоизнинг ўртача даражаси қўлланади.
Чакана нарх методининг қўлланишини қуйидаги мисолда кўриб ўтиш мумкин:
ТМЗлар бошланғич қолдиғи:
Таннархи бўйича    225.000 минг сўм
Чакана нарх бўйича  285.000 минг сўм
Соф харид:
Таннарх бўйича    400.000 минг сўм
Чакана нарх бўйича  525.000 минг сум
Соф устама        45.000 минг сўм
Соф чегирма           25.000 минг сўм
Реализациядан олинган соф даромад    375.000 минг сўм
Ушбу маълумотлар бўйича чакана нарх усулини қўллаган ҳолда ТМЗларнинг охирги қолдиғи қийматини аниқлаш талаб этилади.
1. ТМЗларнинг чакана нархда охирги қолдиғи 225.000+400.000+45.000-25.000-375.000=270.000 минг сўм.
2. Таннархнинг чаканага нисбати        (225.000 + 400.000) / (285.000 + 525.000 + 45.000) =625.000/855.000=0.73 ёки 73%
3. ТМЗлар охирги қолдиғининг қиймати    270.000 * 73% = 197100 минг сўм
Демак, ушбу методда товар-моддий захиралар охирги қолдиғининг қиймати 197100 минг сўмга тенг.
Бир-бирининг ўрнини қопламайдиган захиралар алоҳида моддалар ҳамда махсус лойиҳалар учун ишлаб чиқарилган ва кўзда тутилган товарлар ёки хизматлар таннархи махсус идентификациялаш йўли билан аниқланади.
23-параграфда кўриб ўтилмайдиган захиралар таннархи баҳолашнинг ҳаммасини идентификациялаш усулини қўллаш имкони бўлмаган ҳолларда мажбурий тартибда биринчи кирим-биринчи чиқим (ФИФО), ўртача салмоқли қиймат усулларидан фойдаланилиши эътироф этилган.
Ташкилот характери ва ишлатилиши бў­йича ўхшаш  барча захиралар учун бир хил формулалар қўлланиши шарт. Характери ва ишлатилиши бўйича турли хил  захиралар учун турли формулаларни қўллашнинг ҳаққонийлиги асосланиши мумкин.
Таннархни аниқлаш методларининг қўл­ланишини мисолларда кўриб ўтамиз.
Мисол учун, А компаниясининг 2016 йил, январь ойида Х турдаги захираси ҳаракати тўғрисида қуйидаги маълумотлар келти­рилган. (Ой бошида захира қолдиғи мавжуд эмас):
03.01.2016 да харид 200 дона $3
04.01.2016 да сотиш 150 дона
15.01.2016 да харид 300 дона $4
20.01.2016 да харид 400 дона $ 5
25.01.2016 да сотиш 500 дона
Талаб этилади: махсус идентификациялаш, ФИФО ҳамда ўртача салмоқли усулларни қўллаш орқали сотилган захиралар ва ой охиридаги захира қолдиқлари таннархини аниқлаш.
Махсус идентификациялаш усули. Ушбу усулнинг моҳияти шундаки, бунда ишлаб чиқаришга йўналтирилаётган ёки сотилаётган захиралар таннархи уларнинг қайси харидга тааллуқлилиги аниқ идентификацияланади. Худди шунингдек, ҳисобот даври охирида захиралар таннархи қайси харидга алоқадор бўлса ўша харид нархида таннархи аниқланади. Махсус идентификациялаш методида захиралар миқдорининг жисмоний ҳаракати билан қиймати ҳаракати бир маромда амалга оширилади. Ушбу методни бир-бирини алмаштириб бўлмайдиган махсус захиралар (автомобиль, заргарлик буюмлари, қимматбаҳо мўйнали буюмлар) ҳамда махсус лойиҳалар учун ишлаб чиқарилган товарлар ёки хизматлар таннархини аниқлашда қўллаш мақсадга мувофиқдир.
Юқоридаги мисолда 04.01.2016 даги 150 дона сотиш 03.01.2016 даги захирадан амалга оширилган. 25.01.2016 даги 500 дона сотишнинг 300 донаси 20.01.2016 даги хариддан, 200 донаси эса 15.01.2016 даги хариддан амалга оширилган. Ушбу маълумотлар асосида:
Сотилган захиралар таннархи:
04.01.2016 да 150 х $3 = $450
25.01.2016 да 300 х $5 = $1500
200 х $4 = $800
Жами    650 дона    $ 2750
Қолдиқ захиралар таннархи:
03.01.2016 даги 50 х $3 = $150
15.01.2016 даги 100 х $4 =$400
20.01.2016 даги 100 х$ 5 = $500
Жами    250 дона $1050
ФИФО усули. Ушбу усулда биринчи харид қилинган ёки биринчи ишлаб чиқарилган захиралар моддалари биринчи ишлаб чиқаришга олинади ёки сотилади. Ва шунга мувофиқ, давр охирида қолган захиралар кейинги харид қилинган ёки ишлаб чиқарилганлардан ташкил топади. Юқоридаги мисол маълумотлари асосида қуйидаги ҳисоб-китоблар амалга оширилади:
Сотилган захиралар таннархи:
04.01.2016 да 150 х $3 = $450
25.01.2016 да 50 х $3 = $150
300 х $4 = $1200
150 х $5 = $750
Жами    650 дона $ 2550
Қолдиқ захиралар таннархи:
30.01.2016 даги 250 х$ 5 = $1250
Жами    250 дона $1250
Ҳар бир босқичда ўртача салмоқли таннарх қуйидаги формула асосида аниқланади:
                                                Сотишга мўлжалланган захиралар таннархи
Ўртача салмоқли таннархи = ————————————————————————————————————
                                                Сотишга мўлжалланган захиралар миқдори
Формуладан фойдаланган ҳолда қуйидаги ҳисоб-китобларни амалга оширамиз:
03.01.2016 да ўртача таннарх = 600/200 = $3
04.01.2016 да сотиш таннархи =150 х $3 = $450
04.01.2016 да захира қолдиғи таннархи =50 х $3 =$150
15.01.2016 да ўртача таннархи = (50 х 3$ + 300 х 4$)/350 = $3.86
15.01.2016 да захира қолдиғи таннархи = 350 х $3.86 = $1350
20.01.2016 да ўртача таннарх = (350 х $3.86 + 400 х $5) / 750 = $4.47
25.01.2016 сотиш таннархи = 500 х $4.47 =$ 2233
25.01.2016 да захира қолдиғи таннархи = 250 x $4.47 =$1117
Жами сотиш таннархи = $450 + $2233 = $2683
Реализациянинг бўлиши мумкин бўлган соф нархи. Агар захираларга зарар етказил­ган, тўлиқ ёки қисман эскирган ёхуд сотиш нархи пасайган бўлса, захиралар таннархи қопланмаслиги мумкин. Бундан ташқари, захираларни тайёр ҳолатга келтиришни тугаллаш ёки сотишни амалга ошириш мумкин бўлган харажатлар ошган тақдирда ҳам захиралар таннархи қопланмаслиги мумкин.
Захиралар реализациясининг бўлиши мумкин бўлган соф қийматига қадар ҳисобдан чиқарилиши, одатда, ҳар бир модда бўйича амалга оширилади. Бироқ айрим ҳолларда шу ассортиментдаги бошқа моддалардан алоҳида баҳолаш мумкин бўлмаган бир-бирига ўхшаш ёки битта ассортиментдаги буюмлар бўйича бир-бирига боғлиқ бўлган моддалар гуруҳлаштирилиши мумкин.
Мисол. Товар бирлигининг таннархи $20. Ҳисобот йилининг охирида 100 бирлик товар захиралари мавжуд. Тайёрлов харажатлари чакана сотиш нархига нисбатан 5%ни ташкил этади. Товар бирлигининг сотиш нархи $24.
Реализациянинг бўлиши мумкин бўлган соф қиймати:
($24 х 95%) х100% = $22.80 Бунда, 100% – 5% = 95 %
Молиявий ҳисоботда захира таннархида, яъни $20 да акс эттирилиши лозим. Чунки у захирани сотишнинг бўлиши мумкин бўлган соф қийматидан кичик.
Агар келгуси йили чакана нарх $20 га қадар тушиши кузатилса, реализациянинг бўлиши мумкин бўлган соф қиймати:
($20 х 95%) х100% = $19. Бунда, 100% – 5% = 95 %
Бу ҳолатда молиявий ҳисоботда захиралар бирлиги $19 дан акс эттирилиши лозим. Чунки бу нарх захира бирлигининг таннархи $20 дан кичик. Умумий қийматининг камайиши $100 ни ташкил этади (100 бирлик х ($20-$19))
Захираларда хом-ашё ва бошқа материаллар таннархидан пастига ҳисобдан чиқарилмайди. Бироқ тайёр маҳсулотлар таннархи реализациянинг бўлиши мумкин бўлган соф сотиш қийматидан ошиб кетса, хом-ашё сотишнинг бўлиши мумкин бўлган соф қиймати суммасига қадар ҳисобдан чиқарилади.
Захиралар сотилгандан кейин улар ҳисобга олинган сумма мажбурий тартибда тааллуқли тушум тан олинган даврдаги харажат сифатида тан олиниши керак. Бўлиши мумкин бўлган соф сотиш қийматига қадар захиралар қийматини қисман ҳисобдан чиқарилган миқдори ва захираларнинг бошқа йўқотишларини ҳисобдан чиқариш амалга оширилган ёки йўқотишлар юзага келган даврда харажат сифатида тан олиниши шарт. Бўлиши мумкин бўлган соф сотиш қийматининг кўпайишидан келиб чиқадиган захираларнинг ҳисобдан чиқарилган қийматини қайта тиклашнинг ҳар қандай суммаси қийматнинг қайта тиклаш даврида харажат сифатида тан олинган захиралар миқдорини камайтириш сифатида тан олиниши лозим.
Молиявий ҳисобот мажбурий тартибда қуйидагиларни очиқлаши шарт:
а) захираларни баҳолаш учун қабул қилинган ҳисоб сиёсати, шу жумладан, уларнинг таннархини ҳисоблашда фойдаланадиган усуллар;
b) захираларнинг умумий баланс қиймати ва ушбу ташкилот томонидан қабул қилинган классификацияси асосидаги моддалар бўйича баланс қиймати;
c) сотишга доир таннарх чегириб ташлангандан кейинги адолатли қийматда ҳисобга олинган захираларнинг баланс қиймати;
d) давр харажатлари сифатида тан олинган захираларнинг тааллуқли суммалари;
e) стандартнинг 34-параграфига мувофиқ, давр харажатлари сифатида тан олинган захиралар қийматини пасайтиришнинг ҳар қандай суммаси;
f) стандартнинг 34-параграфига мувофиқ, тааллуқли даврларда харажат сифатида эътироф этилган захиралар суммаси камайиши сифатида тан олинади.  Захиралар ҳисобдан чиқарилган қийматининг ҳар қандай тикланган қиймати;
g) стандартнинг 34-параграфига мувофиқ, ҳисобдан чиқарилган захиралар тикланишига олиб келадиган ҳолатлар ва ҳодисалар;
h) мажбуриятлар таъминоти сифатида олинган захираларнинг баланс қиймати.
Мухтасар қилиб айтганда, юқоридаги фикр­лар захиралар таннархини тўғри шакллантириш ҳамда захираларга оид ахборотларни молия­вий ҳисоботда халқаро ва миллий стандарт­лар талабларига мувофиқ акс эттириш имконини беради.

Самиддин Ташназаров, и.ф.н.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example