ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9490.77 +23.5
1 EUR = 10455.03 -115.18
1 RUB = 148.82 -0.31
1 GBP = 12119.71 -125.26
1 JPY = 86.86 -0.66
1 AFN = 122.29 +0.96
1 AMD = 19.96 +0.05
1 AED = 2584.07 +6.33


Ватанимиз мустақилликка эришган илк йиллардан бошлаб режали иқтисодий тизимдан бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётга ўтиш йўналишида кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилди ва амалга оширилмоқда. Жумладан, макроиқтисодий сиёсатнинг муҳим бўғини ҳисобланадиган солиқ сиёсати, солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмурчилиги асослари яратилди ва ривожлантирилди. Амалга оширилган ислоҳотлар, биринчидан, давлат харажатларини молиялаштиришни таъминлай оладиган даромад базасини яратган бўлса, иккинчидан, иқтисодиётнинг муҳим соҳаларини ривожлантиришга қулай шароит яратиб берадиган солиқ тизимини вужудга келтирди.
Кейинги ўн икки йилда республикамиз ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми ўртача йилига 8 фоиздан ортиқ ўсмоқда, иқтисодиётимизда ижобий тузилмавий ўзгаришлар юз бермоқда. Солиқ сиёсатининг республикамизда кичик бизнесни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, маҳаллийлаштириш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини, шунингдек, экспорт салоҳиятини юксалтиришдаги ролини таҳлил қилсак, бунинг яққол тасдиғини кўрамиз.
-- Солиқ юкининг камайиши юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашда муҳим роль ўйнади. Солиқ ислоҳотларининг устувор йў­налиши сифатида солиқ юкининг бос­қич­ма-бос­қич пасайтирилиши барқарор иқтисодий ўсиш суръатларига эри­шиш­да муҳим омил бўлди.
Бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётга ўтишнинг Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримов томонидан белгилаб берилган «Ўзбек модели» асосий тамойилларидан бири иқтисодий ислоҳотлар жараёнида давлатнинг етакчилик ролидир. Одатда, макроиқтисодий сиёсатни олиб боришда ушбу роль давлатнинг фискал сиёсати орқали амалга оширилади. Фискал сиёсат орқали давлат нафақат умумлашган талабни, ишлаб чиқаришни ва даромадларни бошқариб туради, балки институционал ва тузилмавий ислоҳотлар ривожига ҳам актив таъсир кўрсатади.

Президент И.Каримов иқтисодий ислоҳотлар ва инвестициялар бўйича Идоралараро Мувофиқлаштирувчи Кенгашда сўзлаган нутқида фискал сиёсатни юритишга алоҳида эътибор қаратиб, бу сиёсатни иқтисодиётнинг ҳар томонлама таҳлили натижаларига асосланиб олиб бориш кераклигини таъкидлади. Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 29 декабрдаги «Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодий комплекси таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар ишининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 517-сонли қарорида ҳам иқтисодиётни эркинлаштириш ва уни бошқаришда давлатнинг бевосита аралашувини камайтириш жараёнларида макроиқтисодий сиёсатнинг турли йўналишлари ўртасида узвий боғлиқликни ошириш зарурлиги уқтирилган.

1-графикдан кўриниб турибдики, солиқ юки пасайиши ва ЯИМ ўсиши суръатлари тескари пропорционал боғланган. Яъни солиқ юки пасайиши ЯИМ ўсиш суръати ўсишига олиб келади. Юртимизда ҳам асосий солиқлар бўйича солиқ ставкалари пасайтирилиши ва оптималлаштирилиши, солиқ маъмурчилигининг тубдан яхшиланиши, самарадор (соддалаштирилган) солиқ тизимига ўтилиши бўйича амалга оширилган ислоҳотлар натижасида иқтисодиётдаги солиқ юки ЯИМга нисбатан 1991 йилдаги 49,1 фоиздан 2015 йилга келиб 30,6 фоизгача пасайишига эришилди. Солиқ юкининг камайтирилиши эса, ўз навбатида, иқтисодиётимизнинг юқори суръатларда ўсишига замин яратди. Кейинги 12 йил (2004-2015 йиллар) мобайнида мамлакатимиз ЯИМнинг ўсиш суръати ўртача 8,1 фоизни ташкил қилди. Саноат маҳсулоти ҳажми эса ўртача 9,2 фоиздан ўсди.

 

Солиқ юки камайиши деярли барча бевосита ва билвосита солиқлар юкининг камайиши орқали амалга оширилди.

Жумладан:
Фойда солиғи. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 1995 йилда 38 фоизни ташкил этган бўлса, 2016 йилга келиб бу ставка 7,5 фоизгача пасайтирилди. Ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, икки ёқлама солиқ солишнинг олдини олиш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқа харажатлар фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда солиқ солиш базасидан чегириб ташланадиган ва солиқ солиш базасига қайта қўшилмайдиган харажатлар таркибига киритилди.
Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи. Аҳолининг реал даромадлари ва харид қобилиятини ошириш мақсадида жисмоний шахслар даромадига солиқ солиш тартиби ҳам такомиллаштирилиб, солиқ ставкалари кескин пасайтирилди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 7 босқичли шкалада – 60 фоиз максимал ставкада ҳисобланган бўлса, бугун ушбу солиқ тури 4 босқичли шкала бўйича тўланмоқда. Ва унинг максимал ставкаси 23 фоизни ташкил этаяпти. 2015 йилнинг 1 январь санасидан эътиборан, энг кичик иш ҳақининг бир бараваригача бўлган даромадлар солиқ солинадиган базадан чиқариб ташланиши белгилаб қўйилди.
Ягона ижтимоий тўлов. Корхона ва ташкилотларда ишчи-хизматчиларни ёллаш билан боғлиқ харажатлар, ходимларнинг иш ҳақи фондидан ушланадиган мажбурий тўловлар ҳажмини камайтириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Корхона ва ташкилотларнинг ижтимоий суғурталаш тизими (Пенсия фонди, Бандлик фонди ва касаба уюшмалари Федерацияси)га ажратмалар миқдори 1994 йилда иш ҳақи фондидан 40 фоизни ташкил этган бўлса, кейинги йилларда ушбу ставка босқичма-босқич 25 фоизга қадар пасайтирилди. Ўтган йилдан бошлаб эса микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга туширилди.
Қўшилган қиймат солиғи. Республикада истеъмол талаби ва маҳсулот (иш, хизмат) ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантириш мақсадида қўшилган қиймат солиғи ставкаси 30 фоиздан 20 фоизга туширилди. Иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш ва хўжалик фаолиятининг жадаллашуви натижасида бюджет даромадларида қўшилган қиймат солиғи бўйича тушум кўрсаткичлари тобора ўсиб борди.
Бундан ташқари, 1991 йилдан то бугунга қадар солиқ ставкаларини камайтириш билан бир қаторда бир хил солиқ солиш базасига ўхшаш солиқлар унификация қилинди, кам самарали солиқ ва мажбурий тўловлар бекор қилиниб, солиққа тортиш тартиби соддалаштирилди.
-- Бюджет даромадлари таркибида ресурс солиқлари улуши ошиб бормоқда.
Солиқ тизимини ислоҳ қилиш натижасида бюджет даромадлари таркибида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатил­япти. Аҳолига солиқ юкини камайтириш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида жами бюджет даромадларида корхоналар фойдасидан олинадиган солиқларнинг улуши камайтирилиб, ресурс солиқлари улуши босқичма-босқич ошириб борилди. Натижада, 1995 йилга нисбатан 2015 йили бюджет даромадларида бевосита солиқлар улуши 38,5 фоиздан 24,1 фоизгача қисқарди. Ресурс ва мулк солиғининг улуши 5,9 фоиздан 13,2 фоизгача ортди.
Хусусан, корхоналар фойдасига солиқ юки камайтирилиши ва соддалаштирилган тизим жорий этилиши натижасида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг бюджет даромадларидаги улуши 1995 йили 28,6 фоиздан 2015 йили 3,2 фоизгача пасайди.
-- Кичик бизнeс вa xусусий тaдбиркoрликни қўллаб-қувватлашда солиқлар асосий восита бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши энг аввало, мазкур соҳа учун солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилганлиги самарасидир. Зеро, солиқ юкининг босқичма-босқич камайтириб борилиши бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Микрофирма ва кичик корхоналар томонидан тўланадиган ягона солиқ тўловининг ставкаси 2005 йилдаги 15,2 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилди.
Шу ўринда ҳукуматимиз томонидан кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарорлар қабул қилинганлигини қайд этиш жоиз. Хусусан, Президент И.Каримов «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини ривожлантирмасдан, унга тегишли кўмак ва рағбат бермасдан, зарур имконият, имтиёз ва преференциялар яратмасдан туриб, биз иқтисодиётимизнинг келажагини таъминлай олмаймиз», деб таъкидлаган эдилар.
Мисол учун, янги иш ўринлари яратиш тизимини олайлик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 15 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1112-сонли Қарори ва 2010 йил, 28 июлдаги «Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4232-сонли Фармонига асосан, қуйидаги ҳолларда микрофирма ва кичик корхоналар учун назарда тутилган имтиёзлар, кафолат ҳамда ҳуқуқлар уларда сақланиб қолади:
-- кичик корхона ўз уйида ишлаётган (касаначилик билан шуғулланаётган) фуқаролар билан қонун ҳужжатларида белгиланган ходимлар сонининг чекланган нормативидан кўпи билан 30 фоиз ошган миқдорда меҳнат шартномаларини тузганда;
-- микрофирма ва кичик корхоналар томонидан республиканинг касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ҳамда олий таълим муассасалари битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузилганда банд ходимларнинг ўртача йиллик сони қонун ҳужжатларида белгиланган чекланган нормативдан кўпи билан 50 фоиз оширилган ҳолларда.
2015 йилнинг 1 январидан эътиборан, кичик корхоналар учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилиши ушбу соҳага малакали ишчилар кўпроқ жалб қилиниши, ойлик маошлар оширилиши учун қулай шароит яратди.
Текширишлар сони камайтирилгани эса тадбиркорларнинг ишончли ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини текширишларни янада қисқартириш ва улар фаолиятини назорат қилишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4296-сонли Фармонига кўра, янги ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектларининг (акциз солиғига тортиладиган товарлар ишлаб чиқарувчи кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш, шунингдек, бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ текширишлар бундан мустасно) молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатига олинган пайтдан бошлаб, дастлабки 3 йил мобайнида режали солиқ текширувларидан ўтказилмаслиги белгиланди. Ушбу тартиб фермер хўжаликлари фаолиятини текширишга ҳам тегишлидир. Фармонга кўра, 2011 йилнинг 1 апрелидан то 2014 йилнинг 1 апрелигача бўлган даврда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган, шунингдек, ишлаб чиқариш суръатларининг барқарор ўсиши ва рентабеллигини таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини солиқ соҳасида текшириш тақиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4725-сонли Фармонига кўра, 2015 йилнинг 1 июлидан эътиборан:
-- микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикасининг Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан, уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилади;
-- молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмайди;
-- Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184-моддасида назарда тутилган жиноят (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш)ни биринчи марта содир этган, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ва у жавобгарликдан озод қилинади.
2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга фаолиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия фондига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун ўрнатилган ставканинг 30 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилади. Якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда коллежни битирганидан эътиборан, ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун қатъий белгиланган солиқдан озод этилади.
Солиқ ва статистика ҳисоботлари 100 фоиз электрон шаклда Интернет тармоғи орқали тақдим этилмоқда. Кичик корхоналар умумбелгиланган солиқ тўловчиси сифатида бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар бўйича ҳар ойда тақдим этиб келаётган 12 та ҳисобот ўрнига кичик бизнес корхоналари ҳар чорак якуни бўйича 4 та ҳисобот тақдим этади.
Бугунги кунда кичик бизнес субъектлари учун яратилаётган қулайликлар туфайли йилдан-йилга уларнинг иқтисодиётдаги ўрни ва роли ошиб бормоқда. 2015 йил якунларига кўра, ушбу субъектларда банд бўлганлар сони 10,2 млн. кишидан ошди. Бу эса иқтисодиётдаги жами иш билан банд бўлганларнинг 77,9 фоизини ташкил қилади. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида уларнинг улуши 2005 йилдаги 38,2 фоиздан 56,5 фоизга етди. Кичик бизнес улуши саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришда 38,9 фоизни, инвестицияларни ўзлаштиришда 36,3 фоизни, савдо айланмасида 87,1 фоизни, экспортда эса 26,9 фоизни ташкил қилмоқда.
-- Саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни солиқ имтиёзлари орқали рағбатлантириш йўналишлари ҳақида айтсак. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида собиқ СССРнинг деярли барча республикаларида кўплаб йирик саноат корхоналари ўзининг ишлаб чиқариш фаолиятини кескин пасайтирди, кўпчилиги банкротга учради ёки ёпилди. Ушбу ҳолат ва мавжуд ишлаб чиқариш алоқаларининг узилиши Ўзбекистон саноат корхоналари фаолиятига ҳам салбий таъсир ўтказмай қолмади. 1991-2000 йиллар мобайнида саноатнинг ЯИМдаги улуши 26,3 фоиздан 14,2 фоизгача пасайиб кетди. Ҳукуматимиз томонидан 2000-2015 йиллар мобайнида саноатнинг барча асосий тармоқларида – ёнилғи-энергетика, металлургия, кимё, енгил саноат, қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, фармацевтика, транспорт, автомобилсозлик ва бошқа йўналишларда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга йўналтирилган бир қатор дастурлар қабул қилинди. Ушбу дастурларни муваффақиятли амалга оширишда юқори натижаларга эришишда солиқ тизимининг ҳам ҳиссаси каттадир.
2007 йил 14 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-3860-сонли Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармонга биноан:
-- хўжалик юритувчи субъектларга беш йил мобайнида ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга, янги технологик ускуналар харид қилиш, янги қурилиш шаклида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, ушбу мақсадлар учун берилган кредитларни қайтариш, лизинг объекти қийматини тўлашга йўналтирилган маблағлар миқдорида тегишли солиқ даврида амортизация ажратмаларини чиқариб ташлаган ҳолда, аммо солиққа тортиладиган даромаднинг 30 фоизидан ошмайдиган миқдорда фойдадан олинадиган солиқ базасини камайтириш лозимлиги белгиланди;
-- солиққа тортишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланадиган юридик шахслар учун беш йил давомида ягона солиқ тўловини тўлашда солиққа тортиладиган базани харид қилинган янги технологик жиҳозлар қийматига тенг, аммо солиққа тортиш базасининг 25 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда камайтирган ҳолда солиқ имтиёзлари жорий этилди;
-- ишлаб чиқаришга жорий этилган янги технологик жиҳозлар беш йил муддатга мулк солиғидан озод қилинди (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил
26 декабрдаги ПФ-4589-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган).
Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 211-моддаси, 7-бандига биноан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуналар, шунингдек, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади. Бундан ташқари, Божхона кодексининг 297-моддасига биноан, қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар божхона божини тўлашдан озод қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 апрелдаги «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-3594-сонли Фармонига биноан, 2005 йилнинг 1 июлидан бошлаб, тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этадиган ва иқтисодиёт тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар юридик шахсларнинг фойдасидан олинадиган солиқ, мулк солиғи, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва ободонлаштириш солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ тўлашдан, шунингдек, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинди. Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳажмига кўра, солиқ имтиёзлари қуйидагича белгиланди:
-- 300 минг АҚШ долларидан 3 млн. АҚШ долларигача – 3 йил муддатга;
-- 3 млн.дан ортиқ АҚШ долларидан 10 млн. АҚШ долларигача – 5 йил муддатга;
-- 10 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлганда – 7 йил муддатга.
Ушбу Фармонда кўрсатилган солиқ имтиёзлари қуйидаги шартлар асосида қўлланиши белгиланди:
-- мазкур корхоналарни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини истисно қилган ҳолда республиканинг барча шаҳар ҳамда қишлоқ аҳоли пунктларида жойлаштириш;
-- хорижий инвесторлар томонидан тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни Ўзбекистон Республикасининг кафолати берилмаган ҳолда амалга ошириш;
-- корхонанинг устав ка­питалида хорижий иштирокчиларнинг улуши камида 33 фоизни ташкил этиши лозим;
-- хорижий инвестицияларни эркин алмаштириладиган валюта ёки янги замонавий технологик ускуна тарзида қўйиш;
-- мазкур имтиёзларни қўллаш муддати давомида имтиёзлардан олинган даромаднинг камида 50 фоизини корхонани янада ривожлантириш учун қайта инвестициялашга йўналтириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги ПФ–4434-сон Фармонига биноан, қиймати 50 млн. АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида, ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш бюджет маблағлари ҳамда бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши тартиби ўрнатилди. Мазкур Фармонга биноан белгилаб қўйилдики, хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 млн. АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ҳамда қоидаларини қўллашга ҳақлидир.
Иқтисодиётимизда амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, 2006-2015 йиллар мобайнида инвестициялар ҳажми йилига ўртача 15,1 фоиздан ўсди. Жами инвестициялар таркибида хорижий инвестициялар ва кредитлар улуши ўртача 20 фоиздан юқори бўлди. 2015 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 15 млрд. 800 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилди ва ўзлаштирилди. Жами инвестицияларнинг 3 млрд. 300 млн. АҚШ долларидан зиёди ёки 21 фоиздан ортиғи хорижий инвестициялар бўлиб, шунинг 73 фоизи тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларидир. Инвестицияларнинг 67,1 фоизи янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга йўналтирилди. Бу эса 2015 йилда умумий қиймати 7 млрд. 400 млн. АҚШ доллари бўлган 158 та йирик ишлаб чиқариш объекти қурилишини якунлаш ва фойдаланишга топшириш имконини берди.
Натижада, саноатнинг барча асосий тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажми жадал суръатларда ўсишига эришилди. Автомобилсозлик, нефт-кимё, газ-кимё каби бир қатор янги тармоқлар вужудга келди. Саноат маҳсулоти ҳажми 2006-2015 йилларда ўртача 9,3 фоиздан ўсди ва 2015 йил якунига келиб унинг ЯИМдаги улуши 33,5 фоизни ташкил этди.
-- Экспортни ривожлантириш ва диверсификация қилишни солиқлар орқали рағбатлантириш орқали экспорт ҳажмини оширишга эришилмоқда. Экспорт таркибини оптималлаштириш (диверсификация қилиш), жаҳон бозоридаги хомашё маҳсулотларининг беқарор конъюнктурасига боғлиқлигини камайтириш масалалари ҳукуматимизнинг доимо диққат марказидадир. Ушбу масалаларни ҳал этишда солиқ сиёсатига катта ўрин ажратилмоқда.
Хусусан, уларнинг айримларини хронологик тартибда санаб ўтишимиз мумкин:
1) 1994 йил июль ойидан бошлаб, хомашё бўлмаган маҳсулотларни экспорт қилувчи корхоналарга кенг имтиёзлар берилди;
2) 1996 йил апрель ойидан бошлаб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг қайта ишланиш (мураккаблик) даражасига боғлиқ ҳолда корхоналар фойдасига дифференциаллашган солиқ ставкалари ўрнатилди;
3) экспорт қилувчи корхоналар экспорт учун мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун сотиб олган моддий ресурслари учун қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилиндилар;
4) 1997 йил ноябрь ойидан эътиборан, сотилган маҳсулот таркибида экспорт улуши 30 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар фойда солиғи 2 марта камайтирилди.
2008 йилда бошланган жаҳон молиявий инқирози туфайли жаҳон бозори конъюнктурасида рўй берган салбий ўзгаришларнинг иқтисодиётимизга таъсирини камайтириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан инқирозга қарши махсус дастур қабул қилинди. Ва мазкур дастурга мувофиқ, экспортчи корхоналар даромадларининг кескин пасайиб кетмаслигига йўналтирилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Экспортга улуш қўшувчи корхоналар учун яратиб берилаётган шароитлар ва солиқ имтиёзлари (фойда, мулк солиғи, акциз солиғидан имтиёзлар, экспорт қилинаётган маҳсулотлар учун ноль қийматдаги қўшилган қиймат солиғи ва бошқалар) экспорт ҳажми ошиши ва унинг таркибий ўзгаришларига бевосита таъсир кўрсатди. Ўтган йили ташқи савдо айланмаси ҳажми 25,3 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди ва бу кўрсаткич 1992 йилдаги кўрсаткичдан 5,7 маротаба кўпдир. Ўз навбатида, экспорт ҳажми 12,9 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди ва 5,5 маротаба ўсди. 1997 йилдан бошлаб, ташқи савдода ижобий балансга эришиб келинмоқда. Бу ўз навбатида, мамлакатимиз олтин-валюта захираларини тўлдиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Экспорт ва импорт таркибида ижобий ўзгаришлар юз бераётир. Экспортда пахта толасининг улуши 1991 йилдаги 53,7фоиздан 2015 йил якунлари бўйича 5,7 фоизга тушди. Айни пайтда машина ва ускуналар, кимёвий ўғитлар, тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми тобора ўсиб бормоқда. Импорт таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари улуши 43,1 фоиздан 12,8 фоизгача тушган бўлса, машина ва технологик ускуналар улуши 15,0 фоиздан 40,5 фоизгача ўсди. Товар ва хизматларни экспорт қилиш географияси кенгайиб, 160 дан ортиқ мамлакатни ўз ичига олди.
-- Маҳаллийлаштириш дастури ва солиқ имтиёзларининг аҳамияти хусусида алоҳида сўз юритиш зарур. Иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш борасидаги муҳим йўналишлардан бири – саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни рағбатлантиришдир. Республикамизда 2000 йилдан эътиборан, ушбу соҳага катта эътибор қаратилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналар маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бўйича фойда солиғи, ягона солиқ тўлови (солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллайдиган субъектлар учун)­дан озод қилинади. Шунингдек, маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган асосий ишлаб чиқариш фондлари бўйича мулк солиғи ҳамда импорт қилинадиган маҳсулотлар бўйича божхона божини тўлашдан озод қилинадилар.
Маҳаллийлаштириш жараёни иқтисодиётнинг жадал ва барқарор ривожланишини таъминлаш, унинг ташқи омилларга боғлиқлигини камайтириш имконини бермоқда. Қолаверса, ишлаб чиқариш жараёнига янги, самарали технологияларни татбиқ қилишни жадаллаштириш, маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш ресурсларидан кенг фойдаланиш, шунинг асосида замонавий рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, валюта маблағларидан тежамли ва оқилона фойдаланиш, янги иш жойларини яратишда беқиёс аҳамият касб этаяпти. Корхоналар ўртасида кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда, бу жараёнга кичик бизнес субъектлари тобора кенг жалб қилинаётир.
Жорий йилнинг февраль ойида Иқтисодиёт вазирлигида «Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва тармоқлараро кооперацияни кенгайтириш – иқтисодий ўсиш ва иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартиришнинг энг муҳим омили» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маҳаллийлаштириш дастурининг қуйидаги муҳим жиҳатлари алоҳида таъкидланди:
1) 2000 йилдан буён маҳаллий лойиҳалар ҳисобига ишлаб чиқарилган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажми 220 баробардан ошди;
2) фақатгина 2015 йилда 696 та лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш ҳажми 4 трлн. сўмни, импорт ўрнини қоплаш самарадорлиги эса 1,5 млрд. АҚШ долларини ташкил этган;
3) сўнгги 2 йил мобайнида 97 та товар гуруҳи бўйича импорт умуман тўхтатилган, 306 та товар гуруҳи бўйича импорт ҳажми 2 мартадан ортиқ камайтирилган;
4) маҳаллийлаштириш дастурини самарали амалга оширишда жаҳондаги етакчи компаниялар жалб этилмоқда (юк машиналари ишлаб чиқарувчи «MAN» компанияси, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчи «CLASS» ва «Lemken» компаниялари, маиший техника ишлаб чиқарувчи «Toshiba», «Candy», «LG» ва «SAMSUNG» компаниялари).
5) 2015 йилда 52 турдаги 25,1 млн. АҚШ дол­ларилик маҳсулот экспорт қилинган.
Ўзбекистон Республикаси­ Президентининг 2015 йил 11 февралдаги ПҚ-2298-сонли Қарори билан 2015-2019 йилларга мўлжалланган Маҳаллийлаштириш дастури тасдиқланди. Ушбу Қарорга кўра, кейинги 5 йил мобайнида 602 та лойиҳа амалга оширилиши ҳамда улар доирасида 1225 та янги маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
-- Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришда солиқ имтиёзларининг алоҳида ўрни бор. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 17 апрелдаги ПҚ-325-сонли Қарорига кўра, айрим турдаги хизматларни кўрсатувчи корхоналар фойда ва ягона солиқ тўловидан озод қилиндилар.
Бундай хизматлар сирасига молия ва банк хизматлари (лизинг, суғурта, аудиторлик, бухгалтерия хизмати, микро­кредитлаш, солиқ маслаҳатчилари хизматлари), маиший хизмат (пойабзал таъмирлаш, соатсозлик, электрон товарларни тузатиш, сартарошлик ва бошқалар) ва бошқа хизматлар (ветеринария, таълим хизматлари, ахборот-ресурс марказлари хизматлари ва бошқалар) киради. Ушбу солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати 2017 йил 1 январгача узайтирилди.
Хизмат кўрсатиш соҳасини янада тараққий эттириш учун имтиёз, енгиллик ва шарт-шароитлар етарлича яратиб берилиши туфайли республикада кўрсатилган хизматлар ҳажми мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида 2009 йилдаги 47,2 фоиздан 2015 йил якунларига кўра, 54,5 фоизгача ўсди. Макзур таҳлил­лардан шундай хулосага келиш мумкинки, солиқ сиёсати иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини ривожлантиришда, ижобий тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишда муҳим тиргак вазифасини ўтамоқда.

 

  

Орзимурад Ғайбуллаев, и.ф.н., доцент

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example